Халқимизда ноёб бир таомил бор: одамлар бирор ножўя иш қилишдан тийилади, негаки, биров кўриб қолмасин, эртага кўз-кўзга тушади, дейди. Ўзини билган, ҳурмат қилган киши эл-юрт, маҳалла-кўй ва жамоатчиликнинг назари, назорати остида эканини унутмайди.
Маҳалламиз ҳудудида мингдан зиёд хонадонда олти минг икки юз нафар аҳоли истиқомат қилади. Одамларимизнинг ҳаммаси шу ерда туғилиб ўсган, олдиндан шу ерда яшаб келаётган кишилар. Шунинг учун ҳамма бир-бирини танийди. Бу нарса биргаликдаги ишларимизда, айниқса, қўл келади. Яқинда мустақиллик байрами муносабати билан маҳалламизда катта байрам тадбири ўтказдик. Ўшанда бунга ўзим яна бир бор гувоҳ бўлдим: маҳалланинг ёшу қариси маҳалла ишида камарбаста бўлиб туришди. Ҳатто ёши улуғ қариялар, уруш ва меҳнат фахрийлари, бемор ва ногиронларнинг уйларига бориб, байрам билан табриклаб, шу баҳона ҳолидан хабар олиниши ҳаммага манзур бўлди. Элнинг аҳиллиги, бирдамлиги шунда-да!
Эркак оила устуни бўлолса...
Маҳалламизда нотинч оилалар йўқ, десам, балки ишонмассиз. Лекин бу ҳақиқат.
Ёшлар орасида, баъзан ёши катталар орасида ҳам оила аъзолари билан ўзаро тушунмовчиликлар учраб туради. Баъзан арзимаган нарсани ёшлардан кўра ёши катталарга тўғри тушунтириш анча меҳнат талаб қилади. Ахир, ўн саккизга кирган келинчакнинг ҳали ҳаёт мактабида ҳеч бир кўникмага эга эмаслиги кундай равшан-ку! Айрим қайноналар буни унутиб қўйишаётгани ёки тўғри тушунишни истамаётгани гоҳида дилхираликка сабаб бўлади. Шундай пайтларда маҳалла кайвонилари бундай оилага маслаҳат, йўл-йўриқ ва ёрдамини беради.
Бундай тушунмовчиликлар бўлмаслиги учун оилада биринчи навбатда ота бош бўлиши керак. Ҳар бир эркак ўз оиласидаги моддий-маънавий муаммоларини ўз вақтида ҳал қилиб қўйса, оилада ҳеч қачон қўйди-чиқди бўлмайди. Ўз навбатида, маҳалла ҳам тинч бўлади.
Аҳилликка кўз тегмасин
Маҳалламизда кам таъминланганлар йўқ, лекин ижтимоий ҳимояга муҳтожлар учраб туради. Яқинда саховатпеша инсонларнинг ҳомийлиги ва саъй-ҳаракати билан қирқдан ортиқ оилаларга хайрия сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари улашдик. Бундай ҳолат ҳар йили тез-тез такрорланиб туради. Айниқса, уруш қатнашчиси, боқувчисини йўқотган, касалманд инсонлар ҳолидан хабар олиш, менимча, ҳар биримизнинг бурчимиз.
Маҳалламизда ёши улуғ отахон-онахонларимиз кўп. Ҳар бир ишда уларнинг маслаҳати, йўл-йўриқларига таянамиз. Шу маҳаллада ўн етти йил оқсоқоллик қилган Саидумар Ҳожиакбаров бизнинг доимий маслаҳатгўйимиз. Маҳалла аҳли билан тил топишишда бизга у кишининг тажрибалари қўл келади. Сир эмаски, ҳар бир одам — ўзига хос олам. Шунинг учун ҳам ўзига хос ёндашув талаб қилади. Бундай пайтда кўпчилик билан бамаслаҳат иш тутилмаса, бирор ижобий натижага эришиш қийин.
Отахону онахонлар билан суҳбатлашганимизда ҳамиша «аҳиллигимизга кўз тегмасин», деб дуо қилишади. Чиндан ҳам, аҳилликда гап кўп экан. Оилани ҳам, маҳаллани ҳам, жамиятни ҳам ана шу аҳиллик мустаҳкам ва барқарор ушлаб туради.
Тўра НАБИЕВ,
Шайхонтоҳур туманидаги «Ўзбекистон» маҳалла фуқаролар йиғини раиси
Атроф-муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшганлар мукофотланди
🕔16:02, 27.08.2026
✔113
Мукофотланганлар орасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида самарали меҳнат қилиб, табиатни асраш, биохилма-хилликни сақлаш ҳамда деградацияга учраган ерларни тиклаш йўналишларида муносиб хизмат кўрсатган фидойи инсонлар ҳам бор.
Батафсил
Депутат кўмаги билан...
🕔15:56, 27.08.2026
✔113
Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги «Элатан» маҳалласида жойлашган «Остона» кўчасига янги асфальт қопламаси ётқизилгани сиртдан қараганда оддийгина йўл таъмиридек туюлиши мумкин. Аммо бу жараённинг ортида чуқурроқ бир мулоҳаза, бугунги депутатлик масъулияти ва халқ вакилининг асл бурчи ҳақидаги ҳақиқат ётибди.
Батафсил
Муносабат Экология кодекси лойиҳаси: Замонавий экологик бошқарув асоси
🕔15:15, 23.07.2026
✔169
Ҳозирга қадар атроф-муҳит ҳимояси, атмосфера ҳавоси, чиқиндилар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, экологик назорат, экологик аудит ҳамда иқлим ўзгаришига оид муносабатлар алоҳида қонунлар билан тартибга солинган бўлса, эндиликда уларни ягона тизимга бирлаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Батафсил