Долзарб мавзу      Бош саҳифа

СОТУВЧИНИНГ ҚАНОТИ БОРми?

ёхуд олғир «чайқовчи»ларнинг мушугини ким пишт дея олади?

Бугун дўкон, бозор, суперу гипермаркет расталарида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Сўрасангиз бас, анқонинг уруғи ёки каптар сутини ҳам бир зумда муҳайё қилишади...

Биз эса республикамизнинг йигирмага яқин бозорларини айланиб, уларда йўқ нарсаларни изладик...

СОТУВЧИНИНГ ҚАНОТИ БОРми?

«Пулига яраша»

«Пойтахтдаги Қўйлиқ деҳқон бозорининг «Элга хизмат» растасидан гўшт харид қилдим, — дейди истеъмолчи Санжар Юсупов. — Икки кило деб берган гўштини назорат тарозисида торттириб кўрсам, 1,7 килограмм келди. Сотувчининг олдига бориб, шуни айтсам, «Ҳа, пулингизга лойиқ гўшт шу-да, сизга арзон баҳода сотаётган бўлсак, яна нима қилишимиз керак! Биз ҳам бошқалар каби гўшт нархини осмонга чиқариб юбораётганимиз йўқ-ку!» деб зарда қилди. Кейин билсам, улар арзон нарх белгилангани учун харидорни алдаб, вазндан анча уриб қолишаркан. Агар тарозида ғирромлик қилинадиган бўлса, унда элга хизмат қилишдан нима маъно бор?..»

Истеъмолчининг мулоҳазаси ўринли. Ахир, сотувчи халққа хизмат қилиш воситасида фойда кўрувчи киши эмасми? Ёки ғирромлик, каззоблик, бировнинг ҳақига кўз олайтириш ҳам халққа хизмат қилиш саналармикан?..

«Жигар» номли буйрак

«Уйимиз ёнида гўшт маҳсулотлари сотиладиган янги дўкон иш бошлади, — дейди таҳририятимизга мурожаат қилган яна бир харидор Турсунали Бекбўтаев. — Хурсанд бўлдик. Ҳарна бир қадам жойга келиб савдо қилишгани яхши-да. Нархлариям қулайгина экан.

Бир куни жигар сотиб олиш учун ўша дўконга кирдим. Растада жигар кўринмади. Сўрасам, сотувчиларнинг бири «тугаган эди», деганди, иккинчиси «бор, озгина қолган», деб қора елимхалтага ўралган жигарни музлатгичдан олиб, тарозига қўйди. Пулини тўлаб, уйга олиб келдим. Кейин не кўз билан кўрайки, елимхалтада бир бўлак жигар, икки бўлак буйрак турарди. Сотувчининг бу қилиғидан жуда жаҳлим чиқди. Лекин кундуз куни кап-катта одамни жиноят устида қўлга туширгандай қилиб, олдига қайтиб боришга андиша қилдим. Мен каби жабрдийда харидорларнинг фиғони фалакка етди шекилли, орадан икки ой ўтмай ўша дўкон ёпилиб кетди…»

Ҳа, истиҳолали харидорлар боплаб чув туширилганини билиб турса ҳам сотувчи билан тортишиб-талашиб ўтиришни ўзига эп кўрмайди.

...Эҳтимол, бирон жабрдийда харидор ўша олғир сотармонларга «ҳой, инсон, кимни алдаяпсан? Бу йўл билан топган фойданг кўпроқ бўляптими, зарарингми? Инсоф сари барака-да», деб қўйганида не-не умидлар билан янги очилган дўкон ҳозир ҳам харидорларга хизмат қилиб турган бўлармиди...

 «Тадбиркор»нинг мушуги

Бирон муносабат билан ширинлик, пишириқ ёки торт харид қилмоқчи бўлсангиз, албатта, Ромитан туманидаги деҳқон бозорига боришни маслаҳат берган бўлардик. Баҳорнинг тантиқ қуёши остида ястаниб ётган тортларнинг «зўри» ўша ерда. Тағин сиз уларни «янгимикан, ишқилиб…» деб ўйламанг! Ҳаммаси худди ҳозиргина тандирдан узилгандай иссиққина. Тушдан сўнг қуёш энг авжга чиққан маҳалда ҳам иссиқни писанд қилмай тортчи опалар халққа астойдил хизмат қилишяпти. Фақат ҳароратга бардош беролмаган тортлар «ҳушидан кетиб қолган» бўлиши мумкин. Лекин сотувчилар анча дадил. Қандай қилиб бўлса ҳам мўмай даромад орттиришнигина кўзлайдиган сотармонлар ҳеч қачон отдан тушса ҳам эгардан тушадиган эмас. Йўқса, бозор маъмурияти-ю шунча халқнинг олдида куппа-кундузи шу ишни ўзларига эп кўришармиди?  

Бу ҳолга изоҳ истадик.

Бозор раисининг ўринбосари Ботир Рўзиев изоҳ берди: «Булар ҳар куни СЭСчилардан маҳсулотнинг истеъмолга яроқлилиги ҳақида рухсат олишади...»

Аммо сотувчиларнинг биронтаси бизга маҳсулот давлат санитария эпидемиология назоратидан ўтган ва яроқли деб топилгани ҳақидаги ҳужжатни тақдим этолмади. Уларнинг айтишича, маҳсулотларини сақлаш ва сотиш учун махсус музлатгичлар ўрнатилган, лекин улар ҳозир ишламаяпти. Буни устага билдиришган. Гўё уста ҳозиргина келади-ю ҳамма муаммо ҳал бўлади.

СЭС ходими Бахшулло Қаҳҳоров бу ҳолатни шундай изоҳлади:

«Тўғри, бунақа шароитда сотиш мумкин эмас. Лекин бугун ҳеч ким тадбиркорнинг мушугини пишт деёлмайди. Ҳозир уларга катта ваколатлар бериляпти...»

Қизиқ ҳолат. Бу «тадбиркор»ларга катта ваколат берилган экан, бироқ уларга бозорда ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилмаслик, маҳсулотни белгиланган шароитда сақламаслик, шу тарзда истеъмолчилар ҳуқуқини поймол қилиш ваколатини ким берган?

Худди шу бозорда офтоб тиғи остида сотилаётган тухумларни ҳам кўрдик. Булар тезроқ жўжа очиб, паррандачиликни ривожлантиришга ёрдам берса керак, деб ўйлагандик. Нотўғри хаёлга борган эканмиз.

Ўзини таништиришни истамаган сотувчи йигитнинг билдиришича, дўконда етарлича музлатгичлар бор. Лекин савдодаги барча тухумни музлатгичдан олиб, қуёшга чиқариб қўймаса, харидорларни жалб қилиб бўлмас эмиш. «Буларнинг сифати бузилмайдими?» деган саволимизга «Шу пайтгача биз сотаётган тухумни еб, биров заҳарлангани йўқ», деган жавоб бўлди.

Ишонаверинг!

Шу кунларда бозордан картошка харид қилмоқчи бўлсангиз, растадаги чиройли териб қўйилганига қўл теккизиш мумкин эмас. Сотувчи «қопдан тортиб бераман, молимнинг ҳаммаси бир хил», деб шартта қасам ичади. (Аммо у савдода ёлғон қасам ичиш баракани кетказишини билармикан?) Уйга келиб, олган моли­нгизга бир кўз ташласангиз...

Бу ҳолатни Юнусобод деҳқон бозорида харидорлардан бири гапириб берди.

Тўғри, бу йил ҳам картошкани зараркунандалардан асраш анча қийин бўляпти. Бу ҳаммага аён ҳақиқат. Буни харидорга очиқ-ойдин тушунтириб, унинг розилигини олиб, кейин сотиш керак эмасми?   

Бундай ҳолатларни бошқа маҳсулотлар мисолида ҳам айтиш мумкин. Бозорлардаги мана шундай куракда турмайдиган қилғилиқлардан безиб кетган айрим харидорлар (гарчи нархи бироз юқори бўлса-да) ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи савдо шохобчаларидан харид қилишни маъқул кўради. Ҳар ҳолда, у ердан харидор ўзи хоҳлаган маҳсулотини истаганча танлаб олиши мумкин.   

Даромади гап

Ҳазрат Навоийнинг шундай бир байти бор:

Кирма савдо баҳриға оламдин истаб судким, 

Сийм нақди тушса, лекин умр нақди сийғолур.

Ҳа, инсон ҳаётида бойликнинг қадри қанча паст бўлса, инсонийликнинг қадри шунча юқори бўлиб бораверади. Сотувчи тарозининг бир палласига молни, иккинчисига ўз қадр-қиймати, виждону инсофини қўяди. Агар мақсад қандай қилиб бўлса ҳам пул топиш бўлса, бу йўлда виждон, инсоф, диёнат, ҳалоллик, хайру барака каби тансиқ туйғулар камёблашиб бораверади. Булар бозорларимизни тарк этса, улар ўрнини қаллоблик, фирибгарлик, каззоблик, товламачилик, ғирромлик каби иллатлар эгаллаб олади.

...Бундан эҳтиёт бўлишимиз керак...  

 Абдукарим АВАЗБЕКОВ




Ўхшаш мақолалар

Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

🕔16:45, 04.06.2026 ✔31

Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

Батафсил
Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

🕔16:01, 21.05.2026 ✔219

Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

Батафсил
Ноқонуний кушхоналар:  хавф  ва салбий  оқибатлар

Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар

🕔15:56, 21.05.2026 ✔216

Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Энди болаларимиз дори  Ичиб нобуд  бўлмайди...(ми?)

    Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)

    Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти

    ✔ 31    🕔 16:45, 04.06.2026
  • Экологик маданият –  мамлакат келажагининг  пойдевори  Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Экологик маданият – мамлакат келажагининг пойдевори Нега давлат стратегияси ҳар бир инсон онгидан бошланади?

    Бугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.

    ✔ 219    🕔 16:01, 21.05.2026
  • Ноқонуний кушхоналар:  хавф  ва салбий  оқибатлар

    Ноқонуний кушхоналар: хавф ва салбий оқибатлар

    Аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.

    ✔ 216    🕔 15:56, 21.05.2026
  • «Матонат  мадҳияси»

    «Матонат мадҳияси»

    Юртимиз узра 9 май – Хотира ва қадрлаш куни ­шукуҳи кўнгилларга чўғ солган­ ҳолда оламга илиқлик ­уруғларини сочиб кезиб юрибди.­ ­Шунга монанд агар сизнинг ҳам қалбин­гизга юқоридаги каби қайноқ чўғ тушган бўлса ҳамда муҳим санани муносиб кутиб олиш ва ўтмишдаги­ ­жасоратларни юракдан ҳис ­қилиш учун бир маскан ­излаётган ­бўлсангиз, мана сизга ҳақиқий зиёратгоҳ – ­ муҳташам Ғалаба боғи!

    ✔ 344    🕔 09:15, 08.05.2026
  • Амалиёт илмга асосланса  самара  беради

    Амалиёт илмга асосланса самара беради

    Замон шиддат билан илгариламоқда. Кечагина ахборотни газета саҳифалари ёки эфир орқали қабул қилган жамият бугун уни бир вақтнинг ўзида видео, аудио, инфографика ва турли рақамли платформалар орқали истеъмол қилмоқда. Ахборот майдони кенгайди, имкониятлар ортди. Аммо бу кенгайиш ўз-ўзидан янги бир масъулиятни, тезлик ортидан қувиш жараёнида ишончлиликни йўқотмасликни ҳам талаб қилади.

    ✔ 515    🕔 08:53, 23.04.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар