Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлигида Sea Breeze Uzbekistan лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш жараёнига бағишланган жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди. Унда маҳаллий аҳоли вакиллари, экофаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Лойиҳа Чорвоқ сув омбори ва ҳудуддаги сув оқимларига тозаланмаган оқава сувларни чиқаришнинг олдини олиш, марказлашган канализация тизимини яратиш, босқичма-босқич амалга ошириш ва экологик мониторинг орқали экотизимларга тушадиган юкламани камайтириш, шунингдек, миллий ва халқаро экологик стандартларга қатъий риоя қилишга қаратилган.
Жамоатчилик эшитувида сўз олган Sea Breeze Uzbekistan қўшма корхонаси бош директори Сардор Ҳамидовнинг маълумот беришича, умуммавсумий курорт лойиҳаси салкам 600 гектар майдонда амалга оширилади. Натижада 8 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.
– Бу Бўстонлиқ туманида Чорвоқ сув омбори қирғоғида барпо этиладиган халқаро лойиҳа бўлиб, унинг умумий майдони 577 гектарни ташкил этади. Лойиҳанинг якунланиши 2035 йил ҳисобланади. Натижада 8000 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади, – деди Сардор Ҳамидов.
Жамоатчилик эшитувида сўз олган «Ўзсувтаъминот» АЖ масъул ходими Темур Мирсаидовнинг айтишича, «Яккатут» ва «Боладала» маҳаллаларининг 4 минг нафарга яқин аҳолисида ичимлик ҳамда оқова сув тизимлари мавжуд бўлмаган. Мазкур лойиҳа ҳамда унга ажратилаётган маблағлар сабаб эндиликда ҳар икки маҳалла хонадонлари марказлашган ичимлик сув ҳамда оқова сув тармоқларига уланади.
Лойиҳа айни пайтда тўлиқ экологик экспертизадан ўтказилмагани, бироқ параллел лойиҳалаш билан ишлар бошлаб юборилгани айтиб ўтилди.
Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов Бўстонлиқ туманида 5 млрд доллар инвестиция эвазига барпо этиладиган «Sea Breeze Uzbekistan» каби йирик туристик марказ билан бир қаторда умумий сони 200 дан ортиқ 2 млрд долларлик бошқа туризм объектлари ҳам барпо этилаётганини алоҳида таъкидлади.
Тақдимотлардан сўнг таклиф этилган экофаоллар, журналистлар, блогерлар лойиҳага оид ўз саволлари билан мутасаддиларга мурожаат қилишди.
Экофаолларнинг асосий эътирози Чорвоқ сувининг ифлосланиш хавфи, пировардида Тошкент шаҳрининг ичимлик сув манбаи зарарланиши мумкинлиги, шунингдек, қурилиш жараёнида чанг-тўзон кўтарилиб, шундоқ ҳам ифлосланаётган ҳавони янада ифлослантириши мумкинлиги ҳақида бўлди.
Саволларга жавоб берган «Ўзсувтаъминот» мутасаддилари марказлашган канализация тармоғи уч босқичли ҳимояланган қувурлар билан ўтказилиши, Чорвоқ сув омборига бир томчи ҳам ифлос оқова сувлари тушмаслигини таъкидлашди.
Тошкент шаҳри сувсиз қолиши ҳақидаги ҳадиклар эса асоссиз экани айтилди, чунки Чорвоқ сув омбори сувининг фақат 15 фоизи Тошкент шаҳрини сув билан таъминлашга сарфланар экан. «Sea Breeze Uzbekistan» ва унга ёндош муҳаллаларни ичимлик сув билан таъминлашга сув омборининг 0,5 фоиз суви сарфланиши ҳам айтиб ўтилди.
Қурилиш ишларида чанг-тўзон кўтарилишининг олдини олиш учун тупроқни ва ҳавони намлантирувчи «пушкалар»дан фойдаланилиши таъкидланди.
Ҳудудда кесилган дарахтлар, фермерлардан олиб қўйилган ерлар учун компенсация тўлаш масаласи ҳам кўтарилди: қурилиш майдони ўрнидан олиб ташланган дов-дарахтлар ўрнига кўп йиллик манзарали дарахтлар лойиҳа бўйича тартибли экилиши, фермерлар билан эса компенсациялар бўйича уларга тўлаб бериладиган товон пулига аниқлик киритилиб, шартномалар имзолангани ва шу яқин бир ҳафта ичида пуллар ўтказилишини мутасаддилар айтиб ўтишди.
Маҳаллий аҳоли, шунингдек, жамоат транспорти, чиқиндиларни доимий ташиб кетиш бўйича мунтазам тизим ишлаб чиқиш кераклиги борасида ўз таклифларини билдиришди.
Ўз мухбиримиз
Наркожиноятчиликка қарши муросасиз қонун
🕔15:00, 12.02.2026
✔46
Бугунги кунда гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи нафақат жиноятчиликнинг алоҳида тури, балки аҳоли саломатлиги, миллат генофонди ва миллий хавфсизликка бевосита таҳдид солаётган хавфли ижтимоий иллат сифатида намоён бўлмоқда.
Батафсил
Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси экологик хавфсизми? Дастлабки ҳисобот берилди
🕔15:55, 29.01.2026
✔193
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани ҳокимлигида Sea Breeze Uzbekistan лойиҳасининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш жараёнига бағишланган жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди. Унда маҳаллий аҳоли вакиллари, экофаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Батафсил
Экологик партия олдида турган вазифалар: Янгича формат, янгича талаб ва қатъий масъулият
🕔15:06, 16.01.2026
✔336
Бухорода 2026 йил 8 январь куни Ўзбекистон Экологик партияси Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма сайёр йиғилиши бўлиб ўтди.
Батафсил