Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатларнинг яққол мисоли сифатида Навбаҳор туманида амалга оширилаётган лойиҳаларни тилга олиш мумкин.
Яқинда Ўзбекистон Экологик партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев ҳамда партиянинг Навоий вилоят кенгаши раиси ўринбосари Алижон Жўраев Навбаҳор туманида фаолият юритаётган «Navoiy Asiya Sera» МЧЖ иссиқхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, амалга оширилган ишлар натижасига гувоҳ бўлишди.
Мазкур иссиқхона Туркия технологияси асосида бунёд этилган бўлиб, майдони 4 гектардан иборат. Мутахассисларнинг маълумот беришича, ҳар бир гектардан 200 тоннагача помидор ҳосили олиш режалаштирилган. Бу эса нафақат маҳаллий аҳолининг сифатли маҳсулотларга бўлган талабини қондириш, балки экспорт салоҳиятини ошириш имконини ҳам беради.
Иссиқхонанинг асосий афзалликларидан бири – иситиш тизимида қўлланилган экологик хавфсиз технологиялардир. Туркия ишлаб чиқарувчилари томонидан ишлаб чиқилган махсус қозонларда ёқилган кўмирнинг зарари ташқарига чиқарилмай, махсус фильтрлардан ўтказилади. Бу эса ҳавони тоза сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳудудда экологик барқарорликни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Депутатлар ушбу лойиҳанинг самарадорлигини юқори баҳолаб, иссиқхона қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувни жорий этиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлашди.
Навбаҳор туманида жойлашган «Agrosentr» МЧЖ фаолияти ҳам экологик намуна бўлиши билан эътиборга молик. Ушбу иссиқхона 2017 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, бугунги кунда 4 гектар майдонда фаолият юритмоқда. Ярим гектар майдонда ташкил этилган кўчатхона йилига 2 миллион тупдан ортиқ кўчат тайёрлаш имконини беради. Бу ерда 10 нафар маҳаллий ишчи доимий равишда мева, сабзавот ва гул кўчатларини парваришлаб, маҳаллий бозор ҳамда фермер хўжаликларини таъминламоқда.
Иссиқхонада йилига икки маротаба ҳосил олинади. Ўтган йилда 970 тонна бодринг етиштирилиб, ички бозор билан бир қаторда Россия ва Қозоғистонга ҳам экспорт қилинган.
Корхона маҳсулот экспортидан йилига ўртача 2 минг АҚШ доллари даромад кўрмоқда. 25 нафар доимий ишчи ва мавсумий даврларда қўшимча ишчилар жалб қилиниши туфайли маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланмоқда, ёшларга ҳам янги имкониятлар яратилмоқда.
Сўнгги йилларда Навбаҳор туманида ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни тозалаш тизимлари самарадорлигини ошириш мақсадида кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилди. Депутат Ботирали Шодиев, Алижон Жўраев ҳамда туман партия кенгаши раиси тиббиёт бирлашмаси ва кўп қаватли уйларнинг оқова сувларини қайта ишлаш иншооти фаолияти билан танишишди.
1985 йилда фойдаланишга топширилган ушбу иншоот йиллар давомида эскириб, талабга жавоб бермай қолган эди. Бугунги кунда эса Буюк Британия, Туркия, Германия, Франция, Хитой ва Ўзбекистон технологияларига асосланган гибрид ускуналар ўрнатилиб, юқори самарадорликка эришилди. Натижада, оқова сувларни самарали тозалаш имконияти яратилди, аҳолига сифатли ичимлик сув етказиб бериш ва санитария ҳолатини яхшилаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди.
Бу каби лойиҳалар давлатимизнинг экологик мувозанатни сақлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги изчил сиёсатининг амалий ифодасидир.
Ҳудудда аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида Навбаҳор туманининг Бешработ маҳалласида янги турар-жой мажмуаси барпо этилмоқда. «Navoiy Bekzod Buildings» МЧЖ томонидан 2024 йил март ойида бошланган қурилиш ишлари бугунги кунда изчил давом этмоқда. 30 сотих майдонда 120 та хонадондан иборат замонавий кўп қаватли уйлар барпо этилиши режалаштирилган. Қурилишда экологик омиллар ҳам инобатга олинган: умумий ҳудуднинг 30 фоизи яшиллик учун ажратилиб, дарахтзорлар, гулзорлар ва кичик хиёбонлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Депутатлар Навбаҳор туманининг Мирзо Улуғбек маҳалласидаги Қалқонота кўчасида истиқомат қилувчи Шаропова Раъно опа хонадонида бўлишди. Нафақадаги шифокор бўлишига қарамай, Раъно опа ўз ҳовлисида 16 сотих майдонда 50 дан ортиқ турдаги кўчатларни парваришлаб, маҳалладошларига ҳам етказиб бермоқда. Унинг фаолияти нафақат маҳалла ободончилиги, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали: йилига қарийб 75 миллион сўмлик соф даромад келтирмоқда. Раъно опанинг ташаббуслари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг амалий ифодаси сифатида алоҳида таҳсинга лойиқдир.
Навбаҳор туманининг Ҳаловаттепа маҳалласида жойлашган «Осия» фермер хўжалиги фаолияти ҳам кўпчиликка намуна. 26 гектарда олма, яна 26 гектарда шафтоли ва бошқа мевали дарахтлар парвариш қилинмоқда. Жорий мавсумда камида 80 тонна олма ҳосили олиниши кутилмоқда. Фермер хўжалиги фаолияти натижасида 15 нафар маҳаллий фуқаро доимий иш ўрни билан таъминланган. Бу эса давлатимиз раҳбари илгари сураётган «ҳар бир ҳудуд ўз озиқ-овқат захирасига эга бўлиши керак» тамойилининг амалий ифодасидир.
Бир сўз билан айтганда, Навбаҳорда амалга оширилаётган иссиқхона хўжаликлари, сув таъминоти иншоотлари, янги турар-жой массивлари ва экологик ташаббуслар – барчаси халқимиз фаровонлиги, ҳудуд барқарор тараққиёти ва экологик хавфсиз келажакни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Гулруҳ ЗОҲИДОВА,
ЎЭП Навоий вилоят кенгаши раиси ўринбосари
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔67
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔281
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил
Шўрланган тупроқнинг тузи ариди
🕔12:23, 29.08.2024
✔467
Навоий вилоятида турли миллат вакиллари бирдам ва иноқликда яшаб келишади. Улар жамиятнинг турли соҳаларида эл-юрт учун муносиб хизмат қилишаётгани, албатта эътирофга муносиб.
Батафсил