«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилБир пайтлар ўз даврининг кучли механизми бўлган бир қадам олдинга, икка қадам орқага тамойили, афсуски, ҳали-ҳануз жойлардаги айрим раҳбарларнинг кун тартибидан узил-кесил чиқиб кетолмаётгани ачинарлидир.
Маъмурий буйруқбозлик, ортиқча қоғозбозлик каби иллатлар нафақат бугунги кун кишисининг, балки келажак авлоднинг ҳам турмушига жиддий хатар сифатида соя солиши муқаррар.
Бу гапларнинг ёзилишига ижтимоий тармоқлардан бирида эълон қилинган қуйидаги фикр сабаб бўлди.
«Завучларни асрайлик!
Мактабга эртароқ бордим. Мактаб қоровулхонасидан завучимиз чиқиб келди. Сочлари тўзғиган, кўзлари қизарган.
– Ака, тинчликми, нима бўлди? – деган саволимга бошини чайқаб:
– Э, ука, мен гапирмай, сен эшитма. Бугун ҳам шу ерда қолдим. Юқоридан берилган топшириқлар кўплигидан улгура олмаяпман.
– Ака, завучнинг папкалари 27 тадан камайтирилиб 4 та қолди дейишгандику.
– Э, соддагина укам. Илгари 27 та папкада 3-4 тадан ҳужжат бўлар эди. Ҳозир 4 та папкада 100 тадан ҳужжат бор. Камига мана бу қўшимча топшириқлар...
P.S. Математика ўқитувчимиз айтгани рост экан: қўшилувчиларнинг ўрни алмашгани билан йиғинди ўзгармас экан…»
Бу ижтимоий тармоқдаги фикр-мулоҳазалардан бири холос. Биз унинг тўғри-нотўғрилиги ҳақида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Зеро, уни шу жараёнларнинг жонли гувоҳлари яхши билишади. Хусусан, мутасадди ташкилотлар ҳар қандай қоғозбозликка аллақачон барҳам берилгани, ҳозирда ўқитувчи фақат дарс бериш билан банд эканини муттасил таъкидлаш позициясида мустаҳкам туриб келмоқда. Шу тизимда ишлайдиганлар эса, ҳақиқий ҳолат ҳақида фақатгина ўзаро гаплашиш ҳуқуқидан унумли фойдаланишади. Улардан биронтаси бу ҳақда кимгадир оғзидан гуллаб қўйса, кейин унинг қаерда ишлаши ёки қаерда яшаши гумон бўлиб қолиши мумкин. «Тузини еб тузлиғига тупурган» бундай педагогни меҳнат жамоаси кечирармиди?..
Сирли жадвал
Автобусда икки аёл гаплашиб кетишаётган экан. Уларнинг гапи нима ҳақида эканини унча яхши англолмадим. Бири айтяптики, ишхонасига юқоридан бир жадвал келганмиш. Шуни зудлик билан тўлдириб бериш зарур эмиш. Ўша сирли жадвалда барча уруғ-аймоғи ҳақида тўлиқ маълумот сўралган эмиш. «Ўзим кўча супуриб, томда ўтириб, жадвал тўлдириб тинкам қуриганда бу кўргиликлар ҳам бор экан-да, дугонажон...» дейди бояқиш жувон йиғлагудек бўлиб. Унинг айтишича, яқинда қайнонаси ўтиб қолган экан, унинг ҳамма ҳужжатларини расм-русумини қилиб, тегишли жойга топшириб юборишибди. Энди эса, ишхонасидан юқоридан келган бояги савил жадвалда ўша зорманда ҳужжатнинг рақами сўралаётган эмиш. Жувон архивдан шуни билолмай бир ҳафтадан бери оввора эмиш. Сабаби – карантин. Архив маълумотни фақат электрон шаклда берармишу, лекин ҳали маълумотларни электронга айлантириб улгуришмаганмиш. Ишхонаси эса, «шу жадвални тўлдириб бермасанг, сен ишда йўқсан», деб иддао қилаётган эмиш. «Ахир, ман ҳар куни уззу-кун ишдаману, ишлаган кунларим йўқ бўлиб кетаверадими энди?..», дейди бечора жувон дийдиё қилиб.
«Кечирасиз, синглим, сиз қайси ташкилотда ишлайсиз? Марҳамат қилиб, кераксиз жадваллар билан бошингизни оғритаётган ташкилотнинг юридик номи ва манзилини бизга билдиринг-чи?» деб сўролмайсиз. Ўзи кўзёши тўкиб ўтирган бир мусибатзада бўлса... Мабодо сўраб қолсангиз, дарров ўзини ўнглаб олиб: «Вой, акажон, сал шамоллаб қопман-да, шунга алжираб ўзим билмаган ҳар хил гапларни айтадиган бўлиб қопман. Аҳамият берманг-а?..» дейиши табиий. Сўнг орқа-олдига қарамай автобус эшиги очилиши билан ўзини ташқарига уриши аён. Бундай гапларни бировга айтгандан кўра, бир-икки бекатни пиёда босиб ўтган авло. Шунда тинчгина яшайди.
Бир опахонга «Яқинда маошингиз ошаркан-а? Яхши бўпти, машаққатли меҳнатингизни қадрлаб, сизларга моддий кўмак бериладиган бўлибди-да?», десам, опа ҳам тўлиб турган эканлар: «Ҳа, маошимиз тариқдай, устимизга келадиган топшириқлар тоғдай ошадиган бўлди...» деб жавоб қайтарди. «Нега?» десам, «Шугина маошимизга суткада йигирма беш соат ишлаяпмиз. Маош ошса, яна қайси вақтимизга ишлаймиз-а?» – деб қолди. «Юқоридан ҳар куни камида тўртта-бешта топшириқ тушади. Уларнинг ҳаммасига «лаббай» деб жавоб беришга одамнинг умри етмаяпти. Мана, охирги бир ой ичида ишхонамиздан қанчаси у ёққа кетди. Бир ҳисобда улар ҳар куни жадвал тўлдириб, ҳисобот топширишдан қутилишди, дейман.
Кун бўйи жадвал тўлдирадиган одам қачон ишлайди-а, ўзинг айт қани? Ишламайди! Фақат жадвал тўлдиради. Ҳисобот тайёрлайди. Яна расмлари билан!» «Йўғ-э?! Ҳисоботнику майли бир амалларсиз, лекин расмини қаердан топасиз?» «Бу — «секрет»! Ҳаммагаям айтилмайди. Қайдан биламан сан буни нима мақсадда сўраяпсан? Агар калланг ишласа, нега ишхонамизга фотошопни яхши биладиган йигитни чўнтагимиздан пул бериб, тез-тез чақираётганимиздан ўзинг билиб оласан. Бу ёғи «ўрага сичқон тушди – гулдур-гуп!»
Қоғози борми?
Карантин кунларининг бирида чироққа пул тўлагани бордим. Бир юз саксон учинчи рақамни олиб навбатга турдим. Ҳамма ёқда карантин. Халққа ёппасига электрон ҳисоблагич ўрнатишиб, уни тезда рўйхатдан ўтказиш талабини қўйишибди. Бирон ташкилотнинг олдида юз эллик-икки юз кишининг масофа сақлаб кутиб туриши учун махсус жойлар ҳозирланганини кўз кўриб-қулоқ эшитмаган. Навбат кутаётганларнинг кўпчилиги қариялар. Лекин навбати келганлар масофа сақлаб, битта-битта ичкарига киряпти. Ичкарида шунча аҳолига бир киши хизмат кўрсатяпти. Қолган ходимлар карантинда.
Бу савил коммунал хизматларга пул тўлашнинг онлайн тизими йўқми? Бор! Лекин ҳеч ким ундан фойдаланмайди. Сабаби, қоғоз керак-да! Бир энлик қоғози бўлмаса, пул тўлаганингизни ҳеч қанақасига исботлай олмайсиз!
Бир куни эрталаб қўшним келибди. Унинг коммунал тўловлар учун тўлаган пули менинг ҳисобимга тушиб кетганмиш. Шунга бирор кун иккимиз бориб, компьютердан тўғрилатиб келишимиз керак экан. Мен компьютерни танимасам, унинг чўнтаги бўлмаса, қанақасига шунча пул менинг ҳисобимга тушиши мумкин? «Компьютер адашган, ака!» – дейди қўшним ҳайратимга жавобан. Унда нега биз ҳамма ишни одамларга эмас, компьютерларга ишониб топшириб қўйибмиз? Ҳа, майли компьютер-ку, адашибди, бу нарсани ходимлар аниқлабди, энди яна нега икки кишини овора қилиб, идорага чақиришяпти?
Менинг иш вақтим ҳафтасига олти кун тўққиздан бешгача. Якшанбада дам оламан. Худди шу куни компьютер ҳам, ўша идора ходимлари ҳам дам олишда бўлади. Унда мен ўша идорага қачон боришим керак? Иш вақтида боришим иш берувчи билан тузган меҳнат шартномамизга зид бўлади. Ишдан кейин борганимнинг фойдаси йўқ, барибир ҳеч кимни тополмайман. Шунда мен коммунал тўловлар идорасига қачон боришим мумкин? Мен каби ишчан одамлар учун айрим жойларда коммуналчи ходимлар уйма-уй юриб, бурнимнинг тагига касса машинасини обориб, хизмат қилишяпти-ку, дерсиз. Жуда тўғри. Лекин ўша кунлари мен ҳам ишда бўламан-да. Мен учун энг қулайи вақт сарфлаб, навбат кутиб юрмасдан электрон тўлов қилиш. Шундай қилсам, тўлаганим ҳақида патта ҳам олсам, кейин яна бир янги муаммога дуч келаман. Энди уни тегишли идорага олиб бориб, компьютерга тушган-тушмаганини аниқлатиб, расмийлаштириб келишим керак. Бунга яна шунча вақт кетади. Демак, менинг қилган тўловим расмий эмас. Хўш, унда норасмий тўлов қилиш тизимининг чарх уриб ишлашига ким йўл очиб қўйибди? Агар мен яна идорага бориб, навбат кутиб, қўлимдаги тўлов ҳақидаги ҳужжатни тасдиқлатадиган бўлсам, унда электрон тўлов қилишимнинг нима ҳожати бор?
Бу ишларимиз Афанди ҳақидаги машҳур латифани эслатади.
Афанди бир куни уйида ҳеч вақо қолмагач, тўрт-бешта пишиқ ғиштни майдалаб, қопга солибди-да бозорга борибди. «Сичқон дорининг зўри келди! Фойдалилигига юз фоиз кафолат бераман! Қани, тугаб қолмасдан тез-тез опқолинг!» деб мақтаб-мақтаб сота бошлабди. Шунда харидорлардан бири келиб, бу дорининг қандай ишлатилишини сўрабди. «Бу жуда осон, – дебди Афанди. – Фақат олдин сичқонни ушлашингиз керак бўлади. Кейин думидан ушлаб, ерга яхшилаб қирқ марта урасиз. Сўнг қорнидан қитиқлайсиз, шунда у оғзини очади. Ана шунда мана шу доридан оғзига солиб, бошини бор кучингиз билан яна қирқ марта тошга урсангиз, дорининг ҳақиқий таъсирини кўрасиз», – дебди. Мижоз ҳайрон бўлиб: «Ахир сичқонни ушлаб шунча ургандан кейин у дорисиз ҳам ўладику?» деса, «Ҳа, энди бу ҳар кимнинг ўз ихтиёридаги иш: ундай қилса ҳам бўлаверади, бундай қилса ҳам», – деган экан.
Бу шунчаки латифа холос. Лекин реал ҳаётдаги баъзи бир ҳолатлар негадир ана шу латифадаги ҳолатга жуда-жуда ўхшашиб кетиши кишини ҳайрон қолдиради...
P.S.: Юқоридаги гапларнинг қанчалик ҳаётийлиги қоғозбозлик билан асосланадиган ҳодиса эмас. Улар халқнинг кундалик турмушида ўзининг рост-ёлғонлигини аллақачон исботлаб бўлган, эндиликда исбот талаб қилмайдиган ҳаётийликдир.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил