Экология      Бош саҳифа

Полигонга кўмилаётган ресурс

Айланма иқтисодиётнинг узлуксиз занжири: чиқиндиларни бошқариш, тўлов тизими ва ҳуқуқий тартибга солиш

Полигонга  кўмилаётган  ресурс

Бугун чиқиндиларни бош­қариш уларни йиғиш ва утилизация қилиш билан чекланиб қолмайди. Чунки бугунги кунда чиқинди ресурслардан самарали фойдаланиш ҳамда иқтисодий қиймат яратишнинг муҳим йўналишига айланмоқда. Пластик, қоғоз, шиша, металл ва органик қолдиқлар ривожланган иқтисодиётларда аллақачон иккиламчи хомашё ва энергия манбаи сифатида баҳоланмоқда. Европа Иттифоқининг расмий статистика идораси – «Eurostat» маълумотларига кўра, 2024 йилда Иттифоқда ҳосил бўлган маиший чиқиндиларнинг 48,1 фоизи қайта ишланган. Германияда эса бу кўрсаткич 66,9 фоизни ташкил этган. Бу рақамлар ортида оддий ҳақиқат турибди: полигонга кўмилган ҳар тонна чиқинди – иқтисодиётдан чиқиб кетган ресурс, бой берилган қўшилган қиймат ва келажак авлодга қолдирилган экологик қарз.

Ўзбекистонда бу масала стратегик даражага кўтарилгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари 2026 йил 28 август куни мустақиллигимизнинг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида илгари сурган етти миллий дастурнинг тўртинчиси айнан сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилган. Президентимиз таъкидлаганидек, «табиатга муносабат – халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиётнинг сифат кўрсаткичидир».

Бу йўналиш дастурий ҳужжатларда ҳам мустаҳкамланган. Президентнинг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-21-сон Фармони билан янгиланган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг учинчи устувор йўналиши «Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш» деб белгиланган. Ўша куни қабул қилинган ПФ-22-сон Фармоннинг 4-иловаси билан эса «Экологик мувозанатни таъминлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни самарали ташкил этиш бўйича устувор ислоҳотлар дастури» тасдиқланди. Унда, жумладан, 2026 йил давомида санитар тозалаш хизматлари қамровини кенгайтириш мақсадида 80 та чиқинди ташувчи махсус техника харид қилиш ҳамда ҳудудларда 1 950 та маиший чиқинди контейнерини ўрнатиш вазифалари белгиланган.

Бу ҳужжатларни бирлаштирувчи мантиқ шундаки, ресурсларни тежаш фақат сув ёки энергия билан чекланмайди. Чиқиндиларни қайта ишлаш бирламчи хомашёга ва ерга бўлган талабни, полигонлардан тупроқ ва сувга ўтадиган ифлосланиш ҳамда иссиқхона газлари чиқарилишини камайтиради. Шу маънода, чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш экологик вазифа бўлиш билан бирга, ресурслар самарадорлигини оширишга қаратилган тўлақонли иқтисодий сиёсатдир.

 

Рақамлар нимадан далолат беради?

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотига кўра, 2025 йилда мамлакатимизда 15,1 миллион тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган. Шу даврда талабларга жавоб бермайдиган 23 та полигон (қарийб 100 гектар) ёпилди. Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида эса чиқиндиларни термик қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқаришга қаратилган, умумий қиймати 933 миллион долларлик олтита инвестиция лойи­ҳаси амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, рақамлар олдинда ҳали катта иш турганини ҳам кўрсатади. Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида келтирилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида аҳолини маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизмати билан қамраб олиш даражаси 64 фоизни, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси эса атиги 6,5 фоизни ташкил этган. Ваҳоланки, Президентнинг 2022 йил 2 декабрдаги қарорида 2030 йилгача қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини 65 фоиздан ошириш мақсади белгиланган.

Тўлов интизоми ҳам ўйлантиради. Агентлик маълумотига кўра, 2025 йил якунида аҳолининг санитар тозалаш хизматлари бўйича қарздорлиги 622,7 миллиард сўмни ташкил этган. Айни пайтда амалда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 211,9 миллиард сўмлик нореал қарздорлик электрон тизимдан чиқарилгани ҳисоб-китобдаги хатолар кўлами ҳам кичик эмаслигини кўрсатади. Демак, асосий муаммо полигонлар сонида эмас, балки тизимнинг бош­ланғич бўғини – чиқиндини манбада саралаш ва қайта ишлаш занжирига узатишда ҳамда хизмат ва тўлов ўртасидаги ишончли боғлиқликдадир.

Парламент сўрови: учта асосий йўналиш

Парламент назоратининг айнан шу йўналишга қаратилгани муаммонинг институционал аҳамиятини кўрсатади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директорига парламент сўрови юбориб, унинг жавобини атрофлича кўриб чиқди. Депутатлар ҳудудларда полигонларни рекультивация қилишдаги кечикишлар, айрим полигонларни экологик, санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлаштириш зарурати ҳамда фуқароларнинг хизмат сифатидан шикоятларига алоҳида эътибор қаратди.

Парламент сўрови учта ўзаро боғлиқ йўналишни қамраб олгани билан аҳамиятлидир. Биринчиси – тизимнинг самарадорлиги. Йиғиш, ташиш, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация битта занжирнинг ҳалқаларидир: улардан бири узилса, қолганларига киритилган маблағ ҳам кутилган натижани бермайди.

Масалан, санитар тозалаш ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган 386,5 миллиард сўмлик инвестиция саралаш инфратузилмаси билан уйғунлашмаса, чиқинди оқими яна полигонга бориб тақалади. Иккинчиси – циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш. Қайта ишловчи корхонага кафолатланган хомашё оқими, барқарор бозор ва рағбатлантирувчи молиявий механизмлар зарур. Учинчиси – хизматлар учун тўлов тизими бўлиб, у алоҳида таҳлилни талаб этади.

Амалдаги тартибда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш тарифлари ҳудудий даражада – агентлик ҳамда иқтисодиёт ва молия органларининг хулосалари асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан тасдиқланади. Масалан, Тошкент вилоятида 2026 йил 1 апрелдан аҳоли учун ойлик тариф бир киши ҳисобига 10 864 сўм (ҚҚС билан) этиб белгиланган. 2026 йил 1 январдан эса истеъмолчиларга фақат амалда кўрсатилган хизмат учун ҳақ ҳисобланадиган ва барча ҳисоб-китоблар электрон тизимлар орқали юритиладиган янги тартиб жорий этилган. Бу хизмат кўрсатиш ва тўлов мажбурияти ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир. Бироқ тўлов интизомини таъминлашда хизмат сифати, тарифларнинг шаффофлиги ҳамда кўрсатилмаган ёки сифатсиз хизматлар учун қайта ҳисоб-китоб механизмларининг амалда ишлаши ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

 

Янги қонун лойиҳаси: бешта ёндашув

Ҳуқуқий асосни янгилаш вазифаси ҳам кун тартибида турибди. Қонунчилик палатаси 2026 йил 20 октябрда янги таҳрирдаги «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Лойиҳа 2002 йилда қабул қилинган амалдаги қонун ўрнига ишлаб чиқилган. Депутатлар бунинг сабаби сифатида амалдаги қонунда бўшлиқлар ва ҳавола қилувчи нормалар кўплигини, хусусан, соҳани бошқариш, мулкий муносабатлар ва молиялаштириш масалалари етарлича аниқ белгиланмаганини кўрсатди.

Циркуляр иқтисодиёт ва тўлов тизими нуқтаи назаридан ушбу қонун лойиҳасидаги бешта ёндашув алоҳида эътиборга лойиқ. Биринчиси, чиқиндиларга нисбатан мулкий муносабатларни тартибга солиш: чиқинди кимга тегишли экани ва қачондан бошлаб унинг эгаси ўзгариши аниқ бўлмаса, иккиламчи хомашё бозори ҳам, хусусий инвестиция ҳам шаклланмайди. Иккинчиси, ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларга қўйиладиган талаблар ҳамда уларнинг чиқиндилар билан боғлиқ ишлардаги иштироки, яъни ишлаб чиқарувчининг кенгайтирилган масъулияти тамойили. Учинчиси, ичимлик маҳсулотларининг истеъмол қадоқлари учун депозит тизими. Тўртинчиси, қурилиш чиқиндиларини биринчи навбатда такрорий фойдаланиш ва қайта ишлашга йўналтириш. Бешинчиси, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тариф ва тўловларни белгилаш тартибини қонун даражасида мустаҳкамлаш. Бу механизмларнинг қиймати уларнинг алоҳида-алоҳида мавжудлигида эмас, балки биргаликда ишлашидадир.

 

Европа тажрибаси нимани ўргатади?

Бу борада Европа Иттифоқи тажрибаси ибратли, лекин уни тўғри англаш муҳим. Иттифоқ сиёсатининг асоси – Чиқиндилар тўғрисидаги 2008/98/EC-сон рамкавий директива бўлиб, у чиқиндиларни бошқариш иерархиясини белгилайди: аввал чиқинди ҳосил бўлишининг олдини олиш, сўнг такрорий фойдаланишга тайёрлаш, қайта ишлаш, бошқа усулда тиклаш, жумладан энергия олиш ва фақат охирги чора сифатида йўқ қилиш ёки кўмиш. 2018/851-сон директива билан киритилган ўзгаришларга кўра, аъзо давлатлар маиший чиқиндиларни такрорий фойдаланишга тайёрлаш ва қайта ишлаш улушини 2025 йилгача камида 55, 2030 йилгача 60, 2035 йилгача 65 фоизга етказиши шарт, кенгайтирилган ишлаб чиқарувчи масъулияти тизимлари учун эса минимал талаблар белгиланган.

Депозит тизими бўйича Иттифоқ даражасидаги янги талаб Қадоқлар ва қадоқ чиқиндилари тўғрисидаги 2025/40-сон Регламентда мустаҳкамланган: аъзо давлатлар 2029 йил 1 январгача сиғими 3 литргача бўлган бир марталик пластик ичимлик бутилкалари ва металл идишларнинг камида 90 фоизини алоҳида йиғишни таъминлаши ва бунинг учун депозит-қайтариш тизимини жорий этиши лозим. Германияда 2003 йилдан бир марталик идишлар учун жорий этилган тизим ҳамда Финляндиядаги нотижорат оператор «Palpa» юритадиган тизим идишларнинг 90 фоиздан ортиғи қайтарилишини таъминламоқда. Сабаби оддий: идиш қийматга эга бўлса, у чиқинди қутисига тушмайди.

Нидерландиянинг қатор муниципалитетларида чиқинди миқдорига боғлиқ табақалаштирилган тўлов тизими – DIFTAR (Pay-As-You-Throw, яъни «қанча ташласанг, шунча тўлайсан») қўлланилади. Мазкур механизм аҳолини чиқиндиларни камайтириш ва уларни алоҳида саралашга иқтисодий жиҳатдан рағбатлантиради. Нидерландиянинг «Rijkswaterstaat» давлат агентлиги томонидан ўтказилган тадқиқотда келтирилган CBS статистикасига кўра, 2019 йилда ушбу тизим амал қилган муниципалитетларда аҳоли жон бошига ўртача 94 килограмм қолдиқ маиший чиқинди тўғри келган бўлса, бундай тизим жорий этилмаган ҳудудларда мазкур кўрсаткич 182 килограммни ташкил этган. Бу эса иқтисодий рағбатлантириш механизмларининг таъсири қанчалик катта эканини кўрсатади. Бельгиянинг Фландрия минтақасида ҳам бу тамойил 1990 йиллар бошидан қўлланиб келинмоқда.

Европа тажрибасидан чиқадиган асосий сабоқ шуки, ҳуқуқий норма ўз-ўзидан натижа бермайди. Қайта ишлаш иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлиши, корхоналар барқарор хомашёга эга бўлиши, аҳоли эса саралаш ва идиш топширишдан амалий наф кўриши керак. Депозит тизими сифатли хомашё оқимини таъминлайди, кенгайтирилган масъулият уни молиялаштиради, иқтисодий асосланган тариф эса хизматнинг ўзини барқарор қилади. Биттаси етишмаса, қолганлари ҳам тўлиқ ишламайди.

Хулоса қилиб айтганда, чиқиндиларни бош­қариш соҳасида бугун давлат ҳокимиятининг барча бўғинлари бир йўналишда ҳаракат қилмоқда. Стратегик мақсад белгиланган, ижро ҳокимияти инфратузилма ва инвестицияни ҳаракатга келтирмоқда, парламент эса қонунчилик ва назорат орқали ислоҳот натижасини фуқаро ҳис қиладиган даражага олиб чиқишга масъул. Қонунчилик ислоҳотлари, парламент назорати ва циркуляр иқтисодиёт механизмларини биргаликда ривожлантириш Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтишини сезиларли даражада жадаллаштириши мумкин. Мезон эса битта: маҳалладаги контейнер ўз вақтида бўшатилса, тўлов адолатли ҳисобланса ва бугун полигонга кетаётган чиқинди эртага саноат хомашёсига айланса, ислоҳот ўз мақсадига етган бўлади.

Отабек РЎЗМЕТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари

институти бўлим бошлиғи




Ўхшаш мақолалар

Ўзбекистон ва жаҳон  «Боку жараёни»  Озарбайжон билан ҳамкорликнинг  гуманитар мезонлари

Ўзбекистон ва жаҳон «Боку жараёни» Озарбайжон билан ҳамкорликнинг гуманитар мезонлари

🕔11:16, 20.11.2026 ✔44

Маданиятлар ва цивилизациялараро самарали мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида 2008 йилда «Боку жараёни» платформасига асос солинган эди.

Батафсил
Иқтисодий фаровонлик ва аҳоли саломатлигига  кўринмас  таҳдид

Иқтисодий фаровонлик ва аҳоли саломатлигига кўринмас таҳдид

🕔10:50, 20.11.2026 ✔43

Ҳозир айни пишиқчилик палласи. Бозор ёки супермаркетга кирганимизда пештахталардаги ялтироқ олмалар, йирик помидорлар, бир текис ранг олган бодринглар эътиборимизни тортади.

Батафсил
Полигонга  кўмилаётган  ресурс

Полигонга кўмилаётган ресурс

🕔15:33, 12.11.2026 ✔98

Айланма иқтисодиётнинг узлуксиз занжири: чиқиндиларни бошқариш, тўлов тизими ва ҳуқуқий тартибга солиш

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар