Ёзувчи ва журналист Фозил Фарҳод томонидан кўтарилган воқеа неча кундирки ижтимоий тармоқларни, халқимизнинг жонкуяр вакилларини ларзага солмоқда. Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар азалдан чуқур фалсафий ва ҳаётий асосга эга.
Аммо шундай тақдирлар борки, унда инсон нафақат табиатни асрайди, балки ўзининг бутун борлиғи, руҳияти ва жисмоний вужуди билан ўша муҳитнинг ажралмас қисмига айланиб кетади. Бу ҳикоя ўзининг бебаҳо умрини, соғлиғи ва қалбини Сурхондарё заминида яшил мўъжиза яратишга бағишлаган, бугунги кунга келиб эса ўзи эккан дарахтлар соясидан маҳрум этилган ноёб шахс – Александр Фединнинг оғриқли ва айни пайтда ибратли қисмати ҳақида.
Табиатга айланган инсон
Александр Федин 1959 йили Тожикистон диёрида дунёга келган бўлса-да, унинг тақдири ҳали гўдаклик чоғидаёқ Ўзбекистон, аниқроғи, қуёши олов, тупроғи олтин Сурхондарё воҳаси билан чамбарчас боғланди. Александр айнан шу заминнинг иссиқ нафасидан баҳра олиб, унинг меҳри билан улғайди. У ўзини шу юртнинг фарзанди, унинг чинакам эгаси деб билди. Воҳанинг кенгликлари, унинг ўзига хос табиати ва одамлари Александрнинг қалбида бу тупроққа бўлган чексиз муҳаббатни шакллантирди. У воҳа шевасини, маҳаллий элнинг тилини шу қадар мукаммал ўзлаштирдики, унинг нутқини тинглаган ҳар қандай инсон қаршисида ўз юртининг асл фарзанди турганини ҳис қилади.
Яшил орзу ва 101 гектарли мўъжиза
Йиллар ўтиб Александрнинг қалбида бир буюк туйғу, яшил бир орзу уйғонди: «Нега бизнинг жондан азиз Сурхондарёмизда, иссиқ ва қуруқ бўлса-да, гўзал ўрмонлар бўлмаслиги кeрак?..» Бу шунчаки ҳавас эмас, катта мақсаднинг дебочаси эди. У енг шимариб ишга киришди. Мақсади – Сурхондарёнинг қоқ марказида, Оқтепа сув омбори бўйида чинакам яшил ўрмон барпо этиш эди.
1989 йил. Александр Федин таваккал қилиб, давлатдан 4 гектар ер олишга эришди. Бу оддий ер эмас: қаттиқ, йиллар давомида қаровсиз ётган, тақир, ҳеч вақо унмайдиган ташландиқ майдон. Кўпчилик бу ерда дарахт ўстириш у ёқда турсин, бир ниҳол кўкаришига ҳам ишонмасди. Аммо Фединнинг иродаси пўлатдан экан. У қўл меҳнати билан тупроқни юмшатди, тинимсиз меҳнат қилди, кечаю кундуз тинмай ишлаб, бу ерларга сув чиқарди. Ҳар бир кўчатни гўёки ўз фарзандидек парваришлади. Дарахтлар бўй чўзиб, яшил майдон кенгая бошлагач, унинг ҳаракатлари эътироф этилиб, ер майдони кенгайтириб берилди.
Яқин дўстининг айтишича, у чўнтагига жийда данакларини солиб юраркан. Уни нима қилар экан деб қарасак, юрган йўлида ўша уруғларни ерга сочиб юравераркан. Кун келиб уруғлар униб чиқади, аввал кўчатга, кейин дарахтга айланади.
Александр Федин атрофига маҳаллий овчилар ва табиат шайдолари бирлашди. Улар ҳеч қандай замонавий техникаларсиз, маош ёки моддий манфаат кутмасдан ўз қўллари билан, ҳалол меҳнат эвазига улкан ўрмон барпо этдилар. Натижада, умумий майдони 101 гектарга тенг бўлган, Сурхондарё иқлимини мўътадил сақлашга хизмат қилувчи, бой табиий муҳитга эга бўлган яхлит бир экотизим вужудга келди. Бу жой шу пайтга қадар Сурхондарё вилояти овчи, балиқчи ва спорт бирлашмаси тасарруфида бўлиб, воҳадаги овчилар ва табиатсеварларнинг ягона, қадрдон бошпанаси, дам олиш маскани ҳисобланар эди.
У умри давомида ўзи учун ҳашаматли уйлар қурмади, мол-дунё йиғмади. Бор-буди, бойлиги ва кошонаси шу 101 гектарли ўрмон эди. У ўз умрини табиатга бағишлади ва оқибатда ўзи ҳам шу табиатнинг бир қисмига, унинг тирик тимсолига айланди.
Унинг фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. Унга «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони топширилди. Аммо энг олий эътироф – Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Александр Фединнинг «Дўстлик» ордени билан мукофотланиши бўлди. Бу мукофот унинг экология ва Ватан равнақи йўлида қилган кўп йиллик ҳалол меҳнатининг юксак эътирофи эди.
Тортиб олинган ўрмон
Бироқ кейинги йилларда Александр Федин яратган ўрмон билан боғлиқ, адолат мезонларига умуман тўғри келмайдиган воқеалар содир бўла бошлади. Шунча йил давомида овчилар ва спорт бирлашмасига қараган, Александр Федин ўз қўллари билан яратган ягона яшил маскан – 101 гектарли ўрмон тўсатдан бошқа бир идора тасарруфига ўтказиб берилди. Бу қарор жамоатчилик ўртасида жуда катта шубҳа ва саволларни уйғотди.
Бу ҳам етмаганидек, айни пайтда ўша ҳудудда пайдо бўлган айрим шахсларнинг хатти-ҳаракатлари вазиятни янада чигаллаштирди. У ерда ерларни ижарага олиб, тижорий мақсадларда пулдор шахсларга бўлиб бериш ҳаракатлари бошланди.
Бу вазият халқимизнинг «Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир» ёки «Сув келтирган хор-у, кўза синдирган азиз» деган мақолларини ёдга солади. Александр Федин 35 йил давомида сув келтирди ва охир-оқибат ўзи хароб аҳволда четга чиқариб ташланди. 101 гектар ўрмон, 35 йиллик меҳнат, унга бахшида умр – айтмоққа осон. Федин учун ўрмонидаги дарарахтлар фарзанди каби азиз. Тасаввур қилинг, 35 йил боқиб катта қилган, едириб-ичирган фарзандларингизни кимдир тортиб олиб қўйса, сиз қай аҳволга тушасиз. Аниқки, руҳий ҳолатингиз соғлом даражада бўлмай қолади. Ана шундай руҳий зарба оқибатида Александр Федин оғир касалликка чалинди.
Журналист Фозил Фарҳоднинг айтишича, ўрмон бағрида яшаб, табиат билан тиллашиб кетган Александр Фединни излаб боришганида, кўрган манзараларидан юраклари эзилган. Бир инсон ўз қўллари билан яратган яшил дунёдан қандай қилиб ҳайдаб чиқарилиши мумкин? Уни топганларида, у нафақат бошпанасиз, балки руҳан ва жисмонан синган, оғир бемор аҳволда эди.
– Бу ўрмон Фединнинг юраги, юракни танадан суғуриб олсанг, тана яшамайди, – дея жон куйдириб ёзди журналист. – Ўрмонда пайдо бўлиб қолган тижоратчилар бу жойнинг қадрини, ҳар бир дарахтнинг қандай машаққат билан унганини қаердан ҳам билсин? Бу ер воҳа овчиларининг, бутун халқимизнинг ноёб мулки, шунинг учун адолат тикланиши ва Федин ўз уйига қайтиши шарт.
Ижтимоий тармоқ фаоли Отабек Тожихонов эса масаланинг ҳуқуқий ва маънавий томонлари ҳақида қатъий фикрларини билдирган. Унинг таъкидлашича, бу ердаги бўлган ҳолатни мутлақо оқлаб бўлмайди. 35 йил давомида давлат мулки бўлган ва овчилар бирлашмаси тасарруфида яшнаб турган 101 гектарли ўрмоннинг тўсатдан бошқа ташкилотларга берилиши, ундан кейин эса айрим шахслар томонидан ижарага олиниб, пул эвазига ижарага берилиши шаффофлик тамойилларига мутлақо зиддир. Юртимизда инсон қадрини улуғлаш бош мезонга айланган бир даврда, Сурхондарёдаги айрим масъулларнинг бу лоқайдлиги кечирилмас хатодир. Жамоатчилик бу жараённи охиригача кузатиши лозим...
Уйғонган виждон
Жамоатчилик ва фаолларимизнинг тинимсиз ҳаракати, адолат талаби ниҳоят ўз натижасини берди. Вазият Президент Администрацияси ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан зудлик билан назоратга олинди. Расмий маълумотларга кўра, оғир аҳволда қолган Александр Федин шифохонага жойлаштирилиб, унга зарур тиббий ва моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Энг муҳими, у яратган боғни сақлаб қолиш ва бу ерни жамоатчилик учун очиқ экологик яшил сайилгоҳга айлантириш бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда. Қайд этилишича, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфига ўтказилади. Келгусида ушбу ҳудуд негизида жамоатчилик боғи ташкил этилиб, унинг ноёб табиий мероси сақланиши ва янада бойитилиши таъминланади.
Юқоридаги хушхабарни эшитиб, қалбимизда бир томондан енгиллик, иккинчи томондан эса жуда оғир ва оғриқли саволлар пайдо бўлди. Келинг, ҳақиқатнинг кўзига тик қарайлик: агар журналист Фозил Фарҳод ўша куни Сурхондарёнинг чекка бир ҳудуди бўлган Оқтепа сув омбори бўйидаги ўрмонга Фединни излаб бормаганида нима бўларди? Воқеа қандай якун топарди?..
Эҳтимолий жавоб эса даҳшатли: Александр Федин исмли, кўкрагида «Дўстлик» ордени бўлган табиат фидойиси уйсиз, кўчада, мутлақо қаровсиз аҳволда, ўзи эккан дарахтларнинг шитирлашини соғиниб, шифохона ўриндиқларида қолиб кетиши мумкин эди. У барпо этган 101 гектарли жаннатмакон эса пулдан бошқа қадриятни тан олмайдиган бағритош тижоратчилар қўлида бутунлай вайрон этилиши ҳеч гап эмас эди...
Аслида Александр Федин воқеаси барчамиз учун виждон имтиҳонидир. Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бу табиатсевар инсон ҳолидан шахсан ўзи хабар олди.
Ҳозирги вақтда Александр Федин Термиз шаҳридаги тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига жойлаштирилган ва зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, шунингдек, уни муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабарида қайд этилишича, уни Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги тизимига ишга жойлаштириш чоралари кўрилади.
Дунё тажрибасига назар ташласак, бугун ҳудудининг 60 фоиздан ортиғи қалин ўрмон билан қопланган Жанубий Корея ҳам ўз вақтида тақир замин бўлганини кўрамиз. Улар 1960-1980 йилларда давлат даражасидаги қатъий ирода ва халқнинг фидойилиги билан яшил мўъжиза ярата олишди. Бизга ҳам бугун худди шундай ирода ва фидойилик сув билан ҳаводек зарур. Жонкуяр журналист Шоҳира Ҳамро айтганидек: «Фединлар ҳар бир вилоятга керак…»
Бу чин ҳақиқат. Юртимизнинг ҳар бир воҳаси, ҳар бир тумани ўз Фединларини топиши, энг муҳими борини асраб, уларнинг қадрига етиши шарт.
Саида ИБОДИНОВА,
«Oila va TABIAT» мухбири