Юртимизда кўпгина мевали боғлар қатор оралари узоқ вақт қора шудгор бўлиб туради.
Бироқ бўз тупроқнинг юқори биологик фаоллиги туфайли уларда органик моддалар жуда тез камаяди, микробиологик ва озиқланиш режимлари, физик хоссалари бузилади, ёмонлашади. Хўш, бу ҳолатда такрорий экинларнинг аҳамияти қандай?
Такрорий экинларни йилнинг исталган вақтида экиш мумкин. Илмий тажрибаларга кўра, ҳар қандай биомасса тупроқ учун яроқли ҳисобланади ва улар эрта баҳорги анғиз, такрорий, кузги, қиш олди ва қишки каби гуруҳларга бўлинади. Биздаги ўзига хос иқлим шароити бунга имкон яратади. Сидерат (кўкат ўғит)ларни, шунингдек, боғдорчилик соҳасида қўллаш ҳам яхши натижа беради.
Тупроқ хоссаларини яхшилаш билан тупроқ унумдорлигини оширишда асосий агротехник тадбирлардан бири такрорий экинлардан сидерат сифатида фойдаланишдир. Хўш, бунинг тупроққа қандай фойдаси бор? Сидератлар тупроқ унумдорлигини оширади, унинг таркибидаги кислоталилик миқдорини камайтиради, фойдали микрофлорани фаоллаштиради, органик ўғит ва биологик азот билан тўйинтиради.
Боғларда такрорий экинлар қўлланганда, дастлабки 2-3 йилда ҳар йили, сўнгра ҳар 2-3 йилда бир марта экилади. Олиб борилган тажрибалар сидератларни бир-икки йил оралатиб, икки-уч йил давомида экиш олма ҳосилдорлигини гектарига 25-30 центнерга оширишини кўрсатди. Такрорий экинларнинг самараси кўп жиҳатдан қандай мақсад учун экиладиган экинлар турига боғлиқ. Аввало, танланган экин маҳаллий шароитга мослашган бўлиши керак. Бундай экиннинг ер устки қисми ҳам, илдиз массаси ҳам тез ўсиши ва бақувват бўлиши, шунингдек, унумдорлиги юқори бўлган тупроққа талабчан бўлмай, кўп миқдорда азот тўплаши зарур.
Мамлакатимиз шароитида қуйидаги такрорий экинлар яхши натижа беради: «Восток 55», «Никольсон» нўхатлари, кузги хашаки нўхат (вика), кузги жавдар, кузги жавдар билан хашаки нўхат аралаш, кузги «Восток 55» нўхати билан арпа аралаш ёки сули, кузги рапс. Бу сидератлар ўсув даврида гектарига 25-45 тонна яшил масса тўплайди ва тупроқни асосий озиқ моддалар билан бойитади. Қиши илиқ ва қисқа бўлган юртимиз шароитида боғларга такрорий экинларни сентябрь ойи охири октябрнинг бошларида, кечпишар мевалар ҳосили йиғиштириб олингандан ва боғларда кузги агротадбирлар (ҳайдаш, пуркаш) ўтказилгандан сўнг экиш керак. Шунингдек, бунда экиладиган экиннинг барча агротехник хусусиятларини яхши билиш талаб этилади. Чунки такрорий экинларнинг берадиган самараси қўлланиш шароитига қараб, ўзгарувчан бўлади.
Юртимизнинг турли ҳудудларида тупроқ-иқлим шароити бир-биридан кескин фарқ қилади. Шунинг учун ягона агротехник тадбирларни қўллаш кутилган самарани бермаслиги мумкин. Демак, ҳар бир ҳудудга мос келувчи боғлар тупроғини ва унга ишлов бериш усулини тўғри танлай билиш ҳам керак.
Гулчеҳра ҚОРАХЎЖАЕВА,
Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔251
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил
Шўрланган тупроқнинг тузи ариди
🕔12:23, 29.08.2024
✔437
Навоий вилоятида турли миллат вакиллари бирдам ва иноқликда яшаб келишади. Улар жамиятнинг турли соҳаларида эл-юрт учун муносиб хизмат қилишаётгани, албатта эътирофга муносиб.
Батафсил
Даромад келтираётган чиқинди
🕔11:43, 29.08.2024
✔511
Маиший ва саноат чиқиндиларини безарар утилизация қилиш бугунги кундаги энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб қолмоқда. Бир қанча ривожланган давлатларда бу масалага муаммо сифатида эмас, ишлаб чиқариш учун иккиламчи хомашё манбаи деб қаралаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Батафсил