Бугунги кунда давлатимиз томонидан сайёҳликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, бу борада муҳим шарт-шароитлар яратилмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда элдошларимиз юрт кезиб, дунёни томоша қилишга ошиқмоқдалар.
Бу яхши, албатта. Бироқ ўзимизнинг ёнгинамизда, яъни она юртимизда ҳам бир-биридан ажойиб, қадимий масканлар борки, уларни бориб томоша қилган кишилар бир олам завқ ва улкан таассуротлар олиши мумкин. Ана шундай гўшалардан бири бу Хўжайли туманида жойлашган Миздаҳкан обидасидир.
Тарихий маълумотларга кўра, шундоқ Хоразмга бир қадам бўлган Хўжайли шаҳрининг тахминий ёши 2400 йилга тенг экан. Бу шаҳар ўтмишда Миздаҳкан номи билан машҳур бўлиб, унинг таърифи кўплаб асарларда учрайди. Олимларнинг фикрига кўра, бу ерда одамлар эрамиздан олдинги IV-III асрлардан бери яшаб келади. Х асрда яшаб ўтган араб жўғрофи Ибн Руста, Истахрий ва Мақдисий Хоразм салтанатига қарашли Миздаҳкан қалъаси ҳақида жуда қизиқарли маълумотларни бериб ўтган. Рус тадқиқотчиси О. Большаковнинг аниқлашича, Миздаҳкан хоразмшоҳлар давлатига қарашли шаҳарлар ичида Гурганж ва Кат қалъаларидан кейинги учинчи йирик марказ саналган. Хоразмшунос олим академик С.Толстов тадқиқотларига кўра, мазкур қалъа ўтмишда халқ орасида Говурқалъа деб аталган бўлиб, 9 гектардан ортиқ ер майдонига эга бўлган табиий тепалик устида қад ростлаган. Қалъа қалин деворлар ва миноралар билан мустаҳкамланган.
Х асрда яшаб ўтган араб сайёҳи Истахрий Миздаҳканни Гурганждан икки фарсаҳ, яъни 6-7 километр масофада жойлашганини ёзиб қолдирган. Яна шу даврда яшаган аллома Мақдисий эса бу қалъа атрофида 12 минг қўрғон мавжудлиги ҳақида қизиқарли маълумотларни беради.
Ўрта асрларда яшаб ўтган Хоразм ҳукмдори ва забардаст олим Абулғозий Баҳодирхон ҳам ўзининг «Шажараи турк» асарида Миздаҳкан ҳақида қизиқарли маълумотларни келтирар экан, «Миздаҳкандан Боқирғонга туташ Қуйғин деган ергача буғдой экилар эди. Отли одам ўн кунда буғдойзор атрофини айланиб кела олмас эди», деган битикларни қайд этади.
VIII асрда араблар Хоразмга юриш қилганда дастлаб Миздаҳканни эгаллаб, у ерда ўз ноиблигини ўрнатадилар ва сўнгра бошқа ҳудудларга юриш қиладилар. Ана шу вақтдан эътиборан шаҳар ўзининг қадимий номи билан бирга «Хўжайли» деб ҳам атала бошлаган бўлиши мумкин.
709 йили хоразмшоҳ Чағоннинг укаси Хурзод Миздаҳканни макон тутиб, ҳукмронлик қилгани ҳақида ҳам аниқ маълумотлар мавжуд.
1219-1221 йилларда Чингизхон босқини туфайли шаҳар жиддий талофатга учрайди. XIII асрнинг иккинчи ярамидан бошлаб эса бу ерда яна ҳаёт гуллаб-яшнайди. Олтин Ўрда хонлиги даврида Миздаҳкан «Катта ипак йўли» халқаро савдо маршрутининг энг муҳим стратегик аҳамиятга эга қалъаларидан бирига айланади.
Зардўштийлар давридан бошлаб қад ростлай бошлаган шаҳарда ўрта асрларда Етти қори, Мазлумхон сулув, Абдураҳмон Шаламон, Шамун Наби ва унинг боласининг қабри, Қирқ чўпон, Пирим эшон мадрасаси каби обидалар тикланди. Қизиқи шундаки, бу тарихий обидалар еростида жойлашган бўлиб, сайёҳларда ўтмиш аждодларимизнинг меъморчилик салоҳияти борасида аниқ тасаввурлар уйғотади. Ерости шаҳарлари қадим замонларда душмандан ҳимояланишда муҳим аҳамият касб этган.
Ўзбекистон Экологик партияси Хўжайли туман кенгаши мазкур тарихий масканда тозаликни сақлаш, табиатни асраб-авайлаш ва экологик маданиятни шакллантириш борасида акциялар, учрашув ва фетиваллар ўтказиб келади. Сайёҳлар билан суҳбатлашиб, уларга экомаданият ҳақида муҳим тушунчаларни берувчи буклет ва рисолалар тақдим қилади. Миздаҳканга ташриф буюрувчи сайёҳларни қадимий обидага шундоқ бир қадам бўлган Амударё бўйларини ҳам томоша қилишга таклиф қиламиз. Бу ерда улар Оролбўйи табиати, қушлар ва ҳайвонот дунёси ҳақида ҳам муҳим маълумотлар билан танишадилар.
Дарҳақиқат, жонажон юртимизнинг ҳар бир гўшасида бориб кўришга, завқ олишга арзигулик гўзал масканлар мавжуд. Фақатгина биз улар ҳақидаги кўпроқ ахборотларни халққа етказишимиз зарур. Ана шунда сайёҳлар ва ўлкашуносликка қизиқувчи элдошларимиз ташрифи янада кўпайишига туртки берган бўламиз.
Гулнора САРИЕВА,
Ўзбекистон Экологик партияси
Хўжайли туман партия ташкилоти раиси
Миздаҳкан – ўн икки минг қўрғонли қалъа ҳамон қад ростлаб турибди
🕔15:32, 26.03.2026
✔11
Бугунги кунда давлатимиз томонидан сайёҳликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, бу борада муҳим шарт-шароитлар яратилмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда элдошларимиз юрт кезиб, дунёни томоша қилишга ошиқмоқдалар.
Батафсил
Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони
🕔16:15, 19.02.2026
✔150
Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.
Батафсил
Миянгизни етти ойга «яшартириш»ни хоҳлайсизми?
🕔16:04, 19.02.2026
✔106
Жисмоний ҳаракат мия учун фойдали эканини кўп бор эшитганмиз. Аммо олимлар аниқ бир саволни ўртага ташлашди: мунтазам ҳаракатда бўлган инсон миясида қандай ўзгаришлар юз беради, буни ўлчаш мумкинми?
Батафсил