Мўттивойнинг иштаҳаси очилиб, энди овқатга қўл чўзган эди ҳамки хотинининг чийилдоқ овозидан қошиғи ҳавода муаллақ қолди.
— Бировларнинг ошқозонига уч маҳал емиш кирса, бу кишимникига фил ҳам бас келолмайди. Ҳа, мени лақиллатаман десангиз, чучварани хом санабсиз. Ким эди у мегажин?..
— Кимни назарда тутяпсан, гулим?! — сўради эр фаромушлик билан.
— Кимнимиш?! Ўша кўчадаги енгил ковуш илган ойимчахонни-да! Сизга кўзини сузгану сиз шамдай оқиб қолавергансиз. Ғунажин кўзини сузмаса, буқа арқонини узармиди?! Буям етмагандай, кеча унинг қўлидан алламбало матоҳни олиб, ўргатилган кучукдай ликиллаб олдига тушдингиз, буни ўз кўзларим билан кўрмасам, ўлай агар ишонмасдим...
— Жоним, туҳмат қилманг, ахир, биз Нуричка билан битта жойда ишлаймиз, бунинг устига, у аёл киши, унга бор-йўғи ёрдамлашиб юбордим, холос. Шунга ота гўри — қозихонами?! Қўй, шу бемаза гапларни, ундан кўра, бугун бир сайрга чиқсак, нима дейсан?
— Сайрга? Борди-ю, сайр қилиб юрибмиз ҳам дейлик, кейин ўша Нуричкангиз кутилмаганда учраб қолса, нима бўлади? Яна қўлида зилдай сумкалари ҳам бор, дейлик. «Мўттивой ака» деса, сиз шу заҳоти ўзингизни йўқотиб, қандай қилиб хонимчани уйининг ичигача кузатиб борганингизни билмай қоласиз. Кейин-чи, қўярда-қўймай, дастурхонга чорлайди, ичкилик, вальс... Эркаклар бундай «тилла сув парилар» олдида мойдай эрийди!
— Азизам, бугун чап ёнинг билан турганга ўхшайсан, бу аниқ.
Ҳали хотинининг тергови тугамасидан эшик қўнғироғи устма-уст чалинди. Офтобхон чиқиб, қайтиб кирди. Усти зар ялтироқ ўроғлиқ қутини столга қўйди.
— Бу нима? — ажабланиб сўради Мўттивой.
— Подарка! — хотини совғадан кўзини узмай, мулойимлик билан жавоб қайтарди. — Ишхонамдан. Вей, ҳамкасбларим қачон қараманг, шунақа, кутилмаган қувонч улашади. Туғилган куним муносабати билан жамоамиз табриклаб юборибди. Оҳ, ҳамкасблар, ҳамкасблар, овора бўлиб нима қилардингиз, меҳнат таътилида бўлишимга қарамай, уйга келтирибсизлар-да, ҳозирча сизларга ғойибона бўлса ҳам раҳмат! Шундай олижаноб инсонларнинг бошидан сув ўгириб ичсанг арзийди!
— Ичтирадиган аҳмоқ эр йўқ! — Мўттивой бирдан норози оҳангда тўнғиллади.
— Сизга совға ёқмаяптими?
— Совға берган одам ёқмаяпти, ким эди у олифта?
— Бошлиғимизнинг янги шофёри, Шурик.
— Нега эшигимиз тагига машинада келади?
— Нима, пиёда келсинми?
— Ҳе, ўша... Умуман, бугундан бошлаб қорасини кўрмай. Ортиқ бунақа ишларга чидолмайман. Келаси сафар туғилганингда совғани ишхонангнинг ўзида оласан. Шундаям, менинг кўз олдимда. Оиламизга кўз тегишини истамайман, тушунгдингми, Нуричка...
— Вой, ўлай, ана, яна Нуричка дейди-я, вой-дод, бу қандай шармандалик?!
— И-и-и... кечир, фариштам, момоқаймоғим, бўғирсоғим, тушун мени ахир, тилим қурсин, тил... Агар сенга айтсам, ўша «тилла сув пари» деганлари, сочингнинг битта толасига ҳам арзимайди, сен менинг танҳоимсан!
— Қўрққан олдин мушт кўтаради! Тамом-вассалом, бемор касалини яширса, иситмаси ошкор қилади. Мени Офтобхон дейдилар, қараб туринг, шундай олов пуркайки... Ўша саёқ жувонингизга нақ жаҳаннамни кўрсатмасамми! Билиб қўйинг, бугунданоқ, ҳатто, уни тушингизда ҳам кўришингизни тақиқлайман! Мен ҳам эрини берадиган аҳмоқ хотин эмасман. Нима бало, бугун ўзингиз чап ёнингиз билан тургансизми дейман, а?!
Шерзод ДЕҲҚОНОВ
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔894
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил