Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ҳашамдор қадоқлар – кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

Ҳар куни дўконда, бозорда зарур нарсаларни харид қилар экансиз, уларнинг қадоғига, бежирим кўринишига албатта эътибор қилишингиз тайин.

Ҳашамдор  қадоқлар –  кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

Ҳар бир донаси алоҳида-алоҳида, уларнинг 10-15 донаси тўпланиб яна бир умумий қадоқланган. Ҳар бир дона булочка юпқа елим целлофан билан ўралиб, беш донаси бир марталик елим идишга жойланган. Ёки бир дона атир совун – алоҳида елим билан ўралган, устидан тўр, кейин эса қоғоз қутичага тиқилган... Хуллас дўкондаги аксарият маҳсулот қават-қават қадоқда. Ҳатто кичик бир совға учун ҳам бир неча қават қадоқ ишлатиш урфга кирган. Бу ҳам етмагандек уларни харид қилганингизда яна бир елимхалтага жойлаб беришади.

Уйга келиб олган маҳсулотингизни истеъмол қилиш, ишлатиш учун очганда ҳеч эътибор қилганмисиз? Қутилар, целлофан бўлаклари, елим пакетлар, ялтироқ қоғозлар... хуллас, бир уюм чиқинди ҳосил бўлади. Энди шуни миллионлаб хонадон мисолида тасаввур қилиб кўринг: бир йилда қанча чиқинди тўпланади, деб ўйлайсиз?..

Аслида, маҳсулотни қадоқлаш ҳаётимиздаги муҳим қулайликлардан бири. У маҳсулотни ташқи таъсирдан ҳимоя қилади, сифатини сақлайди, ташиш ва сақлашни осонлаштиради. Бироқ вақт ўтиши билан қадоқнинг вазифаси фақат ҳимоя қилиш билан чекланмай қолди. У маҳсулотни харидорга жозибадор кўрсатиш, брендни танитиш, ҳатто муайян даражада дабдаба ва ҳашамат белгисига айланди.

Бугун кичик бир буюмнинг ўзи бир неча қават қадоқда сотилиши оддий ҳолга айланган. Масалан, қўл соати ёки бўйинбоғ аввал махсус қоғозга ўралади, кейин картон қутига солинади, қути эса яна каттароқ пакетга жойланади. Косметика воситалари, ўйинчоқлар, телефон аксессуарлари ва турли совға буюмларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатларни кўриш мумкин. Баъзан маҳсулотнинг ўзи кичик бўлса-да, унинг қадоғи анча катта ҳажмни эгаллайди.

Шунда оддий, аммо муҳим савол пайдо бўлади: маҳсулотни ҳимоя қилиш учун шунча қадоқ ҳақиқатан ҳам керакми? Ахир маҳсулот билан бирга сотиб олинган ҳар бир ортиқча қути, пакет ёки пластик ўрамнинг кейинги тақдири ҳам бор. Маҳсулотдан фойдаланиб бўлингач, уларнинг катта қисми чиқиндига айланади.

Шу нуқтаи назардан мамлакатимизда қадоқлар билан боғлиқ муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Қадоқлар хавфсизлиги ва қадоқ чиқиндиларини бошқариш тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Ушбу ҳужжатнинг асосий мақсади қадоқларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳит учун хавфсизлигини таъминлаш, улардан ортиқча фойдаланишни чеклаш, қадоқ чиқиндилари ҳосил бўлишини камайтириш, қайта ишлаш ва қайта фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришдан иборатдир.

Бу ерда эътиборга молик жиҳат шундаки, янги талаб­лар нафақат чиқинди пайдо бўлгандан кейин уни қандай йўқотиш, балки чиқинди ҳали пайдо бўлмасидан олдин унинг миқдорини камайтиришга урғу берилмоқда. Яъни муаммони чиқинди қутиси ёки полигондан эмас, қадоқни ишлаб чиқариш жараёнидан бошлаш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳада ишлаб чиқариладиган ва мамлакатимизга импорт қилинадиган қадоқлар учун ягона хавфсизлик ва экологик талабларни белгилаш назарда тутилган. Хусусан, қадоқларни минимал зарур ҳажм ва оғирликда ишлаб чиқариш талаби белгиланмоқда. Бу, бир қарашда, оддий техник талабдек туюлади. Аслида эса унинг иқтисодий ва экологик аҳамияти катта.

Масалан, кичик ҳажмдаги маҳсулотни катта қутига солиш учун кўпроқ картон, пластик, бўёқ ва бошқа материал сарфланади. Бу эса ишлаб чиқарувчи учун ҳам қўшимча харажат, табиат учун эса қўшимча юкдир. Қадоқ қанча катта бўлса, уни ташиш учун ҳам кўпроқ жой керак бўлади. Демак, ортиқча қадоқ фақат чиқинди ҳажмини эмас, балки маҳсулотни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш харажатларини, умуман, ресурслар сарфини оширади. Шунинг учун «камроқ қадоқ – камроқ чиқинди» деган қараш билан бирга «камроқ материал – самаралироқ ишлаб чиқариш» деган иқтисодий мантиққа кўпроқ таяниш долзарб бўлиб бормоқда.

Қадоқнинг хавфсизлиги эса масаланинг яна бир муҳим томонидир. Лойиҳада қадоқ таркибидаги қўрғошин, кадмий, симоб ва олти валентли хром каби хавфли моддалар миқдорига чекловлар ўрнатилиши назарда тутилмоқда. Айниқса, озиқ-овқат ва ичимликлар билан бевосита ёки билвосита алоқада бўладиган қадоқлар учун бу талаблар алоҳида аҳамиятга эга.

Ахир истеъмолчи маҳсулотни сотиб олаётганда унинг таркибига эътибор беради, яроқлилик муддатини текширади, ишлаб чиқарувчисига қарайди. Энди маҳсулотнинг қандай қадоқда сақланаётгани ва бу қадоқ инсон саломатлиги учун қанчалик хавфсиз экани ҳам муҳим масала сифатида қаралиши керак.

Қадоқ муаммоси ҳақида гап кетганда эса, албатта, плас­тик биринчи навбатда тилга олинади. Бунинг сабаби тушунарли. Пластик арзон, енгил, мустаҳкам ва ишлатиш учун қулай. Шу хусусиятлари туфайли у саноат, савдо ва кундалик ҳаётимизга чуқур кириб келган.

Бироқ пластикнинг қулайлиги унинг энг катта экологик муаммосига ҳам айланган. Бир марта ишлатилган пакетнинг инсонга керакли хизмати бир неча дақиқа ёки бир неча соат давом этиши мумкин. Аммо у табиатга тушганидан кейин муаммо сифатида анча узоқ муддат сақланиб қолади.

Лойиҳада қадоқ чиқиндиларини камайтириш, қайта фойдаланиладиган қадоқлар улушини ошириш, пластик қадоқларда қайта ишланган хомашёдан фойдаланиш ва бир марталик пластик қадоқларни босқичма-босқич чеклаш ҳам назарда тутилмоқда.

Эътиборли жиҳати, бу ерда пластикдан бирданига воз кечиш мақсад қилинмаган. Чунки пластикнинг иқтисодиётдаги ўрни ва айрим соҳалардаги заруратини инкор этиб бўлмайди. Масала ундан қандай фойдаланиш, қанча ишлатиш ва ишлатилганидан кейин унинг тақдирини қандай ҳал қилишда.

Лойиҳадаги энг диққатга сазовор таклифлардан бири 2028 йилдан енгил пластик пакетлар истеъмолини аҳоли жон бошига йилига кўпи билан 40 донагача чеклаш таклиф этилаётганидир. Бу рақам кундалик ҳаётимиздаги одатлар ҳақида ҳам ўйлашга туртки беради. Агар одам ҳар куни дўкондан биттадан пакет олса, бир йилда бу миқдор 365 тага етиши мумкин. 40 та пакетлик меъёр эса истеъмолчидан ўз одатини ўзгартиришни талаб қилади.

Бундай ўзгариш аслида унчалик қийин эмас. Бозорга борганда матоли сумка ёки кўп марта ишлатиладиган халтадан фойдаланиш, уйда мавжуд мустаҳкам пакетни яна бир неча марта ишлатиш, кичик харид учун катта пакет олмаслик оддий, аммо самарали чоралар ҳисобланади.

Энг муҳими, бу одатлар мажбуриятдан кўра маданиятга айланиши керак.

Лойиҳада қадоқ чиқиндиларини камайтириш бўйича аниқ мақсадли кўрсаткичлар ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган қадоқ чиқиндилари миқдорини 2030 йилгача камида 5 фоиз, 2035 йилгача 10 фоиз ва 2040 йилгача 15 фоизга камайтириш мақсад қилинмоқда.

Бу рақамлар экологик сиёсатни умумий чақириқлардан аниқ натижаларга йўналтириш нуқтаи назаридан муҳим. Чунки «чиқиндини камайтирамиз» деган мақсаднинг ўзи етарли эмас. Уни қай даражада камайтириш кераклиги ҳам ўлчаниши, аҳолига аниқ механизм таклиф этилиши лозим.

Бироқ чиқинди миқдорини камайтириш билан масала тўлиқ ҳал бўлмайди. Ҳосил бўлган чиқиндининг кейинги тақдири ҳам муҳим. Масалан, уйда пластик идишни бошқа чиқиндилардан ажратиб қўйдик. Лекин уни қабул қиладиган алоҳида тизим бўлмаса-чи? Ёки сараланган чиқинди яна бошқа чиқиндилар билан аралаштириб юборилса-чи? Бундай ҳолатда истеъмолчининг ҳаракати кутилган натижани бермайди.

Шунинг учун қадоқларда унинг қайта ишланиши, қайта фойдаланилиши ёки компостланиши ҳақида аниқ ва ишонч­ли маълумот бўлиши муҳим. Истеъмолчи қайси қадоқни қаерга ташлаш кераклигини тушуниши лозим.

Бунда маркировканинг аҳамияти катта. Оддий харидор махсус атамалар ёки мураккаб белгиларни тушунмаслиги аниқ. Шунинг учун қадоқдаги маълумот қанча содда ва аниқ бўлса, чиқиндини тўғри саралаш имконияти ҳам шунча осон бўлади.

Бу жараёнда ҳар бир иштирокчининг вазифаси бор. Ишлаб чиқарувчи хавфсиз ва қайта ишлаш мумкин бўлган қадоқ яратиши, импорт қилувчи белгиланган талабларга риоя қилиши, савдо тармоғи истеъмолчига тўғри маълумот бериши, фуқаро эса чиқиндини имкони борича тўғри саралаши керак.

Бироқ бунинг учун фақат қоида ва талабларнинг ўзи етарли эмас. Инфратузилма ҳам тайёр бўлиши лозим.

Агар аҳоли олдига чиқиндини саралаш талаби қўйилса, бунинг учун қулай контейнерлар бўлиши керак. Сараланган чиқинди йиғилса, уни ташиш тизими ишлаши зарур. Кейин эса уни қайта ишлайдиган корхоналар бўлиши керак. Акс ҳолда саралаш маданиятини шакллантиришга қилинган ҳаракатлар кутилган самарани бермаслиги мумкин.

Шу маънода, қадоқ масаласи фақат ишлаб чиқарувчи ёки истеъмолчининг эмас, бутун тизимнинг вазифасига айланади. Бу жараён узлуксиз занжир мисоли шаклланиши керак бўлади.

Янги талаблар, табиийки, ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар олдига қўшимча вазифалар қўяди. Қадоқ материалларини қайта кўриб чиқиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, хавфсизлик талабларига мослашиш, қайта ишлашга мос технологияларни жорий этиш муайян харажатларни талаб қилиши мумкин.

Бироқ экологик талабларни фақат қўшимча харажат сифатида баҳолаш ҳам тўғри эмас. Материалдан тежамкор фойдаланиш, қадоқни енгиллаштириш, қайта ишланган хомашёни қўллаш ва уни қайта фойдаланишга мослаштириш узоқ муддатда корхонанинг ўзи учун ҳам иқтисодий самара бериши мумкин.

Мазкур қарор лойиҳасини оддий техник ҳужжат сифатида қабул қилиш тўғри эмас. У ишлаб чиқариш маданияти, истеъмол одатлари ва экологик масъулиятни бир нуқтада бирлаштиришга қаратилгандир.

Сизнинг фикрингиз муҳим! Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда ушбу лойиҳа юзасидан ўз мулоҳазаларингизни билдиринг ва жамият ривожига ҳисса қўшинг!

 

Камолиддин РЎЗИМАТОВ




Ўхшаш мақолалар

Sea Breeze:  Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган  саволлар бор

Sea Breeze: Экспертизадан ўтди, аммо очиқ қолган саволлар бор

🕔14:42, 22.10.2026 ✔30

Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборига туташ ҳудудда барпо этилаётган йирик лойиҳа – Sea Breeze атрофидаги баҳслар ҳали ҳам давом этмоқда.

Батафсил
Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

Яроқлилик муддати хавфсизлигига кафолатми?

🕔14:29, 22.10.2026 ✔23

Дўкондан озиқ-овқат маҳсулоти харид қилар экансиз, аввало, нархи, ишлаб чиқарувчиси ва яроқлилик муддатига эътибор беришингиз тайин.

Батафсил
Ҳашамдор  қадоқлар –  кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

Ҳашамдор қадоқлар – кўламдор муаммога сабаб бўлмаяптими?

🕔13:15, 15.10.2026 ✔182

Ҳар куни дўконда, бозорда зарур нарсаларни харид қилар экансиз, уларнинг қадоғига, бежирим кўринишига албатта эътибор қилишингиз тайин.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар