Ака-ука Ғафур ва Ғулом Эшчановларни юртимизда танимайдиган одам бўлмаса керак. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артистлари бўлган бу жўровоз санъаткорлар ташриф буюриб, файз киритмаган байрам ва тантаналар деярли йўқ ҳисоби.
Ҳар йили қизғин нишонланадиган Наврўз ва Мустақиллик умумхалқ байрамларида улар томонидан Хоразм лазгиси зўр маҳорат билан куйланганида барча иштирокчилар завқ-шавқ билан рақсга тушиб кетишини ҳам яхши биламиз.
Бироқ кўпчилик бу икки хушовоз ҳофизнинг халқ дардига қулоқ тутиб, хайр-саховат ва жамоат ишларида ҳам пешқадамлигини билмаса керак. Айниқса, Ғафур аканинг эзгу ишлари ҳақида гапирадиган бўлсак, сўзни мухтасар қилишга имкон тополмай қоламиз.
Ўзбек миллий мақом санъати маркази Хоразм вилояти ҳудудий бўлими бадиий раҳбари вазифасида фаолият юритаётган Ғафур Эшчанов Ўзбекистон Экологик партияси фаолларидан. У мамлакатимизда ушбу партия ташкил қилинган дастлабки йилдаёқ унга аъзо бўлиб қўшилди. Партия фаоллари билан биргаликда турли тадбир ва учрашувларда у нафақат қўшиқ куйлади, балки экологик маданият, табиатни асраш мавзуларида жонли фикр-мулоҳазаларни илгари сурди. Айниқса, аждодларимизнинг атроф-муҳитни асраш, тозалик ва она табиатга муносабати, қарашлари ҳақидаги фикрлари унинг бу борада нечоғли кучли билимга эга эканини тасдиқлади. Халқимиз сидқидилдан ишонч билдириб, уни 5-Гандимиён сайлов округидан халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига депутат қилиб сайлашди. Ана шундан сўнг эл ардоқлаган ҳофизнинг фаоллиги янада ошди. Энди у халқ ва давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамжиҳатликни оширишга катта эътибор қаратмоқда.
Яқинда Хива шаҳар «Гулистон» маҳалласи аҳолиси томорқасига сув етиб бормаётганидан шикоят қилиб Ғафур Эшчановга мурожаат қилганида депутат-санъаткор дарҳол аҳволни ўрганишга киришди. Натижада лойқа чўкиши оқибатида «Қумёп» каналида сув ўтказувчанлиги пасайиб кетгани аниқланди. Депутат томонидан муаммони ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилот масъуллари жалб этилиб, каналнинг 2,5 километр қисмида қазиш-тозалаш ишлари йўлга қўйилди. Хива шаҳар ҳокимлиги томонидан қазиш техникалари билан кўмак кўрсатилди. Депутат ўз ҳомийлиги ҳисобидан эса 500 литр дизель ёнилғисини ёрдам сифатида олиб бериб, техникаларнинг ишни узлуксиз бажаришига ҳисса қўшди.
Экологик партия Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан Оролбўйи ҳудудларига уюштирилган ишчи ташриф жараёнларида Ғафур ака қамишдек бел боғлаб сидқидилдан хизмат қилиб келади. У санъаткор дўстлари, шогирдларининг ранг-баранг бадиий дастурини намойиш қилишдан ташқари Мўйноқ шаҳрини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида ҳам бошқаларга ибрат бўлмоқда. Ҳар гал у бу масканга ўз машинасини гул ва дарахт кўчатлари ҳамда уруғларига тўлдириб боради. Шунингдек, унинг мўйноқликларга улашган янада бошқа совға-саломларини айтмайсизми?! Мактаб ўқувчиларига кийим-кечак, ўқув қуроллари, китоблар олиб борганида қорақалпоқ болаларининг қандай севинганини тасаввур қилишнинг ўзидан юракларда бу саховатпеша депутат-санъаткорга нисбатан эҳтиром ва ҳавас уйғонади.
Қизиғи шундаки, Ғафур Эшчанов Хива шаҳар 5-Ғандимиён сайлов округидан депутат этиб сайланган бўлса-да, унга вилоятимизнинг турли ҳудудларида яшовчи элдошларимиз ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Балки унинг юртимизда машҳур ва таниқли бўлгани учун ҳам шундайдир. Лекин халқ дардига чора излашни ўзининг инсонийлик бурчи деб билган санъаткор ҳеч қачон бефарқликка берилмаган. У ҳар доим қаерда бўлсин одамларни эшитишга, қалбига қулоқ тутишга вақт топади.
Урганч шаҳридаги «Миришкор» маҳалласи аҳолиси ичимлик сув қувурлари таъмирталаб аҳволга келиб қолгани юзасидан мурожаат қилганида у аэропортда Тошкентда ўтказиладиган муҳим тадбирга жўнашга шайланиб турган эди. Аммо у умидвор термулиб турган элдошларига қўл силтаб кетолмайди. Сафардан қайтгач, муаммони ўрганишга ваъда берди-да трапга кўтарилди.
Пойтахтдан қайтгач эса ўша куннинг ўзидаёқ «Миришкор» маҳалласига йўл олди. Ҳақиқатан ҳам бу ерда ичимлик сув қувурлари яроқсиз ҳолга келиб қолган экан. Дарҳол Экологик партия вилоят кенгаши, Урганч шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, мавжуд муаммо бир ҳафта ичида бартараф қилинишга эришилди.
Депутат Ғафур Эшчановнинг ишсизликни баратараф қилишдаги жонбозликлари, ёрдамга муҳтож оилалар ҳамда имконияти чекланган юртдошларимизга кўрсатаётган ҳомийликлари борасида тўхталадиган бўлсак, сўзимиз анча чўзилиши мумкин. Бобур ҳазратлари «Ҳар неки сўзунг бўлса, мухтасар қил» деганларидек, фидойи депутат, эл севган санъаткорнинг эзгу ишларини қисқача айтиб ўтдик холос. Уни ҳар бир элдошимизга ибрат намунаси қилиб кўрсатсак арзийди. Зеро, эзгу ва савоб ишларни қилувчи инсоннинг ҳар бир иши ўзгаларга сабоқ ҳамда намуна бўла олади.
Шокир ҲОЖИМУРОТОВ,
ЎЭП Урганч шаҳар кенгаши раиси,
Эрпўлат БАХТ,
журналист
Халқ дардига ечим
🕔15:37, 15.05.2026
✔56
Демократик жамиятнинг энг муҳим белгиларидан бири бу фуқароларнинг давлат ва вакиллик органларига бўлган ишончидир. Бу ишонч, аввало, аҳолини йиллар давомида қийнаб келаётган маиший ва ижтимоий муаммоларнинг тизимли ҳал этилишида намоён бўлади. Хусусан, маҳаллалардаги инфратузилма ҳолати бевосита инсонларнинг яшаш сифати ва хавфсизлигига таъсир кўрсатадиган омил ҳисобланади.
Батафсил
Мирзачўлда веломарафон
🕔17:57, 16.04.2026
✔123
Бугун аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни ошириш, атроф-муҳит учун мутлақо зарарсиз бўлган транспорт воситаси – велотранспортдан фойдаланишни кенг оммалаштириш долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистон Экологик партияси бу йўлдаги барча саъй-ҳаракатларни фаол қўллаб-қувватланмоқда.
Батафсил
Амирсой томон йўл: тоғ бағрида бир кун
🕔17:51, 16.04.2026
✔122
Тонг пайти Тошкентдан чиқиб, Бўстонлиқ тумани томон йўл оламиз. Шаҳардан узоқлашган сари бинолар камайиб, йўл четларида дарахтлар кўпайиб боради. Ғазалкентдан ўтгач, йўл торайиб, тоғлар аста-секин яқинлаша бошлайди.
Батафсил