Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

Дўкондан озиқ-овқат маҳсулоти харид қилар экансиз, аввало, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва яроқлилик муддатига эътибор беришингиз тайин.

Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

Айниқса, фарзандларимиз учун ширинлик, сут маҳсулотлари ёки бошқа егулик харид қилаётганда қадоқдаги сана жуда муҳим: яроқлилик муддати тугамаган бўлсагина саватга соламиз. Аммо қадоқда кўрсатилган сана унинг хавфсизлигига тўлиқ кафолат бўла оладими?

Яқинда ижтимоий тармоқларда қадоқланган ширинликнинг ичидан зараркунанда чиққани акс этган видео муҳокамаларга сабаб бўлди. Хабарда ўша маҳсулотнинг яроқлилик муддати ҳали тугамагани қайд этилди. Албатта, битта ҳолат ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи ҳақида хулоса чиқаришга тўла асос бўлмайди. Бунинг учун тегишли текширув ва лаборатория таҳлили зарур.

Бироқ мазкур ҳолат озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муҳим масалани яна кун тартибига олиб чиқди. Биз маҳсулот харид қилаётганда унинг сақлаш шароитларига қанчалик эътибор берамиз? Савдо нуқталарида белгиланган санитария талабларига қай даражада риоя этиляпти? Энг муҳими, истеъмолчи сифатсиз маҳсулотга дуч келганда ўз ҳуқуқларини биладими?

Озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланади. Аммо бу муддат маҳсулот тегишли шароитларда сақланган ва ташилган тақдирдагина ўз аҳамиятини сақлайди. Масалан, совуқда сақланиши шарт бўлган сут ёки гўшт маҳсулоти белгиланган ҳароратдан юқори шароитда қолдирилса, қадоқдаги сана ўзгармагани билан унинг сифати ва хавфсизлигига путур етади.

Худди шундай, қадоқнинг шикастланиши, омборларда намликнинг юқори бўлиши, зараркунандаларга қарши чоралар етарли даражада кўрилмаслиги ҳам маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатади. Айрим ҳолларда маҳсулот ташқи кўринишидан одатдагидек туюлса-да, унинг таркибида хавфли микроорганизмлар бўлиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда маҳсулотни тўғри сақлаш, хом ва тайёр озиқ-овқатни бир-биридан ажратиш, тозаликка риоя қилиш ҳамда қадоқдаги кўрсатмаларга амал қилиш муҳимлигини таъкидлайди.

Демак, маҳсулот хавфсизлиги фақат ишлаб чиқарилган санага боғлиқ эмас. У ишлаб чиқаришдан бошлаб ташиш, омборда сақлаш, савдо растасига жойлаштириш ва истеъмолчи қўлига етиб боргунга қадар бўлган барча босқичларда таъминланиши лозим.

Мамлакатимизда ҳам бу борада аниқ қонунчилик талаблари мавжуд. «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, маҳсулот қадоғида унинг номи, таркиби, ишлаб чиқарувчиси, тайёрланган санаси, яроқлилик муддати ва сақлаш шартлари каби зарур маълумотлар кўрсатилиши керак.

Бу талаблар бежиз эмас. Чунки истеъмолчи маҳсулотни харид қилишдан аввал унинг хусусиятлари ҳақида тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқига эга.

Аммо амалиётда бу талабларга ҳар доим ҳам риоя этилмаётганини расмий текширувлар кўрсатмоқда. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан эълон қилинган ўрганиш натижаларида маҳсулотлар маркировкаси билан боғлиқ камчилик­лар аниқланган. Хусусан, ўрганилган маҳсулотларнинг 26 фоизида ишлаб чиқарилган сана, 11,8 фоизида яроқлилик муддати, 11,1 фоизида эса сақлаш шароитлари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилмагани қайд этилган.

Бу рақамлар барча савдо маҳсулотларининг умумий ҳолатини анг­латмайди, албатта. Бироқ текширилган маҳсулотлар орасида бундай камчиликлар учраши назоратнинг аҳамиятини яна бир бор кўрсатади.

Шу ўринда эътибор қаратиш лозим бўлган яна бир жиҳат бор. Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги учун фақат ишлаб чиқарувчи эмас, уни ташиш, сақлаш ва сотиш жараёнида иштирок этадиган субъектлар ҳам белгиланган талабларга риоя этиши шарт. Масалан, ишлаб чиқарувчи маҳсулотни барча санитария талаб­ларига мувофиқ тайёрлаган бўлиши мумкин. Бироқ ташиш жараёнида ҳарорат режими бузилса ёки савдо нуқтасида маҳсулот нотўғри сақланса, унинг сифати ёмонлашиши эҳтимоли пайдо бўлади.

Шу сабабли озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда назорат фақат маҳсулот ишлаб чиқариладиган корхона билан чекланиб қолмаслиги керак. Омборхоналар, ташиш воситалари, улгуржи савдо тармоқлари ва чакана савдо нуқталарида ҳам белгиланган талабларга риоя этилиши муҳим. Айниқса, сут, гўшт, балиқ, қандолат ва болалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашда санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиниши зарур. Чунки бундай маҳсулотлар билан боғлиқ қоидабузарликлар истеъмолчилар саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин.

Қонунчиликда сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотларини муомаладан чиқариш тартиби ҳам белгиланган. Жумладан, яроқлилик муддати ўтган, сифати бузилган ёки тегишли экспертиза натижасида истеъмол учун яроқсиз деб топилган маҳсулотлар савдодан олиниши, белгиланган тартибда қайта ишланиши ёки йўқ қилиниши лозим.

Рақобат қўмитаси амалиётида ҳам истеъмолчилар мурожаатлари асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида яроқсиз маҳсулотлар савдодан олиб ташланган, айрим ҳолларда эса истеъмолчиларга сифатли маҳсулот тақдим этилган. Бу каби мисоллар истеъмолчилар мурожаати назорат механизмларининг ишлашида муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Хўш, харид қилинган маҳсулотнинг сифати шубҳа уйғотса, истеъмолчи қандай йўл тутиши керак?

Аввало, бундай маҳсулотни истеъмол қилмаслик зарур. Имкон қадар унинг қадоғи, ишлаб чиқарилган санаси, партия рақами ва харидни тасдиқловчи маълумотларни сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ. Маҳсулотда аниқланган нуқсонни суратга олиш ҳам мурожаатни кўриб чиқишда фойдали бўлиши мумкин.

Истеъмолчи савдо нуқтасига мурожаат қилиш, зарур ҳолларда эса Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига шикоят йўллаш ҳуқуқига эга. Қўмитанинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефони орқали ҳам мурожаат қилиш мумкин.

Бироқ бу масалада фақат истеъмолчининг ҳуш­ёрлигига таяниш етарли эмас. Харидор ҳар бир маҳсулотни лабораторияда текшириш имкониятига эга эмас. У қадоқдаги маълумотга, ишлаб чиқарувчи масъулиятига ва савдо тармоғидаги назорат тизимига ишонади.

Шунинг учун маҳсулот хавфсизлигини таъминлашда ишлаб чиқарувчиларнинг ички сифат назорати, сақлаш ва ташиш шароитларига риоя этилиши, савдо нуқталарида санитария талабларининг бажарилиши ҳамда ваколатли органлар томонидан самарали назорат ўрнатилиши ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Айни пайтда аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш ҳам муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Маҳсулот харид қилишда фақат нархи ва яроқлилик муддатига эмас, қадоқнинг бутунлиги, сақлаш шароитлари, ишлаб чиқарувчи ҳақидаги маълумотларга ҳам эътибор қаратиш зарур. Чунки озиқ-овқат хавфсизлиги кундалик турмушимизнинг энг муҳим масалаларидан биридир. У бевосита инсон саломатлиги, оила фаровонлиги ва аҳолининг ҳаёт сифати билан боғлиқ.

Хулоса қилиб айтганда, маҳсулот қадоғида яроқлилик муддатининг кўрсатилгани унинг хавфсизлигини баҳолашда муҳим мезон ҳисобланади. Бироқ бу ягона мезон эмас. Маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқ ишлаб чиқарилиши, тўғри ташилиши, сақланиши ва сотилиши ҳам бирдек аҳамиятли. Зеро, истеъмолчи маҳсулотни харид қилар экан, унинг фақат белгиланган муддатгача яроқли бўлишига эмас, аввало, ўз саломатлиги учун хавфсиз эканига ишониши керак.

 

Саида ИБОДИНОВА,

«Oila va TABIAT» мухбири




Ўхшаш мақолалар

Sea Breeze:  Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган  саволлар бор

Sea Breeze: Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган саволлар бор

🕔14:42, 22.10.2026 ✔30

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборига туташ ҳудудда барпо этилаётган йирик лойиҳа – Sea Breeze атрофидаги баҳслар ҳали ҳам давом этмоқда.

Батафсил
Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

🕔14:29, 22.10.2026 ✔23

Дўкондан озиқ-овқат маҳсулоти харид қилар экансиз, аввало, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва яроқлилик муддатига эътибор беришингиз тайин.

Батафсил
Ҳашамдор  қадоқлар –  кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

Ҳашамдор қадоқлар – кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

🕔13:15, 15.10.2026 ✔181

Ҳар куни дўконда, бозорда зарур нарсаларни харид қилар экансиз, уларнинг қадоғига, бежирим кўринишига албатта эътибор қилишингиз тайин.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар