Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ОТАЛАР ФОЖИАСИ

фарзандлар, оила ва жамият муаммоларининг инкор этиб бўлмас сабаби

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли адиб Эркин МАЛИК билан саволсиз суҳбат

ОТАЛАР ФОЖИАСИ

Оилаларнинг мустаҳкам бўлишига путур етказаётган сабаблар жуда майда ва арзимас. Лекин улардан кўз юмиб бўлмайди. Игнанинг кўзидек жойдан сизиб чиққан сув кези келганда катта бир омборни ўпириб кетганидай, ўша майда сабабларга эътиборсизлик оилалар пароканда бўлишига олиб келади.

Мана, қаранг, бир мисол келтирай. Бугун аёлларимиз жамиятнинг фаол аъзоси бўлишига катта эътибор қаратил­япти. Уларнинг ўқиши, ишлаши, ҳатто мустақил равишда тадбиркор сифатида катта бир корхонани бошқариши учун етарлича шарт-шароит яратиб бериляпти. Бу яхши, албатта. Иккинчи томондан эса, аёлнинг биринчи навбатдаги вазифаси жамиятга соғлом ва баркамол фарзандни етказиб бериш, оилани бадастир тутиш, эрига сидқидилдан хизмат қилиш эмасми? Мана шу асл вазифа эътиборсиз қолдирилмаслиги керак. Акс ҳолда, оила ва жамият мустаҳкамлигига путур етади. Аёл учун пул топиш, биринчи ўринга чиқиб қолмаслиги зарур.

Оилада ким раҳбар?

Бир куни мактабга учрашувга таклиф қилишди. Эрталаб белгиланган вақтдан атай олдинроқ бориб, болаларни ким олиб келаётганига эътибор қилдим. Уларнинг ўндан саккизи она етовида мактабга келди. Қолган икки қисмни отаси олиб келди. Хўш, нима бўлибди, дерсиз? Биласизми, мактабга отаси олиб келган болалар кўзида ўзгача бир ғурур, мамнунлик, ифтихор, ҳайрат кўрдим. Улар отасига боқиб, мамнунлик билан хайрлашишди. Онаси билан келганларда бундай мамнуниятни тополмадим, улар онаси билан йўлигагина хайрлашиб, чопганча мактабга кириб кетишди... Ахир, улар шундоғам кўп вақтини онаси билан ўтказади-да!

Она — меҳрибон, қаттиққўл эмас, юмшоқтабиат, кечирувчан. Онанинг бу хусусияти болаларга ҳам ўтяпти. Ҳатто ўғил болаларга. Натижада ўғил болалар ғурур, қатъият, шижоат, жўмардлик, қаттиққўллик каби хислатларни ҳис қилолмай ўсяпти. Буларни бола фақат отадан олиши мумкин, онадан ололмайди, чунки онанинг табиати бошқача. Онанинг фикрлаши, дунёқараши, ҳаётий тажрибаси ҳам отаникидай эмас. Бола она етовида улғайса, фақатгина онага хос сифатлар билан сифатланиб қолади. Қатъиятсиз бўлиб вояга етади.

Айрим оталардан: «Оила­нгиз раҳбари ким?» деб сўрасангиз, энсаси қотиб: «Ким бўларди, албатта мен-да!» деб жавоб беради. Шу саволни болага бериб кўринг-чи? Жавоб бироз бошқача бўлади. Кун бўйи бола билан вақт ўтказадиган — она, унга кийим-кечак, ўйинчоқ, ширинлик олиб берадиган — она, болани боғча ё мактабга олиб чиқадиган — она, ҳатто қўлига пул тутқазадиган — она, касал бўлиб қолса, шифохонага олиб чиқадиган — она, одоб-тарбия берадиган — она, боғча-мактабдаги муаммоларни гаплашиб-ҳал қилиб берадиган, ота-оналар мажлисларида қатнашадиган — она, баъзи оилаларда ҳатто ишлаб пул топиб келадиган ҳам — она! Шундай экан, бола оила бошлиғи деганда кимни тушуниши керак!?

Бола асосий вақтини она билан ўтказса, отага муносабати қандай бўлади? Бу муҳитда ўсган боладан эрта-бир кун эр-йигитлар бажариши керак бўлган рўзғор юмушларини талаб қилиш мумкинми? Оилада болалигидан шундай муҳитда ўсган қиз эртага турмуш қурганидан кейин эрининг гапига қулоқ солармикан? Эркак кишига раҳбар, ҳимоячи, ғамхўр сифатида муҳаббат қўя олармикан?

Бугун оталарнинг фожиаси шундаки, улар ўз фарзандларидан узоқлашиб қоляпти... Бу оиланинг, жамиятнинг ҳам фожиаси. Болалар эса аёлнинг ақли-савияси даражасида ўсиб-улғаймоқда. Болалар ота меҳридан узоқлашиб қолса, бунинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Исроф қилинаётган меҳр

Эсимда, фарзандларимни болалигида ҳар куни кўтариб боғчага ўзим олиб борардим. Шундай қилинса, бола отага нисбатан ўзгача бир меҳр туяди (онасига эса ҳар бир бола туғилганиданоқ ўз-ўзидан меҳр қўяди). Ота олиб борганда боланинг мамнунияти бўлакча бўлишини ўшанда ҳис қилганман. Икки фарзандимни бағримда кўтариб кетаётганимни кўрган қўшни болакай: «боғчага мени ҳам дадам олиб борсин», деб онасига хархаша қиларди. Шунда ўксинмасин, деб уни ҳам қучоғимда кўтариб олардим...

Баъзи оилаларда ота кун бўйи ишда бўлади. Бола отасини кунига бир марта кўради ё йўқ. Она эса, гарчи уйда бўлса ҳам, кун бўйи телевизор қаршисида вақт ўтказади. Боласига эса пулга ёлланган бегона бир энага қарайди. Бола кўпроқ вақтини ким билан ўтказса, ўшанинг меҳрини топади, ўшанга меҳр қўяди.

Бизнинг оналаримиз боласини бегонага ишонмаган, ҳатто аравачага ҳам солмай, бағрида кўтариб катта қилишган эди-ку!?   

Ёшлигида фарзандга таълим-тарбия бериш, унга меҳр кўрсатиш, ғамхўрлик қилиш кабиларга буткул эътиборсиз қараб, фақатгина ўз юмушини, ҳузур-ҳаловатини кўзлаб, қариганида фарзанд меҳрига зор қолганларни ҳам кўряпмиз.

Баъзан ота-она ўз феълидаги нуқсонни фарзандида кўради, лекин бунга ўзи сабабчилигини тушунмайди ёки тан олгиси келмайди. Отанинг ўзи шошқалоқ, гап уқмас, дангаса, уқувсиз бўлса, болада ҳам бу ҳолат маълум миқдорда акс этади. Оилага овқат қилаётган ҳомиладор келин қозон бошида бир бўлакча гўштни бошқалардан яшириб оғзига солса, бу ҳам ҳали туғилмаган жонда акс этади.

Тўкинлик осмондан тушмайди

Оилаларимизда шундай бир ҳолат бор: дейлик, рўзғорда озгина тақчиллик бўлиб қолса, буни фарзандларга билдирмасликка ҳаракат қиламиз. Эр-хотин шу мавзуни муҳокама қилиб турганда болалар келиб қолса, улар эшитмасин деб, дарров мавзуга нуқта қўямиз. Мана шу ишимиз тўғримикан? Ахир, болаларимиз ҳаётда ҳар куни кўнглимиз тусаган нарсага эга бўла олмаслигимизни билиб, ҳис қилиб ўсиши керак. Пул топиш осон эмаслигини, рўзғорда баъзан оғир-енгил кунлар бошимизга тушиб туриши табиийлигини, борида шукр, йўғида сабр қилиб яшаш кераклигини тушуниб улғайса, бу ҳолат унинг келажаги учун бир мактаб бўлади. Рўзғор юритиш, унинг сарф-харажатлари ҳақидаги гапларни бола ўз оиласидан, ота-онасидан кўриб-эшитиб, мустақил ҳаётга тайёр бўлиб бориши керак. Бўлмаса, эртага ўзи оила қурганида қийналиб қолади.

Ғуломжон БОБОЖОНОВ

ёзиб олди.




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔83

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔60

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔78

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар