Шаҳарга кетаётган «Damas»да йўловчилар турли мавзуларда гурунглашиб борардик. Ёши ўттизлар атрофидаги аёлнинг тўй ҳақидаги гапидан кейин суҳбат беихтиёр бугунги тўйлар, қудалар ўртасидаги олди-берди ва водий томонларда «авж» олаётган мазарга уланиб кетди.
— Дадам оддий ишчи бўлса ҳам қизларини бекаму кўст қилиб узатган, — дея гап бошлади ўша аёл. — Бир ойча бўлиб қолди, кенжа синглимни Фарғона қишлоқларидан бирига узатдик. Оиламизда бошқа фарзанд бўлмагани боис ота-онамни қийнамай, деб ҳар куни мазар ташийман. Ҳозир ҳам эрталабки нонушта ва тушликни бир қилиб олиб кетяпман. Қудалар кўнгил учун бўлса ҳам «етар, энди олиб келманглар», дейишни хаёлига ҳам келтиришмади. Улар оилавий шароитимизни яхши билишарди. Буни тўғри тушунишса бўларди. Дадам корхонада қоровул бўлиб ишлайди. Онам эса уй бекаси. Бунинг устига, ўғлим катта невара бўлгани учун эрта баҳорда хатна тўйи қилмоқчимиз. Ўғлимга қўшиб, менга ва турмуш ўртоғимга, қайнона-қайнотам, асосийси, овсинларимнинг ёнида уялтирмайдиган даражада сарпо-суруғ қилиш керак. Ота-онамга «бўлди, энди мазар олиб бормаймиз», десам, улар синглим хафа бўлиб, янги тушган оиласида изза бўлишидан хавотир олишяпти...
— Нимасини айтасиз, синглим, бугун тўй-маросимларнинг ортиқча машмаша ва ҳашамлари кўпайиб кетди. Мазари энди ортиқча. Унинг келишига кўз тикиб ўтирадиган бети қаттиқ қайнота-қайноналар оиладаги бахт, обрўни шу «урф»ларда, деб билишади, — дея гапга аралашди ҳайдовчи. — Яқинда бир дўстим қўшни туманга қиз узатганди. Тўйдан кейин тўрт ҳафта тинмай мазар ташиди. Қизи телефон қилиб, қайнонаси уйдагиларингизга айтинг, деб рўйхат тузиб берибди. Бир куни тонг саҳарлаб дўстим телефон қилиб қолди. Сабр косаси тўлиб, уйига юк машинам билан боришимни илтимос қилди. Борсам, салкам уч миллионга сотиладиган новвосини машинамга юклади. Сўнг келинчак қизиникига бориб келишимизни айтди. Дарвоза очган эркак қуда бизни кўриб, ҳайратланди. Дўстим жаҳл билан: «Қуда, мана шу молни ўзларинг сўйиб, бемалол еяверинглар!» деди-да, машинага ўтириб, уйга қайтдик, дея ишора берди. Бир неча кун ўтгач, суриштирсам, қудалар уялганидан «тирик мазар»ни қайтариб юборибди ва мазар олиб бормасликни тайинлабди...
Қизғин суҳбатни тинглаб кетаётган эллик ёшларга кирган бир аёл ҳам кўнглидагиларини дастурхон қилди:
— Ҳа, бугун турмушимизда бундай ҳолатни кўп учратиш мумкин. Ўтган йили қўшним бир кунда қўш келин олди. Иккови ҳам қўшни маҳалланинг қизлари. Оиласи, ота-оналари ҳам бизга яхши таниш. Ишонсангиз, ҳар икки оиладан қирқ кун тинмай мазар келди. Қўшним неча бор айтди, барибир «рақобат» тўхтамади. Ҳар замонда бизга ҳам девор оша турли егуликлар тортиқ қилишарди. Бу ҳолатни кўриб, жуда ҳам хафа бўлдим. Уларнинг «мен сендан қоламанми» қабилидаги хатти-ҳаракатлари, исроф, увол нима эканини билмасликлари мени жуда ранжитди. Ҳозир эса бу икки келин бир-бири билан тескари, кунора жанжаллашади. Қўшним ҳам қай бирининг кўнглига қарашни билмай, боши қотган. Ота-она биринчи галда фарзандига яхши таълим-тарбия бериб, одобли-ахлоқли қилиб ўстириши керак эмасми?
Ҳамроҳларимнинг ҳаётий воқеаларга бой ҳангомаларини эшитиб, манзилга қандай етиб келганимни ҳам билмай қолибман. Бу суҳбатни хаёлимдан ўтказарканман, бугун ёш оилаларнинг арзимаган сабаб билан ажрашиб кетаётгани, турли келишмовчиликларнинг, можароларнинг бир учи шундай «урф-одатлар»га бориб тақалишини англагандек бўлдим. Аслида тўйдан кейин қирқ кунгача овқат билан йўқлаш шартми? Кимдир обрў қозониш учун, кимдир ўзини кўрсатиш учун қилаётган бу ортиқча сарф-харажат кимнингдир «бели синишига» сабаб бўлмайдими?
Неча йиллардан буён бот-бот турли йиғинларда, оммавий ахборот воситаларида тўйларни ихчамлатиш, кераксиз урф-одатларни тўхтатиш зарурлиги айтиб келинади. Лекин ҳеч қандай ижобий натижа йўқ. Аксинча, янги-янгилари қўшилиб, неча-неча оилаларни пароканда қиляпти.
Бугун ҳаётимизда шу воқеаларни ўз кўзимиз билан кўриб туриб, тўйларни камхарж қилиб ўтказиш, дабдабабозлик ва ҳашамларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган тарғибот-тушунтириш ишлари самара беряпти, деб айта оламизми?
Миролим ИСАЖОНОВ,
Андижон вилояти
Азиз газетхон!
Тўй ва маросимлардаги ортиқча сарф-харажатларни йўқотиш, исрофгарчиликка йўл қўймаслик учун қандай ишлар амалга оширсак, кўзланган натижага эриша оламиз, деб ҳисоблайсиз? Бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларингизни бизга ёзиб юборинг.
Таҳририят
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔233
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔267
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔437
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил