«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЧақалоқ олиб кирилаётган хонадон остонасига «Гўдакнинг ташрифи хайрли-қутлуғ келсин, ота-онасига солиҳ фарзанд бўлсин», деб пойандоз тўшашади. У барча яқинлари қалбига мислсиз шодлик, ширин умидлар улашади. Хонадонни нурга тўлдиради...
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида яшайдиган Зоҳид Фозилов (исм-шарифи ўзгартирилди) рафиқаси бўйида бўлганини билгач, кўнглидан шундай кечинмалар ўтди. Қувончи ичига сиғмади. Табиатан камсуқум бўлса-да, севинчини яширмади. Дарров дўконга чиқиб, чиройли гулдаста кўтариб келди. Ахир, суюнмай бўладими, биринчи фарзанд...
Зоҳид иш юзасидан тез-тез хизмат сафарига кетар, ҳафталаб, баъзан ойлаб уйда бўлмасди. Шунинг учун рафиқаси Ойдинга кўнгли тусаган нарсаларни сотиб олиши учун етарлича пул тутқазарди. Аёли ҳамшира бўлиб ишлагани учун ўзи ва туғилажак боласи саломатлигидан кўнгли тўқ эди. Ота-она кун санашар, бола туғилишига яқин қолгани сари юраклари ҳапқириб борарди. Лекин...
Май ойининг офтобли кунларидан бири. Ойдин қайнонаси билан бирга катта ҳовлидаги гулларни чопиқ қилаётганди.
— Чамаси икки-уч соат ўтириб, янги ниҳоллар атрофини бегона ўтлардан тозалаётгандик, — дейди Ойдин Фозилова. — Бир пайт қорнимда қаттиқ санчиқ сездим. Ўша кунларда ҳомилам тўққизинчи ойга ўтаётганди.
Ёш келинчакнинг туман марказий туғуруқ комплексида кўзи ёриди. Бироқ шифокорлар бола туғилгандан бир неча соат ўтиб нобуд бўлганини айтишди.
Э, воҳ! Шунча парвариш, эътибор бесамар кетди. Биргина эҳтиётсизлик, лоқайдлик ёш оиланинг ширин орзуларини шамолларга совуриб юборди. Боласидан айрилган аёл айниқса, турмуш ўртоғининг олдида ўзини жуда айбдор сезарди...
Бу — юртимизнинг чекка ҳудудидаги қишлоқда рўй берган бир оила тақдиридан парча. Афсуски, бундай кўригулик бошига тушганлар фақат шу оила билан чекланиб қолмаган. Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасидан олинган маълумотларга қараганда, 2017 йилнинг дастлабки икки ойида мамлакатимиз бўйича 1103 нафар чақалоқ нобуд бўлган. Масалан, бу ҳолат Фарғона вилоятида 98 та, Сирдарё вилоятида 46 та, Наманган вилоятида 129 та, Қорақалпоғистон Республикасида 75 тани ташкил этган. Бу рақамларни эшитган одамнинг эти жимирлаб кетиши табиий.
Гўдакнинг туғилиши — бир инсон дунёга келиши, бир оила осмонида бахт қуёшининг порлашигина эмас. Бу — жамият ва миллат учун ўта муҳим ҳодиса, келажак ва тараққиётнинг узилмас занжири ҳамдир. Шу боис мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлигини ҳимоялаш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, бепул ва самарали ёрдам кўрсатиш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Масъул ташкилотлар аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи ва тиббий саводхонликни яхшилаш мақсадида тушунтириш ишларини олиб боради. Албатта, бу борада эришилган ютуқлар эътирофга лойиқ. Бироқ мамлакатимизда ҳали-ҳануз гўдаклар ўлими кузатилаётганига ёки улар ногирон ва нимжон бўлиб туғилаётганига нима сабаб бўлмоқда? Нега айрим вилоят ва туманларда кўрсаткичлар юқорилигича қолмоқда?
— Бир вужуддан яна бир бутун вужуднинг пайдо бўлиб униб-ўсиши, табиийки, осон эмас, — дейди, — нафақадаги фахрий педагог, сурхондарёлик Насиба АҲМАДОВА. — Бунинг учун етарли шароит, озуқа керак. Она ҳам ўзи, ҳам боласи учун таомланиши, дам олиши, қувониши, атрофдагилар меҳридан баҳраманд бўлиши зарур. Халқ тилида бошқоронғилик деган гап бор. Ҳомиладор аёл кўнгли тусаган нарсани ейиши жуда муҳим. Буни ҳамма билади. Бироқ кўпчилик бунга жиддий ёндашмайди.
Хонадонда неча киши яшашидан қатъи назар, биринчи галда, ҳомиланинг талабини қондириш керак. Бу туғилажак жажжи вужуднинг хоҳиши, ҳомиладор аёлнинг эмас. Буни, айниқса, ҳар бир қайнона ёдида сақлаши, андиша қилиб, дардини айтолмаётган келинига ёрдам бериши керак.
— Ҳомиланинг етарли ривожланмаслиги сабаблари турлича, — дейди Зангиота тумани «Кўктерак» марказий поликлиникаси акушер-гинекологи Малоҳат ЮНУСОВА. — Асосийси — ҳомиладор аёлда тиббий саводхонликнинг етишмаслиги ва лоқайдлигидир. Гўдаклар ва оналарда қайд этилаётган ўлим кўпинча анемия (камқонлик) оқибатидир.
Аксарият аёлда ҳомиланинг дастлабки пайтида гемоглобин миқдори етарли, баъзан жуда яхши кўрсаткичда бўлади. Шу боис аёл ва унинг яқинлари хавотирга асос йўқ, деб шифокорга мурожаат қилмайди. Аммо ҳомила катталашгани сари гемоглобин миқдори тезлик билан камайиб боради. Ҳомила етти ойлигида агар зарур чора кўрилмаса, унинг миқдори эллик фоизгача тушиб кетиши мумкин. Камқонлик ҳомиланинг ривожланишини сезиларли даражада секинлаштиради, ҳатто, ёрдамга муҳтож ҳолатга келтиради. Она қувватсизликдан шамоллайди ёки бошқа касалликка чалинади.
Ҳомиладор аёлнинг шамоллаши бу — одатий, бир нечта дори ёки мойчечак дамламаси билан тузалиб қоладиган дард эмас. Ҳатто енгил тумов ҳам ҳомилага хавф солиши мумкин. Одатий дори воситалари она ва боланинг аҳволини шубҳасиз, оғирлаштиради. Афсуски, буни ҳали ҳамма тўғри англаб етгани йўқ.
Қабулимга келадиган бўлғуси онага берадиган биринчи саволим газланган рангли ичимликлар истеъмол қилиш ё қилмаслиги ҳақида бўлади. Чунки айнан шундай ичимлик сабаб ҳомиласини йўқотган аёлларни кўрганман. Афсуски, кўп ҳомиладор аёл токсикозни енгиллаштиради, деган баҳона билан газланган рангли ичимликларга ружу қўяди. Бу суяк тўқималарини емириб, асаб тизимини ишдан чиқаради.
Ҳомилага салбий таъсир қиладиган сабабларга, шунингдек, нурланиш (телефон ва компьютердан меъёридан ортиқ фойдаланиш), шамоллаш (буйрак, қин ва бачадондаги), туғуруқлар орасидаги муддатнинг қисқалиги, қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта ҳомиладорлик, тўйиб овқат емаслик, турли инфекциялар ҳам киради.
Аёл вужудидаги норасида уч ойгача қизғалдоқ япроғидан ҳам нозик бўлади. Салгина эсган эпкин ҳам уни бандидан узиб кетиши рост.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшайдиган Дилбар Камолова ҳомиласи икки ойлик пайтида қайнотасининг ўлими сабаб Навоий вилоятига йўл олади. Таъзиянинг ташвишу юмушларидан толиққани майли, азахонадаги тушкунлик, йиғи-сиғилар сабаб қаттиқ сиқилади. Ҳар келиб-кетган одамнинг дардини кўтариш осонми? Ҳомиладор келинчакни бу ғурбат масканидан четроққа олиб чиқиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди.
Бу ҳолатни кўтаролмаган аёл маросимнинг тўртинчи куни оғир аҳволда шифохонага олиб келинади. Ҳомиласидан айрилгани камдек, шифокорлар уқувсизлиги, зарур тавсияни бермагани сабаб бачадонида зарарланган бактериялар қолиб кетиб, кейинги икки ҳомиласи ҳам бир-икки ойга бормай нобуд бўлади.
— Ҳомиладор аёлга бир сония бўлсин асабийлашиш, изтироб чекиш мумкин эмас, — дейди олий тоифали невропатолог Нигина ДАВЛЕТЖАНОВА. — Асаб толалари сиқилиши ҳомиланинг ҳам юрак-қон тизими, мия фаолияти ва бошқа органлари ривожланишига салбий таъсир қилади. Ҳозир кўп чақалоқнинг бош мия ички босими (черепной давление)дан азият чекаётгани бежиз эмас. Озгина стресс ҳам ҳомила, ҳатто, онанинг ҳаётига жиддий хавф солади. Аксинча, кўтаринки кайфият моддалар алмашинувини тезлатиб, бачадон муҳитини яхшилайди, жараёнга ижобий таъсир кўрсатади, турли касалликларнинг олдини олади.
Гормонал ўзгаришлар сабаб ҳомиладор аёл таъсирчан ва асабий бўлиб қолади. Шунинг учун аввало яқинлари унинг бу аҳволини тушуниши, ёрдамини аямаслиги зарур.
Ота-боболаримиз келин олганда камида битта довон ош, деган нақлга амал қилган. Сабаби, ота-онанинг шажараси ораси қанчалар узоқ, янги ва турлича бўлса, улардаги насл шунча соғлом ва идрокли бўлади. Буни тушуниб туриб ҳам ҳали-ҳамон бир-бирига қуда бўлаётган қариндошлар ногирон ё носоғлом набираларининг, боласининг доғида куяётган фарзандларининг аҳволини кўргачгина адашганини тан олишяпти.
Ҳар бир аёл бағри тўлиб турсагина бахтлидир. Ширин-ширин болажонлар уйни тўлдириб тўполон қилиб юрса, хонадон файзли бўлади. Аслида бола соғлом туғилиши учун кўп нарса талаб қилинмайди. Саломатликка ўз вақтида эътибор берилса, соғлом турмуш тарзига риоя этилса, бефарқликка йўл қўйилмаса кифоя. Энг асосийси, оилада тотувлик ва кўтаринки кайфият ҳукмрон бўлиб, кўнгиллар ёришиб турса, бас.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил