Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ЁРДАМГА МУҲТОЖ «ТЕЗ ЁРДАМ»

ёхуд қадим Бухородаги «қадимий» муаммолар қачон ечилади?

Қоракўл тумани Дўрмон қишлоқ врачлик пунктидан туман тез тиббий ёрдам бўлимига чақирув тушди. Чақирувда билдирилишича, эллик ёшлардаги аёлни юрак хуружи кучли безовта қилган.

Тез ёрдам бригадаси зудлик билан ишга киришиб, айтилган манзилга йўл олди...

Ҳа, бундай пайтда пайсалга солиб бўлмайди. Ўтаётган ҳар бир сония бемор ҳаётининг охирги лаҳзасига айланиб қолиши мумкин...

ЁРДАМГА МУҲТОЖ «ТЕЗ ЁРДАМ»

Даволаш — чўнтакдан

Дўрмон қишлоқ врачлик пункти олти мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади. Беморларга биринчи тиббий ёрдам, тиббий кўрикдан ўтказиш, профилактика ишларини олиб бориш, ҳомиладорларни ҳар ойда тегишли кўрикдан ўтказиш, чақалоқлар ва болаларни даврий тақвим бўйича эмлаш,  зарур ҳолларда беморларни туман тиббиёт бирлашмасига йўналтириш каби ўнлаб вазифаларни бажариш пункт зиммасига юклатилган. Амалда эса...

Ўша куни пунктда кўрикка келган бирор кишини учратолмадик. Сабабини суриштирсак, «бугун бизда профилактика куни, патронажларимиз маҳаллаларга чиқиб кетишган», деб жавоб беришди.

Врачлик пунктида ишлаётган шифокорларнинг айтишича, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун ҚВПда дори воситалари етарли эмас. Ҳатто оддий қўлқоплар тугаганига ҳам бир ойдан ошган. Бизга ҳамроҳлик қилиш учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан бириктирилган Улуғбек Бобомуродовнинг таъкидлашича, ишлатилган дори воситаларининг қолдиқлари ўз вақтида утилизация қилинмаган. Улар санитар қоидаларга номувофиқ тарзда сақланяпти.  

ҚВП мудираси Нафиса ­Қиличеванинг билдиришича, бешта қишлоққа хизмат кўрсатувчи мазкур пунктда ҳозирда 34 тиббий ходим ишлаяпти. Бир нафар шифокор штати мутахассис етишмаслиги учун анчадан бери бўш турибди. Қўлқоп, шприц ва айрим дори воситалари етарли бўлмагани сабабли булар беморларнинг ўз маблағи ҳисобидан қоплаб келиняпти.

...ҚВПга ҳар куни ўнлаб фуқаролар ўн километрлаб масофани босиб ўтиб, дардига нажот излаб келади. Демак, ёрдам сўраб келган бемор ҚВПнинг дори-дармон базасига ҳам моддий ёрдам кўрсатишга мажбур.

Врачлик пунктига охирги марта январь ойида дори воситалари берилган. Мана, орадан уч ой ўтиб, тўртинчи ой ҳам бошландики, тугаган дорилар ўрнини тўлдириш масаласи ҳамон ечимини кутиб турибди...

...Юрак хуружи билан безовталанаётган беморга ёрдам кўрсатиш учун чақирилган тез ёрдамдан ҳали дарак йўқ...

Ҳамма нарса бор-у... 

Худди шу куни Жондор тумани «Пахтакор» кўчаси 10-уйда яшовчи 95 ёшли Робия Ҳожиеванинг қорин соҳасида пайдо бўлган кучли оғриқ туфайли тез ёрдамга мурожаат қилинганда бригада етти дақиқада бемор ҳузурига етиб келган эди. Бу кўрсаткич тез ёрдам ходимларининг ўз ишига катта масъулият билан ёндашишини кўрсатади. Малакали шифокор Эркин Жумаев беморни кўриб, оғриқ сабабини аниқлагач, тегишли ташхис қўйиб, муолажа буюрди. Тез ёрдам фельдшери Фаёз Жумаев беморга шифокор буюрган муолажани амалга оширишга киришди.

Тез ёрдам фельдшери тажрибали шифокорнинг кўрсатмаси асосида беморга тиббий ёрдам кўрсатади. Ўша куни фельдшерга оғриқни қолдириш учун укол қилиш топширилганда у бу ишни катта ҳаяжон билан амалга оширди. Ҳатто ундаги ҳаяжон томирга игна санчиш жараёнида ҳам ўз кучини кўрсатди. Яхшиямки, тажрибали шифокор ёрдами фельдшернинг беморга бирон азият етказиб қўйишдан қутқарди.

Чақирув берилган манзилга етти дақиқада етиб келган тез ёрдам гуруҳи бизнинг назорат юзасидан таҳлилий ўрганаётганимиздан хабар топганми-йўқми, буниси бизга номаълум. Лекин туман тиббиёт бирлашмасига боришимиздан ҳамма ходимлар бохабар экан. Раҳбарият бизни эшик олдида кутиб олди.

Туманнинг тез тиббий ёрдам бўлими бошлиғи Ўктам ­Худойбердиевнинг айтишича, ҳамма иш ўз маромида кетяпти. Сифатли ва самарали хизмат кўрсатиш учун ҳамма шароитлар яратилган, барча ускуналар, дори воситалари етарли.

Яқиндагина беморга тиббий хизмат кўрсатган фельдшер Фаёз Жумаев билан суҳбатлашганимизда тиббиёт қутичасида қанақа дорилар борлигини тўлиқ айтиб беролмади. У бор деб ҳисоблаган айрим дори воситаси аслида тиббиёт қутичасида йўқлиги ҳам маълум бўлди.

Бўлим биносини айланиб, дориларнинг сақланиш ҳолати билан қизиқдик. Хонага кирганимизда қуёш тиғида турган шкафни бизга дори сақланадиган жой деб таништиришди. Уларни шундай шароитда сақлаш мумкинми, деган саволимизга «бу шкафда ҳозир дорилар йўқ, улар мана бу музлатгичда», деб жавоб беришди. Музлатгич эса аллақачон электрдан узиб қўйилгани шундоқ кўриниб турарди. Кейин билсак, айни пайтда бинода умуман электр йўқ экан.

— Ҳайронман, — деди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Одил Раҳматов. — Огоҳлантирмасдан ўчиришмасди.

— Одатда, бундай пайтларда қандай йўл тутилади? Дори воситалари иссиқ ҳароратда узоқ қолиб кетиб, яроқсиз ҳолга келиб қолмайдими?

— Билмадим. Ҳозиргина чироқ бор эди...

Раҳбарнинг гапидан маълум бўлдики, тиббиёт бирлашмаси шундай ҳолатларда фойдаланиш учун муқобил энергия захирасига эга эмас. Ҳақиқатда, туманда дори-дармон тақчиллиги муаммоси йўқ. Айрим тиббий воситалар туманда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Қолганлари давлат маблағлари асосида таъминлаб турилади. Халқ мулки ҳисобланган қимматбаҳо дори-дармон воситаларини сақлаш эса юқоридагидай абгор ҳолатда. Қуёш тиғида узоқ туриб қолган дори воситаси билан жон талашиб, нажот истаётган беморга сифатли хизмат кўрсатиб бўлармикан?..

Бемор йўқ эди...

Пешкў туманидаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Маҳкам бобо Худойбердиев бу йил 80 ёшни қаршилади. Турмуш ўртоғи Муҳаббат Шодиева билан қарийб 60 йил бирга яшаб келишяпти.

Онахонни ўпка шамоллаши бот-бот қайталаниб, безовта қилиб туради. Баъзан юқори қон босими туфайли тез ёрдам чақиришга ҳам тўғри келади. Шундай чақирувлардан бирига гувоҳ бўлдик.

Туман тез тиббий ёрдам бўлимидан ҳайдовчи ва фельдшердан иборат бригада ўн саккиз ярим дақиқада чақирилган хонадонга етиб келди. Тиббиёт ходими Бобомурод Ҳожиев ҳар иккала нуронийнинг қон босимини ўлчади. Танометр Маҳкам бобода — 180/140ни, Муҳаббат бибида 230/180ни кўрсатди. Тезкор ходим зарур чораларни кўриб, ҳар иккала беморни укол-дорилар билан муолажа қилди. Ярим соатдан сўнг қон босими ўз меъёрига қайтди.

Масала шундаки, ҳар иккала фуқаро ҳам тиббий ёрдамга ҳеч қандай эҳтиёж сезмаган эди. Назорат мақсадида амалга оширилган чақирувдан сўнг ўрта бўғин тиббиёт ходими фуқаронинг «ўзимни яхши ҳис қиляпман, менда ўзи доимо қон босими юқори юради», дейишига қарамасдан, кетма-кет иккита укол урди, таблетка ҳам берди...             

Ҳоким юрмаган йўллар

Дўрмон қишлоқ врачлик пунктига ўн саккиз ярим дақиқада етиб келган тез ёрдам бригадаси йўллар носоз ва тирбандлигини важ қилди. Буни текшириб кўриш учун худди шу масофани босиб ўтиб, улар билан туман тез тиббий ёрдам бўлимига бориш учун йўлга чиқдик. Орадаги масофа тўққиз километр экан. Йўл ҳақиқатда «тез ёрдам»чилар айтганидай эмас, ундан-да анча таъмирталаб экан. Бозор олдидаги марказий йўлдан бир кунда минглаб одам ўтади. Шу йўлдан касалларни туман тиббиёт бирлашмасига элтишади. Айниқса, оғирроқ бемор «Дамас»да шифохонагача етиб бориши гумон...

Туман тез тиббий ёрдам бўлимига етиб борганимизда барча ходимлар ташқарида қуёшнинг кунгай бетига тизилиб туришганига гувоҳ бўлдик. Бу «меҳмон»ларнинг пойи-қадамига ҳурмат белгисимикан, деб ўйлаб янглишган эканмиз. Катта ҳамширанинг хонасига кирдик. Бугун республикада шундай маъмурий бино бор, десак, ўз кўзингиз билан кўрмагунча ишонмайсиз, албатта. Лекин бу ҳақиқат. Қарийб қирқ йил олдин ўша даврнинг имкониятлари даражасида ҳаминқадар қурилган, бугунга келиб, буткул яроқсиз ҳолатга келган, томидан ҳамиша чакка томиб турадиган, оёқ остидаги бетон хонанинг захлигини доимий ушлаб турадиган, ўзи бир қаватгина ўрнатилган дераза ойнасининг бир кўзи синиб тушган хоналарда ҳар куни ўттиздан ортиқ ходим туну кун меҳнат қилади. Ўндан зиёд ҳамшира битта кичкина хонада ўтириб ишлайди. Уларнинг овқатланиш, дам олиш хонаси ҳам шу. Эркакларга ажратилган хонада ҳатто чироқ ҳам йўқ, деразанинг бир кўзи синган...

Барча ходимлар нега ташқарига чиқиб қуёшга тизилиб олгани энди маълум бўлди. Ичкаридаги хоналарнинг ҳаммаси зах ва совуқ. Кўча ичкаридан кўра анча илиқ. Тез ёрдам бўлинмаси учун янги бино қурилаётганини айтишди. Балки эрта-бир кун ҳамма шароитларга эга янги бинога ҳам кўчиб ўтилар, аммо йиллар давомида бундай шароитда ўтириб ишлаётган тиббиёт ходимларининг соғлиғи ҳам тез ёрдамга муҳтож ҳолатга келиб қолмаганмикан?

Ҳайдовчиларнинг айтишича, тумандаги йўллар тез ёрдам фаолиятининг оқсашига сабаб бўляпти. Йўллар носозлигидан ташқари, бозор олдидан ўтадиган асосий кўчада кўпинча тирбандлик юзага келади. Қувур ўтказиш учун йўллар тез-тез ёпиб қўйилиши оқибатида тез ёрдам машинаси узоқ-узоқ айланма йўллардан юришга мажбур. Шу каби муаммолар ҳал этилмагунча тез ёрдам сифати ҳақидаги гаплар ўринсиз.

Агар раҳбарлар ташриф буюрадиган бўлса, ҳар қандай йўл, кўча, бино керак бўлса, бир кечадаёқ чиннидай қилиб қўйилади. Раҳбар назари тушмаса, йиллар давомида қаровсиз, аянчли ҳолатда ётавериши мумкин экан. Кичик эътиборсизликлар катта муаммоларни келтириб чиқараверади. Ўз меъёрида сақланмаган ёхуд вақтида зарарсизланмаган биттагина дори воситаси, бир лаҳзагина кечиккан тез ёрдам, тиббий ходимнинг озгина уқувсизлиги охир-оқибатда бир инсон ҳаётига нуқта қўйиши ҳеч гап эмас...

Дуч келганимиз, кўрганимиз, ҳис қилганимиз шулар. Хулоса чиқармадик. Бироқ бир нарсага қатъий ишонамиз, умид қиламиз: бу борадаги камчиликларимизга қачондир нуқта қўйилади...     

Абдукарим АВАЗБЕКОВ

Тошкент — Бухоро — Тошкент




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔83

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔61

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔78

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар