Чои Xи СУ
Биринчи фарзандим ўлик туғилган ўша дақиқалардан буён мен учун ҳаёт маъносини йўқотди. Бунинг устига, эримнинг аччиқ ва аламли йиғиси юрагимга ўқдек қадалди. Ўғлим бир сония бўлса-да, бу олам ёруғлигини кўролмасдан, ота-она меҳрини ҳис этмасдан мени ташлаб кетди.
Болам учун сотиб олган жажжи кийимчаларга тикилиб, кўзларимда ёш қалқийди. Ҳар доим нималарнидир хаёл сурадиган, паришонхотир бўлиб қолдим. Ич-ичимдан зил кетиб, охир-оқибат тўшакка михландим. Кечаси тушларимга нуқул ўтган йили оламдан ўтган онам, кечагина айрилганим фарзандим кириб, алаҳсираб чиқдим. Кўзимни очсам, тепамда эрим ўтирибди.
— Нима бўлди? — деди эрим маъюс нигоҳ ташлаб. Кейин ичимдагини уқди, шекилли, қўшиб қўйди:
— Ўзингни кўп қийнайверма.
Разм солиб қарасам, отам ҳам келибди. У эшик ёнидаги қийшиқ стулчада базўр ўтирибди. Мени ўйлаб, қалбан қийналаётгани, ёрдам беришга ожизлигидан нима қилишни билмай, ҳайронлиги юзидан сезилиб турарди.
— Ўзингни қўлга ол, — деди у бир нуқтага тикилганча. Лекин гап менга тегишли эканини сездим...
Кечга яқин бош кўтара олмайдиган даражада ётиб қолдим... Болам юклаган қайғу мени адойи тамом қилаёзган эди. Отам қўлида аллақандай дори билан кириб келди. Рангсизланиб қолган пиёлада илиқ сув ва дори тутди:
— Мана шуни ичиб ол, болам.
Йўқотган фарзандимни юрагимга кўмган, шунинг учун негадир бўғзимга йиғи тиқилаверар эди. Жонҳолатда дори ва пиёлани ирғитиб юбордим:
— Ичмайман!!! Керак эмас!!!
Ёшлигимдан менинг эркаликларимга кўникиб қолган отам индамай қўя қолар эди. Бу сафар негадир қаҳрли ўткир нигоҳ билан қаради.
— Ўғлингнинг орқасидан кетмоқчимисан??? — деди бақириб. Мен отамни бунақа ҳолатда умуман кўрмагандим. — Нима, мен ўйламаяпманми ўғлингни... Сенга ўғлинг керак, биламан... Лекин сен ҳам менинг фарзандимсан. Менгаям сен кераксан, тушундингми? Сен мени ҳам ўйла... Ўрнингга мени қўйиб кўр...
Бир сўз демай, ўзимни отамнинг бағрига отдим. Болалигимда отам мени кўтарганда димоғимга куйган ёғ ҳиди урилар эди. Ҳозир ҳам «қадрдон ҳид»ни туйдим.
— Мени ўйла, болам... Сенинг қийналаётганингни кўриб, томошабин бўлиб туролмайман, — бу сафар отам юмшади. — Сиқилма. Ҳали бағринг болаларга тўлади. Болаларингга ўзим бувалик қиламан...
Кўнглим бузилиб кетди. Отамнинг елкасига бош қўйиб, юм-юм йиғладим.
— Отажон!!!
Шу кундан бошлаб, тушларимда отамнинг ўша ўткир нигоҳи намоён бўладиган, менинг кўнглимни кўтарадиган бўлди.
«Нима бўлса ҳам мени ўйлайдиган отажоним! Сиз менинг саждагоҳимсиз! Сиз менинг бебаҳо бойлигимсиз!»
Отабек ЙЎЛДОШЕВ
Таржимаси
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил