Мижоз ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи идорага кириб келади. Хона тўрида ходим қоғозларга кўмилиб ўтирибди.
МИЖОЗ: Салом берсак бўладими?
ХОДИМ: Бемалол.
МИЖОЗ: Унда бердик деб ҳисоблайверинг!
ХОДИМ: Майли, унда сиз ҳам алик олинди деган хаёлга боришингиз мумкин! Хўш, хизмат? Ҳа, дарвоқе, хизматимиз пулли.
МИЖОЗ: Биламиз, ўзи ҳозир нима пулли эмас... Мен олдиларига паспортимни алмаштириш масаласида келувдим.
ХОДИМ: Марҳамат. Мана бу қоғозларни тўлдиринг.
МИЖОЗ: Паспорт алмаштириш баҳонасида одамлар исм-шарифини ҳам алмаштириб олишаётганмиш, шу ростми? Мен ҳам шу бўлмағур исмимдан қутулиб олсам, дегандим.
ХОДИМ: Бемалол, пулини тўласангиз миллатингиз, ирқингиз, жинсингизниям ўзгартириб беришимиз мумкин.
МИЖОЗ: Оҳо, зўр-у. Миллатим, ирқим, жинсим қолаверсин ҳозирча. Ҳаммасини ўзгартириш анчага тушар-а?
ХОДИМ: Ҳа, албатта. Пулини тўланг, бизга деса, ўзга сайёралик бўлиб олмайсизми!..
МИЖОЗ: Ҳозирча исмимни ўзгартирсам ҳам катта гап.
ХОДИМ: Ихтиёр ўзларида... Қани, исм-шарифларини бир гулласинлар-чи.
МИЖОЗ: (Шивирлаб) ...Ўптиев... Норпўтти
ХОДИМ: Нима қипти? Шу ёмон исмми? Бундан баттарлари бор-у...
МИЖОЗ: Ўзингиз ихтиёрингиз деяпсиз-у.
ХОДИМ: Дедим. Майли, ихтиёрингиз.
МИЖОЗ: Султонов Жаҳонгир Соҳибқиронович бўлсаммикан?
ХОДИМ: Ихтиёрингиз. Пулини тўласангиз...
МИЖОЗ: Қанча бўлади?
ХОДИМ: Ўн минг...
МИЖОЗ: Яхши-ку, арзон экан-ку. Ўн минг сўм-а!
ХОДИМ: Ҳа, фақат, устига яна озгина қўшадилар... яна шунча «кўки»дан.
МИЖОЗ: Оббо, бу ёғиям бор, денг... Мисол учун минглар атрофида битадигани йўқми? Минг ҳам иккита сигирнинг пули, ака!..
ХОДИМ: Бизга барибир дедим-ку, пулини тўланг, шунақа одам бўлиб юраверинг.
МИЖОЗ: Полвонов Бойназар Абдиқундузович бўлиш учун қанча тўлайман?
ХОДИМ: Бешта.
МИЖОЗ: Жуда қиммат, ахир, бу пулга катта иморат қурса бўлади-ку. Инсоф қилинг, ака!
ХОДИМ: Бунақа исм-шарифни акаси, минг қўйли бойлар кўтариб, юришади, хўпми, туя бечоранинг ҳам ҳаммомга тушгиси келган экан. Кўрпангизга қараб оёқ узатсангиз бўлмайдими!?
МИЖОЗ: Хўп, дейлик, менинг беш юз кўким бўлса-чи? Қанақа исм-шарифга ноил бўламан?
ХОДИМ: Беш юзтагами... Мана, мисол учун, Анди Сандий, Тувал Барот... Хуллас шоирбой, ёзувчибойларнинг исм-шарифларини қўйиб бераман беш юзингизга, шунгаям шукр қилинг. Бу исм-шарифлар сизга Норпўтти Ўптиев эмас-ку. Шоир ва ёзувчиларнинг номлари улуғ, биласиз ва... у ёғиниям биласиз. Ёмонми, сизни бундан кейин, Ибрат Қудрат ёки Мақсуд Довул дейишади. Одамлар сизни бу исм-шарифингиз билан бой-бадавлат, ростдан ҳам обрўси, мол-мулки бор, деб ўйлашади!
МИЖОЗ: Менда, тўғриси, ҳозирча юз минг сўмча бор эди...
ХОДИМ: Ихтиёрингиз, унда сизга Чўянбой Белкурак ўғли Тозабеков жуда мос келади. Чўянсиз, сиз туфайли ерлар ағдарилади, ҳаммаёқ тоза бўлади. Бўладими?
МИЖОЗ: Бир... эллик мингларга мос, одам уялмайдиган бирорта исм-шариф тўғрилаб беролмайдиларми?
ХОДИМ: Бу пулга ўзингизнинг исм-шарифингиз жуда мос тушади. Қаранг, жаранглашини: Норпўтти Ўптиев! Мана, меникига ўхшаган: Ҳақкелди Тўғирладиев! Зўрми? Ота-боболаримиз бир нарсани ҳисобга олишганки, шу исм-шарифларни болаларига раво кўришган. Келинг, ношукр бўлмайлик. Берганига шукр! Қани, ҳужжатларни тўлдиринг. Тез орада янги паспорт қўлингизда бўлади. Агар бойиб кетсангиз, бир келинг, энг зўр исм-шарифни сизга қўйиб берамиз!..
Маҳмуд БЎРОН