Мустаҳкам оила      Бош саҳифа

Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шакл­ланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Фақат оила эмас,  ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

Эрта никоҳлар, ҳали оилавий ҳаётга тайёр бўлмаган ёшларнинг бошини қовуштириб қўйиш ҳолатлари ажралишлар сони сезиларли камайишига тўсқинлик қиляпти. Ёшлар ўртасида оилавий масъулият заифлиги уларни оилавий ҳаётга пухта тайёрлаш заруратини кун тартибига олиб чиқмоқда.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашдан кўзланган асосий мақсад уларнинг онгли, масъулиятли ва барқарор оила қуришга тайёрлигини таъминлашдир. Бу орқали ёшларда оиланинг аҳамияти, унинг ижтимоий ва маънавий вазифалари тўғрисида билим ва тушунчалар шакллантирилади. Ўзаро муносабатларда маданият, ҳурмат ва бағрикенглик, муаммоларни ҳал қилиш кўникмалари тарбияланади. Иқтисодий ва ҳуқуқий саводхонлик, репродуктив саломатлик, соғлом турмуш тарзи каби масалаларда ёшларнинг қанчалик пухта билимга эга бўлиши, келгусида улар бунёд этаётган оила мустаҳкамлигида муҳим асос бўлиши, шубҳасиз.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласи давлат сиёсати даражасида аҳамият касб этмоқда. Бу йўналишда қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинган. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг фармони билан 2018 йилда «Оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси» ва унга асосланган «йўл харитаси» тасдиқланган. Ушбу давлат дастури 2022 — 2026 йилларда «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» билан уйғунлаштирилган ҳолда амалга оширилмоқда. «Бахтли оила» дастури эса ёшларни соғлом оилавий ҳаётга тайёрлаш, низоларни бартараф этиш ва ижтимоий-тарбиявий муҳитни яхшилаш ҳамда хотин-қизлар фаоллигини ошириш ва ажримларни камайтиришга қаратилган муҳим лойиҳа ҳисобланади.

Бугунги кунда шаҳар ва туманларда «Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари» ташкил этилган бўлиб, уларда 30 ёшгача бўлган никоҳланувчи ёшлар учун 16 соатлик бепул ўқув дастурлари асосида 6 та йўналишда машғулотлар ўтказилмоқда. Шунингдек, Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти томонидан маҳаллалар ва таълим муассасаларида семинар-тренинглар орқали амалга оширилаётган «Масъулиятли ота-оналик» дастури ёшларни турмушга тайёрлашга, ота-оналарнинг маънавий, иқтисодий ва психологик саводхонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2024 йилда ажрашишлар сони 2023 йилга нисбатан 8,2 фоизга камайиб, 49 198 тадан 45 135 тага тушган. Биринчи ярим йилда 22 467 та ажрим қайд этилган бўлиб, бу 11,6 фоиз камайишни кўрсатди.

Ўз навбатида ажрашишларнинг асосий сабаблари сифатида учинчи шахс аралашуви, фарзандсизлик, тайёргарлик етишмаслиги, узоқ муддатли муносабатларга тайёр эмаслик, эрта никоҳ, иқтисодий муаммолар, оилавий масалаларда маслаҳат етишмаслиги, ижтимоий таянчсизлик ва миграция кўрсатилган. Никоҳ ёшида ўсиш тенденцияси кузатилаётган бўлиб, қизлар орасида 20-23 ёш, йигитлар орасида 23-26 ёшда никоҳга кириш ҳолатлари кўпаймоқда.

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш муаммоси фақат таълим ёки оиланинг вазифаси эмас, балки кенг қамровли ижтимоий масаладир. Илмий таҳлил ва 2024 йил сўровномалари кўрсатишича, тайёргарликнинг етарли эмаслиги ажрашишга, низо ва масъулиятсизликка олиб келмоқда. Сўров натижаларига кўра, 68 фоиз ёшлар турмуш олдидан тўғри тайёргарлик кўрмаганини, 41 фоиз эса никоҳ олди маслаҳатлар фақат расмий жиҳатда ўтаётганини билдирган. Шунингдек, 53 фоиз ёшлар масъулиятсиз тайёргарлик ажрашишга олиб келади деб ҳисобласа, 47 фоиз ёш оилалар турмушнинг дастлабки йилида психологик ёрдамга муҳтож бўлган. Бу ҳолатлар ёшларда оилавий ҳаётга онгли ва масъулиятли ёндашувни шакллантириш зарурлигини яққол кўрсатади.

 

Ажрашиш камаймоқда, лекин оилавий муаммолар-чи?

Ажрашишлар 2024 йилда камайгани – албатта, ижобий кўрсаткич. Бу ҳолат, шубҳасиз, ёшларнинг оилавий ҳаётга нисбатан онглироқ муносабатда бўлишга интилаётганини кўрсатади. Бироқ, фақат рақамларга таяниб, ажримлар муаммоси энди ҳал этилди, деб ўйлаш бутунлай хато бўлади. Чунки ҳар бир ажрим – бу фақат статистик бирлик эмас, балки икки инсон тақдири, ўғиллар-қизлар ҳаёти, руҳий зарбалар, ижтимоий изоляция ва мураккаб оқибатлар занжири демакдир. Яъни, ҳар бир ажрим ортида жим ва оғриқли воқелик турибди. Уйдаги зўравонлик, ишсизлик, маиший муаммолар, миграция, маданий қарама-қаршиликлар, эр-хотинлар ўртасида ақлий-маънавий тайёргарлик етишмаслиги ва руҳий нотайинлик – бу жараёнларнинг бош сабабчилари сифатида қолмоқда. Шундай экан, ҳатто битта оиланинг парчаланиши ҳам жамият учун жиддий сигнал сифатида баҳоланиши шарт.

Баъзи ҳолларда ажримларнинг камайиши, аслида, аёллар ёки эркаклар томонидан ҳуқуқий мурожаат қилиш имконияти етарли эмаслиги, жамиятдаги танқиддан қўрқиш ёки маҳаллий босимлар сабабли кечиктирилаётган қарорларни ҳам англатиши мумкин. Демак, «ажримлар сони камайди» деган хулоса ортида яширин муаммолар қолиб кетмаслиги керак.

Хўш, бу ҳолатдан қандай сабоқ олиш лозим?

Аввало, ажримларга қарши курашда фақат формал рақамларга эмас, балки ҳар бир воқеанинг ички моҳиятига эътибор қаратиш зарур. Ҳар бир ажрим – ўзининг «ички тарихи»га эга. Шу боис, бу жараёнларни чуқур ўрганиш, сабабларини таҳлил қилиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш йўлларини ишлаб чиқиш керак. Бундан ташқари, ёшлар учун оилавий ҳаётга тайёргарлик тизими янада самарали бўлиши керак. Бу фақат назарий маърузалар эмас, балки амалий машғулотлар, симуляцион тренинглар, ҳаётий сценарийлар асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқ. Токи, эр-хотин келажакдаги муаммоларни олдиндан кўра оладиган, тўғри мулоқот қиладиган ва масъулиятни ҳис қиладиган шахсларга айланиши зарур.

Энг муҳими – ажримнинг «айбдорини» эмас, балки сабабини аниқлаш ва оилавий ҳамжиҳатликни тиклашга қаратилган маърифий ёндашувни шакллантириш зарур. Бу вазифада ота-оналар, мактаблар, маҳаллалар ва диний муассасалар ҳамкорлиги асосий роль ўйнайди. Зеро, оила бу – фақат муҳаббат эмас, балки сабр, масъулият, ишонч ва доимий эътибор талаб қилувчи мактаб.

 

Инсонларни асрашга қаратилган умумий масъулият

Оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича мавжуд ташаббуслар ва чора-тадбирлар ҳали тўлиқ ҳамоҳанг ва самарали эмас. Масалан, умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида ахлоқ, ҳуқуқ, оила ва ҳаётга тайёргарликка бағишланган машғулотлар мавжуд бўлса-да, уларнинг сони, мазмуни ва сифати жойларда бир хил эмас. Ўқув жараёнида бу масалалар кўпинча формал тусда ўтмоқда.

«Бахтли оила» платформаси, «Оила мактаби», «Маҳалла – оила тарбияси маркази» каби ташаббуслар ёшларга маънавий-ҳуқуқий кўникмалар беришга қаратилган. Аммо амалиётда ушбу лойиҳалар кўлами чекланган бўлиб, аҳолини қамраб олиш даражаси анча паст.

Айрим мактабларда ташкил этилаётган «Ота-оналар куни», «Оилалар форуми», «Никоҳ олди маслаҳати» каби тадбирлар эса умумтаълим стандартларига интеграция қилинмагани сабабли тизимли ва барқарор асосда амалга оширилмаяпти.

Оилавий ҳаётга тайёрлашда энг муҳим омиллардан бири – мактаб ва оиланинг ҳамкорлигидир. Аммо бу жиҳатда узвий боғланиш йўқ, тарбия ва таълим ўртасидаги алоқалар талаб даражасида эмас. Ёшларда ҳуқуқий, психологик ва молиявий саводхонликнинг етарли даражада эмаслиги, мулоқот маданияти ва эмоционал етукликнинг шаклланмагани – турмушда юзага келаётган низо ва тушунмовчиликларнинг бош сабабларидан биридир.

Бундан ташқари, эрта никоҳ ҳолатлари ва меҳнат миграцияси ортидан келиб чиқаётган оилавий парокандалик ҳам барқарор оила қуриш жараёнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса муаммога янада кенг ижтимоий, маданий ва иқтисодий нуқтаи назардан ёндашиш зарурлигини англатади.

Хулоса қилиб айтганда, ажрашишлар сони камайгани – ижобий тенденция. Бироқ ҳар бир ажрим инсон тақдирига дахлдор экан, бу жараёнларга фақат рақам сифатида эмас, балки инсоний, маънавий ва ижтимоий қадрият нуқтаи назаридан қараш лозим. Жамият учун битта ажрим ҳам кўп. Шунинг учун ҳар биримиз – ота-она, устоз, етакчи ёки маҳалла фаоли сифатида оилавий қадриятларни муҳофаза қилишда фаол иштирокчига айланишимиз керак. Ажрашишлар камайиши – бу статистик ютуқ эмас, балки инсонларни асраб қолишга қаратилган умумий масъулиятимиз ифодаси бўлиши шарт.

 

Узвий ва узлуксиз илм зарурати

Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш – соғлом ва барқарор жамият асоси. Бу борада қонунчилик ва таълим орқали бир қатор ишлар назарда тутилган. Аммо уларнинг аксарияти формал тусга эга бўлиб, ёшларнинг ҳуқуқий, психологик ва иқтисодий тайёргарлиги етарли эмас. Мактаб-оила ҳамкорлиги суст, махсус таълим фанлари ва маслаҳат марказлари етарли даражада ишлаётгани йўқ. Шу боис, бу йўналишда комплекс ёндашув, амалий таълим ва замонавий тарғибот усулларини жорий этиш зарур. Шундагина ёшлар онгли ва масъулиятли равишда оила қуришга қодир бўладилар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни келтириш мақсадга мувофиқ:

Комплекс ёндашув зарур. Оилавий ҳаётга тайёргарлик фақат мактаб ёки оиланинг зиммасида бўлса, ёш шахс ҳаётнинг бошқа жабҳаларида (ижтимоий, ҳуқуқий, ахлоқий) етарли кўникмага эга бўлмаслиги мумкин. Таълим, оила, жамоатчилик ва ахборот воситалари биргаликда иш олиб борса, тарбия самарали бўлади.

Психологик етукликни шакллантириш. Аксарият ажрашишлар ёшларнинг ҳиссиётларга берилиб, оқибатни ўйламасдан никоҳга киргани туфайли юзага келади. Психологик тайёргарлик орқали ёшларда стрессга чидамлилик, бағрикенглик ва тўғри қарор қабул қилиш қобилиятини ривожлантириш зарур.

Муносабат маданияти. Ўзаро ҳурмат, мулоқот маданияти ва муросага кела олиш – мустаҳкам оиланинг асоси. Бу кўникмаларни мактаб ёшидан ўргатмаслик турмушдаги низоларнинг асосий сабаби бўлади.

Ҳуқуқий ва иқтисодий саводхонликни ошириш. Ёшлар кўпинча никоҳнинг ҳуқуқий оқибатларидан, моддий-масъулият жиҳатидан бехабар бўлади. Бу эса қарз, мерос, фарзанд масъулияти каби масалаларда келишмовчилик­ларга олиб келади.

Таълим тизимида махсус фанлар жорий этиш. Оилавий ҳаётга оид билимлар тизимли ва академик асосда бериш, яъни «Оилавий ҳаёт маданияти» ва «Шахсий муносабатлар психологияси» каби фанларни жорий этиш, мактаб психологлари ва тарбиячиларни махсус курслар орқали тайёрлаш, синф даражасида интерактив машғулотлар ташкил этиш ёшларда турмушга оид онгли тасаввур шаклланади.

Ота-оналарнинг фаол иштироки. «Маърифий ота-она» дастурини амалга ошириш, болаларни турмушга тайёрлаш бўйича вебинар ва семинарлар ўтказиш, шунингдек, мактабларда «Ота-оналар маслаҳат маркази»ни ташкил этиш орқали ота-оналарнинг ўзлари ҳам доимий равишда саводли тарбиячига айланиши керак.

Маслаҳат марказлари ва платформалар зарурати. Маҳаллаларда «Оилавий маслаҳат марказлари»ни яратиш, оммавий ахборот воситалари орқали ёшлар учун тарғиботий кўрсатувлар тайёрлаш ҳамда ижобий ижтимоий моделларни оммалаштириш муҳим ҳисобланади.

Ахборот воситалари орқали тарғибот. Ёшлар вақтини интернет ва медиада кўп ўтказади. Шунинг учун тарбиявий ғояларни YouTube, Telegram ва телевидение орқали тақдим этиш – таъсирчан ва замонавий усулдир. Тарғибот қанчалик ижобий ва жонли бўлса, натижа шунчалик самарали бўлади.




Ўхшаш мақолалар

Фақат оила эмас,  ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

🕔07:32, 04.08.2025 ✔126

Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шакл­ланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Батафсил
Фаровонлик  нима?

Фаровонлик нима?

🕔12:10, 15.05.2025 ✔182

Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.

Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган

Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган

🕔15:59, 12.12.2024 ✔371

Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Фақат оила эмас,  ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

    Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?

    Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шакл­ланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

    ✔ 126    🕔 07:32, 04.08.2025
  • Фаровонлик  нима?

    Фаровонлик нима?

    Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.

    ✔ 182    🕔 12:10, 15.05.2025
  • Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган

    Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган

    Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.

    ✔ 371    🕔 15:59, 12.12.2024
  • Эрта турмушнинг  олди олинди

    Эрта турмушнинг олди олинди

    Косон туманидаги «Арабхона», «Юқори Арабхона» маҳаллалари аҳолиси ўртасида эрта турмуш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш мақсадида йиғилиш ўтказилди.

    ✔ 471    🕔 17:16, 12.07.2024
  • Оила ва никоҳ –  муқаддас қадрият

    Оила ва никоҳ – муқаддас қадрият

    Оила жамиятнинг асосий бўғини сифатида қадрланади. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шу қадар фаровон ва барқарор ривожланади. Бу борада халқ депутатлари Кўкдала туман Кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат, тумандаги «Олтин бошоқ» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Дилноза Эшмаматованинг олиб бораётган ишлари таҳсинга лойиқ.

    ✔ 743    🕔 16:36, 02.05.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар