Долзарб мавзу      Бош саҳифа

CУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ измида қолиб кетиш — чинакам фожиа

«Энди инсон қадри ҳам аввалгиларга ўхшамас...» Бу гапнинг айтилганига ҳам чорак асрдан зиёд вақт ўтди. Шу фурсат ичида инсон деб аталмиш мардум не-не эврилишларни бошдан кечирди ва кечирмоқда.

CУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ измида қолиб кетиш — чинакам фожиа

Энг ачинарлиси, инсон мол-дунё, шоншуҳрат, мансаб-мартаба топди. Улкан тоғларни ҳам тиз чўктирди, ҳатто аёвсиз вулқонларни жиловлади, лекин ўзи истаган тугал бахтга эриша олмади. Қорни тўйдию, кўнгли тўлмади...

Бугунга келиб инсон ўз ҳаётини тугал даражада енгиллаштирди. Ўзига «ёрдамчилар» кашф қилди. Бир қанча вазифаларини бошқалар зиммасига ортиб қўйди. Аммо булардан бирон бир дилни ёритадиган наф чиқара олмади... Сўнгги пайтларда сунъий интеллект эгасини яратиш борасида оламшумул тадқиқотлар қилиняпти. Япония, АҚШ, Хитой олимлари инсоннинг ҳаёт тарзини янада қулайлаштиришга хизмат қиладиган, шу билан бирга, буйруқларни бехато бажара оладиган сунъий интеллект эгаларидан бир неча авлод вакилларини яратиб, инсониятга тақдим этишди. Улар меҳнати инсонникига қараганда мақбулроқ ва камхаражат экани алоҳида мулоҳаза қилиняпти. Ишсизлик даражаси қанчалик ошиб, ҳатто қорин тўйдириш учунгина кун бўйи ёлланиб ишлашга мажбур бўлаётганлар сони ҳам шунга мувозий равишда ортгандан ортиб боряпти. Европанинг бир неча давлатларида саёҳатда бўлиб қайтган шоир Маҳмуд Тойир у ердаги дўконларда сунъий эркак ва аёллар сотилаётганига гувоҳ бўлганини афсус билан тилга олиб ёзган эди. Ёзув кашф этилганда алломалардан бири «энди инсониятнинг хотираси ўлимга юз тутади», деган экан. Овозли фильмлар яратила бошлагач, машҳур санъаткор Чарли Чаплин шу билан кино санъати инқирозга қадам қўйганини айтган.

Бугун эса ҳаётимизга кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгиликлар кириб келяпти. Уларнинг деярли барчаси бизга турмуш тарзимиз, шароитимизни енгиллаштириш учун ўйлаб топилган воситалардир. Ҳақиқатдан ҳам шундайми?

Қўриқчиликка сунъий қоравул, сотишга сунъий сотувчи, уйда ҳеч ким йўқлигида келганларга жавоб беришга ҳам сунъий хизматчи, ҳатто болаларга қараб туришга сунъий энага ҳам кашф этилди. Сунъийлик баъзан асл яратиқлардан устун мақомга чиқиб олди. Бу ҳодиса ўз-ўзидан маълумки, инсон қадрининг тушишига сабаб бўлди. Айниқса, ҳозирги пандемия шароитида сунъий интеллектдан унумли фойдаланиш асқатаётгани ҳақида жар солишлар кўпайяпти. Ишсиз қолиб кетаётган миллионлаб одамларнинг дарди эса тошни ёради.

* * *

Албатта илм-фан тараққиёти ҳаёт учун зарур восита. Яратилаётган ҳар бир мослама-ю ускуналарнинг нафини инкор этиш аҳмоқлик бўлади. Аммо нима бўлишидан қатъи назар инсон ўзи яратиб қўйган нарсаларнинг измига тушиб қолиши, ўшанинг қулига айланиши бу – улкан фожиа. Агар шундай бўлса, одамзот ўзининг табиий ҳолатидан узоқлашади. Соф тийнатини темир-терсакка бой беради. Ўзини энг кичик қобиқдаги ҳукмрон бўлиб қолганини ҳис қилолмай қолади. Ақл-заковатининг маҳсули, ўз ижодининг намунаси чизган чизиқдан чиқмасдан ҳаёт кечиришга маҳкум бўлади.

Уз оққа боришнинг ҳожати йўқ: биргина мобиль алоқа воситасининг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини бир мулоҳаза қилиб кўрсак, юқоридаги гаплар осмондан олинмаганига яна бир бор амин бўламиз. Орамизда бир ойда телефон учун сарфлайдиган отнинг калласидек маблағни ҳатто фарзандига ҳам раво кўрмайдиганлар йўқ дейсизми? Бор! Афсуски, бу матоҳ бизга нафақат ота-онамиздан, ҳатто ўзимиздан ҳам қадрли бўлиб қолгани жуда аянчли. Айниқса, кўпроқ вақтини бўш-баёв ўтказадиганлар ҳар куни қанча вақтини телефонга сарфлаётгани тизгинсиз бир ҳолатга тушиб боряпти.

* * *

Францияда футбол бўйича жаҳон биринчилиги ўтказилган йили олис-яқиндан келган футбол ишқибозлари хавфсизлигини таъминлаш учун антиқа бир мослама кашф этилди. У томошабинларга юзланиб турадиган ҳамда бирон хавф-хатар бўлса, дарров белги берадиган робот эди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, хавфни бартараф этишда у жуда катта ёрдам бериши мумкин. Аммо бу матоҳнинг нархи эшитган кишининг капалагини учириб юборади. Катта ўйингоҳга бундай матоҳдан бир нечтасини ўрнатишга эҳтиёж бор экан. Инсонлар дахлсизлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлаш учун давлат бир неча миллион доллар сарфлашга мажбур бўлган эди...

Энг ачинарлиси, инсонга унинг таълим-тарбияси, ахлоқи, қалби ва эътиқоди, виждонини пок сақлаш учун ҳеч бир ҳаракат қилмасдан шуларнинг ҳаммасидан мосуво бир кимсанинг устига минг-минглаб «сунъий қўриқчи»лар қўйиладиган бўлди. Миллиардлар таълим-тарбияга эмас, нотинчликнинг олдини олишга, беқарорликни барқарорлаштиришга, бир сўз бир айтганда синган кўзани ямашга ишлатиладиган бўлди. Асрлар давомида чумолига ҳам озор бермасликка чақириб келаётган ота-боболаримизнинг таълим тизими унутилди.

* * *

Бу ҳам бир нави. Бундан ҳам даҳшатлироғи тобора автоматлашиб бораётган ҳаётимизда сунъий одамлар пайдо бўлаётганига нима дейсиз?! Ҳа, айнан шундай. Кўзлари очиқ, лекин ҳеч нарсани кўрмайдиган, кўрса-да кўрганларини мулоҳаза қилмайдиган, қиладиган иши шунчаки вақт ўтказишдангина иборат бўлган, нима қилаётганини, нимага яшаётганини жилла қурса бир бор ўйлаб кўрмайдиган одамлар пайдо бўляпти. Қовун-қовундан ранг олиб, бундай нусхалар тобора кўпайиб боряпти. Улар ҳатто катта-катта стулларда ўтирадиган бўлган. Уларнинг сояи давлатида истаган ишини қилиб юрганлар ҳам кўп. Ён-атрофда, узоқ-яқинда бўлаётган нотинчликлар, беқарорликлар аҳоли учун жуда қимматга тушаётган «ўйинлар» ана шундай сунъий одамларнинг сунъий ўйинлари оқибатида юзага келяпти. Ҳазрат Навоийнинг «Ҳар ишники қилмиш одамизот, Тафаккур бирла билмиш одамизот» деган чақириғи сунъий нусхалар учун бугун одам каби қадрсиз бир ҳолатга келиб қолди. Йўқса, сунъий нарсаларни яратишдан олдин табиий яратиқлардан унумли фойдаланиш масаласи муҳимроқ ўринда турган бўлар эди.

* * *

«Ренессанс» деган фарангча сўз бизнинг тилимизда «қайта юзага келмоқ, янгидан туғилмоқ» каби маъноларни берар экан. Бизда у асосан «уйғониш даври» тушунчасини ифодалаш учун ишлатилади. Чиндан ҳам ҳозирги вазиятда нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё учун бир уйғониш, уйғонганда ҳам чинакам одам бўлиб уйғониш, одам бўлиб яшаш зарурати мавжуд. Шу маънода, бошланаётган хайрли ишларда ҳар бир инсоннинг ўз ўрни, масъулияти бор. Шу ҳақиқатни кўпчилик англаб етса ва шунга оғишмай ҳаракат қилсагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар