Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.
Бугунги кунда мамлакатимизда 250 га яқин ихтисослаштирилган сўйиш корхоналари томонидан аҳолига хавфсиз ва сифатли гўшт маҳсулотларини тайёрлаш ва етказиб бериш хизматлари йўлга қўйилган.
Бироқ ҳайвонларни сўйиш фаолияти билан қонуний шуғулланиш учун барча шароит яратилган бўлса-да, белгиланган талабларига риоя қилмасдан ноқонуний ва яширин тарзда ҳайвонларни сўйиш пунктларини ташкил этиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, атроф-муҳитнинг ифлосланишига, экологик хавф ортишига, аҳолининг эпидемиологик осойишталиги бузилишига, сифатсиз гўшт маҳсулотларининг реализация қилинишига ҳамда охир-оқибатда истеъмолчилар заҳарланишига олиб келиши мумкин. Ҳайвонларни ноқонуний сўйиш пунктлари сонининг кўпайиб бориши ўз навбатида бундай хавфларнинг ортишига ҳам сабаб бўлади.
Шу сабабли, ноқонуний кушхоналарнинг табиатга етказадиган занжирли зарарларини таҳлил қилиш ва унинг олдини олиш чораларини кўриш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ҳисобланади.
Сув ресурсларининг ифлосланиши
Ноқонуний кушхоналар энг биринчи зарар етказадиган объектлар сув ҳавзалари ҳисобланади. Замонавий сўйиш корхоналарида оқава сувларни тозалашнинг кўп босқичли тизимлари мавжуд бўлса, ноқонуний пунктларда қон, ёғ ва ички аъзолар қолдиқлари тўғридан-тўғри яқин атрофдаги ариқларга ёки умумий канализация тармоғига оқизилади. Қон органик моддаларга ўта бой бўлиб, сувда парчаланиш жараёнида кислородни жадал ютиб юборади. Бу эса сувдаги биологик мувозанатнинг бузилишига ва балиқларнинг оммавий қирилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, сувнинг кимёвий таркиби ўзгариб, у истеъмол қилиш ва суғориш учун яроқсиз бўлиб қолади.
Ўртача 400-500 кг бўлган битта қорамолнинг тахминан 35-45 фоиз қисми гўшт бўлмаган қолдиқлар ва чиқиндиларга тўғри келади. Тирик вазннинг 3-4 фоизи қисмини қон ташкил қилиб, бир бош қорамолдан ўртача 12-18 литр қон чиқади. Экологик меъёрларга кўра, бу тахминан 40 мингдан 60 минг литргача тоза сувдаги эриган кислородни бутунлай камайтириб юбориши мумкин. Қоннинг ифлослантириш қуввати оддий шаҳар оқава сувидан (канализация) 500-600 марта кучлироқ бўлиб, бир бош қорамол сўйилганда чиқадиган қоннинг экологик юки (зарари) бир кунда 50-100 нафар инсондан чиқадиган маиший чиқинди сувларнинг зарарига тенг ҳисобланади. Агар ноқонуний кушхона канал ёки ариқ бўйида жойлашган бўлса ва кунига 10 та мол сўйилса, у кунига ярим миллион литр сувни биологик жиҳатдан «ўлдиради».
Тупроқ деградацияси ва хавфли ўчоқлар
Сўйишдан қолган суяк, тери ва бошқа чиқиндиларнинг очиқ майдонларга ташланиши тупроқнинг табиий таркибини издан чиқаради. Шунингдек, чириётган қолдиқлар тупроқни нафақат заҳарлайди, балки унда ўта хавфли бактерияларнинг (масалан, куйдирги ёки бруцеллёз қўзғатувчилари) йиллаб сақланиб қолиши учун қулай муҳит яратади. Ёғингарчилик пайтида ушбу заҳарли моддалар тупроқ остига сизиб кириб, аҳоли истеъмол қиладиган ерости сув манбаларини ҳам яроқсиз ҳолга келтириши ҳам мумкин.
Ўртача ҳисоб-китобларга кўра бир бош қорамолдан 40-50 кг овқат қолдиқлари, 15-20 кг истеъмол қилинмайдиган ички аъзолар ва ёғлар, шох, туёқ, тери, суяк чиқади. Қорамолни сўйишдан чиққан овқат қолдиқлари ва ички аъзолар азотга ўта бой бўлиб, тупроқда парчаланганда ҳаддан ташқари кўп миқдорда аммиак ва нитратлар ҳосил бўлади. Бу тупроқнинг ишқорийлик мувозанатини бузади. Оқибатда тупроқ «куяди» – ундаги фойдали микроорганизмлар ва ўсимлик илдизлари ҳалок бўлишига олиб келади. Бир бош қорамолдан чиққан чиқинди тахминан 15-20 м2 майдондаги тупроқ унумдорлигини 2-3 йилгача издан чиқариши мумкин.
Шох, туёқ, суяк ва тери қолдиқлари жуда секин парчаланади. Табиий шароитда уларнинг тўлиқ чириши учун 5 йилдан 20 йилгача вақт талаб қилиниши мумкин. Бу вақт давомида улар тупроқнинг физик тузилишини бузади, ерни ҳайдаш ва ишлов беришга халақит беради. Шунингдек, ички аъзолардан чиққан ёғлар тупроқ юзасида сув ўтказмайдиган қатлам ҳосил қилади. Бу тупроқнинг нафас олишини тўсади ва намликнинг пастга шимилишига йўл қўймайди.
Тупроққа ташланган бир бош қорамолдан чиққан 170 кг гача бўлган чиқинди фақат юзада қолмайди. Ёмғир ва суғориш сувлари таъсирида чиқиндилардан ажралган заҳарли суюқликлар (фильтратлар) тупроқнинг пастки қатламларига шимилади. Бу суюқликлар ерости ичимлик сувларига етиб бориб, уларни аммиак ва органик заҳарлар билан тўйинтиради. Оқибатда, бир бош мол чиқиндиси бир неча 100 кубометр ерости сувини ҳам истеъмол учун яроқсиз қилиб қўйиши мумкин.
Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши
Ноқонуний фаолият юритаётган жойларда фильтрация ва вентиляция тизимларининг йўқлиги ҳаво сифатига жиддий таъсир кўрсатади. Органик қолдиқларнинг очиқ ҳавода парчаланиши натижасида атмосферага катта миқдорда аммиак, метан ва водород сульфиди газлари ажралади. Бу одамларда нафас йўллари билан боғлиқ касалликларни қўзғатади ва кўзни ёшлантиради. Асаб ва юрак қон-томир тизимларига жиддий таъсир кўрсатади.
Тахминий ҳисобларга кўра, бир бош қорамолни сўйишдан ҳосил бўлган чиқиндиларининг парчаланишидан 10-15 м3 газ ажралиб чиқади ва атмосфера ҳавосини ифлослантиради. Бу нафақат атроф-муҳитдаги қўланса ҳидни келтириб чиқаради, балки иссиқхона эффектининг кучайишига ва маҳаллий аҳоли орасида нафас йўллари касалликларининг кўпайишига замин яратади.
Айрим ҳолларда сўйилган ҳайвон чиқиндиларини ёқиб юбориш ҳолатлари ҳам кузатилади. Чиқиндиларни бундай йўқ қилиш усулида тери ва суякларнинг ёниши натижасида ҳавога диоксинлар ва фуранлар каби ўта хавфли канцероген моддалар ажралади, бу эса саратон касалликлари хавфини кескин ошириши мумкин.
Эпидемиологик хавф ва экотизимнинг бузилиши
Қонуний сўйиш корхоналарида ҳайвонларни сўйиш ветеринария назорати остида амалга оширилиши сабабли касалликка чалинган ёки сўйишга тайёр бўлмаган ҳайвонлар сўйилмайди.
Бироқ ҳайвонларни сўйиш ноқонуний ташкил этилган жойларда ветеринария назорати амалга оширилмайди ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилинмайди. Бундай жойларда ҳайвондан инсонга юқадиган (зооноз) ва атроф-муҳитга тарқаладиган ўнлаб хавфли касалликлар пайдо бўлади. Натижада куйдирги (сибирская язва), бруцеллёз, туберкулёз (сил), листериоз ва бошқа хавфли юқумли касалликларнинг қўзғатувчилари бошқа ҳайвонларга ва инсонларга юқиши хавфи юзага келади. Ноқонуний кушхоналарни ташкил қилиш – бу нафақат қонунчилик ёки санитария қоидаларининг бузилиши, балки биологик хавф ўчоғи ҳам ҳисобланади.
Шунингдек, ноқонуний кушхоналарнинг аксарият ҳолларда экологик талабларни бузган ҳолда аҳоли пунктларининг ичида фаолият кўрсатиши пашшалар, ўлаксахўр қушлар, кемирувчилар, судралиб юрувчиларнинг кўпайишига, бу ўз навбатида бошқа фойдали қушлар ва майда ҳайвонлар сиқиб чиқарилишига ҳамда экотизимнинг бузилишига олиб келади.
Хулоса
Экологик нуқтаи назардан қараганда, ҳайвонларни ноқонуний сўйиш – бу фақатгина санитария қоидаларини бузиш эмас, балки келажак авлодларга қолдириладиган табиий меросни заҳарлаш демак. Замонавий, чиқиндисиз технологиялар асосида ишлайдиган кушхоналар тармоғини кенгайтириш ва ноқонуний фаолиятга қарши қатъий чоралар кўриш қонун устуворлиги билан бирга, табиат муҳофазасини таъминлашнинг муҳим шартларидан биридир. Қайд этиш лозимки, экологик тизим барқарорлигини таъминлаш ва уни асраб авайлаш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.
Беҳзод СУЛТАНОВ,
Қонунчиликни таҳлил қилиш ва тартибга солиш
таъсирини баҳолаш институтининг Қонунчилик
ҳужжатларини экология ва атроф-муҳитга
таъсирини баҳолаш бўлими бошлиғи