Янгийўл тумани мева-сабзавотчилик учун жуда қулай. Деҳқонлари кўпроқ ана шу соҳага ихтисослашган.
Шу боис туман тадбиркорлари энг замонавий, янги технологияларни жорий этган ҳолда эл дастурхонига мева-сабзавот етиштиришда пешқадамлик қилмоқда, деб бемалол айтиш мумкин.
Бу тумандаги қайси хонадонга борманг, мева-сабзавот етиштиришда энг сўнгги технологиядан фойдаланишни ўзлаштириб, баракали ҳосил олаётганига гувоҳ бўласиз. Ана шундай тадбиркорликни йўлга қўйган деҳқонлардан бириникида бўлдик.
— Манави кўриб турганингиз помидорларни иссиқхонамизга 21 февралда экканмиз, — дейди янгийўллик тадбиркор Давлатали ҚОДИРАЛИЕВ. — «Бўрон» навли бу помидор жуда бозоргир ҳисобланади. Отамдан ўрганган бу касб билан 16 йилдан бери шуғулланаман, қолаверса, ўзимда ҳам деҳқончиликка бўлган қизиқиш катта. Иссиқхонада помидор етиштириш, умуман, деҳқончилик билан оилавий шуғулланамиз.
— Помидорларни томчилатиб суғоришнинг янги технологиясидан фойдаланишни йўлга қўйибсиз?
— Шундай. Бир катта иссиқхонада кўриб, қизиқиб қолгандим ва ўзим ҳам қўллаб кўрдим. Натижаси жуда яхши. Бу усулда суғориш эгатни жуда кучли захлатиб юбормайди, сув ҳам тежалади. Тупроқ кучли захлаганда эса ҳосилга турли касалликлар тушиши мумкин. Томчилатишда сув, минерал ўғитлар ва дорилар бир текисда етиб боради. Натижада ўсимлик баравар, бир текис бўлиб ўсади. Ариқ орқали суғорилганда эса бир кун вақт кетади ва ўзига яраша мураккабликлари, қийинчиликлари бор. Боз устига, сув исроф бўлиб, берилган дорилар оқиб кетиши мумкин ва ҳоказо. Ҳозир сиз кўриб турган янги технология ёрдамида 2 тонна сув билан ярим соатда помидорларни суғориб улгурамиз. Ўзининг бир тонналик махсус идиши бор. Ана шу бочка ичидаги сувга керакли барча дори-ю, ўғитлар солинади ва аралаштирилади, сўнг технология автоматик тарзда аралашмани бир текис тақсимлаб, помидор кўчатлари илдизигача етказиб беради.
— Айтинг-чи, электр токи бўлмаган жойда ҳам мана шу томчилатиб суғориш технологиясини татбиқ этса бўладими?
— Бўлади, албатта. Фақат бунда озиқа ва дори сув билан аралаштириладиган бочкани камида бир метр баландликка ўрнатиш керак. Бироқ бунда сув етказиб бериш бироз секинлашади. Масалан, йигирма дақиқада суғориладиган майдон қирқ дақиқада сувлатилади. Хуллас, сув бочкаси қанча баландроқ ўрнатилса, ўз босими билан суғориш шунча сифатли ҳамда тез бўлади. Электр таъминотида муаммо бўлмаган жойларда эса махсус мотор-насос билан қувурлар орқали томчилатиб суғорилаверади.
— Томчилатиб суғориш технологияси учун қанча маблағ зарур?
— Бошида, очиғи, мен ҳам маблағим етармикан, деб иккиландим. Ишонасизми, бир ярим миллион сўм билан ишим битди. Фирмадан бориб барча зарур қисмларини олиб келиб, ўзимиз ўрнатдик, мотори ва бочкасиям ичида. Аммо ўша бир ярим миллионлик харажатни бемалол ҳосилдан чиқариб олиш мумкин. Иссиқхонамизда қўлланилаётган технология ёрдамида юқоридан озиқа-ўғитли сув бир текисда чанглатиб-пуркаб ҳам берилади. Бу иш биттагина тугмачани босиш билан ўн дақиқада амалга оширилади. Агар ўзингиз қўлда сепаман, десангиз камида бир кун вақт кетади.
Дорили аралашма солинган баклажка-пуркагич ёрдамида қўлда помидор гулини чанглатиб, бир ҳафта эртароқ ҳосил олиш мумкин. Мана шу 5 сотих ерга 1700 дона помидор, 300 дона булғор қалампири кўчати экдик. Помидорнинг ҳар бир тупи 3-5 килограмм ҳосил беради. Бу 5 тоннадан зиёдроқ ҳосил, дегани. Уни эса бозордаги нархга кўпайтириб, олинадиган даромадни чамалаш мумкин. Харидорларнинг ўзи уйимиздан маҳсулотни олиб кетишади.
Тадбиркорнинг айтишича, янгийўллик тадбиркорлар иссиқхона қуриш, уни замонавий технология билан жиҳозлаш ва баракали ҳосил олишда анча илгарилаб кетган. Ҳозирда бу борада қандай янгилик пайдо бўлса, узоғи билан олти ойдан сўнг ана шу туманда амалиётга татбиқ этиларкан. Бир сўз билан айтганда, ҳосил олиш илмий изоҳланган ва исботланган усулда олиб борилиши сабабли тадбиркорларнинг дастурхони тўкин, турмуши фаровон.
Ботирали ИМОМОВ
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔39
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔118
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил