«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилИнсон табиати шундайки, биров сизга дардини айтганда унга далда берсангиз, ўша кишининг кўнгли кўтарилади. Икки оғиз ширин сўзингиз тушкун кайфиятдан халос этиши мумкин.
Бу — кундалик ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган ҳолат. Энди тасаввур қилинг: бу инсоннинг арзи саломатлиги билан боғлиқ бўлса-чи? Тағин уни қийнаётган муаммо ёки масала соғлиқни сақлаш мутасаддиларига қаратилган бўлса-чи? Табиийки, бундай вазиятда, уни зудлик билан ҳал қилиш талаб этилади.
Аммо унинг акси бўлса, мурожаат қилган кишини ҳеч ким эшитгиси келмаса-чи? Ҳа, одам қандай аҳволга тушишини кўз олдимизга келтириш мушкул эмас. Бундай пайтда кимнингдир масъулиятсизлик ёки эътиборсизлиги ўша инсоннинг ҳаётига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди…
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Президентимизнинг виртуал қабулхонасига мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими бўйича келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани ўтказди. Тадбирда айтилишича, шу йилнинг 1 май ҳолатига кўра, давлатимиз раҳбарининг электрон қабулхонасига фуқаролардан 740 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлса, шулардан 25 мингдан зиёди (3,5 фоиз) тиббиёт соҳасига тегишли. Уларнинг 93 фоизи кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган. 6 фоизи кўриб чиқиш босқичида, 1 фоизи эса мурожаат қилганнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмагани учун аноним деб топилган.
Мурожаатлар ўрганилганда, уларнинг катта қисми саломатлик, соғлиқни сақлаш ходимлари ҳаракати (муомалада дағаллик, қўполлик), меҳнат ва бандлик, моддий ёрдам ва дори-дармонларнинг қимматлиги бўйича экани аниқланган. Бундан ташқари, тиббий таълим масалалари, ногиронлик гуруҳини олиш ёки унинг муддатини узайтириш, нафақа, протез, техник воситалар ҳамда таклиф ва миннатдорлик мазмунидаги мурожаатлар ҳам оз эмас.
Ҳудудлар бўйича олинганда Тошкент шаҳри, Фарғона водийси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм ва Тошкент вилоятларидан мурожаатлар нисбатан кўпроқ тушган. Ўтган йили октябрь ойида 256 та, ноябрда 1463 та, декабрда 1010 та, шу йил январда 765 та, февралда 247 та, мартда 142 та мурожаатнинг кўриб чиқиш муддати бузилган, яъни ўтиб кетган.
Кўриб турганингиздек, эришилган ютуқлар қаторида, камчиликлар ҳам талайгина. Шуни инобатга олсак, олдинда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Зеро, соғлиқни сақлаш бошқа соҳалардан тубдан фарқ қилади. Унга йўлланган ҳар бир мурожаат ортида инсоннинг энг катта бойлиги ҳисобланган саломатлиги, қолаверса, кимнингдир ҳаёти туради.
Юқорида кўрилиши кечиктирилган юзлаб мурожаатлар ҳақида айтдик. Уларнинг мазмуни айнан нима ҳақидалиги бизга қоронғи. Лекин ишонч билан айта оламизки, улар орасида зудликда ечилиши лозим бўлгани ҳам оз эмас. Умуман олганда, у қандай мазмунда ва ҳатто, кўрилмаган битта мурожаат бўлса ҳам, албатта, жавобсиз қолмаслиги керак.
Шундай экан, нега бу каби камчиликларга йўл қўйилмоқда? Нима учун одамларнинг бу борадаги дарду ташвишини тинглаб, ўз вақтида жавоб қайтариш, оғирини енгил қилишда баъзан сусткашликлар рўй бермоқда?
— Мурожаатларни муҳокама қилаётганимизда бир қанча камчиликларга йўл қўйилаётгани аниқланмоқда, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова. — Биринчидан, унга сарфланаётган ўртача вақт узайиб кетмоқда. Қонунда белгиланган муддатлар бузиляпти. Яна бир муаммо: ижрога ўз вақтида эътибор қаратмаслик ёки сансалорлик ҳолатлари кўзга ташланади. Бундан ташқари, сифатсиз — фуқарога юзаки жавоб бериш ёки хаспўшлаш қабилидаги вазиятлар ҳам бор. Айрим жойларда эса мурожаатларни ҳал этиш даражаси паст. Шунингдек, қилинган мурожаат ечимининг муддатига доимий равишда амал қилмаслик оқибатида, унинг муҳлати бузилиб, назоратдан чиқиб кетган.
Вазирлик мутассадди раҳбари буни очиқ-ойдин айтаётгани яхши, албатта. Хўш, бу каби муаммоларнинг ечими нимада? Улар юзасидан вазирлик қандай чоралар кўрмоқда?
Э.Боситхонованинг сўзларига кўра, соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 18 мартдаги тегишли буйруғига асосан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тубдан ўзгарди. Мазкур масала бўйича вазирнинг ўринбосари раҳбарлигида доимий фаолият олиб борувчи ишчи гуруҳ (штаб) тузилди. Улар қайси ҳудудда қандай муаммо бор, қаердан кўп мурожаат тушяпти, қайсилари ҳал этилмаган ва ҳоказо томонларни ўрганади. Мурожаатлардаги тўсиқ, камчилик ва ютуқларни таҳлил қилади.
Шу асосда бепарволик, масъулиятсизликка йўл қўйган ходимларни жазога тортиш таклифи киритилади. Ёки аксинча, ўша тиббиёт вакилини қўшимча рағбатлантириш масаласи ўртага ташланади. Бундай иш услуби орқали шахсий жавобгарлик ҳисси ошиб боради.
Анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Албатта, уларнинг барчаси долзарб ва муҳим. Аммо эътиборингизга битта саволга берилган жавобни ҳавола қилмоқчимиз.
«Республика ихтисослаштирилган тиббий марказлар ҳақида гап кетганда, уларда яратилган шароитларни алоҳида эътироф этиш керак. У ерда ҳақиқатдан ҳам, замонавий асбоб-ускуналар ишлатилади ва юқори сифатли хизмат кўрсатилади. Аммо бу марказларда даволаниш ниҳоятда қиммат. Унча-мунча одамнинг қурби етмайди. Масалан, урология, кардиологияда. Ҳатто, хусусий клиникалардан ҳам нарх ошиб кетган. Бунга қандай изоҳ берасиз?»
Саволга мутасадди қуйидагича жавоб берди.
— Республикамизда тўртта ихтисослаштирилган (хирургик, кардиология, урология, кўз микрохирургия) марказ ва олтита илмий-амалий тиббиёт маркази мавжуд бўлиб, уларда кўрсатиладиган хизматлар нархи Молия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ва Рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан тасдиқланган қарор ва қўшма қарорлар асосида белгиланган.
Ихтисослаштирилган марказларда даволаниш нархи қимматлигининг асосий сабабларидан бири — устама харажатлари кўп. Бино жуда катталиги боис, уни сақлаб туришга катта маблағ кетади. Хусусий клиникалар эса нисбатан кичкина: бир ёки икки қаватдан иборат. Шунинг баробарида харажати кам. Бундан ташқари, марказларимизда юқори малакали профессор, докторлар хизмат кўрсатади. Шу боис ҳам нархи баланд.
Ана, холос. Хизматларга нарх белгиланишида бино катта-кичиклигининг нима аҳамияти бор? Майли, математик жиҳатдан шундайдир. Аммо бу марказлар биринчи навбатда, давлатга қарашли тиббий муассаса экани нега инобатга олинмаяпти? У ҳолда, хусусий клиникадан ҳеч қандай фарқ қолмайди-ку!
Шифокорнинг илмий даражасига қараб нарх белгиланиши ҳам бироз тушунарсиз. Тўғри, унинг унвони қанча юқори бўлса, малакаси, тажрибаси шунга монанд. Аммо нима бўлган тақдирда ҳам бемор бу — инсон. Унинг саломатлигини шифокорнинг стажи, даражасига қараб савдолашиш қанчалик тўғри?
— Ихтисослашган марказларда тиббий ёрдам кўрсатишда, албатта, табақа масаласи ҳам эътиборга олинган, — дейди Элмира Боситхонова. — Бу марказлар ўзини ўзи молиялаштириш тизимида ишлайди. Лекин уларнинг хизматида ҳам имтиёзли фуқароларга кўрсатиладиган ёрдам фоизи бор. У 20 фоизни ташкил этади. Бу чегирма ордерлар орқали амалга оширилади. Аммо ордерлар имконияти ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг талабига нисбатан анча паст.
Давлатимиз раҳбари ихтисослаштирилган, илмий-амалий тиббиёт марказларини, уларнинг филиалларини фақат Тошкент шаҳрида эмас, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш зарурлигини айтди. Бу айни сиз айтган масаланинг ечимига хизмат қилади. Шунда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг 20 фоизли талаби, албатта, қондирилади.
Ихтисослаштирилган марказлар хизматларини қимматлаштирувчи омиллар (дори-дармон, қўшимча материалларнинг қимматлиги ва ҳоказо) ни бартараф этиб, уларни арзонлаштиришга эришилади. Бунинг бир нечта йўллари бор. Булар — маҳаллийлаштириш сиёсати. Тиббий асбоб-ускуна, дори-дармонларни ўзимизда ишлаб чиқариш. Шунингдек, барча ҳисоб-китоблардаги ноаниқликлар мувофиқлаштирилса, бир неча йил давомида нархни пастга туширишга эришилади. Бу — вазирликнинг асосий мақсадлардан бири.
Ҳамма сифатли ва арзонроқ тиббий хизматдан фойдаланишни хоҳлайди. Вазирликда даволаниш нархларини тушириш мақсади бор экан, бу иш қанча тез амалга ошса, шунча яхши. Негаки, кимдир айнан ўша марказларда даволаниш истагида юргану аммо имкони йўқ бўлиши мумкин.
Инсон дунёга келишидан тортиб, умрининг охиригача тиббий ёрдамга муҳтож бўлади. Одам саломат бўлса, эртанги кунга умид, ишонч билан қарайди. Олдига катта-катта мақсадлар қўяди. Хуллас, кўп нарса қўлидан келади. Шундай экан, юқорида келтирилган муаммолар юзасидан кўриниб турибдики, соғлиқни сақлаш тизимининг қиладиган ишлари ҳали кўп.
Мақоламиз аввалида ҳам 6 фоиз мурожаатлар кўриб чиқиш жараёнида экан, дедик. Умуман олганда, бу рақам бир фоиз бўлса ҳам кўп дегани. Энг муҳими, уларнинг ҳар бири ўз вақтида ижобий ҳал этилса, нур устига нур. Шундагина халқ тиббиёт ходимларидан, давлатдан рози бўлади.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил