«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЎзбек тилига давлат тили мақоми берилганига ўттиз тўрт йил бўлди. Назаримда, биз бу кунни ўттиз тўрт марта байрам қилдик холос. Қабул қилинган қарорлар қоғозларда қолиб кетган, кундан-кунга сўлиб бораётган «гул»имизга байрам кунларидагина бир томчи сув қуямиз, холос.
Тилимиз илдизи она заминдан узила бошлади, ўзи бирмунча заифлашиб, сунъийлашиб қолди. Шўрлик ўзбек тили хорижий тилларнинг ноғорасига хўп ўйнади. Давлат тили, ҳужжатлар ўзбек тилида олиб борилсин дейилди-ю, идоралардаги қоғозлар сунъий иборалар билан тўлиб-тошди. Суд қарорларини ўқисангиз, бир-бир ярим бетлик узундан-узун, чувалган жумлалардан ҳеч нарсани тушуниб ҳам, англаб ҳам бўлмайди.
Чойхонаю сартарошхона, янги қурилаётган бинолардан тортиб, қишлоғимдаги бобом давридан қолган дўконгача, ўқув марказлари, мактабу боғчалар, барча-барчаси чет элнинг хўрозқандини ётиб ялаш билан банд. «Beauty salon», «Perfect school», «Мы открылись», маникюр, педикюр. Ҳатто қишлоғимдаги сутчи хола ҳам «қатиқ бор» деган ёзувни ўчириб, ўрнига «Малочний домик» деб ёзиб қўйган. Бу каби ғализликлар, таржимаси ўрнашмай истеъмолга тиқиштирилган сўзлар тишимизга тегмай қўйган, қулоқ ўрганган. Хўш, ўзимиз ўз тилимизни ҳурмат қилмас эканмиз, чора нимада? Қуруқ гаплар гаплигича – ўз жойида қуриб қолавермаслиги учун муаммо ечимида қонундан ўзга чора йўқ. Аммо… Қонунлар бору, улар ижросини таъминлайдиган бирор дастак йўқ.
Ўзлашаётган сўзлар муаммоси
«Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишга оид қонун қабул қилинмай, бир неча йиллардан буён чўзилаётгани ҳам баҳсли мавзулардан. Охирги маълумотга кўра, давлат тилининг мақомини кучайтиришга қаратилган, Сенат томонидан маъқулланган қонун Қонунчилик палатасига қайтиб келган, 2022 йилнинг август ойида Қонунчилик палатаси бу масалани кўриб чиқишдан олиб ташлаш бўйича қарор қабул қилган.
2023 йил 1 январдан бошлаб барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий қилиниши белгиланган эди. Аммо амалда ҳам худди шундай бўлди, дея оламизми?..
Илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш масалалари ҳозир ҳеч қайси ташкилотнинг масъулиятида эмас. Ҳалигача қайси четдан кириб келган сўздан расман фойдаланишни бошлашимиз мумкинлиги бўйича тизим йўқ. Бирор хорижий сўзнинг аниқ ўзбекча муқобили яратилгани, истеъмолга ўрнашиб кетганини ҳам кўрмадик.
Бундан ташари, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг рекламаларда давлат тили устунлигига урғу бериш тўғрисидаги бандини олайлик. Бу қонун 2022 йилнинг 8 сентябридан бери кучга кирган бўлса-да, бирорта рус ва инглизча сўзлар қалашиб ётган реклама пештахталарининг олинганини кўрмадик. Жараён устидан назорат қилувчи ташкилотларнинг бирортаси сас-садо чиқармаган.
Давлат тилида бўлмаса, мурожаат қилолмайсиз
Миллий ижтимоий муҳитда тилга, унинг тараққиётига бефарқлик билан қараш авж олиб боряпти. Четдан кирган ўгай сўзлар ҳисобига тилимиз «ёввойилашиб» бормоқда. Тил фақат муомала воситаси деб қаралди ва муомала воситаси қандай бўлиши эътибордан соқит қилинди. Тил «даласини» шу тариқа турли ёввойи ўтлар тобора шиддат билан забт этди.
Давлат тилига бўлган эътибор ва унинг аҳамиятлилик даражасини ошириш ҳақида ҳеч ким ўйламади. Хорижда бу борада ташланаётган дадил қадамларни кўрамизу, юрагимизни чангаллаб ўтираверамиз.
Масалан, Германияда масъул идора немис тилидан бошқа тилдаги мурожаатларни кўриб чиқмайди. Ирландияда давлат органларида давлат тиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинаётганини текшириш бўйича алоҳида орган мавжуд. Агар давлат органи ушбу ташкилотга ҳужжатларни тақдим қилмаса, улар билан ҳамкорлик қилмаса, ушбу орган мансабдор шахси учун 2000 еврогача жарима ёки 6 ой қамоқ жазоси белгиланган. Бу текширувлар натижасида тил тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланса, давлат органи мансабдор шахси жавобгарликка тортилиши мумкин.
Грузияда давлат тилига оид қонунга кўра, давлат корхона ва ташкилотларида фақат грузин тилида иш юритилади, зарурат туғилса, ҳужжатлар бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин, аммо бу таржималар расмий ҳужжат ҳисобланмайди. Қатарда 2019 йилда қабул қилинган янги қонунга кўра, барча давлат органлари ва расмий ҳужжатларда араб тилидан мажбурий фойдаланилади. Қонун талабларига амал қилмаганлик учун 50 минг қатар риали (14 минг АҚШ доллари атрофида) миқдорида жарима белгиланган.
Биз-чи?.. На бир ишни битирамиз, на ташлаб қўямиз. На суя оламиз, на четга суриб қўямиз. «Қуруқ қошиқ»лар эса оғзимизни йиртиб, ўзбекча сўзларни ҳам тўғри талаффуз эта олмайдиган бўлиб қоляпмиз.
Шаҳруза САТТОРОВА
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил