Қорақалпоқ элининг лочин депутати
Юртимизда халқ манфаатлари учун эзгу ишларни қилиб чарчаш нима билмайдиган элдошларимиз талайгина. Уларнинг ҳар бир куни савоб амаллар билан бошланади.
БатафсилЮртимизда халқ манфаатлари учун эзгу ишларни қилиб чарчаш нима билмайдиган элдошларимиз талайгина. Уларнинг ҳар бир куни савоб амаллар билан бошланади.
Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Айдарбек Аймуратовнинг иш фаолияти ҳам кўплаб ибратли ишларга бой. Уни кўпинча таълим-тарбия муассасаларида бўлиб, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш билан шуғулланаётгани устида учратасиз. Гоҳ-гоҳида эса одамлар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларини эринмасдан тинглаётган бу йигитни эл улуғлари «Тарлон депутатимиз!» дея алқаётганига гувоҳ бўласиз.
Эл билиб айтади. Чунки депутат билан мулоқотлар баъзан вақт чегарасини писанд ҳам қилмай, кечгача давом этади. Албатта, юраги шижоатга тўла бу йигит бундай учрашувларни фақатгина расмиятчилик юзасидан ўтказмайди. Мурожаатлар тез орада ижобий ҳал қилингач, кўпчилик унинг сўзи устидан чиқадиган йигит эканига ишонч ҳосил қилиб, ҳаққига узоқ дуо қилади.
Яқинда Айдарбек Аймуратов Нукус шаҳридаги 16-сонли мактабгача таълим ва тарбия муассасасида бўлиб, у ердаги шароитлар билан яқиндан танишган эди. Бу ерда тоза ичимлик сув таъминоти катта муаммолардан бири экан. Ёш авлод баркамоллигини қайғураркан, депутат ҳомийлар ёрамида муассасага сув тозалайдиган мўъжазгина ускунани совға қилди.
Маҳаллаларда одамлар билан учрашув-мулоқотларининг ўзи катта бир солномаларни ташкил қилади. «Жолшилар» маҳалласига борган вақтида депутат ўз сайловчилари ва маҳалла фаоллари билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кузги босқичида эътибор қаратиш лозим бўлган ишларни муҳокама қилди.
Айдарбек ташаббуси билан депутатлик гуруҳи томонидан жамоатчилик назоратлари изчил олиб борилмоқда. Яқинда ана шундай жамоатчилик назорати Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар кенгаши билан ҳамкорликда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи 2-тоифадаги саноат корхонаси – «Қорақалпоқ цемент» МЧЖ қўшма корхонасида ўтказилди. Унда бир гуруҳ фаоллар билан биргаликда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида корхона ҳудуди ва атрофида «яшил белбоғ» сифатида боғлар ташкил этилиши юзасидан амалга оширилган ишлар мониторинг қилинди. Корхонанинг кўкаламзорлаштириш режалаштирилган умумий беш гектардан ортиқ майдонларида юртимизда ўтказилаётган «Яшил макон» дастури асосида экиш ишлари олиб борилган. Хусусан, корхона ташқарисидаги ер майдонларида ҳар хил манзарали, мевали кўчатлар экилган. Шунингдек, лаборатория биноси атрофига корхонанинг Беруний тумани «Олтинсой» ОФЙда яшовчи ишчи-ходимларининг шахсий томорқа майдонларида ёввойи ҳолда ўсган тўранғил кўчатлари олиб келиниб экилди. Жумладан, 400 туп тут, 400 туп гужум, 300 туп нок, 300 туп олхўри, 200 туп олча, 230 туп гилос, 1170 туп тўранғил, жами – 3000 туп кўчат ўтқазилди.
– Қуйи Амударё минтақасида тўранғил табиий йўл билан тез кўпаядиган дарахт саналади. Агар у яхши парваришланса, юз йилдан ортиқ умр кўриши мумкин. Шу боисдан ҳам биз кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари атрофига яшил белбоғ сифатида тўранғилзорларни кўпайтиришни тавсия қилиб келамиз. «Қорақалпоқ цемент» МЖЧ атрофига ҳам кўплаб тўранғил дарахти экилишига ҳисса қўшдик. Кўчатлар, албатта Амударё қирғоқларидаги қайир ва тўқайлардан олиб келинган бўлса керак, дея ўйлаётган бўлсангиз, хато қиласиз. Бу кўчатлар одамларнинг томорқаларидан олиб келинган. Эътибор берган бўлсангиз, тўранғил томирлари узоқ масофагача ўсувчан бўлиб, агар уни бирор жойидан қирқсангиз, янада кўпроқ бачкилаб ўсиш хусусиятига эга. Буни инобатга олган ҳолда биз одамларга томорқасидаги ёввойи ҳолда ўсиб чиқаётган дарахтлар ниҳолларини қўпориб ташламасдан, бизга етказишларини маълум қилганмиз. Натижада ҳар мавсумда қучоқ-қучоқ беминнат кўчатлар тўплашга эришамиз. Улар эса корхона ва ташкилотлар атрофида экилишига кўмаклашамиз, – дейди биз билан суҳбатда Айдарбек Атамуратов.
Оролбўйи аҳолиси, хусусан, ёш авлод саломатлиги ҳар доим куюнчак депутат эътиборида. Шу боисдан ҳам у элдошларимизни эзгу ишлар йўлида бирлаштириш мақсадида турли акциялар, фестиваллар уюштириб келади.
Қорақалпоғистон Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда «Ҳеч бир фарзанд касал бўлмасин!» шиори остида «Биз кучлимиз!» хайрия акциясининг ўтказилиши ижобий натижаларни бошлаб берди. Акцияда юзлаб юртдошларимиз иштирок қилиб, Қорақалпоғистон Болалар шифохонасининг гематология бўлимида даволанаётган болаларга донор сифатида қон топширишди. Ҳафтанинг жума куни изчил ўтказилиши одат тусига кирган ушбу акцияда депутат А.Атамуратовнинг ўзи ҳам биринчилар қаторида донор сифатида қон топширади.
Таниқли ижодкорлардан бири Айдарбекнинг фаолиятига муносиб баҳо берар экан, уни лочинга қиёслаган эди. Дарҳақиқат, лочин юксакликни севувчи мард ва шижоатли қуш саналади. Зеро, ўзининг савоб ишлари билан ҳурмат-эҳтиром қозониб, юксалиш элпарвар, юртсевар инсонга хос фазилатлардан аслида.
Айдангул АБДУРАҲМОНОВА,
ЎЭП Қорақалпоғистон партия ташкилоти
кенгаши мутахассиси,
Эрпўлат БАХТ,
журналист
Юртимизда халқ манфаатлари учун эзгу ишларни қилиб чарчаш нима билмайдиган элдошларимиз талайгина. Уларнинг ҳар бир куни савоб амаллар билан бошланади.
БатафсилФарғона вилоятида Осиё тараққиёт банки кўмагида «Иқлим шароитига мос сув таъминоти ва канализация хизматларини кўрсатиш лойиҳаси» доирасида жамоатчилик эшитувлари ўтказилди.
БатафсилЭкопартия вакиллари Урганч шаҳри бўйлаб муаммо ва таклифларни ўрганишди
Батафсил