«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилБолалар онгида биз барпо қилаётган олам
Болалигимизда ҳаммамиз «уруш-уруш» ўйнаганмиз. Ўзимизча ёғочдан қилич, автомат, тўппонча каби уруш қуролларини ясаб олганимиз, бор гап. Ўйинлар мавзусини кўпинча уруш киноларидан танлаб олардик. Ҳатто «Оқ бўрилар» фильмидан руҳланиб, «қизил танли»ларнинг «оқ танли»ларга қарши кураш олиб борган саҳналарини ҳам ўйнаганмиз.
Бундан албатта таёқдан қиличлар ясаганимиз, эсимда. Кейинчалик, замон анча ривожланиб кетди. Энди болалар учун ишлаб чиқарилаётган «уруш қуроллари» ҳақиқийсидан фарқланмайдиган даражага етди.
Одатга кўра, қиз болалар «хола-хола» каби тинчликсевар ўйинларни ўйнайди. Ўғил болалар эса «уруш-уруш», «полиция», «овчилик» каби ўйинларни ўйнашни яхши кўрадилар. Бу каби ўйинларни ота-оналар ҳам қўллаб-қувватлайдилар. Тўғри, ҳозир бу каби ўйинлар шаҳарларда кўпроқ компьютерга кўчганини тан олишимиз керак.
Бундан икки йил муқаддам (2018 йилда) Швеция болалар ўйинчоқларини сотувчилар Ассоциацияси ҳақиқий қуролларга ўхшаб кетадиган ўйинчоқларни сотишни тўхтатиш борасида чақириқ билан чиқди. Бунга қўлида ўйинчоқ автомат бўлган Даун ва аутизм синдромли ўсмирни полиция ходими янглишиб отиб қўйгани сабаб бўлди.
2017 йилда Швецияда полиция томонидан ишлатилган қурол оқибатида бир киши ҳалок бўлган бўлса, 2018 йилда етти киши ўлдирилди.
Ҳозир шундай замон келдики, ташқи кўриниши бўйича ўйинчоқ тўппончанинг ҳақиқийсидан фарқи қолмади. Шу сабабли Америкада ҳақиқий қуролни ўйинчоқ қуролдан фарқлаш мақсадида махсус кўргазмалар ўтказиб турилади.
Ўйинчоқ қурол деганда ҳақиқий қуролга ўхшаш болалар учун мўлжалланган қуроллар кўзда тутилади. Айрим ҳолларда ўйинчоқ қуролларнинг ўзи ҳам хавф туғдиради. Ўйинчоқ қуроллар тўппонча, автомат, пулемёт, қилич, садоқ, ханжар, пичоқ, танк, самолёт кўринишида бўлади.
Психологларнинг фикрича, янги кўринишдаги замонавий ҳарбий ўйинчоқлар боланинг нафақат маънавий, балки жисмоний саломатлиги учун ҳам хавфли бўлар экан.
Биринчи навбатда болалар ўйинчоқларида ўқ ва патронлар бор. Бундан ташқари ўйинчоқларнинг оғирлиги зарба вақтида болага жисмонан жароҳат етказиши мумкин. Мактабгача бўлган даврда болалар қурол ёрдамида бир-бирларига пўписа қиладилар, бу каби пўписалар иккинчи болага катта салбий таъсир ўтказиши мумкин. Болалар қўрқиб қолади. Шу сабабли психологлар болаларга ҳақиқий қуролга ўхшаш ўйинчоқлар ўйнашни тавсия қилмайди, бу каби ўйинчоқларни умуман ишлаб чиқарилиши тўхтатилиши лозимлигини тавсия қиладилар.
«Ҳарбий мавзудаги ўйинчоқлар иккинчи жаҳон урушидан кейин долзарб аҳамият касб эта бошлади, ўшанда болалар бу қуроллар билан ўйнар экан, ўзларини ватан ҳимоячиси сифатида кўра бошлади, энди эса ҳарбий қуроллар тажовузни шакллантиради», демоқда россиялик айрим педагоглар.
Аммо бу фикрга қаршилар ҳам бор, уларнинг фикрича, ҳарбий ўйинчоқлар болаларнинг жасур бўлиб вояга етишига хизмат қилар экан. «Танк ва тўппончаларни асосан ўғил болалар ўйнайди. Бу ўйинлар орқали ватан ҳимоячиси бўлиш ҳиссиёти шаклланади. Бу ўз навбатида боланинг ватанга муҳаббат, ожизларни ҳимоя қилишга ундайди», дегувчилар ҳам бор.
Ҳарбий ўйинчоқларни бутунлай йўқ қилиб бўладими? Таҳлилчилар бир овоздан «йўқ» дея жавоб қайтарадилар.
Агар бу каби ўйинчоқлар ишлаб чиқарилмайдиган бўлса, у ҳолда болаларнинг ўзлари автомат ва тўппончаларни ясаб олишади.
Чунки ёш болалар учун ўйин асосий фаолият ҳисобланади.
Турли ўйинлар орқали боланинг онги тез ривожланиши илмий исботланган. Ўғил болалар тезроқ ҳақиқий эркаклар бажарадиган касб эгаси бўлишни истайдилар. Бу касб эгалари уларнинг наздида, одатда қўлида қурол бўлган ҳарбийлар, полиция ходимлари ҳисобланади. Қўлига қурол олган бола ўзини мард, жасур санар экан.
Юқорида болалигимизда қайсидир фильм қаҳрамонларига ўхшаш ниятида «уруш-уруш» ўйнаганимиз ҳақида айтиб ўтилди. Ҳозир ҳам болалар қандайдир фильм қаҳрамонига ўхшашни истайди. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Аммо ҳозирги кўплаб фильмларда шафқатсизлик, босқинчилик, зўравонлик, тажовузкорлик каби салбий иллатлар кўзга ташланаётгани сир эмас. Болалар айнан мана шу каби салбий қаҳрамонлардан ўрнак олишига асло йўл қўймаслигимиз керак.
Ҳозир ҳам 7 сентябрь жаҳон ҳарбий ўйинчоқларни йўқ қилиш куни ҳисобланади. Бу дегани «фарзандларимиз қандай ўйинчоқларни ўйнаши керак?» деган саволни ўзимизга беришни англатади.
Бир нарса аниқ: болалар катталар барпо қилган оламда яшайди. Агар биз кинофильмлар, мультфильмлар орқали тажовузкорлик оламини яратиб берсак, фарзандларимиз катта бўлганларида улардан нимани ҳам кутиш мумкин?..
Халқимизда «экканингни ўрасан», деган гап борлигини ёддан чиқармасак бўлгани.
Шарофиддин ТЎЛАГАНОВ
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил