Пак Ин СУК
Ҳар куни йигирма учдан эллик беш дақиқа ўтган пайт мен учун жуда муҳим. Шундай пайтда мен ва ойим бир-биримиздан узоқда бўламиз. Тунги навбатда ишлаганим боис, ҳар сафар шу пайтда ойимга телефон қилиш менинг одатимга айланган.
— Ойи, менман, ҳа-ҳа. Мендан хавотир олмай, ухлайверинг, ойижон, — дейман.
— Тезроқ келгин, ўғлим. Мен яхшиман, ўзингни асра. Ғайрат билан ишла.
— Хўп, ойи.
Менинг бу қўнғироғим онамга бир олам қувонч беради, гўё кун бўйи мадорсиз юрган-у, гаплашганимиздан сўнг кучга тўлгандек бўларди.
— Ойижон, хавотир олманг, мен тезда бораман, — дейман баъзан бепарво.
Доим уйга кириб борганимда, авайлаб ўстирган фарзандини ҳеч кимга ишона олмай, туни билан ухламай, мени кутиб ўтирган ойимнинг ҳолатини кўриб юрагим эзилади.
— Ин Сук, келдингми? — дейди ойим юз йилдан буён кўрмагандек меҳр билан тикилиб. У менинг келишимни кутиб, мижжа қоқмагани учун кўзлари қизариб, ўзи толиқиб ўтирарди.
— Ҳали ҳам ухламадингизми?
— Сенинг келганингни кўрсам, тинч ухлайман-да, ўғлим. Чарчагандирсан?
— Ойижон...
Мен меҳрсиз фарзанд, баъзан ҳатто, онамга бир қўнғироқ қилишга ҳам эринаман. Ишим тугагач, саҳарда уйга кириб келаман. Бир куни келсам, онам мудраб ўтирган экан. Уйғотиб юбормаслик учун эшикни оҳиста очдиму енгил қадамлар билан ичкарига кирдим. Ойим телевизорни ёққан кўйи столга суяниб ухлар эди. «Яхшиям шу телевизор бор», дедим мен ўзимга. Шу пайт ойимнинг қўлидан полга нимадир тушиб кетди. Телефон ва рақамлар ёзилган дафтар эди бу. Унда иш жойимнинг телефон рақами ёзилган эди. Ойим менинг қўнғироғимни кутиб, ўзим қўнғироқ қилсаммикан, дея иккиланган ва ухлаб қолган кўринади. Столга суяниб ухлаб қолган ойимнинг ажин тушган юзларига қараб, ичимдан отилиб чиқишга уринаётган йиғини тутиб тура олмадим. Қишда баргларини тўкиб, кўримсиз бўлиб қолган дарахт каби ҳувиллаб қолган эди ойимнинг юзи. У кишини оҳиста кўтариб, каравотига ётқиздим ва кўрпани авайлабгина ёпиб қўйдим. Шу пайт онам уйғониб қолди.
— Ин Сук, келдингми?..
— Ойи, кечиринг.
— Кечиринг, деганинг нимаси, ахир, фақатгина ўн икки бўлишидан олдин телефон қилиб қўйсанг бўлар эди-ку. Тинчликми ўзи? Қўнғироқ қилмаганинг учун хавотир олдим. Яна...
Ойим уйқусираб, ҳорғин овозда гапирди. Сўнг чуқур нафас олиб, бир энтикиб олди. Доим ўзини ўйлайдиган, менга бор меҳрини тортиқ қиладиган онам ўзимдан ҳеч нарса сўрамасди. Фақатгина бир чимдим меҳр... бир оғиз ширин сўз кифоя онамга. Шунда ҳар куни ойимга меҳр улашишга қасам ичдим. Қандай ишим бўлишидан қатъи назар, албатта ойимга телефон қилиб, уни ширин сўзлар билан сийлашга ўз-ўзимга сўз бердим.
...Ойимнинг вафот этганига бир йилдан ошди, мен ўз одатимча иш тутаман. Қўлимга телефонни оламану осмонга қараб шундай дейман:
— Ойижон, сизни яхши кўраман...
Корейс тилидан
Малоҳат ҒАФФОРОВА
таржимаси
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил