Табиат      Бош саҳифа

Чўлда жонзотлар учун яратилаётган нажот

«Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонасидаги сунъий сув ҳавзалари ёввойи ҳайвонларни асраб қолишга хизмат қилмоқда

Чўлда жонзотлар  учун яратилаётган нажот

«Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси ҳудуди бетакрор ва мураккаб чўл шароитига мослашган ранг-баранг ёввойи жонзотлар макони ҳисобланади. Нафосат ва тезкорлик тимсоли бўлган жайрон, ноёб қорақулоқ, тулки, чўл қуёни, тошбақа ҳамда турфа хил қушлар – буларнинг бари маҳаллий экотизимнинг ажралмас, гўзал бўлакларидир.

Ёзнинг жазирама иссиғида чўлда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, табиий сув манбаларининг камайиб кетиши ёввойи ҳайвонлар ҳаёти учун жиддий синов ва хавф туғдиради. Бундай қалтис шароитда мавжуд манбаларни асраб-­авайлаш билан бирга, янги сув ҳавзаларини барпо этиш фавқулодда муҳим аҳамият касб этади.

Шу мақсадда «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси ҳудудидаги қудуқлардан насослар ёрдамида сув тортиб олиниб, махсус тайёрланган, мустаҳкам ва кичик сув ҳавзалари барпо этилди. Бундай сунъий манбалар, энг аввало, жонзотларнинг сувга бўлган ҳаётий эҳтиёжини қондиришга ва уларни сув излаб хавфли, узоқ масофаларга оғишидан асрашга хизмат қилмоқда. Натижада жайрон, тўнғиз, қорақулоқ каби жуда ҳаракатчан ва эҳтиёткор ҳайвонларнинг қўриқхона ҳудудида доимий қўним топишига эришилди.

Албатта, шунчаки сув ҳавзасини ташкил этишнинг ўзи етарли эмас. Уларни тизимли равишда назорат қилиш ва сувнинг тозалигини мунтазам таъминлаш зарур. Айниқса, кичик ҳажм­даги жонзотлар ва қушлар учун ноқулайлик ёки хавф туғдирмаслик мақсадида ҳавзаларнинг четлари нишаб, яъни қия шаклда лойиҳаланди. Бу сувга бемалол яқинлашиш ва чанқоқни босгач, беталафот чиқиб кетиш имконини беради.

Табиатни муҳофаза қилиш – бу фақатгина ҳайвонларни кузатиш ёки уларни ҳимоя қилишдан иборат эмас. Ҳақиқий муҳофаза уларнинг яшаши ва кўпайиши учун зарур бўлган табиий шароитларни яратиб беришни талаб этади. Шу нуқтаи назардан қараганда, чўл бағрида ташкил этилган ҳар бир митти сув манбаи катта экологик қийматга эга. Бир қарашда оддий кўринган иншоот жазирама иссиқда ўнлаб жонзотлар учун ҳақиқий ҳаёт манбаига айланмоқда.

Чўлда сув бор экан – ҳаёт бардавом. Ҳайвонлар учун яратилган ҳар бир сув манбаи эса табиий мувозанатни сақлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади. Шунинг учун ҳам сунъий сув ҳавзалари ёввойи ҳайвонларнинг яшаши, озиқланиши, кўпайиши ва ноқулай муҳитга мослашишида беқиёс аҳамиятга эга. Улар, айниқса, қурғоқчилик кучайган даврда биологик хилма-хилликни сақлаб қолувчи самарали механизмдир. Энг муҳими, бу каби тадбирлар илмий асосланган ҳолда, табиий муҳит хусусиятлари ва ҳайвонларнинг биологик эҳтиёжларини пухта ҳисобга олган ҳолда давом эттирилиши лозим.

 

Нодиржон УМИРОВ,

«Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси директор ўринбосари




Ўхшаш мақолалар

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

Ўсимлик қолдиқларини табиий ўғитга қандай айлантириш мумкин

🕔11:36, 20.08.2026 ✔54

Тўкилган барглар, қуриган шохлар ва бошқа ўсимлик қолдиқларини чиқиндига айлантириш шарт эмас.

Батафсил
Хавфли  чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас,  ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

Хавфли чиқиндилар: муаммо шунчаки назоратни эмас, ҳал этиш учун аниқ чораларни кутмоқда

🕔14:25, 14.08.2026 ✔100

Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши ва ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши – мамлакат тараққиётининг муҳим индикатори.

Батафсил
Жаҳоннинг  энг  «яшил»  мегаполиси

Жаҳоннинг энг «яшил» мегаполиси

🕔14:29, 13.08.2026 ✔105

Сингапур – жаҳондаги энг экологик тоза ва «яшил» шаҳарлардан бири. Бу мамлакатда расмий рўйхатдан ўтган «яшил» партиялар ва парламентда яшиллардан бўлган депутатлар йўқ.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар