Шодмон бобо ҳовлидаги дарахт шохларини бутаётган эди, шу пайт набираси келиб қолди.
— Ассалому алайкум! Ҳорманг, бобожон.
— Ваалайкум ассалом, бор бўлинг, болажоним. Хўш, мактабда ўқишлар қалай?
— Яхши.
— Бугун нима дарс ўтдингиз?
— Устозимиз Наврўз байрами ҳақида гапириб берди. Бу шодиёна сабаб аразлашган, бир-бири билан гаплашмай юрган одамлар ярашаркан. Шу тўғрими, бобожон?
— Ҳа, устозингиз ҳақ гапни айтибди. Одамлар ўртасидаги гина-кудурат унутилади.
— Унда нега сиз ва амаким бир-бирингиз билан ярашмаяпсиз?
Шодмон бобо набирасининг саволидан бирдан довдираб қолди…
Бир йил олдин унинг ҳаётида хунук воқеа юз берган. Шуни эслади. Ўшанда ўғли Ботирга беш йилдан бери фарзанд кўрмаётган хотин билан ажрашишни талаб қилганди. У эса бундан бош тортган. Отасига ажрашиш талабини қўймасликни ҳар қанча илтижо қилмасин, барибир фойда бермаган.
Охири Шодмон бобо бу «қулоқсизлик»ка жавобан «Ажрашмасанг, уйимдан йўқол, қорангни умуман кўрмай», деди. Бечора ўғил нарсаларини йиғиштириб, ижара уйга чиқиб кетди.
Эр-хотин ота-онасининг ҳолидан тез-тез хабар олиб турди. Шундай кезларда ҳам Шодмон бобо улар билан гаплашмади.
Шуларни хаёлдан ўтказиб, тўсатдан бува боғдаги ишини тўхтатди. Дарҳол йўлга отланди. Эшикдан чиқаётган маҳали набираси саволга тутди:
— Бобожон, қаерга кетяпсиз?
— Амакинг билан ярашгани, той бола.
Ботирнинг ижарада турган уйи икки кўча нарида. Шодмон бобо бу ерга бирор марта ҳам келмаган. Бугун юрак ютиб, ўғли билан ярашишга келди. Дарвозадан секин ичкарига мўралади. Қаради-ю, ҳовлида куймаланиб юрган келинига кўзи тушди: у ҳомиладор эди. Шунда бир пайтлар қандай катта хатога йўл қўйганини тушунди.
Келини қайнотасини кўриб, дарҳол унга пешвоз чиқди.
Ботир ичкаридан сўз қотди:
— Нозима, ким келди?
— Чиқинг, кўрасиз...
Аёлининг сўзидан сергак тортган Ботир дарҳол ташқарига чиқди. Отасининг меҳр тўла кўзларига боқишга бардоши етмаган Ботир ўзини падари бағрига отди. Шодмон бобо уни тўйиб-тўйиб қучди. Ўғли ва келинидан узр сўраб, уларни уйга қайтариб келди.
Наврўз байрами куни келинининг кўзи ёриди. Шодмон бобо байрам сабаб, ўғли билан ярашганига, байрам кунида набирали бўлганига қувониб, чақалоққа Наврўз деб исм қўйди.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил