Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.
Президентимизнинг 2025 йил 15 майда имзоланган «2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида аҳолида экологик онгни шакллантириш, табиатга эҳтиёткор муносабатни тарбиялаш мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва экологик хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шарти сифатида белгилаб қўйилди. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 25 мартда қабул қилинган «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эса бу йўналишни янада мустаҳкамлаб, экологик маданият давлат сиёсатининг самарадорлигини оширишда ҳал қилувчи омил эканини таъкидлади.
Бу ҳужжатлар бир ҳақиқатни очиқ кўрсатади: экология келажаги фақат технологияларга эмас, ҳар бир инсоннинг ўзини қандай тутишига ҳам боғлиқ. Кўпчилик экологияни фақат давлат ёки йирик корхоналар иши деб ўйлайди. Аслида эса барча нарса инсоннинг кундалик одатларидан бошланади. Оқиб турган сувни булғаш, чиқиндини ҳар жойга ташлаш, дарахтларни шикастлаш – буларнинг барчаси табиатга таъсир қилади. Илмий нуқтаи назардан бу «тўпланувчи таъсир» деб аталади: майда ҳаракатлар миллионлаб такрорланиб, катта муаммоларга олиб келади.
Бироқ тескари жараён ҳам мавжуд: агар одамлар табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлса, вазият тез яхшиланади. Демак, экологик маданият – бу келажакни шакллантирувчи одатлар жамланмаси. Бу ғоя қадимдан буюк мутафаккирлар томонидан ҳам илгари сурилган. Бугунги илм-фан эса жамият барқарорлиги инсоннинг экологик хулқига бевосита боғлиқ эканини бот-бот исботламоқда.
Дарҳақиқат, экологик маданиятнинг моҳияти – инсон ва табиат ўртасидаги ўзаро муносабатларда уйғунликка эришиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва келажак авлод учун соғлом атроф-муҳитни сақлаб қолишга қаратилган. Экологик маданиятга эга шахс ўз фаолиятининг табиатга таъсирини баҳолай олади, экологик хатарларнинг олдини олишга ҳаракат қилади ва табиий ресурслардан самарали ҳамда қайта тикланадиган усулда фойдаланади. Ушбу тушунча инсоннинг маънавий камолоти, фуқаролик позицияси ва глобал масъулияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Афсуски, инсон экологик муаммоларни англаса-да, доимо тўғри ҳаракат қилавермайди. Бу одатлар билан боғлиқ. Экологик психология шуни кўрсатадики, барқарор ўзгаришлар фақат тўғри хулқ-атвор ҳаёт меъёрига айлангандагина юзага келади. Шунинг учун ҳам давлат ҳужжатларида экологик тарбияни ёшликдан бошлашга катта эътибор берилмоқда.
Бу жараёнда яна бир муҳим ташаббус – психологик экология марказларини ташкил этиш. Бугун инсон нафақат табиат, балки ўз ички дунёсида ҳам ўзгаришларни ҳис этмоқда. Ифлос ҳаво, сув танқислиги, чанг бўронлари ва ахборот босими инсон руҳиятига таъсир қилади. Шу боис «руҳ экологияси» масаласи ҳам долзарб бўлиб бормоқда.
Психологик экология марказлари инсонга табиат ва ички ҳолат ўртасидаги боғлиқликни тушунишга ёрдам беради. Бу жойлар оддий тиббиёт муассасалари эмас, балки инсонни руҳий барқарорликка ўргатувчи маконлардир. Бу ерда одамлар стрессни енгиш, хотиржамликни сақлаш ва табиат билан уйғун яшашни ўрганади.
Илмий тадқиқотлар табиат ҳолати инсон психикасига бевосита таъсир қилишини кўрсатган. Атроф-муҳит тоза ва яшил бўлса, инсон ўзини ишончли ҳис қилади. Акс ҳолда эса хавотир, чарчоқ ва ҳатто агрессия ортиб боради. Айниқса, иқлим ўзгариши шароитида «экологик хавотир» тушунчаси тобора кенг тарқалмоқда.
Шу нуқтаи назардан, экологик маданият фақат табиатни эмас, балки инсон саломатлигини ҳам муҳофаза қилади. Ифлос ҳаво – касалликларга, сифатсиз сув – хавфларга, тупроқ ифлосланиши – озиқ-овқат сифатининг пасайишига олиб келади. Демак, табиатни асраш – бу ўзимизни асраш демак.
Экология ва иқтисод ҳам ўзаро чамбарчас боғлиқ. Сув танқислиги иқтисодиёт тармоқларини чеклайди, ерларнинг деградацияси ҳосилдорликни пасайтиради. Шу билан бирга, экологик маданият ресурсларни тежаш, туризмни ривожлантириш ва иқтисодиётни мустаҳкамлаш имконини беради.
Экологик маданият оилада – шахсий намуна орқали, мактабда – билим орқали, жамиятда эса – умумий қоидалар орқали шаклланади. Бу жараёнда маҳаллалар, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари алоҳида аҳамиятга эга.
Бу йўналишда амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Жорий йил апрель ойида Нукус шаҳрида «Орол денгизи туби бўйлаб эко-таълимий турлар» халқаро ҳафталиги доирасида йирик анжуман бўлиб ўтди. Унда юзлаб ёшлар ва халқаро экспертлар иштирок этди. Илмий маърузалар, кўчат экиш акциялари, экологик марафонлар ва Оролбўйи ҳудудларига сафарлар ташкил этилди. Бу тадбир ёшларда экологик онгни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Хулоса шуки, давлат йўналиш беради, аммо натижа инсонга боғлиқ. Чиқинди ташламаслик – тозаликни сақлаш, сувни тежаш – мамлакатга ёрдам, дарахт экиш – келажакни барпо этиш демак.
Президент қарорлари экологик маданиятни барқарор ривожланишнинг асоси сифатида белгилаб берди. Бу аҳоли саломатлиги, иқтисодий барқарорлик, ҳаёт сифати ва мамлакат келажагига бевосита дахлдор бўлгани боис ҳам барчамиз учун аҳамиятлидир.
Бугун энг муҳим вазифа – келажакни ўйлайдиган, табиат билан уйғун яшайдиган авлодни тарбиялаш. Чунки тоза мамлакат – тоза онгдан бошланади. Экологик маданият эса инсон ҳаёти ва одатлари билан бирга шаклланади.
Мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Ўзбекистон Экологик партиясининг дастурий платформасида экологик барқарорликка эришиш, бугунги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳитни яратиш, яшил иқтисодиётга ўтиш, инсонлар саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, бир сўз билан айтганда, яшил ва мусаффо ҳаёт барпо этишнинг устувор йўналишлари қамраб олинган.
Шуҳрат МУРОДОВ,
Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот
институти директори, профессор, ЎЭП Марказий Кенгаши аъзоси