Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЖОН ТОМИРГА БОЛТА УРМАНГ

— Ўлдираман!..

Бу ҳайқириқдан бутун маҳалла ларзага келди. Кейин аёл кишининг чинқиргани, ойнанинг сингани, эшикнинг тарақлаб очилиб-ёпилгани эшитилди.

ЖОН ТОМИРГА БОЛТА УРМАНГ

Ҳовлисидан отилиб чиққан аёл, йўлнинг нариёғидаги чойхона томонга югурди. Изидан чайқала-чайқала қўлида болта билан чиққан эркакни чойхонада ўтирганлар аранг тўхтатишди. Қаердандир пайдо бўлган милиция ходими оёғида зўрға турган эркакнинг қўлларини орқасига қайириб олиб кетди. Унинг изидан юзи маматалоқ аёл ва икки болакай қараб қолди. Тўпланганлар бирин-кетин тарқалди. Кимдир кулди, кимдир ачинди...

Ҳаммадан ҳам кўпроқ пиқиллаб йиғлаётган, ерга тикилганча карахт турган аёлнинг ёнидаги болалар ачинарли ҳолатда эди. Уларнинг эртаси ҳақида ким қайғуради? Ичкиликка ружу қўйган отами?

Уясида кўрган қуш

Ичкиликбозлик ҳақида гап кетганда барча ичган одамни айблайди. Аслида унинг болалиги, ўспиринлиги, ёшлиги қай тарзда кечган? Оила даврасида, таҳсили давомида у нималар қилган? Унинг ичкиликка қарам бўлиб қолишига сабаб нима? Бу ҳақда эса аксарият ҳолларда фикр юритилмайди.

— Отам ҳам ичарди, — дейди Тошкент шаҳар наркология диспансерида даволанаётган беморнинг опаси (шахсини ошкор қилишни лозим топмадик). — Укам ҳам катта бўлгач, ичкиликка ружу қўйди. Уни даволанишга мажбурлаб олиб келдик. Аммо ўзи истаб даволанмаса, бекор экан. Отам яхши жойда ишларди. Байрамларда, турли тадбирларда дўстлари билан уйимизда ярим кечагача ичкиликбозлик қиларди. Бора-бора ароққа ружу қўйди. Ишидан ҳам айрилди. Онам билан тортишавергач, чет элга ишлашга кетди. Кўп ўтмай, у ёқдан унинг маст бўлиб, ёниқ қолдирилган газ сабаб портлаб кетгани ҳақидаги шумхабар келди... Онам ёлғиз боши билан мени ва укамни катта қилди. Укам ҳам энди ичкиликка берилиб кетди.

Бугун тўй-ҳашамлар у ёқда турсин, оилавий байрамларда ҳам эр-хотин болаларидан тортинмай, «чўқиштириб» ичаётганига кўп гувоҳ бўламиз. Гоҳида оддий шарбатни боласига ичириш учун «қани, олдик», деб уриштириб ичаётган, бу билан ўзлари билмаган ҳолда фарзандига спиртли ичимликка меҳр уйғотаётганлар ҳам топилади. Ҳамма ота-оналар ҳам болалари тарбиясига беэътибор эмас, дегувчилар ҳам бор, албатта. Чунки улар оилада тарбияни бир маромда йўлга қўйган. Вақтида уйқудан туриш, болаларни мактабга олиб бориш, спорт тўгаракларига элтишни ўрнига қўйишади. Аммо уларнинг бирортаси ўқув муассасаларининг яқинида спиртли ичимликлар дўкони ёки «Кафе-бар»лар борлигига ҳеч аҳамият қаратармикан?

Қонунан тақиқланган, бироқ...

Пойтахтимизда жойлашган бир нечта спиртли ичимликлар дўконлари, «Кафе-бар»лар, спиртли ичимликлар мумкин ва мумкин бўлмаган кафеларни айландик. Уларнинг деярли барчасида харидорларга қулайликлар яратилган, терминаллар бор. Бироқ ҳаммаси ҳам қонунда белгилангандек фаолият юритмаяпти. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида таъкидланишича, спиртли ичимликлар сотадиган дўконлар таълим, мактабгача таълим ва диний муассасалардан ярим километр олис масофада жойлашган бўлиши керак. Бундан ташқари, бу дўконлар жамоат транспортлари бекатларида, метро станциялари бекатларида, жамоат жойларида, соғлиқни сақлаш, профилактика ва соғломлаштириш-спорт муассасаларида, аэропорт, вокзал, автошоҳбекатларда жойлашмаслиги зарурлиги келтириб ўтилган. Аммо айрим мактабларнинг бу каби дўконларга 300 метрдан узоқ бўлмаган масофада жойлашганига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, Мирзо Улуғбек туманидаги 187-сон мактабга 300 метр узоқликда жойлашган «Кафе-бар»ни олайлик. Спиртли ичимликлар билан савдо қиладиган бу дўкон ходимига савол берганимизда у «500 метр чиқади, акс ҳолда, ҳокимият бизга рухсат бермасди», дея жавоб қайтарди. Наҳотки, ўлчов бирлиги ҳамма жойда ҳар хил бўлса?..

Бундан ташқари, спиртли ичимлик сотиш тақиқланган кўпгина ошхоналар мижоз чақириш учун «бизда йўқ, аммо ташқаридан олиб келишингиз мумкин», дейишади. Демак, спиртли ичимлик сотилмайдиган жамоат овқатланиш жойида бемалол ташқаридан олиб келиш мумкин экан-да?! Унда бу жойда спиртли ичимлик сотиш учун алоҳида лицензия беришдан маъни борми?

Инсон шахсини емиради

Ичкиликка ружу қўйган эркакларнинг ўн нафари ўртасида кичик тадқиқот ўтказдик. Уларнинг деярли ҳаммаси «Ичмай юра оламан» ёки «Ичаман, аммо истаган пайтим тўхтай оламан», дея жавоб беришди. Бироқ шишадаги ичимликни кўрганда айримлари ўзини бошқаролмай қолганига гувоҳ бўлдик. Бир қарашда уларни бу йўлдан қайтаришнинг умуман иложи йўққа ўхшайди.

— Алкоголизм — спиртли ичимлик истеъмоли сабаб инсонда кечувчи сурункали психосоматик, яъни руҳият ва танадаги бузилишлар натижасида келиб чиқадиган оғир касаллик, — дейди Тошкент шаҳар наркология диспансери наркологи Абдужамшид ПЎЛАТОВ. — Қарамлик сурункали ичиш, миқдорини кўпайтириб бориш, истеъмолнинг йиллар мобайнида сурункали давом этиши сабабли юзага келади. Аввало, танада кимёвий ўзгаришлар юз беради. Такрорланавергач, организм мослашади ва ташқаридан шу модданинг узлуксиз киришига «созланади», унга кучли турғун талаб пайдо бўлади.

Спиртли ичимликка ружу қўйиш аянчли иллатлардан эканини деярли барча яхши англайди. Натижаси нима билан тугашини ҳам атрофдаги ўзлигини йўқотган кишилар мисолида яхши тушунади. Бироқ турли важлар — туғилган кун, тўй-базмлар, гоҳида эса ғам-ташвишни унутиш баҳонасида ичкиликдан ўзини тийиш мушкул бўлиб қолади. Хўш, бу мушкулликни қандай омиллар келтириб чиқаради?

Тошкент шаҳар наркология диспансери Ўсмирлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Лилия МУЗАФФАРОВА:

 — Ичкиликбозликнинг келиб чиқиш сабаблари инсоннинг шаклланиш жараёнидаги биологик, руҳий, ижтимоий ва маънавий омилларга боғлиқ. Мия ҳолатининг бузилиши, ёшликда олинган турли жароҳатлар, вирусли инфекцион касалликлар хулққа салбий таъсир ўтказади. Ирсий жиҳатдан мойилликни кучайтиради. Тез жаҳлланадиган, босиқ кўрингани билан зардаси қўзиганда тўхтатиб бўлмайдиган ёки раҳмдил, очиқ ва юмшоқ феъл-атворли, ишонувчан кишилар пиёнисталикка кўпроқ мойил бўлади. Бу кабиларда ички таранглик кучли бўлади, тез стрессга тушади. Ота-она муносабатларида уйғунликнинг йўқлиги сабабли ичдан қийналиб ўсганлар, ўта қаттиққўллик ёки жуда эркалатиб тарбияланганларда ҳам ичкиликка берилиш осон кечади.

Оқибати — ногирон болалар

Ичкиликка муккасидан кетган инсонларни учратганимизда уларда инсоний қиёфанинг йўқолганини кўрамиз. Бироқ улар бу билан фақат ўзларини эмас, балки келажак авлодини ҳам хавфга қўяётганини англамайди. Ёки тушунса ҳам бунга қарши курашишга кучи етмайди. Кунда, кунора уйда отанинг мастлигини кўрадиган, жанжаллар, бақир-чақирлардан боши чиқмаётган боланинг руҳиятида ҳам салбий ўзгаришлар юз бера бошлайди. Уларда секин-аста отага тақлид қилиш ривожланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Тиббиёт ҳам сурункали спиртли ичимлик ичган шахсдан соғлом фарзандлар туғилмаслигини таъкидлайди.

Дилбар МУҚИМОВА, олий тоифали шифокор:

— Ичкиликбозликда уйқусизлик, ҳолсизлик, асаб тизими ва руҳий ҳолат бузилиши кузатилади. Ошқозон, бош мия ҳолатининг бузилиши, жигар гепатози, сурункали гепатит, юрак-қон томир касалликлари, инфарктга сабаб бўлади. Сурункали ичувчиларда умр кўриш муддати бошқа инсонларга қараганда 10-15 йилга қисқаради. Спиртли ичимликнинг таркибида кимёвий модда бўлгани сабаб, танага киргач, жинсий ҳужайраларни ҳам заҳарлайди. Инсон қанчалик узоқ ва кучлироқ заҳарли модда истеъмол қилса, бу шунчалик кучли ва чуқурроқ таъсир кўрсатади, ирсиятга ҳам зиёни катта. Сурункали ичувчиларнинг фарзандлари туғма нуқсон билан дунёга келади.

Ичкиликбозлик касалликлар ичида энг хавфлиси эканини шифокорлар кўп таъкидлайди. Чунки бу хасталик нафақат ичкиликка берилган одамнинг, балки жамиятнинг жон томирига болта уради. Аввало, жамиятнинг кучсизланишига, давлатнинг негизи ҳисобланмиш оилаларнинг пароканда бўлишига, насл бузилишига, келажак авлоднинг ҳаёти зулматда қолишига сабабчи бўлади.

 Гўзалой МАТЁҚУБОВА,

«Оила даврасида» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔83

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔61

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔78

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар