— Ота, мен бугундан яна молларга қараб, ҳам деҳқончиликда сизга ёрдам бераверсамми дегандим...
— Нега энди... Ишингга боравер, болам!
— Мени... яна ишдан ҳайдашди.
— Оббо, янами? Аттанг... Энди нима учун?
— Махсус топшириқларни бажаришни истамаганим учун.
— Биламан, махсус топшириқларини... Хафа бўлма, болам, айб сенда эмас. Асли айб менда, мен сизларни оладиган ва берадиган мутахассис қилиб вояга етказа олмадим. Олмайдиган ва бермайдиган ходим уларга нега керак!? Майли, молларни боқиб юравер-чи, идораларга ҳалол одам ҳам керак бўладиган кун келар...
1982 йил.
* * *
Мустақиллик шабадаси эсай-эсай деб турган кунлар. Мен ва укаларим ёш, одамларга ҳар ишда камарбаста, ҳожатбарор йигитлар эдик. Ўша пайтларда туман миқёсидаги раҳбарлар одамларнинг дардидан кўра, мана, қаранг, нималарга ўч эди.
Бир қишлоқдошим мени вилоят марказидаги ишхонамдан топди. У алам ва изтиробдан қорайиб кетганди. Унинг бутун вужудини исёнкорлик ҳисси қамраб олганга ўхшарди.
— Нима бўлди? Қишлоқда тинчликми?
— Куни кеча Ғани даванг укамни ўласи қилиб дўппослаб, қаёққадир гумдон бўлибди. Участкавойга айтсам: «Келинглар, оғзи бир бўлайлик. Бир-биримизни ёмонлаб юрмайлик!» дейди. Ўзи бу дунёда адолат борми? Халқнинг дарди билан бировнинг иши йўқ. Биров бировнинг бошини ёриб, қочиб кетса-ю, ваъз ўқилса...
Мен қишлоқдошим Нурмат акани эргаштириб туман марказига жўнадим. Бир соатлик йўл эди. Борсак, катта бир — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоранинг бошлиғи эрталабки ўн бирларда видео қўйиб, кучуклар жангини томоша қилиб ўтирарди. У мени кўрибоқ қучоқ очиб ўрнидан қўзғалди.
— Э, келсинлар келажаги порлоқ ёзувчимиз! Туманимиз фахри! Хуш келибсиз! Қалай бола-чақа, қозон-товоқ, эчки-улоқ, ит-мушук, ҳаммаси ўйнаб-кулиб юришибдими? Хўш, гапиринг, Олапар қалай? Укангизнинг шу кучугига ҳавасим кетган-да. Қанийди, менинг ҳам шунақа зотдор кучугим бўлсайди. Ана кучук! Англияда бўлганда чемпион бўлиб кетарди ўзиям...
— Элмурод Раҳимқулович! Афсуски, биз бошқа дард билан... Мана бу инсон — менинг қишлоқдошим. Бир хокисор, меҳнаткаш инсон. Биттаси бу кишининг укасини куни кеча роса дўппослаб қочиб кетганмиш!.. Оти Ғани даванг.
— Ия! Қочиб қаёққа бораркан? Биздан қуён қочиб қутулолмайди-ю... Ҳа, айтганча, кеча Ўртачўлга борувдик. Қувондиқ ака Бўрибосарини олиб борди. Ўнта қуён отдик. Яраланган олти-еттисини Бўрибосарнинг ўзи тутиб келди. Э, отангга раҳмат-э, шоввоз-э, деб юбордим. Агар менинг шунақа итим бўлганида, ҳатто давлат ишида ишлаб ҳам ўтирмасдим-а. Ана ит, хўжайинбоқар шоввоз ит-да ўзиям!
— Энди... бу гаплар ҳаммаси зўр гаплар. Ора-орада... одамларнинг ҳам дардини тингласанглар, дейман-да. Ахир булар ит эмас-ку, одам-ку. Сизлар адолат қилмасанглар. Муштумзўрлар буларнинг бошига итнинг кунини солса!
— Э, топамиз. Қочиб қаёққа борарди! Қанчасини тутиб, Сибир қилиб юборганмиз... Менга қаранг, жўра, нима десангиз розиман, укангиздан Олапарни менга олиб беринг. Жон жўражон!
Мен билан келган Нурмат ака бирдан руҳланиб тилга кирди:
— Ўртоқ начайний... битта эркакча гап қилайми?..
Бирдан иккимиз унга тикилдик. У хурсанд бўлиб давом қилди.
— Менинг ўша калтак еган укамда бу қора-дарада топилмайдиган зотдор қанжиқ бор. Оти Хосси! Яқинда болалайман деб турибди. Хоҳланг, боласидан олинг, хоҳланг, ўзини бераман. Фақат анави Ғани давангни тутиб, бир таъзирини берсангиз бас.
Даҳшатли бошлиқ ўрнидан болаларча завқ билан шарт туриб, қўлини аризачига узатди:
— Келишдик! Кетдик, Хоссигулни бир кўрайлик!
Тўпирлашиб баҳайбат идоранинг ҳовлисига чиқдик. Ҳамма бизга «чест» беради денг. Бошлиқ билан учовлон оператив машинага ўтирдик. Ҳалокат марсияси чалиниб, машина учиб борарди. Бошлиқ қўлига рация гўшагини олди ва қичқириб топшириқлар бера бошлади:
— Слушай мою команду! Надо паймат рецидевиста Гани давангга! Даю срок до завтра! Исполняй!!!
Учовлон кўнгил жойига тушиб, жабрдийданинг уйига — Хоссигулни кўргани учиб кетдик.
1985 йил
Маҳмуд БЎРОН
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔831
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил