Долзарб мавзу      Бош саҳифа

«ОРТИҚЧА ОЛИНГАН»  ПЕНСИЯ ИЗИДАН

Пенсионерни баҳсли асос билан қарзга ботирган Пенсия жамғармасининг Чирчиқ тумани бўлими ҳақми ёки «емаган сомсага пул тўлаётган» пенсионер?

«ОРТИҚЧА ОЛИНГАН»  ПЕНСИЯ ИЗИДАН

Тинчгина юрган кунларингизнинг бирида, биров келиб, ҳе йўқ-бе йўқ «Давлатдан 20 миллион қарзсиз, марҳамат қилиб, 10 кун ичида тўлаб қўйинг, акс ҳолда, ишингиз судга ошадидеса, қандай аҳволга тушасиз?! Камига, ўшатўсатдан пайдо бўлган даъвогар қарздорлик қачон, қаердан келиб чиққанини бундай, атрофлича тушунтирмаса-чи?.. Гурзи зарбини егандек, бир қалқиб кетишингиз аниқ. Энди тасаввур қилинг: бундай ногаҳоний гап пенсионерга айтилса-чи? Боз устига, у юраги хаста, қон босими тез-тез кўтарилиб турадиган кекса отахон бўлса-чи?!

Сираси, биз айтмоқчи бўлаётган муаммо ва унга «асос» бўлувчи ҳолатлар ҳам шундай: боши бор-у охири йўқ...

Кутилмаган зарба

Алқисса, Чирчиқ шаҳрида яшовчи пенсионер Зайниддин Шамсиев  айнан, шундай ҳолга тушди. Ҳаммаси 2016 йилнинг 24 октябрида Чирчиқ шаҳри пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи У.Ҳасанов имзоси билан келган «Огоҳлантирув хати»дан бошланди. Унда шундай дейилганди: «... Назорат-тафтиш Бош бошқармаси томонидан қайта текширилганда, сизнинг пенсия ишингизда ­    19 484 800 сўм ортиқча тўлов аниқланган... Ушбу ортиқча олинган маблағни 10 кун муддат ичида тўламасангиз, судга мурожаат қиламиз».

Қанақа қарз? Қанақа тўлов? Қаердан келиб чиққан? Бу қандайдир англашилмовчиликдир?

Зайниддин ота хаёлида минг бир савол-гумон-умид аралаш Чирчиқ шаҳар пенсия жамғармасига борди. Раҳбар қабул қилмади. Ходимнинг жавоби эса жумбоқ устига жумбоқ туғдирди. Нима эмиш: пенсияга чиққан 2009 йилдан бошлаб ишлаб, ҳам ойлик, ҳам 100 фоиз пенсия олганмиш. Буни пенсия бўлимидан яширганмиш. Ана, холос! Қаерда? Қайси ташкилотда ишлаб, қанча ойлик маош олибди? Отахоннинг ўзига ҳам номаълум бўлган бу «маълумот»ни Назорат-тафтиш Бош бошқармаси ходими қаердан олибди?

Ўша куни отахон бу каби саволларга жавоб топиш тугул, Назорат-тафтиш Бош бошқармаси хулосасидан бир нусха олишнинг-да имконини тополмади.

Бу сарсон-саргардонликларнинг бошланиши эди.

З.Шамсиев 10 ноябрда Чирчиқ шаҳар пенсия жамғармаси бошлиғига ушбу қарздорликнинг келиб чиқиш сабабини тушунтириб бериш ҳамда тафтиш хулосасининг ўзига тегишли қисмининг нусхасини сўраб, хат билан мурожаат қилди. Кексалар мурожаатига эътиборни қарангки, хатга ҳатто, жавоб ҳам берилмади.

Боши қотган чорасиз отахон энди бошқача йўл тутди. 25 ноябрда ёзилган аризасини бу сафар почта орқали юборди. Ниҳоят, узоқ кутилган хатга «кутилмаган» жавоб олинди. Ажабланарлиси, хат 2 декабрь санаси билан имзоланган бўлса-да, пенсия бўлими ходими уни номаълум сабабга кўра, орадан салкам бир ой ўтиб, 30 декабрь куни отахон қўлига топширди. Хатда жумладан, шундай дейилади:

«...Сиз 29 декабрь 2009 йилдан 30 июнь 2016 йилгача (таҳр.изоҳи: текширув вақтигача назарда тутилган) «Quruvchi-Ramo-Mаntaj» ХКда ишлаганингиз аниқланди ва шу давр учун, пенсиянгизни 100 % олиб келгансиз...»

Шу жойда З.Шамсиев ҳақида қисқача маълумот. У 2009 йилнинг 29 декабрида нафақага чиққан. Унга 46 йилу 5 ойлик иш стажи билан ёшга доир пенсия тайинланган. Умрининг узоқ йили қурувчилик билан ўтди. Мустақиллик шарофати билан «Quruvchi-Ramo-Mаntaj» хусусий корхонасини очиб, фаолият юритди.

Кексайганда оила бағрида кексалик гаштини суришни ким истамайди дейсиз. Зайниддин ота ҳам шундай орзулар билан корхона директорлигини ўғли Темур Шамсиевга тўлиқ топшириб, ўзи нафақага чиқди. Таъсисчи, яъни корхонани ташкил қилган мулкдор, деган жойида фамилиясини қолдирди, холос.

Мана, шунга ҳам етти йил бўлибди. Ўтган давр ичида ўғлининг корхонаси тугул, бошқа жойда ҳам ишламаган. Ҳеч қаердан бир сўм ойлик маош олмаган. Қолаверса, бугунги замонда бирор жойдан олган даромадни яшириб бўладими?

Зайниддин ота ўзининг ҳақлигини билади. Аммо буни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппаратига ҳам исботлаб бера олмади. Ушбу муассаса масалани жойига бориб ўрганмасдан, пенсия жамғармаси Тошкент вилояти бошқармасининг маълумотига таянган ҳолда, энди уни юқоридаги корхонада раҳбар бўлиб ишлагансиз, деган даъвони сурди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Зайниддин отанинг мурожаатига биноан, Чирчиқ шаҳри пенсия жамғармаси бўлимига бордик. Бошлиқ У.Ҳасанов ­Зайниддин отанинг пенсия даврида ишлаб, маош ёки бошқа турдаги даромад олганини тасдиқловчи бирорта ҳужжатни тақдим қила олмади.

Унинг сўзига кўра, туман солиқ инспекциясидан олинган З.Шамсиевнинг «Quruvchi-Ramo-Mаntaj» ХКнинг таъсисчиси экани ҳақидаги маълумотномаси — унинг пенсияни тўлиқ олишини чеклайди — вассалом. Пировардида, қўшимча қилдики: «Бу масалани ўтган йили республика Назорат-тафтиш Бош бошқармаси текшириб, шундай қарор чиқарган. Бўлимимиз юқори органнинг қарорини ўзгартира олмайди. Қандай эътирози­нгиз бўлса, марҳамат, судга беринг. Аммо, айтиб қўяй, фойдаси йўқ. Судда барибир ютқазасиз...»

Хўш, қонун нима дейди?

Дастлаб, «ортиқча тўлов»га, яъни «пенсиядан чегирма»га ойдинлик киритсак.

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги»ги қонунининг 65-моддасига кўра, пенсиядан чегирмалар — пенсионерга унинг томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида (қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим этиш, боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган оила аъзолари таркибидаги ўзгаришлар ҳақида маълумотлар тақдим этмаслик натижасида) ёхуд ҳисоблашдаги ёки бошқа техник хато оқибатида пенсия миқдоридан ортиқча пуллар тўланган тақдирда қилиниши мумкин.

Демак, бундан келиб чиқадики, Зайниддин ота гўёки қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим қилган... Ёки яна бир ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2012 йил 30 апрелда 2222-сон билан рўйхатга олинган «Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 23-бандида: якка тартибдаги тадбиркор бўлган ҳамда деҳқон хўжаликларида ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича ишловчи пенсионерлар ўзининг меҳнат фаолияти тўғрисида уларга пенсия тайинлаган идораларга маълум қилишлари шарт, дейилган.

Эътибор беринг. Назорат-тафтиш Бош бошқармасининг хулосасига кўра, ортиқча тўлов миқдори пенсионернинг унга пенсия тайинланган биринчи ойидан бошлаб ҳисобланган. Энди З.Шамсиевнинг пенсияга охирги иш жойи — «Quruvchi-Ramo-Mаntaj» ХКдан чиққани, шунингдек, «пенсия тайинлаган идораларга хабар берилмай» ишлаган жойи сифатида ҳам ушбу корхона номи кўрсатилиши, бизнинг З.Шамсиевни «қасддан нотўғри ҳужжатларни тақдим қилган» версиямизни ўз-ўзидан рад этади. Бу мантиққа умуман тўғри келмайди.

Яна бир мантиқсиз хулоса. Мутасаддиларнинг Зайниддин отага ўз ўғли раҳбарлик қиладиган «Quruvchi-Ramo-Mаntaj» корхонасида ишлаб, ҳам тўлиқ пенсия олгансиз, деган даъвоси! Бугунги кунда ишловчи пенсионерларга уларга тайинланган нафақа пулининг 50 фоизи тўланиши ҳеч кимга сир эмас. Шундай экан, Зайниддин отанинг кичик бир хусусий корхонада (катта маошли давлат ташкилоти бўлса ҳам майли эди), яна бегона эмас, ўғлининг корхонасида, тўрт сўм пул топаман деб, яна қўшимча солиқ тўлаш, устига-устак, пенсиясининг ярмидан воз кечиш... Соғлом ақлга сиғадими? Ахир, пул керак бўлса, ўғлидан олаверади-ку. Бунинг учун, албатта, унинг қўлида ишлаш шартми?

Энди кейинги масала: Зайниддин ота ишловчи пенсионер тоифасига (категориясига) кирадими?

Назарий жиҳатдан олиб қаралса, Назорат-тафтиш Бош бошқармасининг хулосаси тўғридек. Бош бошқарма ­З.Шамсиевни ишловчи, ҳар ойда даромад олувчи пенсионерга чиқаришига сабаб бўлган ҳужжат — туман солиқ инспекциясидан З.Шамсиевнинг таъсисчи, яъни муассис экани тўғрисидаги маълумотидир. Бу қанчалик тўғри? Агар қачондир хусусий ишини ташкил этиб, пенсияга чиққач, фақат у ерда муассис сифатида қолган бўлса-чи? Муассис — ишловчи, доимий даромад олувчи шахс деганими?

2222-сонли «Ишловчи пенсионерларга пенсия тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 7-бандига кўра, хусусий (якка тартибда) тадбиркорлик билан шуғулланувчи ҳамда деҳқон хўжаликларида ишловчи пенсионерларга, пенсиялар уларнинг яшаш жойидаги Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 50 фоиз миқдорида тўланади.

Низомда ишловчи пенсионерлар категорияси санаб ўтилганда «хусусий (якка тартибдаги) тадбиркор» дейилмоқда. «Муассис» тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ!

Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий корхона тўғрисида»ги қонунида ҳам шундай: муассис ёки таъсисчи термини бирор жойда ишлатилмаган. Унда корхона ягона жисмоний шахс, мулкдор томонидан ташкил этилиши айтилган.

Кўриниб турибдики, баҳсли ҳолатлар талайгина. Ноаниқлик ҳар доим чалғитади. Бунинг жабрини Зайниддин ота каби одамлар тортиши керакми? Демак, Зайниддин отанинг «Низомда «муассис» пенсияни 50 фоиз олади, деб ёзилмаган-ку», деган гапида ҳақиқат борми? Ҳа!

Бугун кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу замон талаби. Шундай экан, мутасадди ташкилотлар 2222-сонли Низомга ўзгартириш киритиш, унда ишловчи пенсионерлар дейилганда қандай тоифа шахслар киришини янада аниқроқ белгилашига эҳтиёж бордай...

Шу жойда яна бир мулоҳаза. Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида тадбиркорликка кенг имкониятлар яратилмоқда, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилмоқда. Шундай экан, пенсионер ортиқча маблағини юртимиз фаровонлиги учун йўналтириб, муассис сифатида бирор корхонага тикса, нима учун уни «ишловчи ходим»га чиқариб, пенсиясини юлишимиз керак? У, аввало, таваккал қиляпти. Буни эътиборга олиш лозим. Корхона оёққа туриб олгунча, бир неча йил умуман фойда олмаслиги ҳам мумкин. Бу шахснинг жамиятга фойдаси тегяпти-ку. Унда нима учун ортиқча маблағини банкка қўйиб, ҳар ойда тинчгина фоизини оладиган пенсионерни «ишловчи пенсионер»га чиқармаймиз? Ёки маблағини нотариал йўл билан юридик шахсларга бериб, катта даромад олаётганларнинг нафақасидан ушлаб қолмаймиз? Ваҳоланки, уларнинг барчаси бир хил иш билан шуғулланяпти. Фақат жамият фойдасини ўйлаганнинг ташаббусини бўғиб, бурнини қонатяпмиз, холос.

Кўриниб турибдики, ҳужжатларда «ишловчи пенсионерлар» тоифасини бугунги кун талаби билан қайта кўриб чиқишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.  Ана шунда кўплаб юрагида ўти бор пенсионерларимиз ортиқча маблағини пенсияси камайишидан чўчиб, ёстиқ тагида эмас, юртимиз равнақи учун йўналтирган бўлармиди...

Муассиснинг пичоғи доимо мой устидами?

Назорат-тафтиш Бош бошқармаси З.Шамсиевнинг ХК муассиси эканини аниқлабди-ю, унинг 7 йил давомида қанча даромад олганини суриштирмабдими? (Бизга бу номаълум, чунки текширув маълумотларини олишнинг имкони бўлмади). Муассис дегани доимо фойда, даромад олади, дегани эмас. З.Шамсиев мисолида-ку, даромад тўғрисида умуман гапирмаса ҳам бўлади.

Молиячилар тили билан айтганда, жисмоний шахснинг йиллик даромади дейсизми, ойликми, буни тасдиқлашнинг энг ҳаққоний йўли — бу фуқаронинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ИНПС) тушадиган пул миқдоридир.

Халқ банки Чирчиқ шаҳар филиали фуқаро З.Шамсиевнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига 2010 — 2016 йилларда умуман пул тушмагани тўғрисида маълумотнома тақдим қилди (28.02.2017й.). Биз янада ишонч ҳосил қилиш учун банкнинг бош ҳисобчи ўринбосари Ғайрат Турдиалиев билан гаплашдик. У ушбу маълумотнома фуқаронинг пенсиядан ташқари ҳеч қандай даромад олмаганини билдиришини яна бир бор таъкидлаб ўтди.

Чирчиқ шаҳар давлат солиқ инспекцияси З.Шамсиевнинг 2010 — 2017 йилгача қўшимча даромадлари тўғрисида инспекцияга декларация тақдим қилмаганини тасдиқловчи маълумотнома берди (24.01.2017 й. 15-00592). Қонунга кўра, фуқаро, асосий иш жойидан ташқари олган барча қўшимча даромадлари (маош, гонорар, дивиденд ва бошқалар) тўғрисида, албатта, солиқ органига декларация топшириши шарт. Акс ҳолда, жавобгарлик белгиланган. Бугунги кунда буни яширишнинг ҳеч қандай иложи йўқ. Солиқ органининг ушбу маълумотномаси ­З.Шамсиевнинг пенсиядан ташқари қўшимча даромад олмаганини яна бир бор тасдиқлайди.

Аслида шу ҳужжатлар З.Шамсиев эътирозлари ўринли эканига етиб ортади. Аммо биз суриштирувни давом эттирдик: балки мулкдор сифатида дивиденд олгандир? Шу масалада «Ипотека банк» АТИБ Меҳнат филиалига мурожаат қилдик. Банк пенсионернинг 2010 — 2016 йиллар давомида ҳеч қандай дивиденд олмаганини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим қилди (21.04.2017 й. 24/3725).

Кўриб турганингиздек, юқоридаги барча мутасадди солиқ-молия ташкилотлари З.Шамсиевнинг 2010 — 2016 йилларда пенсиядан ташқари на ойлик маош, на қўшимча даромад, на дивиденд олганини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилишди.

Савол: наҳотки Назорат-тафтиш Бош бошқармаси текширув жараёнида  шу каби ҳолатларга эътибор қаратмаган бўлса? Ёки «корхона таъсисчиси», деган ёзувнинг ўзи тўн бичишга кифоями?

Танганинг иккинчи томони

Воқеалар бошига, яъни юқорида таъкидлаб ўтилган «Огоҳлантириш хати»га қайтсак. Хўп, пенсионерга ортиқча тўлов аниқланди. Қонунга кўра, чегирма ҳар ой 50 фоиздан ортиқча тўлов қоплангунга қадар чегириб қолиниши керак. Аммо пенсия жамғармаси бўлимига ким ҳуқуқ бердики, салкам 20 миллион пулни 10 кун ичида тўлаб қўйишни талаб қилса, судга бераман, дея қўрқитса? Қонунни-ку, қўпол бузишган, аммо бундай хатни биринчи бор қўлига олган кекса киши қандай аҳволга тушишини ўйлаб кўришганмикан? Кўза кунда эмас, кунида синади дейишади. Шусиз ҳам соғлиғини йўқотган, кам уйқу қарияларимиз учун бу сиқилиш, асабийлашиш, қўшимчасига пенсия идораси раҳбарларининг эшигида мунғайиб ўтириши осонми?..

Пировардида, яна бир гап. Масъул идоралар нима учун инсонларни эшитишни, муаммосини жойида ҳал қилишни билмайди? Нима учун уларга масалани батафсил тушунтиришдан қочамиз? Хўп, пенсияда ортиқча тўлов аниқланибди, пенсионерни чақириб, унга иш жойи, қачон қанча пул олгани тўғрисидаги маълумотларни кўрсатиб, керак бўлса, ҳужжатдан бир нусха бериб ёки бошқа ҳолатларда қонун талабларини тушунтириб, кўнглини хотиржам қилиб юборсак бўлмайдими?  Ёки Чирчиқ шаҳри пенсия жамғармаси бўлимидагилар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунда қўшимча текшириш талаб этилмайдиган шикоятларни кўриб чиқиш муддати давлат органига келиб тушган кундан бошлаб ўн беш кун  эканини билишмасмикан? Баъзан, бир сўмнинг ҳам аччиғи тилади, салкам 20 миллионнинг заҳри-чи?

Чирчиқ шаҳар пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи ­У.Ҳасанов билан учрашганимизда, Назорат-тафтиш Бош бошқармаси ўта обрўли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органининг топшириғи билан текширув ўтказди, деган гапни айтди. Ана холос! Яхшиямки, шу ташкилот бор экан, аммо бу ташкилот Бош бошқармани тўртта пенсионернинг бурнини қонат, деб эмас, аксинча, кейинги йилларда пенсия жамғармаси бўлимларида урчиб кетган жиноятчиликни аниқлаш ва олдини олиш учун текширувга юборгани ҳақиқатдир.

Президентимиз жорий йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилгани Зайниддин отада яна умид уйғотди. Қонун инсон манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун яратилади. Меъёрий ҳужжатлардаги бўшлиқ ва бунинг оқибати туфайли келиб чиқадиган муаммолар эса фақат фуқаро фойдасига ҳал этилиши зарур. Айбсизлик презумпциясининг биринчи талаби ҳам шу. Шу оддийгина ҳақиқат замиридаги олий қадрият теран англанса, ортиқча муаммога ҳожат қолмайди.

Бахтиёр ҲАМИДОВ,

«Оила даврасида» мухбири 




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔83

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔60

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔78

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар