Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ОДАМ ҚАМАШ ЎЙИНИ

Сохта жабрдийдалар «ёрдами» билан «панжара ортига тушириш операцияси»дан қачон воз кечилади?

ОДАМ ҚАМАШ ЎЙИНИ

Яқинда ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида бир шахснинг бошқа бир фуқародан уни иккиламчи қора металлолом базасига тарозибон қилиб қўйиш шарти билан 80 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётганда қўлга олингани ҳақидаги шов-шувли хабар тарқалди. Ушбу мавзуда мулоҳаза юритиш олдидан яқин ўтмишда бўлиб ўтган шунга ўхшаш, ҳар ёдга тушганда дилга ғашлик солувчи айрим воқеаларни эслатгим келди. У маҳаллар «Инсон ва қонун» газетасининг Сурхондарё вилояти бўйича мухбири эдим.
2008 йили ана шундайлардан бири, Олтинсой туман педагогика коллежи директори Эркин Қобилов кўмак сўраганда. Вилоят катталари ишлаб турган одамнинг номзоди бир ёқда қолиб, унинг ўрнига учта номзодни Тошкентга – Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ўтказилажак директорлик танловига тавсия этишибди. Ҳатто номзодлардан икки нафари муқаддам судланган экан. Журналистик суриштирув ўтказиш мақсадида Сурхондарё вилоят ҳокимининг мазкур соҳа бўйича ўринбосари қабулига кирдик. Бошқарма раҳбариятининг номзодлардан икки киши судланганини атай яширгани ошкор бўлиб қолиб, ҳоким бобо уларни қаттиқ уришиб берди. Хуллас, директор ўз амал-вазифасида қолди.
«Энди душманларингиз кўпайди ука, иложи борича нафсингизни тийиб, рўза тутиб яшанг. Хуллас, эҳтиёт бўлинг!» деб маслаҳат бердим. Чунки, вақтинча ён бергани билан, номзоди ўтмай қолганларга қўшилиб, вилоят ҳокимлиги ҳам директорга тиш қайраб қолганини сезган эдим.
Хуллас, бу шубҳа бежиз эмас экан, иккинчи қабул мавсумида кўзлари бежо бир аёл Эркинбойнинг қабулига кириб биратўла икки нафар қизини ўқишга киритишини айтиб каттагина пул таклиф қилади. Директор ҳозир имтиҳонлар тест усулида эканини айтиб, агар қабуллардан сўнг қўшимча ўрин беришса, ўйлаб кўришини айтади. Аёл: «Буни нима қилай?» деб бир даста пулига ишора қилади. «Ўзингизда қолаверсин, ҳозирча сизга ёрдамим тегиши ҳам аниқ эмас...» дейди директор. Аёл эса, индамай ташқарига чиқиб, пулни бошқа хонада ёзув-чизув қилиб ўтирган, асли «ўзларидан» бўлган компьютерчи боланинг тортмасига соларкан, «Директор буни сизга бериб қўйишимни тайинлади!» дея шошганча чиқиб кетади. Орадан ярим дақиқа ҳам вақт ўтмасидан директорнинг хонасига бостириб кирган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳалиги пулни излай бошлайди. Аёл «тадбир пули» компьютерчи болада эканини айтгач, унинг хонасига отилиб киришиб, гўё уни қамоққа олиш билан пўписа қилиб, ундан директорга қарши кўрсатма оладилар...
Кейинчалик маълум бўлишича, директорни «қопқон»га туширишга ёрдам берган «жабрдийда» аёл ана шундай ифлос фитналар билан мунтазам шуғулланиб келган, «отасиз ўсган икки нафар етим эгизак» қизларини ўқишга киритиб қўйишда ёрдам сўраб, бир неча ўқув юртлари раҳбарларини панжара ортига тиқдирган экан. Судда адвокатнинг: «Нега муқаддам ёлланган сохта гувоҳдан фойдаланилди, бу ахир қонунга зид-ку?» деган саволи ҳам жавобсиз қолган ўшанда.
Жиноят қонунчилигида айблаш ва жазо тайинлашда тергов ва суд органларининг муқаддам бу ишда фойдаланилган, яъни ёлланган гувоҳлару «жабрдийда»ларнинг кўрсатмаларини мақбул далил деб топ­масликлари қатъий белгиланганига қарамай, бундай ўйинлар ҳануз давом этаётгани кишини таажжубга солади. Кимдир «Давлатдан ўмараётган миллионларингни ошкор қиламан» дея адолат ҳақида жар сола бошласа, дарров бир ёлланма «ҳожатбарор» йўлини қилиб, уни тегишли органларнинг қопқонига тушириб беряпти. Хўш, бундан кўпроқ кимга фойда? Халққами, икки марта яхшилаб қорин тўйғазган ва ифлос ишлари учун чойчақа олаётган сохта жабрдийда «қулоқ»қами ёки уни ёллаганларгами? Балки йирик коррупционерларнинг яқинига ҳам бора олмагандан сўнг, «суяк-­саёқ­ териб юрган кичкина жониворларни» овлаб, юқорига ҳисобот бериш, ўзларини ишлаётган қилиб кўрсатишдир бундан мақсад? Умуман, бели бақувват зўрлар билан қасдлашиб қолган бир «пешка»ни ортидан фитна уюштириб қамоққа олиш каби «ўйин»лардан давлатга нима фойдаю халққа нима наф? Шу билан ҳаётимизни норозиликларга тўлдириб юборган бадбўй коррупциянинг сассиғи камаймоқдами?
Энди мавзуимиз муқаддимасида келтирилган бир кимсани 80 минг доллар пора эвазига металлолом базасига тарозибонликка ишга жойлаштириш шарти билан «чўтал» олаётганда ушланган ҳожатбарор воқеасига келсак. 
Пора олишу фирибгарлик жиноятлари билан айбланаётган асли Чироқчининг Лангар қишлоғидан Отабек Собиров (суд жараёнлари кетаётганлиги боис исмлар ўзгартирилган) исмли тадбиркор зиёли ва илм аҳлидан экан. Айни пайтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Савол туғилади: ҳар томонлама ҳавас қилса арзигулик инсон қандай қилиб чиркин нафс ўйинларига аралашиб, тузоққа тушиб қолди? Аввало, ҳар бир инсон ҳам адашгувчи банда. Ҳаммада ҳам нафс бор. Шубҳасиз, порахўрлик жиноятлар ичида энг оғирларидан бири ҳисобланади. Демак, шундай оғир жиноятни фош қилишда ҳуқуқ-тартибот идораларига ёрдам бермоққа бел боғлаган инсон софдил ва беғараз, чин маънода жабрдийда ҳам бўлмоғи лозим эмасми?
Келинг, энди Отабек Собировни «ушлаб бериш операцияси»да «жабрдийда» бўлган Даврон Маҳкамов (исм-шариф ўзгартирилган) шахсига бир назар ташлаб кўрайлик. Хўш, жабрдийда қиё­фасига кириб олган бу кимсанинг ўзи ким, аслида? Унга нисбатан 2004 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 105-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган, яъни қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятини содир қилганлик айби билан иш очилган, аммо жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2004 йил 13 октябрдаги ажримига кўра жиноят иши Жиноят кодексининг 66-1-моддасига асосан, яъни ярашилганлиги муносабати билан иш юритиш тугатилган. Чирчиқ ҳарбий судининг 2007 йил 20 сентябрдаги ҳукмига кўра, Жиноят кодекси 285-моддасининг 1-қисми билан айбли топилган, яъни у бир-бирига тобе бўлмаган ҳарбий хизматчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларга оид устав қоидаларини бузиш, аниқроғи мунтазам хўрлаш, азоб бериш, соғлиғининг бузилишига сабаб бўлган баданга енгил шикаст етказиш, қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилиш жиноятларини содир қилгани учун Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан бир йил синов муддати белгиланиб, шартли ҳукм қилинган. 2012 йилда Даврон Маҳкамов яна бир қанча иснодли жиноятлар содир этган. Яъни, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида кўзда тутилган), фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш (Жиноят кодексининг 131-моддаси 2-қисмининг «б» бандида кўзда тутилган), шунингдек, 277-модданинг 1-қисмида кўзда тутилган, яъни безорилик жиноятларини содир қилганликда айбланган. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2012 йил 20 сентябрдаги ажримига кўра, мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2012 йил 5 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорининг 6-бандига асосан тугатилган.
Шунча жиноятларни содир қилган кимсанинг шахсига тергов органи ҳам, суд ҳам эътибор бермаганлиги кишини ажаблантиради. Ахир у қонунларимизга зид равишда иш бўйича жабрдийда деб кўрсатилган. Чунки, у судланувчилардан на маънавий, на жисмоний жабр кўрган.
Ўрни келиб қолганлиги учун яна бир фактга диққатингизни жалб қилишимизга тўғри келади. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2012 йил 1 ноябрдаги ҳукми билан икки нафар ички ишлар ходими – Суюнов Камол ва Рўзиев Лазиз судланди. Қизиқ томони, бу ишда ҳам Даврон Маҳкамов «жабрланувчи» ролини ўйнаб берган.
Яна бир мисол. Жабрланувчи ролини ўйнаб, архитекторларни тегишли идоралар қармоғига илинтириб берган Даврон Маҳкамов аслида ер олиш ҳақида ҳеч қандай ариза ёзгани йўқ. Унинг мақсади уй қуриш эмас, тинчгина ўз иши билан шуғулланиб келаётган туман архитекторини қаматиш бўлган.
Буни қарангки, сохта жабрланувчи Даврон Маҳкамов қўйган тузоққа тушиб қамалган архитекторга ҳукм ўқилганидан ҳеч қанча вақт ўтмай (2014 йил 13 апрелда), ўзи товламачилик жиноятини содир этиб, Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2014 йил 20 июндаги ҳукмига кўра, ЖКнинг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбли топилди ва саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ўша кўрилган ишда Даврон Маҳкамов маслаҳати билан жиноят йўлига кирган унинг жиноий шериги вилоят хўжалик ҳисобидаги ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси бошлиғига «Аввалги архитектор менинг айтганларимни қилмаганлиги учун қамалди» дея қўрқитиб, ундан товламачилик йўли билан 2000 АҚШ долларини ундирмоқчи бўлаётганида ушланиб, қамоққа олинганлиги баён этилган. Яққол кўриниб турибдики, бу кимса илгарилари ҳам ҳуқуқ-тартибот органларининг қўлларидан «суяк олиб», бу ишни мунтазам касбга айлантириб олган экан. Отабек Собировга қадар ҳам жуда кўп кишиларни алдаб тузоққа туширган. Жумладан, Қарши туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Ҳалим Нодиров (исм-шарифи ўзгартирилган) ҳамда шу идорада ва туман Якка тартибда уй-жой қурилишини мувофиқлаштириш бўлимида мутахассис бўлиб ишлаган Аҳмад Тошбоев (исм-шарифи ўзгартирилган)ни ҳам найранг билан тузоққа туширишда «беғараз дастёрлик» қилган. Демак, шунча ишларда «бош рол»да бўлган бу инсоннинг яна бир ишда «жабрдийда» бўлиши қанчалик қонуний ҳисобланади?!
Яна бир масала. Отабек Собиров Жиноят кодекси 168-моддаси 4-қисмининг «а» ҳамда 211-моддаси 3-қисмининг «а» бандлари билан айбланиши нечоғли адолатли? Ахир у бирор-бир давлат идорасида муайян лавозимда ишламайди. Шундай экан, мансаб ваколатини суи­истеъмол қилган ҳолда пора олди-бердиси билан шуғулланган мансабдор шахсларга қўйи­ладиган ЖК 211-моддасининг унга қўлланилиши адолатдан бўладими?
Бу ерда мақсадни ҳам албатта эътиборга олиш керак, бизнингча. «Жабрдийда»нинг мақсади нима эди ўзи? Металлолом базасига тарозибон бўлиб ишга киришми ёки «кўзланган» бир одамни ҳуқуқ-тартибот органларига ўлжа қилиб овлаб беришми?
Айбланувчи Отабек Собиров ўз бошига тушган кўргулик ҳақида бундай дейди: «Менинг қон билан кирган асосий айбим, одамларга тез ишонаман. Ўзим қабул қилаётган бир қурилиш иншоотини «Эшон бобо, сиз хўп деяверинг, кейин ўрнини ўзимиз қоплаб берамиз...» деб жуда катта кредит қарзи билан менга ўтказиб юборишди. Аммо, банк мутасаддилари лафзларида турмади. Катта миқдордаги қарздорлик менинг бўйнимда қолиб кетмасин деб, уларнинг устидан Бош прокуратура, Виртуал қабулхона ва бошқа идораларга ариза ёзавердим. Банк мутасаддилари  қарзларни асосий айбдордан ундириш ўрнига менинг бўйнимда қолдириш пайида эдилар шекилли, «Индамай юрсангиз кам фоизли кредит берамиз» деб ҳам анча муддат алдаб юришди... Билмадим, бошимга тушган ҳозирги шўришим ҳам бежиз эмасга ўхшайди...»
Алқисса: тергов ва суд ишига аралашма, ҳалақит берма, деган темир қонунларни ҳурмат қиламиз, албатта. Аммо, терговни олиб бораётганлар нима учун айблов хулосасига ўзи ёллаган, муқаддам бир талай жирканч жиноятлар содир этган пасткаш одамга бир неча ўнлаб марта «жабрдийда» ролини ўйнатиб, ҳеч қандай мансаби йўқ инсонни «ундан саксон минг АҚШ доллари талаб қилди», деган тутуриқсиз жумлаларни киритмоқда? Бу жирканчу сохта жабрдийданинг мақсади нима бўлган ўзи? Хуллас, буларнинг бари бир одамни узоқ муддатга қамаш учун қасддан уюштирилган саҳна ўйини эмасмикан, деган шубҳага бориб қоласан, киши.
Бахтиёр ОЛЛОМУРОД,
мустақил журналист




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар