Чуст туманининг Олмос қишлоғи аҳолиси азалдан деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Каттаю-кичикнинг бари меҳнаткаш. Бу ерни тарвузчилар қишлоғи, деса ҳам бўлади. Сабаби, қишлоқда тарвуз экишни билмайдиган оиланинг ўзи йўқ.
Шундай меҳнаткашлардан бири Алиакбар Усмонов 13 йилдан бери эртаги тарвуз етиштириш билан шуғулланади. Ҳовлисига кирганимда Алиакбар ака турмуш ўртоғи Мадина опа билан плёнка стаканларга уруғ қадаётган экан.
— Кўпдан бери деҳқончилик билан шуғулланаман, — дейди соҳибкор Алиакбар УСМОНОВ. — Плёнка остида эртаги тарвуз етиштиришга қизиқиб қолдим. Сир эмас, ёз ойи бошида бозорга чиққан янги тарвузлар жуда бозоргир бўлади. Тан олиш керак, тарвуз экиш жараёни уни парваришлашдан машаққатлироқ. Шу сабаб уруғ қадашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Баъзида уруғини сотиб оламиз, бир хилда ўтган йилги ҳосилдор тарвузлардан олинган уруғлардан фойдаланамиз. Уруғ тайёрлаш учун йирик тарвуз доналари олиниб, яхшилаб ювилади ва офтобда қуритилади. Сифати бузилмаслиги ва ҳаво кириб туриши учун бўз халтачаларда сақланади.
Экиш
Гектарига ўрта ҳисобда 600-700 грамм уруғ экилади. Бу 7,5 мингта кўчат дегани. Плёнкадан қилинган ўрама стаканчаларга уруғ қадашдан олдин махсус текис жой тайёрланади ва ёғоч қириндиси солинади. Сўнг кўчат илдиз отиб кетмаслиги учун плёнка тўшалади. Ушлаб туриши учун ёнига махсус тахталар ташланади. Тупроғини тайёрлаш учун 5:1 нисбатда гўнг, шоли қипиғи ҳамда кўмир кукуни қўшилади (яъни 5 челак тупроққа 1 челакдан гўнг, шоли қипиғи, кўмир кукуни). Сўнг янада попукдай бўлиши учун аралашма махсус элакдан ўтказилади ва нам ҳолида стаканчаларга тенг миқдорда, яримлатиб солиб чиқилади. Сўнг уруғ устидан яна ўша аралашмадан солинади. Ва усти плёнка билан ёпиб чиқилади. Узоғи билан 7-10 кунда кўчат униб чиқа бошлайди. Рангини тиниқлаштириб, илдизини бақувват қилиш учун 10 литр сувга бир пиёла аммофос солиб, 3-4 кун оралатиб сепиб чиқилади. Албатта, аммофос сепилгандан 20-30 дақиқадан сўнг кўчат баргларини ювиб ташлаш лозим.
Далага кўчириш
Эгат тайёр бўлгач, плёнка тортилиб суғорилади, кетидан дориланади. Кўчатлар тўртқулоқ бўлгандан сўнг очиқ далага олиб чиқилади ва 1 метрга учтадан қилиб экилади. Ерга бир ой давомида сув қўйилмайди. Агар ернинг озуқалилиги паст бўлса, икки кўчат орасига селитра солиб чиқилади ва кетидан кечки пайт сув қўйилади. Шу билан гуллаш жараёни бошланади. Меваси катталашгандан сўнг 2-3 кунда бир марта суғорилади. Сув тарвуз пишишини тезлатади ва июнь охирига келиб, узишга тайёр бўлади.
Касалликлари ва чораси
Тарвузга баъзида шира, ўргимчаккана каби касаллик ва заруркунандалар тушади. Шундай пайтда ўзингиз дори тайёрласангиз ҳам бўлади. Хўжалик совуни ва кир ювиш кукуни аралаштирилиб кўпиртирилади, сўнг шира тушган жойга сепилади. Бундан ташқари, тандирдан тушган кулдан ҳам фойдаланиш мумкин.
Даромад
Дастлаб, эртаги тарвуз экишни бир-икки гектардан бошладим. Ҳозир 4 гектар учун кўчат тайёрлаяпман. Ўтган йили гектаридан 30-40 миллион сўм даромад олишга эришдим.
Тарвуз ҳосилидан бўшаган майдонга ерёнғоқ экиб, ундан ҳам қўшимча даромад олишга ҳаракат қиламан. Масалан, бир гектар ерёнғоқдан бемалол 3-4 тонна ҳосил олиш мумкин. Бозорда нархи ҳам юқори.
Ўз меҳнати билан элда ҳурмат топиб келаётган бундай инсонлардан ўрнак олса арзийди. Бундайлар ўзи ҳам бой бўлади, юртни ҳам бой қилади.
Дилфуза ТИЛЛАЕВА
ёзиб олди.
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔40
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔124
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил