Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ТАЪЛИМ – БИТТА СЎРОВНОМА БИЛАН ҲАЛ ЭТИЛАДИГАН МАСАЛА ЭМАС

ёхуд Халқ таълими вазирлигининг аниқ стратегияси борми?

ТАЪЛИМ – БИТТА СЎРОВНОМА БИЛАН ҲАЛ ЭТИЛАДИГАН МАСАЛА ЭМАС

Ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолгани сари пандемия шароитида мактаб дарсларини қандай шаклда ўтказиш масаласи тобора қизғин муҳокама қилинмоқда. Куни кеча халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ота-оналарга мурожаат билан чиқди. Кейинроқ эса АОКАда ўтказилган брифингда вазир бу ҳақда оммавий ахборот воситалари учун маълумот берди.

Вазирнинг айтишича, ўқув йилини бошлаш учун учта сценарий кўриб чиқилган. Биринчиси – мактабларда ўқиш анъанавий тарзда олиб борилади, иккинчиси – дарслар онлайн, яъни теледарслар тарзида ўтади, учинчиси – аралаш, яъни хоҳлаган фарзандини мактабга юборади, хоҳламаганлар уйида онлайн шаклда ўқийди.
«Президент одамлар рози бўлсин, деган талабни қўйган. Шунинг учун айни пайтда мактабларда ота-оналар учун сўровнома ўтказишни бошладик», деди Ш.Шерматов. Вазирнинг ўзи яна қайд этишича, мактабларнинг очилиш-очилмаслиги борасида ижтимоий тармоқларда аллақачон «жиққа-мушт» тортишувлар бошланган.
Албатта, жуда оғир танлов қаршида қолганимиз рост. Бир томонда болаларимиз билимсиз бўлиб қолиши хавфи турган бўлса, иккинчи томонда фарзандларимизнинг саломатлиги, коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг мураккаблашиши масаласи турибди.
Хўш, бу ўринда масалага қандай ёндашув керак?
Бизнингча, бу масалага аввало мамлакатнинг, халқ таълими вазирлигининг таълим стратегияси асосида ечим топиш керак. Агар шундай стратегия бўлса... Ўтказилган брифингда вазир жаноблари ота-оналар ўзлари ҳал қилишлари керак, дея шундай улкан ва мураккаб масалани осонгина ота-оналар зиммасига ташлаб қўйишидан англаш мумкинки, бундай стратегиянинг ўзи йўқ шекилли.
Қайта-қайта мисол қилинавериб сийқаси чиқиб кетган бўлса-да, яна ўша японларни айтмасдан иложимиз йўқ. Иккинчи жаҳон урушидан катта талафот ва вайронагарчилик билан чиққан япон халқи ҳаммасини таълимдан, тўғрироғи, таълим стратегиясини ишлаб чиқишдан бошлаган эди. Халқи бор- будини йиғиб берганди ўшанда. Бу йил мактабларни таъмирлаб олиш, келгуси йили «буржуа» печкаларни йўқотиш кампаниясини эмас, аниқ ва камида юз-икки юз йиллик таълим стратегиясини ишлаб чиқиб, бор диққат-эътиборни ана шуни рўёбга чиқаришга қаратган эди. Японларнинг ўша стратегияси ҳамон амалда ва бунинг маҳсулини аллақачон дунё кўриб турибди.
Яна юқоридаги масалага қайтайлик. Халқ таълими вазирлиги таклиф этаётган учала сценарий ҳам жуда хом гап экани ўша брифингдаёқ маълум бўлиб қолди. Чунки мактаблар фаолият бош­лаган тақдирда ҳам синфхоналарда санитария-гигиена талабларига риоя этиш учун шаротнинг ҳаминқадар экани ҳеч кимга сир эмас. Мактаблар ўқувчилар қўл ювиши учун ичимлик сув тармоқларига тўлиқ уланмаган. Ҳар битта синф­хонада раковина ўрнатилганми-йўқми, деган саволни беришнинг ўзи кулгили.
Дарслар масофадан ташкил этиладиган бўлса-чи? Бу жараёндаги тушунмовчилик­лару интернетга уланишдаги машаққатларни айтмай қўя қолайлик. Ўқувчилар ҳам, ўқитувчилар ҳам масофавий дарс­ларда бир-бирини тушунмай қанчалик қийналишганини кўрдик. Хуллас, дарс­ларни масофавий бўлиши таътилда фарзандларингиз айрим қўшимча дарсларни ўрганиши билан деярли бир хил. Билим олиш ҳам, дарсни тушуниш масъулияти ҳам шундан ортиқ эмас, афсуски.
Агар мамлакатнинг таълим бўйича жуда японларникидек бўлмаса ҳам, бундайроқ бир стратегияси бўлганида эди, бугун Халқ таълими вазирлиги иккита-учта мажмал сценарийлар ҳақида эмас, қандай бўлсада мақсад сари кетишнинг аниқ йўли ҳақида айтаётган бўлар эди. Президент одамлар рози бўлиши керак, деб халқ таълими вазири зиммасига катта масъулият юклагани жуда тўғри позиция. Чунки таълимга жавобгар тузилма сифатида мамлакат раҳбарига ҳар қандай вазиятда соҳадаги ишларни ташкил этишнинг стратегик дастурини кўрсата олиши керак. 

Одамларнинг рози бўлиши эса таълим стратегиясининг нечоғли амалга ошаётгани билан чамбарчас боғлиқ. Асло ота-оналар ўртасида ўтказилаётган сўровномалар натижасига эмас.

Биринчидан, сўровномалар ҳеч қачон аниқ вазиятни кўрсатиб беришига ишонч йўқ. Қолаверса, сўровномада белгилаган йўли эртага хато чиқса, бунинг учун ҳеч қачон ўша белгилаганлар айбдор бўлмайди. Иккинчидан, сўровномалар ўтказиб, шунинг натижаси асосида мактабларни очиш масаласи қўйилаётганининг ўзи, юқорида айтганимиз, мамлакатнинг юз йил эмас, ўн йил ҳатто бир йилга мўлжал олинган дастури йўқлигини яққол кўрсатиб турибди.
Шу билан бирга, бу масаланинг бевосита фуқароларимиз билан боғлиқ яна бир оғриқли томони борки, уни ҳам алоҳида мушоҳада қилиш зарур. Карантин бўлиб, ҳаммаёқ тақа-тақ ёпилган пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳам, таниш билишлару, қариндош уруғлар ўртасидаги суҳбатларда ҳам бош мавзу тўйларга қачон рухсат берилишию, бозорлар қачон очилиши ҳақида бўлди. Карантин чекловлари кучайган пайтда чойхонаю кафеларнинг ёпилгани биз учун энг катта ташвишга айланди. Карантин қоидаларини бузсак ҳам фақат нафсимиз учун, ҳою ҳавас учун буздик.
Март ойидаёқ мактаблар ёпилган эди. Афсуски, мана шуни мактаблар берган таътилдек қабул қилганлар бўлди. Тўғри, онлайн дарсларда болаларимиз озми-кўпми билим олишга ҳаракат қилди. Лекин ўша дарсларни ҳам асосан шаҳарда яшайдиган бир ҳовучгина ота-она масъулиятни англаган ҳолда фарзандлари ўрганишини назорат қилди холос.
«Онлайн дарслар ўтилаётган вақтда икки-уч бор қишлоққа бордим. Ўзимнинг барча қариндошу танишларим мисолида юз фоиз аниқлик билан айта оламанки, ўшаларнинг фарзандлари март ойидан кейин бирорта фан бўйича бирор мавзуни охиригача ўрганган эмас! Бола телевизор қаршисида дарс масъулиятини заррача ҳис этмайди, ота-она бутунлай бефарқ, ўқитувчи онлайн назорат қилиши учун интернет ҳам, қолаверса, ўша интернет мегабайт­ларини сотиб олиш учун ҳеч кимда ортиқча пул ҳам йўқ», – дейди таҳририятга мурожаат қилган ўқитувчилардан бири.
Тўғриси, тўйларга ва автомобилда юриш учун рухсат берилиши биз учун байрамга айланиб кетди. Ахир, энг катта ва оғир масала олдимизда турибди: болаларимизни қандай ўқитамиз? Улар билимсиз бўлиб қолишмасмикан ишқилиб?!.
Карантин қоидаларини бузганлар ҳақида тинмай хабар берилди. Ўшаларнинг орасида фарзандини етаклаб репитеторга ёки қўшимча дарсга оборгани учун карантинни бузган одам ҳақида эшитдингизми? Ёхуд карантин бошланиши олдидан китоб дўконларида ажиотаж бўлганини кўрдингизми? Албатта йўқ!
Ҳозир ҳам «урҳо-ур» тарзда тўй ўткизиш, 30 кишилик ниқоби остида қандай қилиб 300 одамни меҳмон қилиш ҳақида ўйлаётганлар кўп. Мактаб эса... бир гап бўлар...
Мана шу бизнинг энг катта ­фожиамиз.




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар