Бугун ажрашишга ариза бераётганларнинг аксарияти «характеримиз тўғри келмади», каби омилни асосий важ Қилиб кўрсатяпти. Шугина баҳона оилани барбод Қилиш учун асос бўла оладими?
Илгарилари келин-куёв бир-бирини илк бор чимилдиқда кўрган бўлса-да, негадир улар орасида «характернинг тўғри келмаслиги» муаммоси деярли кузатилмаган. Ҳозирда эса йигит билан қиз тўйгача бир-бири билан неча маротабалаб кўришиб, мулоқотда бўлади. Телефон, интернет орқали деярли ҳар куни хабарлашиб туради. Ҳатто кўп вақтини бирга ўтказади. Шундан кейин турмуш қуришгач, бир-бирига умуман тўғри келмаслиги, бундай умр йўлдош билан яшашнинг ҳеч иложи йўқлиги маълум бўлади-қолади.
Бу иллатнинг илдизи нимада?
Тан олиб айтишимиз керак, бугун яратилаётган яшаш учун қулай шароитлар, ёшларга ҳамма нарсанинг муҳайё қилиб берилиши уларни бир қадар эрка-тантиқ, жиззаки, сиркаси сув кўтармайдиган қилиб қўяётганидан ҳам кўз юмолмаймиз. Ҳар томонлама қулай ва енгил шароитлардан оила қуриш бўсағасидаги ёшлар табиати енгилтак бўлиб қолаётганини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Енгил-елпи ҳаёт кечиришга ўрганиш турмушнинг оддий ёки кичик бир тўсиқларидан ҳам ўтолмай, аразлашиб, ажрашиб кетишга олиб келяпти.
Ҳаётий кузатишлар ва илмий таҳлиллар шуни кўрсатадики, оғир-босиқ, вазмин, мушоҳадакор инсонлар умр йўлларидаги турли тўсиқларни оқилона енгиб ўта олади. Эллик-олтмиш йил биргаликда турмуш кечирган отахон-онахонлар билан суҳбатлашганда уларнинг ҳаёти айнан сабр-қаноат ва матонатга асосланганининг шоҳиди бўламиз. Сал нарсадан лов этиб ёниб кетадиган жиззаки ва енгилтабиат кишилар бошқаларнинг феълига тоқат қилиб яшаши жуда қийин. Фарзандларимизни турмуш қуришга тайёрлашда мана шу жиҳатларга эътиборсиз бўлишга ҳақимиз йўқ.
Ўн етти-ўн саккиз ёшли йигит-қизлар болаликнинг бебошликларидан тўлиқ қутулган дея олмаймиз. Бундай ҳолат баъзиларда то фарзанд кўргунча, айримларда эса йигирма беш-ўттиз ёшгача, эрка ўсган ва ўта енгил ҳаёт кечиришга ўрганганларда ундан ҳам узоқ давом этиши мумкин. Ҳеч бир киши йиллар давомида ўзи ўрганиб қолган, кўниккан шароитларидан бир зумда чиқиб кета олмаслиги табиий. Шу маънода, аввало, оила даврасида ота-она фарзандини эртанги катта ҳаёт йўлларидаги турли ҳолатларга кўниктириб бориши жуда муҳим. Баъзида болалигидан бирон айтгани канда бўлмаган йигит-қизлар турмуш қургандан кейин ҳам айнан шундай бўлиши керак, ҳамма ҳамиша менинг раъйимга қараб яшаши зарур, деб ҳисоблайди. Айниқса, эркатой қиз ва тантиқ йигитчалар турмушнинг илк кунлариданоқ умр йўлдошидан шуни қаттиқ талаб қилиши каттагина можарога сабаб бўлади. Бундай ҳолатларнинг оқибати кўпинча ажрашиш билан тугаётгани жуда ачинарлидир.
Ёшларнинг маънавий-руҳий ҳолати ва хулқ-атвори барқарор бўлиши учун ҳаётий тажриба ва ёшнинг аҳамияти катта. Шунинг учун ҳам «Оила кодекси»да никоҳ ёши 17-18 ёш қилиб белгиланган бўлса-да, кўпни кўрган кайвониларимиз қизларни камида 20-21, йигитларни 23-25 ёшда турмуш қуриши афзал эканини таъкидлашади. Бундай ёшни тавсия қилишда тажрибали инсонлар йигит-қизларимизнинг нафақат жисмоний, ҳатто руҳий-маънавий жиҳатдан ҳам мустақил шахс сифатида шаклланиши, ишли, касб-ҳунарли бўлиши, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиб олиши, энг муҳими, ҳар бир нарсанинг қадрига етадиган бўлишини ҳам назарда тутишади. Сабаби, оила қуриш учун фақат жисмоний балоғатга етишнинг ўзигина етарли бўлмайди. Биргаликдаги турмушда бошқаларни тушуниб ва ҳурмат қилиб яшаш, муқаддас оилани кўз қорачиғидек ардоқлаш, муҳофаза қилиш учун кишининг феъл-атвори, табиати ҳам муносиб ҳолатга етган бўлиши шарт.
Шуҳрат ҒОИМОВ
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔234
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔267
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔437
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил