Бир пайтлар Жонпўлат Тошпўлатович бўлган Жони бува нафақага чиқиб, оддий одамларга ўхшаб мол боқмоқчи бўлди.
Мансабдан-мансабга, соҳадан-соҳага ўтавериб, ҳаёт қозонида роса қайнаган бува шу ёшга кирган бўлса-да, мол боқмаган эди. Аслида бу ишга хотини сабабчи бўлди. У қишлоқдаги хотинлар билан «гап» ўйнайди. Навбати келиб, хотини бир бузоққа етадиган пул олди. Эр-хотин довдираб қолишди. Бунча пулни нима қилишсин энди. Бир неча оламшумул «бизнес» таклифлар бўлди.
— Қуён боқсакмикан?.. — деди эр иккиланиброқ.
Хотин кулди:
— Қариганда «Ажойиб хаёлпараст» бўлмоқчимисиз?..
— Унда товуқ боқа қолайлик?
— Бўлмайди, — деди хотини ишшайиб, — берган тухуми еган буғдойига ё етади...
Хуллас, одатда эр-хотин ўртасида бир иш қилишдан олдин содир бўладиган айтиб-эшитиш бошланиб кетди. Ёш бир жойга етгач, барибир, хотиннинг айтгани бўлади. Хотин ўзи аслида бир ишни обдан икки ойча ўйлаб, бир қарорга келади. Бу қарорни таёқ ўқталиб ўзгартириб бўпсиз. Аммо у бошданоқ шу гапини айта қолмайди. Олдин яхшилаб эрининг миясини қиздириб олади. Сўнг, эр: «олсанг олавермайсанми!» деган даражада пишгач, ишга киришилади ва бунинг учун ҳам эр ишга солинади.
— Бобоси, пулни олинг-да, эрта саҳарда ўғлингиз билан мол бозорига тушинг... Бир ёшларга тўлай деб турган, келажаги порлоққина, бир оилани обод қиладиган ғунажин ола қайтинг.
Бобой ноилож, тўнғиллаганча рози бўлади...
Худо бозорини бериб, бобоси ўғли билан бирга хотини айтган «келажаги порлоққина» ғунажинни етаклаб келади. Оилада янги ҳаёт бошланади. Бир пайтлар не-не эркакларни ишлатган басавлат бошлиқ, энди ўн етти ёшли йигитчадек хотиннинг дастёрига айланган.
Бузоққа катта меҳр билан ном берилади — Зайтунка! Эр хотинининг янги арзандаси ва ҳаётдан бўлган бор умидини кўчага — ариқларнинг бўйига олиб чиқиб, боқиб келади. Хотин билан бирга далага ўт тергани аравачасини судрайди. Ҳикоямизнинг худди шу жойида ўзбек киноларида бўлгани каби бир сатр пайдо бўлади: орадан бир йил ўтди...
...Мол тинмай мўрай бошлайди. Эрнинг тажанглиги тутади:
— Ҳой, фермер хотин! Молингга овқат бердингми? Сув тутдингми?
— Бердим! Тутдим!
— Унда... унга яна нима керак?
— Билмасам...
— Нега билмайсан!? Мол боқар сенми ё менми? Балки пўчоқ аралаш емни бермай қўйгандирсан?
— Йўқ, у ҳам берилган. Зерикканмикин, деб кўчага ҳам олиб чиқдим. Чўмилтирдим. Бефойда. Тинмай мў, мў, мўўў...
Телефонлар ишга тушади. Хизмат доирасида бўлган барча кекса қариндошлар, чўпон оталар, мол дўхтирларига қўнғироқ қилинади. Шунча одамдан шундан ўн баравар кўп маслаҳат олинади: семиртириб юборгансизлар. Онасини соғингардир. Ёшликда ипсиз юрган кезлари тушига киргандир. Бир пайт хотиннинг синглисидан янги гап чиқиб қолади: «У севиб қолган!». Вой, товбангдан кетай! Мол-а?..
Сўнг бу ҳаваскор молбоқарларга масаланинг моҳияти етиб боради. «Куёв» керак! Муборак бўлсин! Эр-хотин хурсанд бўлиб, «куёв» излашга тушиб кетишади. Ахир, куёв зоти бўлмаса, ерда ҳаёт бўлармиди...
Жони буванинг бормаган жойи қолмади. Ҳамма ноз қилади... Буни сўқимликка боқяпман, буқам озиб қолади...
Жони буванинг жони ҳалқумига келади:
— Хўш, унда нима қилай? — дейди у сўқимбоқарга ялинганнамо энсаси қотиб.
— Энди, тоғажон...
— Нима, Зайтункани уйингга бирров олиб келганим учун қалин пули беришим керакми?
— Жа, унчалик эмас-у, ҳар ҳолда...
— Хўш, қанча, гапир?
— Битта учрашув юз эллик... дўллир...
— Нима!? Нима дединг, ҳўкиз!? Юз эллик дўллир!?
Жони бува Зайтункани аччиқ билан кўчага етаклади. Тавба, мана сизга бизнес! Бошқа жойга етаклаб боради. Беш юз! Кўкидан! Вой-дод, ўнгимми тушимми!? «Куёв» голландиялик экан-да! Нархиям шунга яраша!
Зайтунка «мў-мў»лашни қўймайди. Бу ёқда хотин қўймайди: битта «куёв бола» шунчалик қаҳат бўлибдими!.. Жони буванинг пешонаси тиришади. У қирқ йиллик раҳбарлик фаолияти даврида бунақа ечими қийин муаммога дуч келмаган эди.
Эртасига у яна Зайтункани етаклаб, қўшни қишлоқ томон йўл олади. Бу қишлоқда ҳар тугул инсоф бор экан. Биттаси юз минг сўм, яна бири боринг-эй, туғса қаймоғи билан йўқларсиз, деганча эллик минг бера қолинг, деди. Аммо Жони бува балки эскича фикрлайдиганлардандир, бироқ умуман шу ишларнинг пулга чақилишига тамомила қарши эди. Шунинг учун ҳам қайсарлик тамойилига кўра кўнмай, молини яна катта кўчага етаклаб чиқди. Қишлоқ четидаги қари тут тагида мўрайвериб оч қолган ғунажинини ўтлатиб турса, эски велосипедда бир йигитча келиб қолди. Нари борса, коллежни энди битиргандир. Йигитча Жони бувага рўпара бўлди:
— Отахон, «куёв» излаб юрган эмишсиз, шу гап ростми?
— Ҳа, — деди Жони бобо йигитга разм сола туриб нархни билмоқчидек. — Қанча сўрамоқчисан?
— Ҳўкизчам ҳали ёш, нари борса шу ғунажинингиз қатори бордир. Лекин дадил, зоти яхши. Кам бўлмайсиз. Текин.
Жони бува қулоқларига ишонмади. Текин дейдими? Шу замонда-я, ҳамма кўрсатилаётган хизматларни пулга чақиб турган бир пайтда-я...
Жони бува ғунажинни судрагудек бўлиб, велосипедга эргашди...
«Қудалар» бир пайт қарашса, «куёвча» энгашганча Зайтункани эммоқчи бўлиб ётибди. Эгаси қизариб кетди. Жони буванинг жони чиқди:
— Йиғиштир бузоғингни! Шуям ҳўкизми!?
— Ҳозир... отахон, мен унга вазифасини тушунтиришга ҳаракат қиламан...
Жони буванинг энсаси қотди, қўл силтаб, уришиб ташлади:
— Бу вазифа тушунтирилиши керак эмас!.. Машқ қилгани подага боринглар...
Жони бува Зайтункани киройи эллик минглик ҳовли томон етаклаб кетди.
Маҳмуд БЎРОН