Бунга кўп йиллар бўлди... Бошланғич синфда ўқирдим. Бироз бўй чўзган бўлсам керак, биринчи синфда кийган кийимларим тўғри келмай қолди. Онам шимимнинг бир жойига ямоқ солиб берса, икки кун ўтмай, бошқа жойидан йиртилиб кетарди. Қишда катта опамнинг пальтосини кийдим. Акамнинг эски оёқ кийими билан синфни зўрға тугатдим. Хуллас, ота-онам янги кийим олиб берадиган бўлишди. Бозорга отландик...
Бозор. Отам билан кийим-кечак растасини қарийб ярим кун айландик. Ҳар бир сотувчи ёнидан узоқлашарканмиз, отам таассуф билан бош чайқарди. Кўзимга қарамасликка уринарди. Хуллас, менга «тўғри келадиган» кийим топилди. Қизиғи, отам олиб берган шим ва кўйлак, оёқ кийим ҳам анча катта эди. Отам «Икки-уч йил бемалол киясан», деб қўйди. Ўзимда йўқ хурсандман, эрта-индин мактабга бориб, синфдошларимга мақтанишимни кўз олдимга келтирдим.
Кийим бозоридан чиқарканмиз, димоғимга турли таомларнинг ҳиди урилди. Айниқса, сихкабобнинг ҳиди иштаҳани қитиқларди.
— Шашлик олиб беринг, — дедим.
— ...
— Ота, олиб беринг, қорним очди.
Бу сўзни ҳеч бир ота кўтара олмаса керак, назаримда. Отамнинг бир қўлида менинг янги кийимларим, иккинчи қўли эса чўнтагида эди... Ўзича нималарнидир чамалади, кейин мени тамаддихонага бошлади.
— Юр, ўғлим, сени бир шашликка тўйдирай, — деди. Балки кенжа фарзанд бўлганим учун отам бирор марта илтимосимни ерда қолдирмагандир. Ошпаз амаки битта шаппати нон ва икки сихда кабоб олиб келди. Ликопчада пиёз ҳам қўйди. Мен дарҳол ҳеч нарсага эътибор қилмай, шошганча ея бошладим. Битта сихини тугатгач, отамга юзландим:
— Сиз емайсизми?
— Сен еявер, ўғлим, менинг қорним тўқ, — деди. Ўзи эса шаппати нон билан пиёз чайнаб ўтирарди.
Икки сих кабобни қоринга жойладим, отам эса аччиқ пиёзни нонга қўшиб еди...
Йиллар ўтса-да, бу воқеани негадир эсимдан чиқара олмадим. Отам билан боғлиқ ўша воқеани юрагим эзилиб эслайман. Чунки у пайтларда отамнинг менга ҳар йили янги кийим олишга пули йўқ эди.
Бугун болаларимни истаганча кабобга тўйдира оламан. Хоҳлаган кийимларини кийишади. Чўнтакда пул тугайди, деган хавотир йўқ. Отам ҳам тирик. Яқинда ўша болалик изтиробларимни эслаб, отамга кабоб олиб бермоқчи бўлдим. Отам олдидаги қарзим узилади, деган фикрдан бутунлай йироқман, албатта. Аммо инсонда шундай ҳислар бўладики, уларга изоҳ бериб бўлмайди. Шунчаки, юрагим шуни амр этади.
Замонавий ресторанда отам иккимиз ўтирибмиз. Дастурхонни уч-тўрт хил кабоб билан тўлдирдим. Энг ноёб таомларга буюртма бердим. Отам битта сихини қўлига олди-да, анча вақт тикилиб қолди. Бир чимдим еган бўлди.
Ўзимча ўйладим, отам ҳам ўша воқеани эслаётганмикан?
— Олинг, ота.
— Болам, буларингни ейишга тишим йўқ-да, ундан кўра аччиққина кўк чой айтсанг-чи...
Ичимда нимадир «чирт» этиб узилгандай бўлди. Отам ўшандаям аччиққина пиёз билан қорин тўйғазганди!..
Исомиддин ПЎЛАТОВ
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил