«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилМутафаккир бобомиз Алишер Навоий таъкидлаганидек, бир кўнгли синиқ кишининг кўнглини кўтариш, хотирини, дилини, қалбини шод этиш шу қадар улуғ ишки, бу вайрон бўлган Каъбани обод қилган даражасидадир. Навоий одамнинг кўнглини Каъбага қиёслаган, кўнгил синиқлигини Каъба вайронлигига менгзаган. Меҳр-мурувватнинг бундай буюк тимсоли, инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш, уларнинг муаммолари билан ўз муаммоси каби курашиш ҳар қандай кишининг қалбини жунбушга келтиради.
«Ҳаммамизни тарбиялаган, вояга етказган – шу халқ. Барчамизга туз-насиба берган ҳам – шу халқ. Бизга ишонч билдирган, раҳбар қилиб сайлаган ҳам айнан шу халқ.
Шундай экан, биз биринчи навбатда ким билан мулоқот қилишимиз керак – одамларимиз билан. Ким билан бамаслаҳат иш тутишимиз керак – аввало халқимиз билан.
Шунда халқимиз биздан рози бўлади.
Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади.
Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади».
Хайрли амалларнинг қаноти узун дейишади. Шу кунларда кўчага чиқасизми, бозор оралайсизми, ижтимоий тармоқларга кирасизми, барчасида гап айланиб, бир мавзуга келади: Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилни Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилгани, шу асосда олиб борилаётган тизимли ишлар самарасида давлат идораларининг халққа эътибори кучайди, Халқ қабулхоналарида оддий одамларнинг мурожаатлари тингланмоқда, муаммо ва ташвишлари қисқа вақтда самарали ҳал этилмоқда.
Самарқанд туманидаги «Даромад Файз Омад» МЧЖ раҳбари Муртазо Омонуллаев ўз мурожаатида 2016 йил 28 март куни табиий офат туфайли корхонанинг электр токи ҳисоблагичи ёниб кетгани, туман электр тармоқлари корхонасининг масъул ходимлари уни лабораторияга олиб кетиб, апрель-июль ойларида асоссиз равишда 17 миллион 900 минг сўм қарздорлик ҳисоблаб, бу маблағни ҳатто корхона ҳисобрақамидан ечиб олганидан шикоят қилган. Самарқанд вилояти ҳудудий электр тармоқлари корхонаси бу масалани қайта кўриб чиқиб, уни қонуний асосда тадбиркор фойдасига ижобий ҳал этган.
Тошкент шаҳар Миробод туманида яшовчи Ш.Шокирова шу йил 25 январда Виртуал қабулхонага мурожаатида унинг хонадонига табиий газдан 1,3 миллион сўм асоссиз қарздорлик ҳисобланганини билдириб, мазкур муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам сўраган. «Мирободтумангаз» ходимлари ушбу масалани бир кунда ўрганиб, Ш.Шокирова қарздор эмас, балки ҳақдор эканини аниқлаган.
Савол туғилади: электр энергияси ва табиий газ таъминоти идоралари ходимлари айрим ҳолларда нега бунчалик қуюшқондан чиқиб кетмоқда? Бир тадбиркор таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имкониятини, маблағини хавф-хатарга қўйиб, кеча-кундуз жонини бериб ишласа-ю, электр тармоқлари корхонаси унинг бўйнига асоссиз 17,9 миллион сўм қарзни илиб, яна бу маблағни корхона ҳисобрақамидан ечиб олишга ҳам улгурса — нима, шаҳар бедарвозами? Ёки бир инсон табиий газ учун тўлаган тўлов бошқа ҳисобрақамга ўтиб кетса, фуқаро ҳақини талаб қилгандаёқ шу хатоликни тўғрилаб қўйишнинг имкони бор-ку! Бунга нима халал беради? Шубҳасиз, буларнинг бари ўша идоралардаги мутасаддиларнинг лоқайдлиги, ўз вазифасига совуққонлик билан қарашидан бошқа нарса эмас.
Инсон ўз уйига эга бўлса, ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди. 2014 йили Қарши шаҳрида яшовчи Н.Муслимованинг уй-жойи бузилгач, унга на компенсация пули ва на тураржой қуриш учун ер ажратилган. Ўтган даврда аёлнинг бош уриб бормаган идораси қолмаган, бироқ ҳеч бир мутасадди унинг дардини тингламаган. Аёл сарсон-саргардон юрган кунларда Виртуал қабулхона очилади-ю, унинг икки йиллик ташвиши икки кунда ҳал бўлади: Н.Муслимовага 90 миллион сўм компенсация пули ва Қарши шаҳридан ер майдони ажратилган.
Нукуслик Турдихон Муржонбетова уйсиз, мактабда яшаб юрган эди. Бу аёл Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига уй-жой билан таъминлашда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилгач, Нукус тумани ҳокимлиги унинг шароитини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, ёрдам бериш керак, деган қарорга келган ва шу йил 4 мартда Т.Муржонбетовани 2 хонали уй-жой билан таъминлаган.
Бугун мамлакатимизда ҳар бир инсонга бахтли бўлиб, ҳаётдан рози яшаш учун тенг имконият яратилмоқда, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувлар, турли бюрократик тўсиқлар бартараф этилмоқда. Бироқ ҳамон айрим жойларда тадбиркорлик қилмоқчи бўлган инсонларга ёрдам бериш ўрнига уларни сарсон қилиш, ишбилармонлар бизнесига халал бериш ҳоллари учраб тургани таассуфлидир.
Урганчлик Б.Шомуродова 2011 йилда Урганч деҳқон бозорида қурилган дўконлардан бирини 20 миллион сўмга сотиб олган. Бироқ фаолият бошлагандан 10 ой ўтиб дўконлар бузилган. Шу вақт мобайнида тадбиркорга на тўлаган пули қайтарилган, на ўрнига бошқа дўкон берилган. Б.Шомуродованинг Виртуал қабулхонага мурожаатидан сўнг унга дўкон учун тўлаган пуллари ундириб берилган.
Виртуал қабулхонага банк хизматларига доир мурожаатлардан сўнг 161 тадбиркорга 6,8 миллиард сўм кредит, 30 фуқарога 3,7 миллиард сўмлик ипотека ва истеъмол кредитлари ажратилган, 57 фуқаронинг 1,6 миллиард сўмлик омонат пуллари қайтарилган, 239 фуқаро ва тадбиркорнинг ҳисобрақамларидаги маблағлари олиб берилган, 122 тадбиркор тўлов терминаллари билан таъминланган.
Булардан кўринадики, кўп ҳолларда одамлар, ҳатто айрим тадбиркорлар соҳадаги тартиб-қоидаларни яхши билмагани учун унчалик қийин бўлмаган ишлар ҳам баъзи мутасаддиларнинг арзимаган баҳоналари билан битмай қолиб кетмоқда. Ҳолбуки, банк ходимлари барча имкониятни ишга солиб, йўл-йўриғини қилиб, шу муаммоларни ҳал қилиб берса, олам гулистон эди-ку!
Шу ҳақда яна бир мисол. Янгийўллик Равшан Абдухалилов иккинчи гуруҳ ногирони. У 2016 йил декабрда Миллий банкнинг Янгийўл туман филиалига чорва кредити сўраб, мурожаат қилади, бироқ сўралган ҳужжатларни йиғишга имкон қилолмайди. Боз устига, гаровга қўйишга ҳам ҳеч нимаси йўқ. Сўнг шу йилнинг январь ойида Президентимизнинг Виртуал қабулхонасига ёрдам сўраб, хат ёзган.
— Ишонасизми, Миллий банк ходимлари уйимизга келиб, мурожаатимни уч кунда ҳал қилиб берди, — дейди Р.Абдухалилов. — Яқинларим кафил бўлди, банкнинг 5,6 миллион сўм кредити эвазига соғин сигир олдик. Бузоғи ҳам бор. Энди паррандачиликни йўлга қўйиб, курка боқмоқчимиз.
Ҳа, одамларнинг тадбиркор бўлишига амалий ёрдам берилса, бунёдкорлик янада кенг қулоч ёзади. Бу билан минглаб оилаларга барака киради, юз минглаб янги иш ўринлари яратилади. Энг муҳими, ўз ишини топган, шундан даромад, завқ ва қувонч кўрган инсон аниқ ҳаётий мақсади, йўли ва манзилига эга бўлади.
Ҳар бир инсон — иссиқ жон. Касал бўлмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган. Аҳолидан бу борада Президентимизнинг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига келиб тушаётган ариза ва шикоятларни тизимли ўрганиш ва ҳал қилиш — доимий эътиборда. Шу йилнинг 22 май кунига қадар соҳага оид 5 минг 378 мурожаат ҳал қилинган. Бунинг натижасида 1 минг 560 фуқарога марказий шифохоналарда даволаниш учун йўлланма берилган, 587 фуқаро стационар шароитда касалхоналарга ётқизилган, ногирон 58 киши протез-ортопедия ва реабилитация воситалари билан таъминланган.
Шаҳрисабзлик Анвар Ризаев 31 ёшда, 2-гуруҳ ногирони. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 2016 йил сентябрда бир оёғидан ажралгач, оғир аҳволга тушади. Бироқ қарамоғида уч фарзанди бор, ётиб қолиш ярамайди.
— Шу боис 2016 йил 30 ноябрда Виртуал қабулхонага мурожаат қилиб, оёғимга протез қўйиб бериш масаласида ёрдам сўрадим, — дейди А.Ризаев. — Орадан бир ҳафта ўтди, дилим жуда хуфтон бўлиб ўтиргандим: қизим кучли шамоллаб ётибди, уни кўтариб шифокорга олиб борай десам, ўзимнинг аҳволим бу. Шунда уйимга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг вакиллари кириб келса, денг. Кўнглим анча кўтарилди. Улар қизимни ҳам текшириб, даволашди. Орадан кўп ўтмай, бепул протез қўйиб беришди. Бу яхшиликларни ҳеч қачон унутмаймиз.
Ҳа, адолатнинг катта-кичиги бўлмайди. Буни фуқароларнинг таълим тизимига оид муаммолари ҳал бўлаётганида ҳам кўриш мумкин. Ўтган даврда 220 бола мактабгача таълим муассасаларига жойлаштирилган, 65 коллеж ўқувчисининг ўқиши тикланган, 50 ўқувчининг ўқиши бошқа коллеж ё лицейга кўчирилган, 33 фуқарога ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи ва ўрта мактаб шаҳодатномаси берилиши таъминланган.
Избосканлик У.Нуриддинов ўтган йили Андижон давлат университетига контракт асосида ўқишга қабул қилинган, тўлов-шартнома учун қарийб 3 миллион сўм тўлаган. Сўнг у оилавий шароити тўғри келмагани учун ўқишни давом эттира олмаслиги ҳақида маълум қилган, бироқ университетдан тўлаган пулини қайтариб ололмаган. У.Нуриддинов Виртуал қабулхонага мурожаат қилгач, шу йил 9 февралда унинг контракт пуллари қайтариб берилган.
Ҳал бўлган ҳар бир мурожаат ортида ўнлаб, ҳатто юзлаб одамлар ҳаётидаги ўзгариш, янгиланиш мужассам. Бу фуқароларнинг давлат ҳокимиятига, жамиятга, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда ниҳоятда муҳим омилдир. Одамларнинг кичик муаммоси ҳал бўлса, катта натижаларга олиб келади. Акс ҳолда улар йиғилиб-йиғилиб, ўткир ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу маънода мулоқот ва манфаат тушунчалари ўзаро чамбарчас боғлиқ.
Бугун ҳар биримиз, бутун халқимиз кўраётган ва сезаётган ҳақиқат шуки, мамлакатимизда давлат идоралари одамлар билан очиқ мулоқот қилишга киришмоқда. Халқ талаб ва истаклари асосида ишлаш принциплари ҳаётимизда чуқур жорий қилинмоқда. Бу мамлакатимизнинг стратегик мақсадларига, юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин эканини такрор ва такрор исботлаб бермоқда.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил