Олдинлари уйга келишим билан бобомнинг хонасига ошиқардим. «Кўзимнинг нури», «Ҳаётимнинг мазмуни», деб эркалашидан бўйим янаям чўзилиб кетгандек бўларди. Бугун эса ўша меҳрибон бобомни таниёлмайман. Ярим йилдирки, оғир хаста. Тўшакка михланиб қолган. Сўнгги пайтларда асабий, ҳатто, бироз тошбағир одамга айланиб қолгандек.
...Август айниқса оғир келди. Бувим, мен, ойим, укам, синглим — бобомнинг атрофида парвонамиз. Умрини меҳнатда ўтказган бобом тўшакка михланиб қолганига кўниколмас, қийналар, борган сари асабий бўлиб борарди.
Ичкарига киришга оёғим тортмайди. Бобомнинг кайфияти қанақа, саломлашишга кирганимдан жаҳли чиқадими ё кўнгли кўтариладими — билмасдим. Ухламаётганига ишонч ҳосил қилганимдан кейин, астагина салом бердим, ҳол-аҳвол сўрадим. Жавоб бергиси келмади. Кеча «кўзимга тик қараб гапиришга уялмайсан», деб танбеҳ берганини эслаб, нигоҳимни олиб қочдим. Хонага разм солдим. Ҳар бир бурчаги, бу ердаги ҳар бир буюм — ҳаммаси билан боғлиқ хотираларим бор. Хонага отилиб кириб ўзини бобосининг қучоғига отадиган қизча кўз ўнгимга келаверарди. Ўша мен-ку. Бобосининг арзандаси. Энди-чи? Хаёлимни бобомнинг зардали овози бузди:
— Нега анқайиб турибсан? Йўқол!..
Кўзим ёшга тўлди. Бошимни қуйи солганча хонадан чиқиб кетдим. Биз бобомга яхши бўлсин, десак... Кун бўйи атрофида парвона бўлсак... Нега?
Бобом саратон касалига чалинган, шифокорлар ўнлаб муолажаларни тайинлашганди. Кунимиз бобомни дори ичишга кўндириш билан ўтарди. Биламан, уларга ҳам осон эмас. Мана, ҳозир ҳам хонада ёлғиз ўзи... Нималар ҳақида ўйлаяпти? Балки «Ҳаётим шу тўрт девор ичида тугаб боряпти», деяётгандир? Балки Яратгандан шифо сўраётгандир? Бу хаёллар билан ёлғиз, юзма-юз қолиш нақадар қўрқинчли, а? Бироқ бобом ҳозир нимагадир шу ёлғизликни истарди. Бизларни ўзидан узоқлаштиргиси келарди.
Ҳар куни ойим ва укаларимнинг елиб-югуриши, кечалари мижжа қоқмай бемор қарашларига жавобан бобом шафқатсизларча муомалада бўлиши юрагимни қон қиларди. Шу тахлит кун, ҳафта ўтди. Оёқ-қўли ишламайдиган беморга қараш осон эмас. Боз устига, ҳар қадамингда дакки эшитиш минг карра оғир. Ғамгин ўтирган бувимдан сўрадим: «Тўғрисини айтинг, шу кунларда бобомни ёмон кўриб кетган пайтларингиз кўп бўляпти, а?» Бувим саволимга жавоб бермади. Шундай ҳаракатсиз ҳолатда, ўйга чўмганча ўтирарди. «Қизим, ундай дема, ҳали бобонгнинг изини ҳам тополмай қоласан». Дунё кўзимга тор бўлиб кетди. Бобомнинг хонасига югурдим. Бироқ... Эшик олдида тош қотдим. Негадир қанча уринмай, қимирлай олмасдим. Бобом ким биландир суҳбатлашарди.
«Болаларимни ташлаб... — бобомнинг овози қалтирарди. — Энди... Энди кетсак бўлади. Сўнгги вазифамнинг уддасидан чиқдим. Шундай қилмасам бўлмасди... Дард мени тўшакка михлаган куниёқ шуни тушуниб етдимки, болаларим мени йўқотишга тайёр эмас. Мен эса... ажал яқинлигини билардим, ойи. Сиз олдимга келишни бошлаганингизда бунга янада ишонч ҳосил қилдим. Ўлимдан қўрқмайман, бироқ болаларим-чи? Набираларим-чи? Уларни азобга қўйган бўлардим. Ҳаётдан аламзада, тақдирдан норози қилиб ташлаб кетган бўлардим. Энди эса ундай бўлмайди! Уларни ўзимдан совитдим... Қалбларидаги меҳрни қаҳрга айлантирдим. Уришдим, сўкдим. Ўлсам, болаларимнинг ҳеч қайсиси қаттиқ қайғуга ботмасин, дедим. Энди, мана энди...»
Бошимга кирган оғриқдан инграб юбордим. Ҳеч нарсани тушунмасдим. Ҳушимдан кетдимми, ухлаб қолдимми — билмайман. Тонг саҳарда бувимнинг осмонларни ларзага солган фарёдидан чўчиб уйғониб кетдим...
Моҳларойим ҚАЮМОВА
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил