Мамлакатимизда ўрдак боқиш ҳам оммалаша бошлади, дейиш мумкин. «Паррандасаноат» уюшмаси мутахассисларининг айтишича, ҳозирча биргина Оҳангарон туманидаги «Шоштепа-Шамс» фермер хўжалигида ўрдакларни саноат миқёсида парваришлаш йўлга қўйилган. Лекин бозордан ўрдак харид қилиб, ҳовлисида боқаётган кишилар ҳам кўп. Одатда, ўрдак гўшти ва тухуми учун боқилади.
Танлаш
Ўрдакларни боқишга киришишдан олдин уларнинг туллаши (линька) тугаб, балоғатга етганига эътибор қаратиш лозим. Асосан, бир хил ёш ва вазндаги ўрдаклар ажратиб олинади.
— Яхши парваришланган пекин зоти 6-6,5 ойдан бошлаб тухумга киради, — дейди «Паррандасаноат» уюшмасининг Ишлаб чиқаришни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳакимжон НАРМУҲАМЕДОВ. — 5-6 ҳафтадан сўнг тухум бериши 90 фоизга етади. Ўрдаклар тухумга киргач, маҳсулдорликни ошириш учун кунлик ёруғлик 13-14 соатга узайтирилади ва оқсилга бой озуқа бериш кўпайтирилади. Ёш ўрдаклар яхши боқилиб, 150 кунлик бўлганда макиёнларининг тирик вазни 3 килограмм, хўрозиники 3,5-4 килограммни ташкил этади. Шунингдек, бу вақтда туллаш даври тўлиқ тугайди.
Гўшт берадиган зотлари
Пекин зоти — тез етилувчи, серҳаракат ва бақувват бўлади. Йилига ўртача 120 дона тухум беради. Хўрозининг тирик вазни — 3 килограмм, макиёниники — 2,5 килограммга етади.
Украина зоти — сифатли гўшти, кўп тухум бериши билан ажралиб туради. Йилига 120-140 дона тухум беради. Хўрозининг тирик вазни — 3,5, макиёниники — 2,8-3 килограммгача етади.
Оқкўкрак қора зоти — бир йилда 130-140 дона тухум беради. Тирик вазни: мос равишда 3,5-4 ва 3-3,5 килограмм.
Москва оқранг зоти — хўрозининг вазни 3,9-4,2, макиёниники 3-3,5 килограммни ташкил этади. Бир йилда 120-130 дона тухум беради.
Руан зоти — аъло даражадаги гўшти билан ажралиб туради. Тирик вазни мос равишда 4-4,5 ва 3-3,5 килограммга етади. Бир йилда 80-100 дона тухум беради.
Ўрдакларни ёзда гўштга боқиш учун очиқ жойда парваришлаш мумкин. Лекин уларга шийпонлар қуриш талаб этилади. Сув танқис пайтда ўрдакнинг иштаҳаси йўқолади ва яхши семирмайди.
Тухум берадиган зотлари
Гўшт учун боқиладиган зотларга қараганда тухум берадиган ўрдакларнинг вазни нисбатан енгил бўлади. Тухум беришда товуқлардан қолишмайди. Бундай зотлар эса бирталай. «Чопағон», «Мускус», «Хаки-Кембелл» кабилар ана шундай зотлардан.
Инкубация
Инкубаторга қўйиш учун +8... +12 даража ҳароратда 8 кундан кўп сақланмаган бутун ва нуқсонсиз тухумлар яроқли ҳисобланади. Инкубаторга қўйилгандан сўнг маълум вақт ўтиб, тухумдан катта миқдорда иссиқлик чиқа бошлайди. Шунинг учун бу жой интенсив шамоллатиб турилиши лозим.
Табиий курк бўлиш
— Пекин ўрдагида курк бўлиш инстинкти яхши ривожланмаган, — дейди «Паррандасаноат» уюшмаси раҳбари Пўлат РАҲМАТУЛЛАЕВ. — Лекин мускус зоти ва маҳаллий ўрдакларда курк бўлиш инстинкти яхши. Курк бўла бошлаган ўрдаклар уяда кўпроқ ўтиради, галага қўшилмайди, тухум босиш учун қулай шароит яратишга интилади. Уядаги тўшама қуруқ ва тоза бўлиши, тез-тез алмаштириб турилиши керак. Тухумдан жўжа очириш учун ҳар бир курк бўлган ўрдак тагига 17-21 донадан тухум қўйилади. Тухумлардан жўжа очиб чиқиш фоизи юқори бўлиши учун 10-15 кун хона ҳароратини +20 даражада ушлаб туриш керак. Пекин ўрдагининг жўжаси 28 кунда, мускус ўрдагиники эса 34-35 кунда очиб чиқади.
Озиқлантириш
Ўрдакларнинг тана ҳарорати юқори (+42 даража), хўракни ҳазм қилиши ва модда алмашинуви жуда тез бўлади. Барча паррандалар ичида ўрдаклар донли озуқага кўпроқ эҳтиёж сезади. Серсув ва нордон кўкатларни хуш кўриб ейди. Уларга асосан, янги ўрилган беда 15-20 миллиметр узунликда кесиб берилади. Майдаланган хом картошка, озуқабоп сабзи, лавлаги, силос ва донлар ҳам яхши хўрак. Шунингдек, сули, маккажўхори, буғдой, мош, тариқ ва бошқаларни бериш мумкин.
Паррандахона эса ҳар куни тозаланиши лозим. Ичкаридаги ҳароратнинг қисқа вақтга бўлса-да, -5 даражага тушишига йўл қўймаслик керак. Одатда, ўрдаклар кечаси ва эрталаб тухум қилади.
Касалликлари
Касал ўрдаклар одатда емдонга яқинлашмайди, галадан ажралиб, бир чеккада ётади. Уларни ўз вақтида аниқлаб, ажратиш керак. Улар клоацид, пастереллёз (вабо), вирусли гепатит, салмонеллёз, аспергиллёз, гильминтоз каби касалликларга чалинади.
Нурбек ҒАФФОРОВ
тайёрлади.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔40
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔124
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил