Оқава сувларни тозалаш даражаси окава сув таркиби ва миқдори ҳамда сув ҳавзасининг сарфи ва сифат кўрсаткичларига боғлиқ бўлади. Тозалаш иншоотларини тўғри лойиҳалаштириш учун сувларни кимёвий ва бактериологик таҳлил қилиб, унинг таркибини билиш зарур.
Хоразм вилоятининг айрим жойларида оқава сув тозалаш иншоотларининг талаб даражасида ишламаслиги, оқава сувлар тозаланмасдан тўғридан-тўғри очиқ сув ҳавзаларига ташланиши оқибатида ҳудудларда турли хил экологик муаммолар юзага келаётганини кузатишимиз мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Урганч, Хива ва Питнак шаҳарлари оқава сув тозалаш иншоотларини замонавий талаблар асосида реконструкция қилиш зарурати юзага келган.
Ҳозирги кунда Хоразм вилояти аҳолисининг оқава сув хизматлари билан таъминланганлик даражаси 6,1 фоизни ташкил этади. Оқава тизимлари мавжуд шаҳар ва туманлар аҳолисининг оқава хизматлари билан таъминланганлик даражаси — 40,1 фоиз.
Урганч оқава сув тозалаш иншооти 1978 йилда қурилган бўлиб, унинг майдони 14 гектарни ташкил қилади. Мазкур иншоот биологик тозалашга мўлжалланган бўлиб, лойиҳавий умумий қуввати 81 минг м3/суткани ташкил этади. Унинг ҳозирги кунда оқава сув ўтказиш қуввати 17 минг м3/суткани ташкил этади. Мавжуд насос станциялари сони 21 дона бўлиб, шундан 16 таси ҳозирги кунда таъмирталаб ҳисобланади. Урганч оқава сув тозалаш иншооти орқали бугунги кунда 90,2 минг аҳолига, 985 та юридик корхоналарга хизмат кўрсатиб келинмоқда.
Урганч шаҳридаги канализация қувурларидаги оқава сувлар шаҳар ҳудудида жойлашган 2 та насос станциялари орқали шаҳардан 10 км узоқликдаги Урганч тумани «Ғалаба» МФЙ ҳудудида жойлашган 14 гектар ер майдонини эгаллаган оқава сув тозалаш иншооти орқали, тозаланмасдан тўғридан-тўғри «Чаккакўл» захкашига ташланмоқда. Оқибатда «Чаккакўл» коллекторининг табиий сув сифати бузилиб, атроф-муҳитга зарар еткизмоқда.
Урганч шаҳри ва Урганч туманида аҳоли сони ўсиб бориши ва кўплаб янги ишлаб чиқариш саноат корхоналарининг барпо қилинаётганини эътиборга олиб, истиқболдаги лойиҳа камида 30 йилни кўзлаган ҳажмдаги қувватга эга бўлиши керак.
Хива оқава сув тозалаш иншооти 1985 йилда қурилган бўлиб, тозалаш иншоотининг майдони 3,2 гектарни ташкил этади, оқава сув тозалаш иншооти биологик тозалашга мўлжалланган. Ҳозирги кунда Хива шаҳрида 92 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, шундан 19,5 мингдан ортиқ аҳолиси, яъни 21 фоизи оқава сув хизмати билан қамраб олинган. Хива шаҳрида 1 та 10 минг м3/сутка қувватга эга оқава сув тозалаш иншооти, 8 дона оқава сув ҳайдаш насос станцияси ва узунлиги 37,5 км босимли ва ўзи оқар оқава сув қувурлари мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Бу эса, оқава сувларнинг етарли даражада тозаланмаслигига олиб келмоқда.
Оқава сувларини тозаламасдан, жанубий кўлларни мувозанатлаштирувчи Туркманистон ва Ўзбекистон чегарасидаги давлатлараро «Дўстлик» коллекторига ташланиши оқибатида ер усти ва ер ости сувларининг ифлосланишига ҳамда оқава сувнинг буғланган қисми ҳавога тарқалиб, ғарбий шамоллар таъсирида маҳаллий аҳолига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Питнак оқава сув тозалаш иншооти ҳам 1985 йил қурилган, тозалаш иншоотининг майдони 3,5 гектар, оқава сув тозалаш иншооти биологик тозалашга мослашган. Тупроққалъа туманида 55,8 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб, шундан 9,9 минг нафар аҳоли, яъни 18 фоизи оқава сув хизмати билан қамраб олинган. Туманда 1 та 11 минг м3/сутка қувватга эга биологик тозалаш иншооти мавжуд бўлиб, оқава сув қувурларининг узунлиги 29,9 км ни ташкил этади. Ушбу иншоотни қайтадан замонавий лойиҳа асосида барпо қилиш зарур. Бунда Питнак шаҳридаги ва Питнак қишлоғидаги аҳоли сонини кескин даражада ўсиб боришига ва янгидан кўплаб ишлаб чиқариш саноат корхоналарининг барпо қилинаётганлигига эътибор қаратиш зарур ва истиқболдаги лойиҳа камида 30 йилни кўзлаган ҳажмдаги қувватга эга бўлиши керак.
Юқорида олиб борган кузатишларимиздан кўриниб турибдики, вилоятнинг учта шаҳридаги оқава сув тозалаш иншоотларининг умумий қуввати 102 минг м3/суткани ташкил этади, аммо амалда 21 минг м3/сутка қувват билан ишлаб келмоқда. Мавжуд 38 та оқава сув насос станцияларидан 31 таси (81%), 214 км оқава сув қувурлари ва тармоқларидан 136,4 км (63,7%) таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.
Хуллас, шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган саноат корхоналари ҳудудида оқава сувлар коммунал канализация тармоқларига ташланмасдан, бирламчи локал оқава сув тозалаш иншоотларига юборилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунинг учун шундай замонавий сув тозалаш иншоотлари қурилиши ишларини тезлаштириш ва Ўзбекистон Экологик партияси депутатлар корпуси томонидан жамоатчилик назоратини янада кучайтиришимиз зарур. Ушбу туманлардаги корхона-ташкилотлардан, кўп қаватли уй-жойлардан ва даволаш ҳамда ўқув муассасаларидан чиқадиган оқава сувлар шу жойлар рельефига ташланиши оқибатида табиий муҳит ифлосланмоқда.
Шокиржон ҲОЖИМУРОДОВ,
ЎЭП Урганч шаҳар кенгаши раиси
Тиббиёт чиқиндилари хавфли, аммо уларни хавфсиз ёқиб энергия олувчи илк завод иш бошлади
🕔09:00, 08.09.2025
✔17
Тиббиёт муассасаларидан чиқадиган чиқиндилар табиат учун ҳам, инсонлар учун ҳам хавфли бўлган чиқиндилар сирасига киради. Йиллар давомида атроф-муҳит учун жиддий хавф туғдирадиган тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш масаласи, айниқса, пандемиядан кейинги даврда, дунё миқёсида долзарб муаммога айланди.
Батафсил
Плоггинга қўшилинг, соғлом турмуш ва тоза атроф-муҳит сари қадам қўйинг
🕔08:57, 08.09.2025
✔16
Кўчалар, хиёбонлар, дарахтзорлар орасида ётган пластик идишлар, қоғоз парчалари ёки бошқа чиқиндилар нафақат кўнгилни хира қилади, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етказади.
Батафсил
CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк
🕔17:37, 29.08.2025
✔54
Бугун, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи фауна ва флора турларининг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенция (CITES CoP20) иштирокчилари конференциясининг 20-йиғилиши очилишига 100 кун қолганида Ўзбекистон «CITES 50 йиллиги Самарқандда: табиат ва инсонлар ўртасидаги кўприк» номли тадбирнинг расмий шиорини эълон қилди.
Батафсил