Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Sea Breeze: Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган саволлар бор

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборига туташ ҳудудда барпо этилаётган йирик лойиҳа – Sea Breeze атрофидаги баҳслар ҳали ҳам давом этмоқда.

Sea Breeze:  Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган  саволлар бор

Ушбу мунозарали лойиҳанинг экологик экспертизадан ўтгани ва белгиланган талаблар бузилмагани айтилмоқда. Бироқ мутахассислар эътибор қаратаётган бошқа саволлар ҳам бор: баҳолаш бутун лойиҳа ҳудудини қамраб олганми, миллионлаб куб метр сув сарфи қай даражада асосланган, сув омбори сатҳининг ўзгариши геодинамик жараёнларга қандай таъсир қилиши мумкин ва биологик хилма-хиллик етарлича ўрганилганми?..

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Sea Breeze лойиҳаси бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолашнинг биринчи ва иккинчи босқичлари якунлангани ҳамда давлат экологик экспертизасининг тегишли хулосалари олинганини маълум қилди.

Қўмитага кўра, баҳолаш жараёнида лойиҳанинг ҳаво, сув ва ер ресурслари, яшил ҳудудлар, биологик хилма-хиллик ва бошқа экологик омилларга эҳтимолий таъсири ўрганилган. Кейинги босқичда эса табиатни муҳофаза қилиш чоралари, сувдан фойдаланиш, чиқиндилар билан ишлаш, кўкаламзорлаштириш ва муҳандислик ечимларига қўйиладиган талаблар аниқлаштирилган.

Қўмита экологик назорат шу билан якунланмаслигини билдирган. Қурилиш тугагач, объект фойдаланишга топширилишидан олдин якуний баҳолаш ўтказилиб, белгиланган экологик талаблар амалда бажарилгани текширилади. Шунингдек, жамоатчилик назорати доирасида ҳудудда ўтказилган ўрганишларда ҳозирча экологик талаблар бузилганини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланмагани маълум қилинган.

Экологик экспертизанинг икки босқичи якунланганига қарамай, айрим мутахассислар лойиҳа юзасидан қатор саволлар очиқ қолаётганини айтмоқда. Табиий фанлар доктори, микробиолог ва илмий тадқиқотчи Юлдузхон Абдуллаева Sea Breeze лойиҳасининг экологик баҳоланиши юзасидан муносабат билдириб, очиқ эълон қилинган маълумотларда қатор муҳим экологик масалалар етарлича ёритилмаганига эътибор қаратди.

 

Очиқ қолаётган масалалар

2026 йил 10 сентябрда Sea Breeze лойиҳаси бўйича ижобий экологик хулоса берилган. Ушбу хулоса 2029 йил 10 сентябргача амал қилади. Эълон қилинган маълумотларда қурилиш учун қатор экологик шартлар белгиланган. Жумладан, 100 метрлик қирғоқ чизиғини қурилишдан холи сақлаш, қурилиш даврида оқава сувларни тозалаш қувватини камида 200 м³/суткагача ошириш, қимматли дарахтларни ҳимоя қилиш ва коллекторнинг сув омбори орқали ўтишини алоҳида экспертизадан ўтказиш талаблари мавжуд.

Бироқ лойиҳа бўйича очиқ эълон қилинган маълумотларда экологик таъсирни баҳолашнинг айрим муҳим жиҳатлари етарлича ёритилмаган. Хусусан, лойиҳа ҳудудининг тўлиқ қамрови, сув омбори сатҳи ўзгаришининг геодинамик жараёнларга таъсири, оқава сувлар, сув баланси, биологик хилма-хиллик ва мониторинг масалалари қўшимча изоҳни талаб қилади.

 

Баҳолаш қамрови

Фақат 4P10 йўлидан пастдаги 180 гектар баҳоланган, лойиҳанинг умумий майдони эса 557 гектар (олдин 577 гектар эди)! Хулосанинг ўзи йўлдан юқоридаги ёнбағирларда кўчки, эрозия ва сел хавфи борлигини, 1000 метрдан юқори ҳудуд учун бош режа йўқлигини кўрсатиб турибди.

Чорвоқ ҳавзасида кўчкилар илгари ҳам ҳужжатлаштирилган: Пскем водийсининг қуйи қисмида кўплаб нишаб бузилишлари аниқланган, ҳавза эса сув билан намланганда мустаҳкамлигини йўқотадиган юмшоқ қатламларга эга. Шу сабабли юқоридаги нишаблардаги хавф пастки ҳудуддан мустақил эмас, ундаги сув оқими ва чўкинди юки пастга тушади. Кумулятив таъсир баҳолашида бу боғлиқлик кўрсатилганми-йўқми, билиб бўлмайди.

Шуни ҳам қўшимча қилиш жоиз: 3,29 млн м³/йил суғориш суви ва умумий майдони 3,4 гектар бўлган сунъий ҳовузларнинг юмшоқ (лёссли) қатламга сингиши баҳоланганми, бу ҳам аниқ келтирилмаган. Бу текширилиши керак бўлган саволдир.

 

Сув омбори сатҳи ва геодинамик жараёнлар

Хулосада сув омборининг ҳисобий сатҳлари 890 м (нормал) дан 896 м гача (максимал тўлдириш) кўрсатилган, яъни фарқ 6 метр. Бу ўзгариш иншоотларга ўлчанадиган таъсир кўрсатади: тўғон деформацияси сув сатҳига боғлиқлиги сонли моделлаш, дала ўлчовлари ва Sentinel-1 радар маълумотлари билан тасдиқланган, модел ва ўлчов фарқи 10 фоизгача. Ёриқлар атрофида линеамент зичлиги 2024 йилда энг юқори сув сатҳи даврида ва ундан кейин ошган, энг юқори хавф Шимолий Пскем ва Кумбел-Қўқон секторларида қайд этилган. Бу натижа дастлабки характерга эга: автоматик тасвир таҳлили, йилига учта сана, сув ҳажми билан корреляция. Шунинг учун у сув омбори сабаб бўлган ёриқ фаоллигини исботламайди, аммо геодинамик баҳолашни талаб қилиш учун етарли асос беради.

Узунлиги 1420 метр бўлган янги участка сув омборининг энг тор жойидан ўтади, қувурлар бетон қозиқларга ётқизилади. Бу иншоот сатҳ ўзгарадиган шароитда ишлайди. Алоҳида EIAда сейсмик ва геодинамик таҳлил, қозиқларнинг бутун сатҳ оралиғига ҳисоби, иккала қирғоқдаги нишаб барқарорлиги ва радар ёки геодезик мониторинг бўлиши лозим.

 

Оқава сувлар

Хабарга кўра, қурилиш даври учун дастлаб қуввати 10 м³/суткагача бўлган модулли тозалаш иншоотлари кўзда тутилган. Ишчилар сони энг кўп бўлган даврда (800 кишигача) фақат асосий таркибий қисмлардан ҳосил бўладиган оқава сув 100-116 м³/суткага етиши мумкин. Экспертиза дастлабки қувватни етарли эмас деб топиб, камида 200 м³/сутка қувватли маҳаллий тозалаш иншоотларини талаб қилган. Бу лойиҳа ҳужжатларида оқава сув ҳажми ишчилар сонига қараб етарлича асосланмаганини кўрсатади.

Тозалаш даражаси камида 80 фоиз деб белгиланган. Сув омбори учун эса фоиздан кўра қабул қилувчи сувдаги азот ва фосфор чегаралари муҳимроқ, аммо хабарда улар ҳақида маълумот йўқ. Чашмасой ва Гулсарисойга тушиши режалаштирилган тахминан 1 млн м³/йил дренаж сувининг сифати ҳам кўрсатилмаган.

Фойдаланиш даврида оқава сувлар Чирчиқ тозалаш иншоотларига юборилади. Шу сабабли Sea Breeze оқава сувларини қабул қиладиган иншоотларнинг бўш қуввати ва қўшимча юкламани кўтара олиши аниқ маълумотлар билан кўрсатилиши керак.

 

Муҳофаза ҳудуди

Юз метр қонуний минимум, унинг экологик самарадорлиги эса алоҳида исботни талаб қилади. Қирғоқ ювилиши ва сатҳнинг тушиши таъсири қирғоққа яқин ҳудудда энг кучли деб ҳисобланади. Ҳудуднинг, 100 метр ичкаридаги сув олиш майдончасининг ва 12,2 гектар пляжнинг паст ва юқори сув сатҳларида синаб кўрилгани ҳақида маълумот йўқ. Қирғоқ чизиғида белгилар ва кузатув нуқталари ўрнатиш назоратнинг ўрнини босмайди.

 

Сув баланси ва суғориш

Хабарларга кўра, қурилиш даврида умумий сув истеъмоли 722,3 минг м³, эксплуатация даврида эса йилига 734,3 минг м³ деб баҳоланган. Бундан ташқари, кўкаламзор, пляжлар ва қопламаларни суғориш учун йилига тахминан 3,29 млн м³ ажратилган.

Хабарда қуруқ йиллар ва иқлим сценарийлари бўйича ойлик сув баланси ҳақида маълумот йўқ. Минтақавий тадқиқотлар Марказий Осиёда музлик ва қор эриши ҳиссаси ҳамда унинг мавсумий тақсимоти ўзгаришини кўрсатади, шу билан бирга моделлар орасида катта тафовут бор. Бу ишлар Чорвоққа хос эмас, шунинг учун уларни «Чорвоқда сув камаяди деб эмас», «иқлимга мослаштирилган баланс керак» деган далил сифатида ўрганиш муҳимдир.

Йиллик ҳажм сув омбори сиғимига (тахминан 2 км³, Магдиев ва бошқ., 2026) нисбатан кичик. Муаммо — мавсумийликда, йиғма талабда ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ кутилмаган ҳодисаларда (масалан, жуда қуруқ ёки жуда серсув йиллар). Кўкаламзор, пляжлар ва қопламаларни суғориш учун ажратилган 3,29 млн м³ кўкаламзор майдонига (79,2 гектар манзарали кўкаламзор ёки жами тахминан 109 гектар) бўлганда тахминан 3-4 метр сув қатламига тўғри келади.

Таққослаш учун, ҳавзада йиллик ёғин Сирдарё водийсида тахминан 250-300 мм, Пскем водийсида тахминан 800 мм. Яъни суғориш қатлами ёғиндан бир неча баробар кўп. Бу ўз-ўзидан ортиқча сарфни исботламайди, чунки ўсимлик эҳтиёжи ва буғланиш ёғиндан катта бўлиши мумкин. Бироқ қийматга нималар киритилгани (ҳовузлардан буғланиш, пляжлар, қопламалар), сув манбаи ва ҳисобда қўлланган суғориш меъёри ҳужжатларда кўрсатилиши керак.

 

Биологик хилма-хиллик ва ҳаво

Лойиҳадаги «60,6 фоиз кўкаламзор» кўрсаткичининг катта қисми манзарали экинлардан иборат (79,2 га). Табиий элементлар 14,1 + 8,5 + 7,3 = 29,9 га, яъни 180 гектарнинг тахминан 16,6 фоизи. Кўкаламзор майдони биохилма-хиллик қиймати билан тенг эмас. «Қизил китоб турлари аниқланмаган» деган фикр учун тадқиқот муддати, фасли ва усуллари кўрсатилиши керак. Қурилиш даврида мобиль манбалардан чиқинди (692,9 т) стационар манбалардан (132,25 т) тахминан беш баробар кўп, аммо меъёрга мувофиқлик ҳисоби стационар манбалар учун келтирилган.

 

Таклифлар:

1.  557 гектарнинг бутун сув йиғиш ҳавзаси учун кумулятив хавф ва гидрология бўйича қўшимча маълумот талаб қилиш;

2.  Коллектор ўтиши учун сейсмик ва геодинамик таҳлил, қозиқлар лойиҳаси, нишаб барқарорлиги, мониторинг ва автоматик ўчириш тизимини алоҳида EIAга мажбурий киритиш;

3.  Азот ва фосфор бўйича оқава сув меъёрларини белгилаш, ёмғир суви тозалашни (12,9 га тўхташ жойи, 13,6 км йўл) қўшиш ва фон сув сифати маълумотларини эълон қилиш;

4.  Қуруқ йиллар учун ойлик сув балансини талаб қилиш, суғориш ҳажмини ва манбасини асослаш;

5.  Қирғоқ зонасини сатҳ ўзгаришлари бўйича синаш, назорат ва бузиш муддатини шартларга киритиш;

6.  Оммавий эшитув ёзувлари, муқобил таҳлил ва мустақил мониторинг режасини (молиявий кафолат билан) эълон қилиш.




Ўхшаш мақолалар

Sea Breeze:  Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган  саволлар бор

Sea Breeze: Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган саволлар бор

🕔14:42, 22.10.2026 ✔30

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборига туташ ҳудудда барпо этилаётган йирик лойиҳа – Sea Breeze атрофидаги баҳслар ҳали ҳам давом этмоқда.

Батафсил
Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

🕔14:29, 22.10.2026 ✔22

Дўкондан озиқ-овқат маҳсулоти харид қилар экансиз, аввало, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва яроқлилик муддатига эътибор беришингиз тайин.

Батафсил
Ҳашамдор  қадоқлар –  кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

Ҳашамдор қадоқлар – кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

🕔13:15, 15.10.2026 ✔181

Ҳар куни дўконда, бозорда зарур нарсаларни харид қилар экансиз, уларнинг қадоғига, бежирим кўринишига албатта эътибор қилишингиз тайин.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар