Даромад манбаи      Бош саҳифа

КЎЗИ ЧАҚНАБ ТУРГАН ОДАМ

Унинг ютуғи нима? Дардига ким қулоқ солади?

Ҳамма тадбиркор, топармон-тутармон бўлгиси, фаровон яшагиси келади. Бунинг учун нималар қилиш кераклигини ҳам билади, аммо амалий ишга келганда иккиланади: уддалай олишга, ишни тўғри йўлга қўйишга кўзи етмайди. Ишончи йўқ. Биринчи тўсиқдаёқ ортга чекинадиганлар кўп учрайди. Айниқса, қишлоқда яшайдиган одамга бу осон эмас: ҳар қадамда тўғаноқ бўладиган омиллар қанча.

КЎЗИ ЧАҚНАБ ТУРГАН ОДАМ

Қарши шаҳри биқинидаги Арабхона қишлоғида яшовчи Шакарбек Ҳамроев ҳам бунинг нима эканини яхши билади. Отаси ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Қарши шаҳридаги паррандачилик фабрикасида қоровул, ўзи эса инкубацияда оператор бўлиб ишлар эди. Отасидан ўрганганлари, ўзининг кўрган-билганлари кейинчалик олдига аниқ мақсад қўйишига, паррандачилик билан мустақил шуғулланишига пойдевор бўлди: 1998 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди.

Илк жиддий қадам

Дастлаб қўлбола усулда инкубация ташкил қилди. Аммо бу юмуш ўша пайтлар худди мавсумий ишдай гап эди: атиги икки-уч ойгина ишланарди. Шундай бўлса-да, тажриба тўплади, соҳанинг паст-баландини кўрди.

— 2009 йилга келиб, наслли жўжалар етиштиришга астойдил киришдик, — дейди Шакарбек Ҳамроев. — Ўша йилнинг ўзидаёқ 25 минг, 2010 йилда эса 27 минг дона «Ломан Браун классик» зотли Германия қизил тухумини чиқардик. Даромад бироз оша бошлагач, фаолиятимизни кенгайтиришга имкон пайдо бўлди. 2011 йилда эса яхши ниятлар билан «Эзгу Диёр паррандаси» масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилдик. Ўша йили бирваракайига 40 минг бош бройлер жўжа очириш қувватига эга бўлган инкубаторни ишга туширдик. «Асака банки»дан 30 миллион сўмлик кредит маблағи олдик. Ёнимиздан 21 миллион сўм қўшиб, инкубаторлар учун махсус бино қурдик. Бунинг натижасида 2011 йилнинг ўзида 98 мингта зотдор жўжа чиқардик.

Бир қарашда жўжа очириш унчалик қийин иш эмасдек. Лекин аввало, унинг тухумини топиб келтириш, рисоладагидай очириш, жўжаларни парваришлаш, сўнг харидор топиш, сотиш, буюртмаларни ўз вақтида бажариш — буларнинг бари анча-мунча тер тўкишни, машаққатларни енгиб ўтишни талаб этади.

Тадбиркор негадир гапиришни истамаса-да, қишлоқда электр энергияси таъминотида узилишлар муаммоси мавжуд. Бу, айниқса, жўжа очириш билан шуғулланаётган тадбиркорни банкрот қилиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Инкубация ускунаси ярим соат ўчса бас, неча ўнг минглаб тухум нобуд бўлади.

— Бунинг эҳтиёт чорасини кўриб қўйганмиз, — дея тадбиркор гапни яхши томонга буради. — Захира электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 14 кВт. қувватли генератор ўрнатганмиз...

Бу оқилона ечим, албатта. Бироқ генератордан олинадиган электр анча қимматга тушиши, бу эса маҳсулот таннархини оширишини англаш қийин эмас. Буни ҳам тадбиркор айтмади, фақат меҳнати туфайли юзи ёруғ бўлаётганига гапни бурди.

Тадбиркор 2014 йилга келиб, бир марталик ишлаб чиқариш қуввати 64 мингта жўжа бўлган инкубаторнинг иккинчи линиясини ишга туширди. Корхона инкубациясида бир мартада жами 104 мингта, йилига эса ўртача 1,5 миллионта жўжа очириш имкони яратилди.

Ярми харажат, ярми даромад

Кўп кўрганмиз: одамларнинг қўлига икки сўм тушса, уйини ҳашамат қилади. Бироқ Шакарбек ака хонадонида бутунлай бошқача ҳолат. Тадбиркор бутун бошли паррандачилик фирмасини олти сотихли ҳовлиси тўрида жойлаштирган. Яшаётган уйи ҳам оддий қишлоқ хонадони. Ҳатто, хоналарнинг деразаларидан бирига ойна эмас, целлофан урилганига кўзимиз тушди. Инкубация хонаси эса замонавий пластик ромлар, 6-8 миллион сўм турадиган қимматбаҳо кондиционерлар билан жиҳозланган. Ҳайрон бўлганимни кўриб, Шакарбек ака кулди: «Ҳозирча топган пулимизни шу бизнесга, уни ривожлантиришга тикяпмиз. Бу — бизнес қоидаси. Кейинроқ уй-жойниям рисоладагидай қиламиз, албатта».

Инкубация узун иккита хонага жойлашган. Биринчисидаги инкубатор тухумга тўла. Соғлом жўжа очиб чиқиши учун етарлича шароит яратилган. Тоза ҳаво кириб турибди, ҳаво намлиги мўътадил — 16-18 даража. Тоза сув ҳаво ҳайдагичлар орқали аппарат ичига майин пуркаб турилибди. Ҳаммаси инкубация аппаратининг компьютерлашган тизими орқали доимий назоратда.

Тадбиркорнинг айтишича, бу тухумлар роппа-роса 21 кунда (504 соатда) очиб чиқар экан. Йигирманчи кунга бориб, тухумлар очишга тайёр бўлади ва инкубатор сигнал беради. Ўша заҳоти тухумлар кейинги — иккинчи хонадаги инкубаторга олинади. У ерда эса жўжалар тухумни тўлақонли очиб чиққунича туради.

Жўжалар айни тухумни ёриб чиқаётган маҳали экан, ишчи-ходимлар қўли-қўлига тегмай, бир хил — сап-сариқ бўлиқ жўжаларни картон қутиларга юзта-юзта қилиб жойламоқда. Бу бройлер жўжалар 35-42 кунда 2,7-3 килограммгача гўшт қилар экан. Ҳовли ташқарисида икки-уч мижоз «Дамас»да кутиб турибди.

— Дунёда бройлер товуқларининг учта: Американинг «Кобб — 500», Венгриянинг «Росс — 308», Франциянинг «Хаббарт ф-15» зотлари тан олинган, — дейди тадбиркор. — Айримлар нотўғри талқин этадигандай, гормон берилмайди, зотининг ўзи шундай. Феъли кенг парранда, қорни тўйса, тинч ухлайверади. Бу парранда зотларининг юртимизга олиб келинганига ўн йилдан ошган. Шулардан «Кобб — 500» ва «Росс — 308» зотлари иқлимга мослашгани, касалликларга чидамлилиги учун кўпроқ келтириб, боқилмоқда. Олти ойда тухумга киради ва  шунча муддат тухум беради.

Олинадиган фойда ҳақида сўраганимда, тадбиркор фақатгина бир мисол келтирди: «Агар 100 та бройлер жўжа боқиб, сотсангиз, 50 тасининг пули барча харажатингизни қоплайди, қолгани эса соф даромад сифатида ёнингизда қолади. Товуқнинг тухуми ҳам пул, тухум қўйишдан қолса, гўшти ҳам пул. Энди ўзингиз ҳисоблаб кўраверинг...»

Бибинор опа ихтироси

Паррандачилик фирмасида 8 нафар қишлоқ аҳли иш билан таъминланган. Инкубатор ёнида тухумдан эндигина чиққан жўжаларни картон қутиларга жойлаётган ишчилардан бирини суҳбатга тортдим.

— Корхонамизга коллеж ўқувчилари ҳам амалиётга, ҳам иш ўрганишга келади, — дейди бош инкубация мутахассиси ­Бибинор Исматова. — Уларга бир кунлик жўжаларни парваришлашни, инкубаторда ишлашни ўргатамиз. Бир суткалик жўжалар учун ҳарорат 33 даража, ўн кунлигида 28 даража бўлиши керак. Жўжаларга жами уч марта: бир кунлигида бронхитга қарши (бурнидан томизилади), етти кунлигида иммунитетини кучайтириш учун гамборо, ўн икки кунлигида эса ўлатга қарши ла-сота номли вакциналар қилинади.

Шакарбек аканинг айтишича, Бибинор опа оламшумул янгилик қилибди. Германиянинг «Ломан Лис классик» зотли оқ товуғи тухумидан чиққан 50 та жўжани катта қилиб, ўзимизнинг хонаки хўрозларга қўшган. Сўнг уларнинг тухумини инкубаторга қўйган. Буни қарангки, соғлом, наслли жўжа очиб чиқибди. Қизиқ томони, немис олимлари ушбу парранда зоти фақатгина истеъмол тухуми учун яратилганини айтиб келишган. Дунёнинг ҳеч қайси ерида ундан насл олишга бўлган уринишлар натижа бермаган экан.

Камтарлик туфайлими, бу сенсация ҳақидаги хабар Арабхона қишлоғидан ташқарига чиққани йўқ...

Имконият кенгаяди, фақат...

— Режаларимиз кўп, бироқ уларнинг ҳаммаси бир нарсага жуда боғлиқ бўлиб турибди, — дейди тадбиркор. — Кўргани­нгиз­дек, ҳовлимиз унчалик катта эмас. Шу боис нариги уйимизда 2015 йилда 6 минг парранда боқишга мўлжалланган, ветеринария талаблари асосида паррандахона қуриб битказдик. Бироқ ҳозир ишлаб чиқаришдан фойдаланиш даражаси атиги 25 фоизни ташкил этмоқда. Сабаби, еримиз торлик қиляпти. Кўплаб буюртмаларни қабул қила олишимиз учун қўшимча ер керак. Ҳозир ишимиз, кучимиз бўлинган: тухумларни бу ердаги инкубаторда очирамиз, жўжаларни эса нариги ҳовлимиздаги паррандахонага ташиб кўчирамиз. Буларнинг бари ортиқча меҳнат, вақт, ишчи кучи ва маблағни талаб қилади.

Имкониятимизни кенгайтириш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш, ишимизни бир жойда, комплект ҳолда қилиш мақсадида қишлоғимизда қарийб чорак асрдан буён бўш ётган, қаровсиз ҳолдаги боғчанинг бир гектарлик ерини ноль қийматда беришларини сўраб, Қарши шаҳар ҳокимлигига беш-олти йилдан бери мурожаат этамиз, ҳали-ҳануз ижобий жавоб йўқ.

«Дамас» машинасига ҳам эҳтиёжимиз жуда кучли. Жўжаларимиз тухумдан чиқаётган кунлари транспортдан қийналамиз. Ишчиларимиз олис-яқинда — қўшни туманларда яшайди. Уларни шошилинчда олиб келиш учун транспортга фалон пул кетади. Тухумларни ҳам Фарғона, Тошкентдан таксида келтирамиз, ўзимизнинг улов бўлганида, бу арзонга тушарди ва иқтисод қилинган маблағларни ишлаб чиқаришга, ривожлантиришга сарфлардик. «Дамас» машинасини сотиб олиш учун шартнома сўраб, не-не ташкилотларга мурожаат этмадик: натижа йўқ...

Ишлайман, ўзимга ҳам, юртга ҳам, одамларга ҳам фойда келтираман, деб кўзи чақнаб турган бундай тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, фаолиятини кенгайтиришга ёрдам бериш бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев юритаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир. Шунинг учун ҳам Қарши шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, унинг муаммолари ҳал этилишига ёрдам кўрсатади, деган умиддамиз.

Жасур КЕНГБОЕВ,

«Оила даврасида» мухбири

Тошкент  — Қарши — Тошкент




Ўхшаш мақолалар

Микро кўкатнинг  макро  фойдаси

Микро кўкатнинг макро фойдаси

🕔15:27, 16.10.2025 ✔40

Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.

Батафсил
Экологик  хавфсиз,  юқори даромадли  иссиқхоналар –  Навбаҳорда

Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда

🕔10:49, 11.09.2025 ✔123

Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қиш­лоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.

Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи

Agrobank – томорқачига кўмакчи

🕔15:36, 27.03.2025 ✔311

«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Микро кўкатнинг  макро  фойдаси

    Микро кўкатнинг макро фойдаси

    Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.

    ✔ 40    🕔 15:27, 16.10.2025
  • Экологик  хавфсиз,  юқори даромадли  иссиқхоналар –  Навбаҳорда

    Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда

    Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қиш­лоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.

    ✔ 123    🕔 10:49, 11.09.2025
  • Agrobank – томорқачига кўмакчи

    Agrobank – томорқачига кўмакчи

    «Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    ✔ 311    🕔 15:36, 27.03.2025
  • Шўрланган тупроқнинг тузи ариди

    Шўрланган тупроқнинг тузи ариди

    Навоий вилоятида турли миллат вакиллари бирдам ва иноқликда яшаб келишади. Улар жамиятнинг турли соҳаларида эл-юрт учун муносиб хизмат қилишаётгани, албатта эътирофга муносиб.

    ✔ 503    🕔 12:23, 29.08.2024
  • Даромад келтираётган  чиқинди

    Даромад келтираётган чиқинди

    Маиший ва саноат чиқиндиларини безарар утилизация қилиш бугунги кундаги энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланиб қолмоқда. Бир қанча ривожланган давлатларда бу масалага муаммо сифатида эмас, ишлаб чиқариш учун иккиламчи хомашё манбаи деб қаралаётгани ҳеч кимга сир эмас.
     

    ✔ 575    🕔 11:43, 29.08.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар