Юртимиз узра 9 май – Хотира ва қадрлаш куни шукуҳи кўнгилларга чўғ солган ҳолда оламга илиқлик уруғларини сочиб кезиб юрибди. Шунга монанд агар сизнинг ҳам қалбингизга юқоридаги каби қайноқ чўғ тушган бўлса ҳамда муҳим санани муносиб кутиб олиш ва ўтмишдаги жасоратларни юракдан ҳис қилиш учун бир маскан излаётган бўлсангиз, мана сизга ҳақиқий зиёратгоҳ – муҳташам Ғалаба боғи!
Бу мажмуага илк бор 2025 йилда, хазонрезги фасли аталмиш кузда келганимда табиатнинг сокинлиги ва боғнинг виқорли кўрки мени ўз мавжли тўлқинига тортган эди. Ўшанда вақтим тиғизлиги сабаб ҳар бир экспонат дунёсидан батафсил баҳраманд бўла олмагандим. Ниҳоят, бугун, яъни 21 апрель санасида, 9 май байрами шарофати билан, табиат уйғонган гўзал баҳор кунларида ушбу муқаддас қадамжога қайта келдим ва боққа кирган заҳотиёқ аввалги шошилинч кузги ташрифимдаги сокинлик ўрнини баҳорий ғайрат ва яшиллик эгаллаганига гувоҳ бўлдим. Қайсики, кузда барглар хазони остида қолган йўлаклар бугун гулларга бурканган, ёш кўчатлар эса янги куртак ёзиб, мажмуага ўзгача ҳаётий руҳ бағишламоқда. Бундан ташқари, ўтган галгидаги маҳзун ҳамда салобатли манзара ўрнини айни лаҳзаларда баҳорий кайфият ва умидбахш туйғулар бойитган.
Юракларни жунбушга келтирувчи боққа Тошкентнинг исталган қисмидан осонгина етиб бориш мумкин. Шаҳар марказидаги Амир Темур хиёбонидан метрода «Ўзбекистон» йўналиши бўйлаб «Беруний» бекатига бориб, ундан автобусда ёки пиёда тахминан 20-25 дақиқа юрилади. Ёки автомашинада, Кичик ҳалқа йўли бўйлаб Олмазор тумани томон ҳаракатланиб, масканнинг асосий дарвозасига етиб келинади. Боққа қадам қўйганингизда, ўзингизни гўёки Иккинчи жаҳон уруши даврининг қаҳрамонлик ва изтиробли воқеалари ичига ғарқ бўлгандек ҳис қиласиз. Бу ерда ҳар бир экспонат, жанггоҳни эслатиб турувчи ҳар бир детал – жанговар қуроллар, ҳарбий техникалар, окоплар... ўша шафқатсиз жангларда жон фидо қилган аждодларимиз хотирасидан сўзлайди.
Қадамжонинг энг таъсирли қисми бўлган «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги айнан ўзбек аёлининг метин иродаси ва садоқатига эҳтиром рамзи сифатида қад кўтарган. Беш ўғлини фронтга кузатиб, уларнинг барчасидан айрилган Зулфия онанинг чексиз сабри, умидини сўндирмаган келинларининг вафодорлиги монументнинг маънавий ўзагини ташкил этади.
Ғалаба боғи Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ғояси ва ташаббуси билан 2020 йилда, Иккинчи жаҳон уруши ғалабасининг 75 йиллигига бағишлаб бунёд этилган мемориал мажмуа ҳисобланади. Бу ерда жойлашган музейни эса уруш йилларида ўзбек халқининг фронт ортидаги мислсиз меҳнатини ўзида акс эттирган жонли энциклопедия дейиш мумкин. Бу ерга келган ҳар бир инсон уруш фожиаларини қалбан ҳис қилиб, ҳозирги тинчликнинг нақадар буюк неъмат эканини англаб етади.
Боққа кирганингиздан сўнг, дарҳол катта аркус орқали ўтиб, уруш даври рамзлари – байроқлар, харита ва эмблемалар билан безатилган йўлакларга дуч келасиз. Ўнг томонингизда дарахтзорлар, чапда эса очиқ майдон ва фавворалар жойлашган. Олдинги саёҳатимда кузги хазон барглари билан қопланган бу йўлаклар ҳозир баҳорий уйғониш нафасида буткул яшилликка бурканишга улгурибди. Энди эса боғнинг асосий қисмига етиб бориш учун узун йўлак бўйлаб тахминан ярим чақирим юриш қолди, холос. Йўл текис ва қулай бўлиб, атрофда уруш қаҳрамонларига бағишланган кичик ҳайкаллар ҳамда тарихий ёдгорликлар кўзга ташланади, бироқ энг катта эътибор марказий монументга қаратилган.
Боғнинг қоқ ўртасида «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги жойлашган бўлиб, бу Зулфия Зокирова ва унинг сабр-тоқатли келинларига аталган салобатли ҳайкал мажмуасидир. Ушбу ҳайкал бронзадан ясалган, беш аёл сиймолари оқ стелла (тик деворлар) орасида тасвирланган: марказда Зулфия она, қўлларини кўксига босган ҳолда, қайғу ва сабр ифодаси билан турибди. Унинг ёнида тўрт келини – уларнинг баъзилари болалари билан, баъзилари эса ўтирган ҳолатда тасвирланган. Стелла деворлари уруш хатларидан иборат иқтибослар ҳамда медаллар билан безатилган. Ҳайкал олдидаги кичик ҳовуз юзасида акс этган тасвирлар кузги сарғиш осмонга қараганда, ҳозирги илиқ қуёш нурларида янада ёрқинроқ ва таъсирчанроқ жилваланмоқда. Бу ерда ўтириб, уруш даҳшатларини ёдга олиш ва бугунги тинчликни қадрлаш каби ҳис-туйғулар қаърига шўнғиб кетишингиз мумкин.
Зулфия Зокирова Иккинчи жаҳон уруши даврида яшаган оддий ўзбек онаси бўлиб, эрининг ўлимидан кейин беш ўғли ва бир қизини ёлғиз ўстирган.
Уруш бошланганида, беш ўғлини фронтга жўнатган, афсуски уларнинг барчаси фожиали уруш қурбони бўлди. Тўрт ўғли уйланган бўлиб, келинлари бева қолади ва улар кейинчалик, умуман, иккинчи турмуш қурмайдилар. Зулфия она умрининг сўнгги лаҳзаларига қадар ўғиллари қайтиб келишига умид қилиб яшайди, бу аянчли ҳикоя унинг «Ҳаёт» номли хотираларида акс этган. Юқоридаги таъсирли воқеа асосида 2020 йилда «Илҳақ» номли фильм суратга олинган – Ўзбекистон ва Беларусь киностудиялари ҳамкорлигида, режиссиёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан яратилган драмадир. Мазкур фильмда Дилором Каримова Зулфия она ролини ижро этган, уруш даври шаҳарлари ва жанг майдонлари махсус реконструкция қилинган. «Илҳақ» сўзи умид ва кутишни англатади, фильм онанинг сабри ҳамда матонатини таъкидлайди.
Ҳайкал олдида туриб, атрофдаги баҳорий гўзалликни кўздан кечирганимда, бу жой нафақат уруш ёдгорлиги, балки садоқатли оила, чексиз муҳаббат ва сўнмас ватанпарварлик рамзи эканини янада чуқурроқ ҳис қилдим. Ҳозирги кайфият улашувчи баҳор ҳавоси ва куртак ёзган дарахтларнинг ифори мажмуага ўзгача ҳаётбахш руҳ улашиб турибди. 9 май арафасида бу ерда юзлаб зиёратчиларни кўриш, халқимизнинг ўз тарихига бўлган эҳтиромини ҳис қилиш кишига ўзгача илҳом бахш этади.
Дарвоқе, Ғалаба боғи ва унинг ҳудудидаги «Шон-шараф» давлат музейига кириш пулли асосда амалга оширилади. Мажмуага ташриф буюрувчилар тоифасига кўра махсус нархлар белгиланган бўлиб, талабалар ва мактаб ўқувчилари учун имтиёзли чегирмалар мавжуд. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, боғ ҳудудида профессионал даражада видеотасвирга тушириш ёки мобилография хизматларидан фойдаланиш учун қўшимча рухсатнома талаб этилиши мумкин. Мажмуа ҳафтанинг одатда, душанба кунидан ташқари ҳар куни соат 09:00 дан 18:00 га қадар меҳмонларга хизмат кўрсатади.
Гуллаб-яшнаган табиат қўйнида қад кўтарган бу кўркам монументлар бизни ҳар доим осойишталикни эъзозлашга ва ўтмиш хотираси олдида бош эгишга чорлаб тураверади. Байрам арафасида ёки вақт топган пайтингизда бу ерга албатта келинг, зеро хотира – мангу, қадр – муқаддас!
Мухлисахон ҲАСАНЖОНОВА,
ЎзЖОКУ талабаси
Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?
🕔16:01, 21.05.2026
✔71
Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.
Батафсил
Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар
🕔15:56, 21.05.2026
✔63
Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.
Батафсил
«Матонат мадҳияси»
🕔09:15, 08.05.2026
✔217
Юртимиз узра 9 май – Хотира ва қадрлаш куни шукуҳи кўнгилларга чўғ солган ҳолда оламга илиқлик уруғларини сочиб кезиб юрибди. Шунга монанд агар сизнинг ҳам қалбингизга юқоридаги каби қайноқ чўғ тушган бўлса ҳамда муҳим санани муносиб кутиб олиш ва ўтмишдаги жасоратларни юракдан ҳис қилиш учун бир маскан излаётган бўлсангиз, мана сизга ҳақиқий зиёратгоҳ – муҳташам Ғалаба боғи!
Батафсил