Ўзини оқловчилар кўп, айбдор эса йўқ...
Ҳаммамизга маълум, 19 июль куни Навоий шаҳрини заҳарли тутун қоплади. Шаҳарда яшовчиларга кўра, тутун ўткир ҳидли бўлиб, аксарият кишиларда нохуш йўтал қўзғаган. Мурожаатчиларга кўра, заҳарли тутун эрта тонгдан шаҳарни қоплаб олган.
«Ҳиди жуда ўткир, йўтал қўзғаяпти, нафас олиш деярли имконсиз. Сўнгги пайтларда бу каби ҳолат кетма-кет содир бўлмоқда. Болаларимиз соғлиғидан хавотирланиб қолдик. Қачонгача бундай заҳарли тутун ичида яшаймиз, билмаймиз» деди таҳририятга мурожаат йўллаган фуқаролардан бири.
Навоий вилояти Экология бошқармаси бунда «Навоийазот»ни айблади. «Навоийазот» АЖ ахборот хизмати эса ҳолат юзасидан расмий баёнот бериб, заҳарли тутунга заводнинг алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Корхоналар ёпилди, бироқ...
Мана, орадан шунча вақт ўтди. Бироқ ҳалигача аҳолига вазият юзасидан бирор жўяли тушунтириш берилмади. Бу эса ижтимоий тармоқларда турли танқид ва талқинларга сабаб бўлди.
Албатта, жамоатчиликнинг бу борадаги фикр ва талабларини инобатга олган ҳолда, вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон Экологик партияси депутатлик гуруҳи ташаббуси билан вилоятдаги фаол жамоатчилик вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузилди ва ўрганиш ишлари олиб борилди. Ишчи гуруҳ йиғилишида оқ тутуннинг келиб чиқиш ва тарқалиш манбаини аниқлаш, атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш, аҳолининг экологик хавфсизлиги таъминланишини мониторинг қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг ҳолатни ўрганган Экология вазирлиги ҳудудда ҳавони ифлослантирган 20 дан ортиқ корхона фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирди. Бу рўйхатда ғишт, шифер, бетон плита, оҳак заводлари, кимёвий моддалар сақлаш омбори, сутни қайта ишлаш, фосфорли ўғит ишлаб чиқариш корхоналари бор. Ҳатто «Навоийазот» ҳам жарима ва компенсация тўловларига тортилган. Бироқ Экология вазирлиги шаҳарни қоплаб олаётган заҳарли тутун айнан қайси корхонадан чиқаётгани ҳақида аниқ маълумот айтмади.
«Навоий шаҳрида умумий экологик вазиятни ўрганиш ва яхшилаш бўйича 3 та гуруҳ шакллантирилиб, шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 168 та саноат корхонаси фаолияти ўрганилмоқда.
Бугунга қадар 42 та корхона ўрганилиб, экология соҳасидаги қонун талабларига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан жарима чораларини қўллаш учун суд органларига материаллар тайёрланди.
Шу билан бир қаторда, ўрганиш давомида фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмагани, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилгани, бетартиб чиқиндихоналар яратилгани сабабли 22 корхона фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу корхоналарга 10 кунлик муддат берилди. Камчиликларини бартараф этмаган 19 та корхонанинг фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилди» дейилади вазирликнинг 31 июль куни жамоатчиликка тақдим этган хабарида.
Шунингдек, вазирлик атроф-муҳитни экологик нормативдан ортиқ даражада ифлослантиргани ва белгиланган қонунчилик талабларини қўпол равишда бузгани учун собиқ «Электрокимё» заводи худудидаги «Sogda kimyo zavod», «Ferrosplav» ва «Zarafshon industrial technology» МЧЖлар фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинганини билдирган эди. Мазкур корхоналарга экологик тадбирларни амалга ошириш учун 10 кун муддат берилган.
Қолаверса, ўрганишда «Навоийазот» корхонаси ҳам атмосфера ҳавосини ифлослантиргани аниқланган. Хусусан, 29 июль куни корхонанинг карбамид цехида олинган таҳлил натижасида аммиак белгиланган меъёридан 1,08 маротаба юқорилиги, 29 июлдан 30 июлга ўтар кечаси завод атрофида ўтказилган таҳлиллар натижасида аммиак миқдори 1,5 марта, водород сулфиди 36 марта юқори чиқиши ҳолати аниқланган.
Кўрилган чоралар иш бермадими?
Аммо Экология вазирлигининг хабаридан сўнг ҳам вазият ўнгланмади. 4 август куни ҳам шаҳарни заҳарли тутун қоплаш ҳолати кузатилган. Бу ҳақда Kun.uz нашрига шаҳар ва шаҳар атрофида яшовчи аҳолидан бир нечта мурожаатлар келиб тушган.
«Экология вазирлиги ўргандик, 20 дан ортиқ корхонани ёпдик, деганди. Бироқ бугун тонгда жуда кучли заҳарли моддалар атмосферага қўйиб юборилди. Буни одамлар ўз кўзи билан кўриб, бурни билан нафас олиб сезиб турибди. Масъуллар эса шунча одамни алдашга уриняпти ҳаммаси жойида деб. Шаҳар аҳолисида аллергик касалликлар кўпайиб бормоқда», дейди мурожаатчилардан бири.
Яна бир мурожаатчи эса нафас олиш қийин бўлиб қолганини, атрофни аччиқ, кўмир ёнганда чиқадиганга ўхшаш ҳид қоплаб олганини маълум қилди.
«Одамлар одатда ҳар тонг уйга тоза ҳаво кирсин, дея хонадонининг деразаларини очади. Биз эса уйга заҳарли ҳаво кирмасин, дея деразаларни ёпиб юришга мажбур бўляпмиз. Ҳамманинг ҳам уйида кондиционер йўқ. Ҳаво иссиқ, қийин бўляпти. Айниқса, ёш болалар ва ёши катта нуронийлар соғлигига жиддий таъсир қилмоқда бу заҳарли тутун», дейди у.
Асосий айбдорни топиш қийин...ми?
Ҳолат юзасидан Навоий вилояти Экология бошқармаси вакили ҳам муносабат билдирди. Унга кўра, ўрганиш ҳамон давом этмоқда. Айбдорни топиш эса улар учун қийин кечмоқда.
«Ташламаларнинг автоматик мониторинг станцияларини қўймагани учун биз экологлар жуда қийналяпмиз. Заводга тўғридан-тўғри киролмаймиз, ҳаво ифлослигини унинг атрофидан ўлчасак, заводлар кўплиги сабабли айбни бир-бирига тўнкаяпти.
Станциялар қўйилса, биз компьютерда қайси корхона қачон атмосферага меъёридан ортиқ кимёвий модда чиқарганини кўриб ўтирамиз. Бирдан сигнал келади. Кейин биз осонгина исботлаб берамиз, сенинг корхонанг ҳавони ифлослантирди, деб. Ва бирдан ўша муаммони ҳал қилмагунча фаолиятини тўхтатиш бўйича кўрсатма берамиз. Бирорта корхона автоматик станция қўймаяпти», – дейди у.
Ташламаларнинг автоматик мониторинг станцияси атмосфера ҳавосининг ифлосланишини кузатиш ва таҳлил қилиш учун ўрнатилади. Улар атмосферага чиқаётган зарарли моддаларнинг миқдорини аниқлаб, атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш имконини беради. Бундан кўзланган мақсад эса атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи манбаларни назорат қилишдир.
Навоий вилояти Экология бошқармаси вакилининг тушунтиришича, бу станциялар атмосферага чиқаётган турли зарарли газлар ва моддаларни аниқлаб, уларнинг миқдорини ўлчайди. Улар I ва II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектларга ўрнатилгач, вазирликка интеграция қилинади. Яъни экологлар қайсидир завод ҳавога белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда заҳарли газ ёки модда чиқарса, станция узатган маълумот ва сигналдан билиб олишади.
Бу турдаги автоматик мониторинг станцияларини ўрнатиш I тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар учун 2026 йил 1 январга қадар, II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлар учун 2026 йил 1 июлга қадар белгиланган.
Атроф-муҳитга таъсири бўйича I тоифага йирик заводлар киритилган. Рўйхатга кўра, Навоий вилоятида I тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлари сони 71 тани, II тоифага кирувчи хўжалик юритувчи субъектлари сони эса 218 тани ташкил этади. Ушбу рўйхат якуний эмас. Бу корхоналарнинг 122 таси Навоий шаҳри атрофида жойлашган.
Англаганингиздек, Навоий шаҳридаги заҳарли тутун муаммоси ҳали ҳам ўз ечимини топгани йўқ. Экология вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар томонидан муайян чоралар кўрилган бўлса-да, аҳоли заҳарли ҳаводан ҳимояланганини ҳис қилмаяпти. Бу эса аҳолининг саломатлигига, айниқса болалар ва кексаларга жиддий хавф туғдирмоқда. Энг ташвишли жиҳати, ҳавонинг ифлосланиши аҳоли саломатлигига қай даражада таъсир қилгани номаълумлигича қолмоқда.
Умид қиламизки, масъул ташкилотлар бу борда жиддий ва тизимли ечимларни ишлаб чиқади, заҳарли чиқиндилар манбалари аниқланиб, уларнинг фаолияти қонуний тартибда чекланади. Ҳар ҳолда, шу заҳарли тутундан масъуллар ҳам нафас олишаётгандир, албатта.
Шаҳруза САТТОРОВА