Шиддат Билан эриётган «пахтакор»
Ўзбекистондаги энг йирик тоғ музлиги – «Пахтакор» тез суръатда эриб бораётгани маълум бўлди.
БатафсилҲар бир давр тараққиётни муайян ўзанга солади. Юз йиллар бадалидагина ўзининг яққол натижасини кўрсата оладиган илм-фан соҳаси ҳам тарихнинг қанча синовли паллаларига бардош берди. Собиқ иттифоқ даврида ҳам қанчалик мафкуравий тазйиқларга учрамасин илм йўлидан оғишмай, катта натижаларни қўлга киритган олимларимиз жуда кўп.
Бугун илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор эса олимларимизни чинакамига руҳлантирмоқда, юксак чўққилар сари илҳомлантирмоқда.
– Бобомурод ака, кўп йил собиқ тузум даврида яшагансиз. Ўз мафкураси қобиғига ўралиб қолган жамиятда илм қилиш осон бўлмагандир?
– Тўғри айтасиз. Ўша вақтда Европа ёки океан ортида қилинаётган тадқиқотлар ҳақида жуда кеч хабар топардик. Илмий журналлар кутубхонага етиб келгунча ярим йил ўтарди. Керакли мақолани олиб ўқиш учун Москвадаги марказий кутубхонага почта орқали буюртма беришинг, кейин келишини пойлаб яна олти ой илҳақ бўлиб яшашинг керак эди. Турган гапки, унгача маълумотлар эскириб кетарди.
Эндиликда журналда ҳали эълон қилиб улгурилмаган мақолаларни интернетдаги электрон архивдан осонгина топиб бемалол ўқишимиз мумкин. Мисол учун, ҳозир мен кунимни астрофизикага доир илмий янгиликлар билан танишишдан бошлайман. Вақт йўқотмаслик – олим учун беназир бахт.
Бир ибратли фактни эсламоқчиман. 1967 йилда британиялик олима Жоселин Белл томонидан пулсарлар, яъни нейтрон юлдузлар топилган. Ўша вақтда атоқли совет астрономи Иосиф Шкловский ҳам бу мавзуда изланиш олиб борарди. Олим Кембриж университетига келганида, инглизлар кашфиёти ҳақида чурқ этмайди. Ваҳоланки, мақола «Nature» журналида чоп этиб бўлинганди. Аммо Шкловский янгиликдан бир йил ўтибгина хабар топган ва фурсатни бой берганидан жуда ҳам ранжиган.
Энди бугунги кунимиздан мисол келтираман. 2015 йилда дунё олимлари коинотдаги гравитацион тўлқинларни аниқлаган. Ушбу оламшумул воқелик ҳақида биринчилардан бўлиб хабар топгандик. Институтимиз ёш илмий ходими Бобур Тошматов нуфузли халқаро журналда бу бўйича бир йилда нақ тўққизта мақола чиқариб, 2018 йилда PhD ва 2022 йилда фан доктори диссертацияларини муваффақиятли ёқлади. Мана сизга ахборотга эга бўлишнинг кучи!
Бугун мамлакатимизда илм-фанга, оламшумул тадқиқотларга тўлиқ «яшил чироқ» ёқилган. Давлатимиз раҳбарининг бевосита саъй-ҳаракатлари ва эътибори туфайли бизга яратиб берилган катта имкониятлардан бири шундаки, биз чет эллик ҳамкасблар билан узвий ҳамкорликда ишлай оляпмиз.
Зотан, бутун дунёда тенденция шундай. XX аср бошида Алберт Эйнштейн, Эрвин Шрёдингер каби буюк олимлар индивидуал тарзда фаолият кўрсатган. Ўша вақтда Нобел мукофотини олиш учун қоғоз, қалам ва ўткир ақл кифоя эди, холос. Лекин ҳозир вазият бошқача.
– Нега?
– Фундаментал тадқиқотлар олиб бориш ҳам, уларнинг экспериментал қисмини бажариш ҳам катта маблағ талаб қилади. Астрономияни олайлик. У дунёдаги энг қиммат фан ҳисобланади. Астрофизиканинг долзарб масалалари билан шуғулланиш, астрономик кузатувлар олиб бориш учун бизга суперкомпьютерлар ва юқори аниқликда ишлайдиган замонавий телескоплар керак. Бундай асбоб-ускуналарнинг нархи ниҳоятда қиммат. Шу боис одатда йирик илмий лойиҳаларни АҚШга ўхшаган қудратли давлатлар молиялаштиради.
– Уларда ўзбекистонлик олимлар ҳам қатнашяптими?
– Ҳа. Ёшлар учун ташкил қилинаётган стажировка дастурлари эвазига кўпгина тадқиқотчилар хорижий давлатлардаги етакчи илмий муассасаларда ишлаш ва тажриба орттириш имконига эга бўляпти. Ўзим ҳам Ҳиндистон, Италия, Германияда мунтазам илмий сафарда бўламан. Бир нарсани тан олиш керак, Ғарбда илм-фандаги нуфузингиз унвон ва даражалар билан белгиланмайди ва бу тўғри, назаримда! Кеча докторлик диссертациясини ёқлаган бўлсангиз ҳам тажрибангизни ошириб бормасангиз – тадқиқотларда қатнашмасангиз, мақола ёзмасангиз, илмий журналларда чиқишингиз бўлмаса, эътибордан четда қолаверасиз. Натижада бошқалар сиздан ўзиб кетиши ҳеч гап эмас.
Ҳақиқий рақобат муҳити докторантга ҳам, оқсоч профессор олдига ҳам бир хил талабни қўяди. Ҳаракат қилган – ўзади, йўқса, даврадан чиқиб кетишингиз керак. Тамом-вассалом!
Афсуски, собиқ иттифоқ даврида бизда тамомила бошқача ёндашув ҳукмрон эди. Профессор ҳамиша улуғланган, ўн йиллаб самарасиз ишласа ҳам, улуғ мартабага эришганидан кейин биронта мақола чиқармаган бўлса ҳам, ойликни олиб юраверган...
– Ҳозир ҳам шундай «профессор»лар бор-ку!
– Инкор этмайман – бор, бироқ дунёни кўриб келаётганлари, жаҳон талабларига жавоб бера олаётганлари ҳам талайгина. Сабаби, сўнгги йилларда давлатимиз илм-фанда рақобатни кучайтириш имконини берадиган рағбат механизмини яратди. Бугун етакчи олимга минг АҚШ доллари эквивалент миқдордан кўпроқ маош тайинланяпти ва ойликларимиз йилдан-йилга ортиши кутилмоқда. Илгари мен учта жойда ишлаган бўлсам, энди бунга зарурат йўқ.
Фундаментал соҳадаги олимнинг асосий маҳсулоти – илмий мақола ва унга белгиланган ҳаволалар. Мақола қанчалик қизиқарли бўлса, шунчалик кўп ўқилиб, жаҳон илмий ҳамжамиятида танилади. Бу эса сифатли ва самарали ишлаётганингиздан далолатдир. Рақобатбардош бўлишда тил билишнинг аҳамияти ҳам жуда катта.
Афсуски, мамлакатимизда илм-фанимиз ҳамон «русийзабон»лик чегарасида қолмоқда. Инглиз тилини билмайдиган олимлар, талабаларимиз жуда кўп. Асосий камчилигимиз ҳам шу. Назаримда, аниқ ва табиий фанлар бўйича магистратура таълими тўлиқ инглиз тилида олиб борилиши керак. Боз устига, Ўзбекистонда Ғарб типидаги илмий-тадқиқот муассасаларини очиш вақти ҳам келди. Юртимизда илмий фаолиятни ташкил этиш ва бошқаришда жаҳон талабларига мос замонавий тизимни жорий қила олсак, ишончим комилки, оёғимизга кишан солиб турган анча-мунча муаммолар барҳам топади.
– Унда ислоҳотни олий таълимдан бошлаш маъқул эмасми?
– Албатта, фикрни шунга олиб келаётгандим. Ўзбекистон Миллий университетида 4-курсларга дарс бераман. Менга қолса, ўқишга қабул қилинган йигит-қизларга қарата: «Халқаро миқёсда эътироф этилган олим бўлишни, катта маош олиб, йирик илмий тадқиқотларда қатнашишни, хориждаги етакчи муассасаларда ишлашни хоҳласангиз, тил ўрганинг», деган бўлардим. Инглиз тилини билмаган олим дунё билан мулоқот қилолмайди. Демак, ўз-ўзидан кўп нарсани йўқотади.
Тарихдан мисол келтираман. Америкалик машҳур олим Эдвин Хаббл 1929 йилда коинотда галактикалар борлиги, яъни юлдузлар тўпламларда жойлашганини экспериментал тарзда исботлайди. Шунингдек, у астрономик кузатувлар асосида коинотимиз кенгайиб бораётганини аниқлаган. Шундан буён мазкур жараён Хаббл қонуни, деб атала бошлади. Аслида Хабблдан аввал илк бор Жорж Леметр коинот кенгайишига доир далилларни келтирган. Фақат Леметр тадқиқот натижаларини француз тилида эълон қилади. Шу боис унинг мақоласи оммалашмайди. «Улоқ»ни эса Эдвин Хаббл илиб кетган. Фақат 2018 йилга келиб тарихий адолат тикланиб, Халқаро астрономлар жамиятининг хулосасига кўра, космологларга яхши таниш бўлган атамани Хаббл-Леметр қонуни, дея ўзгартириш тавсия этилди. Аммо поезд аллақачон кетиб бўлган, ҳеч ким Хаббл қонунига ҳозирга қадар Леметр номини қўшмади...
Четга чиққан ёш ҳамкасбларимиз кўпинча Ўзбекистонда ўқиш жараёнида дастурлаш бўйича етарли билим ололмаганидан афсусланади. Чунончи, юртимиздаги физика факультетларида техник таъминот масаласи жуда-жуда оғриқли. Кўп фанлар назарий ўтилади-ю, аммо амалиёт йўқ. Буни мен аниқ биламан.
Яна бир гап. Талабаларда келажакда илм билан шуғулланишга мотивация уйғота олишимиз керак. Физика факультетида иқтидорли ёшлар кўп. Аммо олим бўламан дейдиганлари саноқли. Чунки бу билан рўзғор тебратишига кўзи етмайди. Аниқроғи, шундай стереотип миямизга маҳкам ўрнашиб олган.
Йўқ, азизлар, ҳозир замон бошқача! Давлатимиз жон-жаҳди билан илмий кадрларнинг моддий аҳволини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини юксалтиришга ҳаракат қилмоқда. Натижаси бўляпти. Мана, масалан, охирги йилларда ўзим фаолият юритаётган Астрономия институтида ёш ходимлар сафи анча кенгайди.
Афсуски, билимдон талабалар орасида ўзини репетиторликка урганлари ҳам бор. Мен уларни «тест фанлари доктори», деб атайман ва йўқотилган вақтига астойдил ачинаман. Ваҳоланки, бу йигит-қизлардан кучли илм соҳиблари чиқиши мумкин. Афсуски, энг гуллаган чоғида улар келажагига болта уриш билан овора.
– Талабага мотивация бериш ҳақида гапирдингиз. Бироқ ўрни келганда ёш олимга ҳам далда, куч керак. Бу борада илмий-тадқиқот муассасалари қандай йўл тутмоқда?
– Илм-фанга қаратилаётган эътибор ва рағбатнинг ўзи илмий кадрлар учун далдадир. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясига давлат бюджетидан 32 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Бунақаси тарихда бўлмаган! Маблағнинг асосий қисми илмий-тадқиқот институтлари моддий-техник таъминотини яхшилашга сарфланади. Салкам 1,6 миллион АҚШ доллари астрономик тадқиқотлар учун йўналтирилган. Ҳозир институтимиз биноси қайта таъмирланмоқда. Коинотдан юқори аниқликдаги тасвирлар олиш мақсадида тез орада замонавий CCD камера харид қилинади.
Президентимиз халқаро доираларда Майданак обсерваториясига 4 метрли телескоп ўрнатилишини ҳам айтди. Бундан ташқари, Жиззахнинг Сўфа қишлоғидаги кузатув станциясини янги радиотелескоп билан жиҳозлаш кўзда тутилган. Илмий тадқиқотлар олиб бориш учун тўкис шароит, замонавий инфратузилма киши кайфиятига, шубҳасиз, ижобий таъсир кўрсатади. Бундай янгиланишлардан баҳраманд бўлиш асносида шу мамлакатга кераклигингни, қадр-қимматинг баландлигини ҳис қиласан. Олимдан талаб қилинаётган нарса эса битта – изланиш ва ўз устида ишлашни тўхтатмаслик!
– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
– Саломат бўлинг!
ЎзДЖТУ талабаси
Сирожиддин НАЖМИДДИНОВ
суҳбатлашди.
Ўзбекистондаги энг йирик тоғ музлиги – «Пахтакор» тез суръатда эриб бораётгани маълум бўлди.
БатафсилХусусан, Ашхободда юқорида айтилган ўлимлар 100 минг кишига 25-28 ҳолатни ташкил қилади.
БатафсилҚоракўз — карпсимонлар оиласига мансуб балиқ тури. У асосан Ўзбекистоннинг дарё ва сув ҳавзаларида учрайди. Бу тур нафақат экологик жиҳатдан муҳим, балки биологик хилма-хилликни сақлашда ҳам алоҳида ўрин тутади.
Батафсил