Экология      Бош саҳифа

Табиат ва инсон боғлиқлиги: Муҳит руҳиятимиз ва хулқимизга қандай таъсир қилади?

Илмий тажрибалар яшил ҳудуд нафақат саломатлик, балки тафаккур, диққат ва кундалик хатти-ҳаракатларимиз учун ҳам муҳимлигини кўрсатмоқда.

Табиат ва инсон боғлиқлиги:  Муҳит  руҳиятимиз ва хулқимизга қандай таъсир қилади?

Тасаввур қилинг: эрталаб деразани очасиз. Қаршингизда дарахтлар, қушларнинг сайраши, майин шабада... Энди бошқа ҳолатни кўз олдингизга келтиринг: дераза ортида бетон девор, кўчада узлуксиз шовқин, ҳавода чанг, йўлакларда сочилиб ётган чиқиндилар... Ҳар икки манзарада ҳам инсон кунни бир хил бошлайди. Аммо унинг кайфияти, диққати ва ўзини қандай ҳис қилиши бир хил бўладими?

Экологик психология айнан шу саволларга жавоб излайди. Илмий тадқиқотлар инсон руҳиятини фақат ички кечинмалар ёки шахсий хусусиятлар билан тушунтириб бўлмаслигини кўрсатади. Биз яшайдиган муҳит ҳам стресс, диққат, ижтимоий муносабатлар ва хулқ-атворимизга таъсир ўтказиши мумкин.

 

Дарахтларга қарашнинг ўзи ҳам аҳамиятли

1984 йилда америкалик тадқиқотчи Рожер Ульрихнинг Science журналида эълон қилинган тадқиқоти бу борадаги энг машҳур илмий ишлардан бири ҳисобланади. Ульрих ўт пуфаги жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган 46 беморнинг тикланиш жараёнига оид маълумотларни таҳлил қилди. Уларнинг 23 нафари деразасидан дарахтлар кўринадиган хонада, қолганлари эса ғишт деворга қараган хонада ётган эди.

Натижада табиат манзарасини кўриб ётган беморларнинг шифохонада қолиш муддати қисқароқ бўлган, уларга кучли оғриқ қолдирувчи дорилар камроқ берилган ва ҳамширалар қайдларида салбий изоҳлар ҳам камроқ учраган.

Албатта, бу тадқиқот табиат манзараси барча касалликларни даволайди, дегани эмас. Бироқ у оддий кўринадиган омил – дераза ортидаги яшиллик ҳам беморнинг тикланиш жараёни билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатди. Демак, шифохона, мактаб, ишхона ёки турар жой лойиҳалаштирилаётганда дарахтлар ва яшил ҳудудларни фақат безак сифатида қабул қилмаслик керак. Улар инсоннинг ўзини ҳис қилишига ҳам ҳисса қўшиши мумкин.

 

Табиат қўйнида миянинг «дам олиши»

Телефондаги хабарлар, ижтимоий тармоқлар, автомобиль шовқини ва узлуксиз ахборот оқими диққатимизни доимо банд қилади. Кун охирида чарчоқ ҳис қилишимиз бежиз эмас.

2012 йилда психологлар Рут Энн Атчли, Дэвид Стрейер ва Пол Атчли табиат муҳитида бўлиш ҳамда рақамли қурилмалардан узоқлашишнинг ижодий фикрлашга таъсирини ўргандилар. Тадқиқотда 56 нафар катта ёшли иштирокчи қатнашди. Улар табиат қўйнидаги кўп кунлик саёҳатда иштирок этиб, ижодий фикр­лаш тестларини бажардилар.

Саёҳатнинг тўртинчи кунида тест топширган иштирокчиларнинг натижалари дастлабки кўрсаткичларга нисбатан 50 фоиз юқори бўлган. Бироқ бу рақам табиатда бўлиш ҳар бир инсоннинг ижодкорлигини доимо 50 фоизга оширади, дегани эмас: тадқиқотда табиат муҳити ва технологиялардан узилиш таъсирини бир-биридан тўлиқ ажратиш имкони бўлмаган.

Шунга қарамай, натижа эътиборга лойиқ. Баъзан муаммони ҳал қилиш учун янада кўпроқ ўйлаш эмас, диққатни чарчатаётган омиллардан бироз узоқлашиш керак бўлади. Табиатда сайр қилиш, яшил ҳудудда дам олиш ёки телефонни четга қўйиб, атрофни кузатиш шундай имкониятлардан биридир.

 

Ифлос муҳит бефарқликни кучайтирадими?

Энди масаланинг бошқа томонига қарайлик. Кўчада чиқиндилар сочилиб ётса, деворларга тартибсиз ёзувлар чизилган бўлса, одамлар умумий мулкка бепарво муносабатда бўлса, бу бошқаларнинг хулқ-атворига ҳам таъсир қилиши мумкинми?

2008 йилда Нидерландиядаги Гронинген университети тадқиқотчилари Кейс Кейзер ва ҳамкасблари тартибсиз муҳитнинг инсон хатти-ҳаракатларига таъсирини бир нечта дала тажрибалари орқали ўргандилар.

Тажрибалардан бирида граффити билан ифлосланган почта қутиси ёнидан ўтаётган одамларнинг 27 фоизи ундаги конвертни олиб кетган. Тартибли, ёзувларсиз муҳитда эса бу кўрсаткич 13 фоизни ташкил этган. Бошқа таж­рибалар ҳам атрофда қоидалар бузилаётганини кўриш одамларнинг ўзлари ҳам қоидаларга камроқ амал қилиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатган.

Бу натижаларни «ифлос кўча одамни албатта ёмон қилади» деб талқин этиш нотўғри, албатта. Инсон хулқ-атворига тарбия, ижтимоий меъёрлар, назорат ва шахсий қадриятлар ҳам таъсир кўрсатади. Аммо муҳитдаги тартибсизлик бошқаларнинг хатти-ҳаракатларига таъсир қилувчи омиллардан бири бўлиши мумкин.

Шунинг учун чиқиндини белгиланган жойга ташлаш, жамоат жойларини озода сақлаш ва умумий мулкни асраш фақат санитария талаби эмас. Бу атрофдагиларга ҳам қандайдир меъёрни кўрсатади: «Бу жой барчамизники ва унга муносабатимиз муҳим».

 

Яшил макон – шунчаки дарахт экиш эмас

2021 йилда эълон қилинган тизимли илмий шарҳда яшил ҳудудлар ва руҳий фаровонлик ўртасидаги боғлиқликни ўрганган 26 та тадқиқот таҳлил қилинган. Натижалар яшил маконлар стрессни камайтириш, руҳий тикланиш ва жисмоний фаолликни рағбатлантириш орқали инсон фаровонлигига ҳисса қўшиши мумкинлигини кўрсатган. Шу билан бирга, айрим натижалар бир хил бўлмагани учун сабаб-оқибат боғлиқлиги ҳақида қатъий хулоса чиқаришда эҳтиёткорлик зарур.

Бу хулосалар шаҳарсозлик учун ҳам муҳим. Агар маҳаллада дарахтлар кам, сайр қилишга мос йўлаклар йўқ, болалар ўйнайдиган хавфсиз ҳудудлар етишмаса, аҳолининг табиат билан кундалик алоқаси ҳам чекланади.

Шу боис кўкаламзорлаштиришни фақат кўчат экиш ёки ҳудудни ташқи жиҳатдан ободонлаштириш билан чеклаб бўлмайди. Экилган дарахтнинг тутиб кетиши, соя бериши, яшил ҳудуднинг сақланиши ва аҳоли ундан фойдалана олиши ҳам муҳим.

 

Муҳитни асраш – ўзимизни асраш

Илмий тажрибалар табиатнинг инсонга таъсирини турли томондан ёритади: яшил манзара тикланишга ёрдам бериши, табиатдаги сайр диққат ва ижодий фикрлаш билан боғлиқ бўлиши, тартибли муҳит эса ижтимоий меъёрларга амал қилишга таъсир кўрсатиши мумкин.

Бироқ инсоннинг ахлоқий қарашларини фақат экологик шароит билан изоҳлаб бўлмайди. Табиат ва руҳият ўртасидаги боғлиқлик мураккаб бўлиб, унда оилавий тарбия, таълим, маданият ва шахсий масъулият ҳам муҳим ўрин тутади.

Шундай экан, тоза ҳаво, мусаффо сув ва яшил ҳудудлар учун кураш фақат экологларнинг вазифаси эмас. Бу ҳар бир инсоннинг ҳаёт сифати, жамиятдаги муносабатлар ва келажак авлоднинг руҳий фаровонлиги билан боғлиқ масаладир.

Биз табиатни асраганимизда, фақат дарахт­лар ёки сув ҳавзаларини эмас, балки инсон яшаши, фикрлаши ва ўзини яхши ҳис қилиши учун зарур бўлган муҳитни ҳам муҳофаза қиламиз.

 

Азиза САИДОВА,

Халқаро исломшунослик

академияси психологи




Ўхшаш мақолалар

Экологик  масъулият  рақамларда эмас, амалий натижаларда намоён бўлади

Экологик масъулият рақамларда эмас, амалий натижаларда намоён бўлади

🕔14:49, 05.11.2026 ✔90

Тоза ҳаво, мусаффо сув, озода кўчалар, яшилликка бурканган маҳаллалар... Буларнинг барчаси инсоннинг соғлом ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган оддий, айни пайтда бебаҳо неъматлардир.

Батафсил
Эски  шиналардан  янги йўллар қурилади

Эски шиналардан янги йўллар қурилади

🕔14:43, 05.11.2026 ✔103

Ўзбекистонда фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган автомобиль шиналарини қайта ишлаб, улардан йўл қурилишида фойдаланиш режалаштирилмоқда.

Батафсил
Иссиқхоналар  ёпилмайди,  аммо талаблар ўзгаради

Иссиқхоналар ёпилмайди, аммо талаблар ўзгаради

🕔14:14, 30.10.2026 ✔126

Куз-қиш мавсуми яқинлашгани сари пойтахт ҳавосининг сифати яна долзарб масалага айланади. Совуқ кунларда иситиш тизимларининг ишга тушиши, ёқилғи сарфининг ортиши ва атмосферага чиқарилаётган зарарли моддалар аҳоли саломатлиги билан боғлиқ хавотирларни кучайтиради.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар